ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3665 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 29/05/2019 13/06/2019 9

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3665

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони

 

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилиш, бизнесни юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Давлат солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб:

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;

давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартириш;

давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. 2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

а) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) ихтиёрий тугатишда:

бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;

ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотлар олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат  рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда  Тизим деб аталади) орқали амалга оширилади;

корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак;

б) тадбиркорлик субъектлари – жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулоса электрон тарзда Тизим орқали олинади;

в) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:

корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрида уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;

ҳаракатсиз режимига ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган уларни Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқаради.

3. Белгилаб қўйилсинки, Тизимга уланган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли ахборотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилишини таъминламаслик давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибини бузиш деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тизимга уланган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли ахборотлар ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилиши бўйича, шу жумладан Тизим орқали доимий назорат ўрнатсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги икки ҳафта муддатда ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳужжатларини қабул қилишда архив хизматларининг амалдаги норматив бўйича аниқланадиган нархларини икки баробар камайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Тизимни мазкур Фармон талабларига мослаштириш, манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларининг унга уланишини ташкил этиш бўйича молиялаштириш манбаалари аниқ кўрсатилган чора-тадбирлар дастурини;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказиш, фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда уларни Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқаришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаларини;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари  2020 йил 1 январдан иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                       Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил “__________даги ПФ–_____-сон Фармонига
илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган
деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаетган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1999 йил 28 июндаги ПФ–2331-сон Фармони.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 йил, 17-18-сон, 179-модда).

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ–1430-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 йил, 44-45-сон, 378-модда) илованинг 3-банди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” 2011 йил 11 февралдаги ПФ–4275-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 йил, 9-сон, 84-модда) илованинг 8-банди.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” 2012 йил 25 январдаги ПФ–4416-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 3-4-сон, 26-модда) 1-илованинг 7-банди.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” 2012 йил 3 октябрдаги ПФ–4473-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 40-сон, 466-модда) 1-илованинг 9-банди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2013 йил 31 октябрдаги ПҚ–2060-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 йил 11 ноябрь, 45-сон, 585-модда).

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2014 йил 8 июлдаги ПФ–4631-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 йил 21 июль, 29-сон, 356-модда) илованинг 7 ва 33-бандлари.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” 2017 йил 22 майдаги ПҚ–2985-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил 29 май, 21-сон, 386-модда).

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПФ–5055-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил 5 июнь, 22-сон, 411-модда) 1-илованинг 3-банди.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, баъзиларини эса ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблаш тўғрисида” 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ–5187-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил 18 сентябрь, 37-сон, 980-модда) 1-илованинг 5-банди.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” 2017 йил 9 октябрдаги ПФ–5200-сон Фармонига 1-илованинг 3-банди.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2018 йил 15 январдаги ПФ–5302-сон Фармонига илованинг 1-банди.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 9 октябрдаги ПФ–5199-сонли Фармони)”ги 2018 йил 18 январдаги ПФ–5304-сон Фармонига 1-илованинг 1-банди.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2018 йил 17 апрелдаги ПФ–5420-сон Фармонига илованинг 4-банди.

Умумий таклифлар

1256