ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3662 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 29/05/2019 13/06/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
“Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
ID-3662

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ

БУЙРУҒИ

 

 

“Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 апрелдаги ЎРҚ–532-сон “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2002 йил 26 февралдаги 51-сон “Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига (рўйхат рақами 1135, 2002 йил 7 май) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2002 й., 9-сон) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир

П. Бобожонов

 

Тошкент ш.,

2019 йил “__” ________,

____-сон

 

 

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА

Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида»ги Қонуни ва унга киритилган кейинги ўзгартиришлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартибларини белгилаб беради.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахсларнинг турмуш тарзи ҳамда хулқ-атворини кузатиш, улар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш ва уларда ижобий-ижтимоий дунёқарашни шакллантириш мақсадида суд томонидан 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатга ўрнатилади.

2. Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикасининг «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида»ги Қонуни ва маъмурий назорат ўрнатиш ҳақидаги суд қарорида кўзда тутилган назорат қоидалари ҳамда белгиланган чекланишларни қўллаш билан бирга назорат остидагиларга нисбатан зарур профилактик ва тезкор тадбирларини олиб борадилар.

3. Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва ушбу Йўриқнома билан белгиланади.

4. Маъмурий назорат ўрнатиш ва амалга оширишда ички ишлар органларининг тегишли хизматчилари қуйидаги асосий вазифаларни бажарадилар:

жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти жазони ўташ даврида маъмурий назорат остига олиниши белгиланган шахсларни жазони ижро этиш муассасасидан бўшатишдан 1 ой олдин уларнинг танлаган турар жойларидаги ички ишлар органларига бўшатилаётган шахсларнинг етиб бориш вақтини хабар қилган ҳолда, судьянинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорини юборади;

озодликка чиқарилаётган шахснинг баъзи бир сабабларга кўра аниқ борадиган жойи бўлмаса, ҳокимиятлар қошидаги «махсус комиссия»лар ёрдамида уй-жой билан таъминлашга (агар шахс ҳукм қилинмасдан олдин шу туманда яшаганлиги тўғрисида асосли ва далилий ҳужжатлар бўлса), доимий ёки вақтинчалик рўйхатга қўйишга ҳамда ишга жойлаштиришга ёрдам беришни сўраб, шунингдек, ногирон ёки оғир касалликларга (сил, саратон) чалинганларини даволаш масалаларини олдиндан ҳал қилиш тўғрисида ҳокимликларга, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органларига хат юборади.

5. Паспорт хизмати ходимлари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган маъмурий назорат ўрнатилган шахсларни яшаш жойларига етиб келган кундан бошлаб 3 кун ичида рўйхатдан ўтказиб, паспортларининг ўз вақтида берилишини таъминлайдилар.
13-шаклдаги варақалар бўйича бу шахсларни ҳисобга олиб, билдирги билан шаҳар, туман ички ишлар бўлими бошлиғи ёки унинг ўринбосарини хабардор қиладилар ва тегишли кўрсатма олгандан сўнг билдиргининг биринчи нусхасини мазкур шахс қайд қилинган ҳудуднинг профилактика инспекторига, иккинчисини эса шаҳар, туман ИИБ навбатчилик қисмлари назоратига берадилар.

6. Туман (шаҳар) ИИБдаги навбатчи ходимлар навбатчилик қисмидаги профилактик рўйхатда бўлган илгари судланган шахсларга тўлдирилган 13-шаклдаги варақалар тўғрисидаги маълумотларни аниқ билишлари шарт.

7. Профилактика инспекторлари маъмурий назорат ўрнатилган шахслар томонидан назорат қоидаларига ҳамда белгиланган чекланишларга риоя этилишини назорат қиладилар, уларнинг иш ва турар жойларида маъмурий назоратни амалга ошириш ишларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва маҳалла посбонларини жалб қиладилар. Профилактика инспекторлари тезкор ходимлар ва патруль-пост хизмати ходимлари ҳамда профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари билан назорат остидагилар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлик қиладилар, уларга назорат остидаги шахсларнинг яшаш, ўқиш ва ишлаш жойлари тўғрисидаги аниқ маълумотларни бериб, шу асосда вазифалар юклайдилар.

8. Маъмурий назорат остидаги шахс доимий яшаш жойини ички ишлар органларини хабардор қилмасдан, бошқа жойга сабабсиз кетиб қолса, профилактика инспектори туман ИИБ ЖҚ ва Т ва ЭҚКБ ходимлари билан биргаликда холислар иштирокида ушбу ҳақда далолатнома тузадилар ва суднинг қарорига биноан белгиланган тартибда қидирувни амалга ошириш чораларини кўрадилар.

9. Ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати ходимлари жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат маршрутларида ўз бурчларини бажариш билан бирга, профилактика инспекторининг маълумотларига кўра маъмурий назорат остида турган шахслар кузатувини амалга оширадилар ҳамда улар томонидан назорат қоидалари ва чекланишлар бузилганлиги ёки ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланса, бу тўғрида туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғига билдирги билан хабар берадилар.

10. Профилактика катта инспектори ва профилактика инспекторлари ички ишлар органи таянч пунктига хизматга келган патруль-пост хизмати ходимлари ва бошқа хизмат ходимларига мазкур ҳудудда яшайдиган маъмурий назоратда турган шахслар тўғрисидаги маълумотларни (фамилияси, исми, шарифи, суд томонидан белгиланган чекланишлар, фотосурати ва яшайдиган манзили)ни уларнинг хизмат варақаларига ёздириб қўядилар.

11. «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш» марказлари ходимлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари навбатчилари, турли қонунбузарликлар учун ушланганлар орасидан назоратда турувчи шахсларни аниқлайдилар, бир кеча-кундуз ичида бу шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузарликлар ва назорат қоидаларининг бузилганлиги, шу жумладан, маъмурий назоратдан бўйин товлаган назоратда турувчиларнинг ушланганлиги ҳақида уларнинг турар жойларидаги туман (шаҳар) ички ишлар органларига хабар қиладилар.

II. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ҚИЛИНАЁТГАН ШАХСЛАР УСТИДАН МАЪМУРИЙ НАЗОРАТ ЎРНАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ

12. Ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланиб, озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан маъмурий назорат ЖИЭМлари маъмурияти тақдимномасига асосан ўрнатилади.

13. Оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланиб, озодликдан маҳрум қилинган ёки икки ва ундан ортиқ ҳар қандай қасддан жиноятлар содир этган, жазони ўташ даврида жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган қонуний тартиб-қоидаларни мунтазам бузиб, тузалиш йўлига ўтмаган шахслар устидан жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти (бундан кейинги матнларда ЖИЭМ) судга маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида тақдимнома киритади.

14. ЖИЭМ ходимлари озод қилинаётган шахс устидан маъмурий назорат ўрнатиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ЖИЭМ махсус бўлими жазо муддати тугашидан уч ой аввал маъмурий назорат тўғрисидаги қонун таъсирига тушадиган маҳкумларнинг рўйхатларини тузиб, туркум бошлиқларига, тезкор ва тартибот бўлимларига, иш билан таъминлаш нозирига топширади;

маҳкум Жазони ижро этиш муассасасидан бўшайдиган кун унга бериладиган озод этилганлиги тўғрисидаги маълумотномага «Маъмурий назорат ўрнатилган» деган муҳр босилади;

туркум бошлиғи рўйхатни олган кунидан бошлаб 5 кун ичида маҳкумга жазони ўташ давридаги хулқ-атвори тўғрисида 3 нусхада тўлиқ тавсифнома ёзиб, муассаса бошлиғининг тезкор-тартибот ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари билан келишиб, муассаса бошлиғига тасдиқлатиб, тартибот бўлимига топширади;

тартибот бўлими ходими тавсифномани олгандан кейин 1 ой ичида уни маҳкумнинг бошқа ҳужжатлари билан муассаса маъмурияти комиссиясига тақдим этади. Комиссия жазодан озод қилинаётган маҳкумга нисбатан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб назорат ўрнатиш ёки ўрнатмаслик ҳақида қарор қабул қилади;

маҳкум озод қилинишидан 1 ой олдин тартибот бўлими ходими назорат ўрнатиш ҳақидаги комиссия қароридан кўчирма, тавсифнома, тўпланган бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳудудий туман (шаҳар) судига муассаса бошлиғининг имзоси билан 3 нусхада тақдимнома тайёрлайди ва жўнатади (1-илова);

судьянинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарори назорат остига олинган шахсга жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи томонидан тилхат орқали таништирилади;

маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги суднинг қарори маҳкум ЖИЭМдан озод этилишидан 10 кун олдин етиб бориш вақтини аниқ кўрсатган ҳолда тартибот бўлими томонидан маҳкум танлаган турар жойидаги ички ишлар органига юборилади;

иш ва яшаш жойи билан таъминлаш масалалари бўйича катта нозир махсус бўлимдан маъмурий назорат ўрнатилган шахслар рўйхатини олган кундан бошлаб, рўйхатда кўрсатилган маҳкумлар билан суҳбат ўтказиб, жазодан озод қилингандан кейин қаерда яшаши бўйича суҳбат ўтказади, маҳкумнинг шахсий йиғма жилдида кўрсатилган яшаш жойи билан солиштиради, агарда бошқа манзил кўрсатилган бўлса бунинг сабабини аниқлайди, йиғма жилддан батафсил маълумот тузиб, маҳкум яшаш учун танлаган туман (шаҳар) ИИБга хабарнома юборади;

хабарномада ЖИЭМдан озод этилаётган шахснинг фамилияси, исми, шарифи, туғилган йили, манзилгоҳи ва унга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

III. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ЭТИЛИБ, МАЪМУРИЙ НАЗОРАТ ЎРНАТИЛГАН ШАХСЛАРНИ ТУМАН (ШАҲАР) ИИБДА ҲИСОБГА ҚЎЙИШ

15. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи ёки унинг ўринбосари жазони ижро этиш жойларидан жазо муддатини ўтаган шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилганлиги тўғрисидаги суд қарорини олгач, уни маъмурий назоратни амалга оширишга масъул бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимига ўтказади ва унга мазкур қарор ижросини, назоратга олинган шахснинг танлаган турар жойга кўрсатилган муддатда етиб келишини назорат қилиш, шунингдек ушбу шахсга паспорт рўйхати қайдномаларини расмийлаштиришга ва ишга жойлашишга ёрдам кўрсатиши тўғрисида топшириқ беради.

16. Маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги суд қарорини олган ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъул ходими жазони ижро этиш муассасасидан келган маъмурий назорат ўрнатилган шахс билан суҳбатлашади, унинг ўз вақтида паспорт қайдномасидан ўтишини назоратга олади, уй-жой билан таъминланиши, ишга жойлашиши учун белгиланган тартибда ҳокимликлар ҳузуридаги Ижтимоий кўникма марказларига юборади. Судья томонидан чекланишларни қисман бекор қилиш ёки узайтириш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи назоратда турувчига тилхат (2-илова) орқали маълум қилади.

17. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъул ходими маъмурий назорат йиғма жилди (3-илова)га ҳужжатларни тўплайди ва маъмурий назоратда турувчилар ҳамда вақтинча келиб назоратда турганлар учун белгиланган китобга қайд этиб, рўйхатдан ўтказади (4-илова). Рўйхатдан ўтказгач, у ахборот варақасини тўлдиради (5-илова) ва вилоят, туман (шаҳар) манзилгоҳлар идорасига юборади.

18. Маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарор нусхасини туман-шаҳар ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъул ходими ЖҚ ва ТваЭҚК хизматларига тегишли тадбирларни амалга ошириш учун тақдим этилишини таъминлайди.

19. Жазони ижро этиш муассасаларидан маъмурий назорат ўрнатилганлик тўғрисидаги қарор ёки жазони ижро этиш жойидан бўшаган шахс озод этилганлиги ҳақидаги маълумотномада кўрсатилган жойга ўз вақтида етиб келмаса, назоратни амалга оширувчи ходим бу ҳақда жазони ижро этиш муассасасига ёки шаҳар, туман ички ишлар бўлимига сўров қоғози юборади. Сўров қоғозида маъмурий назорат ўрнатилганлик тўғрисидаги қарорни юбориш ёки назоратда турувчи ва мазкур қарорнинг қаерга юборилганлиги ҳақидаги маълумотлар талаб этилади.

20. Маъмурий назорат назоратда турувчи шахснинг паспорти қайдномадан ўтказилган жойда амалга оширилади. Агар назоратда турувчида баъзи узрли сабабларга кўра мазкур манзилгоҳдаги турар жойда яшаш имконияти бўлмаса унинг ёзма аризасига биноан туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи назоратда турувчига вақтинча хизмат ҳудудидаги бошқа жойда яшаб туришига рухсат бериши мумкин. Мазкур туман ҳудудидан ташқарида яшаши зарур бўлган тақдирда эса унга ўша жойдаги ички ишлар бўлимининг бошлиғи паспорт қайдномасига рухсат беради.

IV. ТУМАН (ШАҲАР) ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМЛАРИ ТАШАББУСИ БИЛАН МАЪМУРИЙ НАЗОРАТ ЎРНАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ

21. Суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилганлар, ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаб озодликка чиққанлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо муддатини ўтаган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ички ишлар идораларининг ташаббуси билан ҳам ўрнатилиши мумкин.

22. Оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланиб, озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар улар жазо муддатини ўтаб бўлганларидан сўнг ички ишлар органларининг жамиятга зид турмуш тарзи юритишни тўхтатиш тўғрисидаги огоҳлантириши (6-илова)га қарамай, жамоат тартибини мунтазам бузаётган ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига зарар етказаётган бўлсалар, бундай шахслар устидан маъмурий назорат ички ишлар бўлими бошлиғининг тақдимномасига асосан суднинг қарори билан ўрнатилади.

23. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш учун асос унинг жамиятга зид турмуш тарзи юритаётганлиги, ҳуқуқбузарликлар содир этаётганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ҳисобланади.

24. Профилактика инспектори назорат ўрнатилган шахсларнинг ҳуқуқбузарлик содир этиши тўғрисида ўз вақтида тегишли маълумот ва ҳужжатларга эга бўлиш мақсадида уларнинг хулқ-атворини яшаш ва иш жойларида мунтазам назорат қилиб боради. Бундай тоифадаги шахсларни тартиббузарлар варақалари сақланадиган жойларда камида ойда бир марта текширилади, шунингдек текширишда «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари», тиббий муассасалар, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари ва бошқа шу каби жойлардан келган маълумотлардан фойдаланади.

25. Профилактика инспектори туман (шаҳар) ИИБ бошлиғига билдирги ёзиб, маъмурий назорат ўрнатиш мақсадга мувофиқ эканлигини баён қилади. Билдиргига ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ва тегишли ҳужжатлар (ҳуқуқбузарликни ва ҳуқуқбузар хулқ-атворини таърифловчи бошқа фуқароларнинг тушунтириш хатлари, жавобгарликка тортилгани ҳақидаги баённоманинг нусхаси) илова қилинади.

26. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлимининг бошлиғи билдирги ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уларни ушбу шахс устидан маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимнома билан бирга судга юборади (1-илова). Тақдимноманинг нусхаси кейинчалик назорат йиғма жилдига қўшиб қўйиш учун ички ишлар бўлимида қолади.

27. Суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарори туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан назорат остига олинган шахсга тилхат орқали эълон қилинади. Шу билан бирга унга назорат қоидалари, мажбурияти ва чекланишларнинг бузилишидаги, шунингдек, маъмурий назоратдан бўйин товлаб яшаш жойини ўзича ташлаб кетгандаги жавобгарликлари тушунтирилади.

V. ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМЛАРИДА МАЪМУРИЙ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

28. Профилактика инспектори маъмурий назоратни амалга оширишда:

назорат остида турувчи шахс ишлайдиган ва ўқийдиган муассаса ва жамоат ташкилотлари маъмуриятидан, турар жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларидан бу шахснинг хулқ-атвори тўғрисида маълумотлар талаб қилади;

белгиланган давлат, жамоат ва хўжалик ташкилотларига назоратда турувчини иш ва турар жой билан таъминлаш тўғрисида тавсиялар киритади;

назоратда турувчини ички ишлар бўлимига суҳбатга чақиради. Имкони борича бундай суҳбатларни корхона, муассаса, жамоат ташкилотлари маъмурияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, маҳалла оқсоқоли, жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси,маҳалла посбони, назоратда турувчининг қариндошлари, шунингдек суҳбат мавзусига тегишли бўлган шахслар иштирокида ўтказиш зарур;

назоратда турувчидан маъмурий назорат қоидаларини бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилади;

назоратда турувчининг турар жойини соат 6.00 дан 22.00 гача бориб кўриш мумкин.

29. Профилактика инспектори назоратда турувчи шахс яшайдиган жойга жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси, маҳалла посбони, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари ёки бошқа жамоатчилик вакиллари билан кирмоғи лозим.

30. Профилактика инспектори маъмурий назорат остида турувчи шахсга самарали профилактик таъсир ўтказишни таъминлаши учун ички ишлар органларининг бошқа хизмат ходимлари ва жамоатчилик вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилмоғи лозим.

31. Профилактика инспектори назоратда турувчи шахс билан маъмурий назоратдан бўйин товламаслиги ва белгиланган чекланишларнинг бузилишига йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш ишлари олиб бориши шарт. Бундай шахсларнинг маъмурий назоратдан бўйин товлаши тўғрисида маълумот олган пайтда назоратнинг самарадорлигини ошириш мақсадида белгиланган чекланишларнинг тўлдирилишини сўраб ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат этиб, судга ички ишлар бўлими бошлиғи номидан асосли тақдимнома юборилишини ташкиллаштиради (7-илова).

32.Назоратда турувчининг маъмурий назорат қоидаларига ва белгиланган чекланишларга риоя қилаётганини текшириб бориш у яшаб турган жойдаги профилактика инспектори, жиноят қидируви, терроризм ва экстремизмга қарши кураш хизматлари ходимлари ҳамда профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари томонидан амалга оширилади. Текшириш вақти, оралиғи ва усуллари жазони ижро этиш жойларидан олинган маълумотлар, назоратда турувчининг шахси, унинг хулқ-атвори, турмуш тарзи, жиноий алоқалари ва қайтадан жиноят содир қилиши мумкин ёки йўқлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Аммо текширишлар оралиғи 1 ойда 2 мартадан кам бўлмаслиги лозим.

Назоратда турувчининг яшаш жойида ўтказиладиган текширув унинг ва оила аъзоларининг обрўсига, инсоний иззат-нафсига тегмаган ҳолда хушмуомилалик ва одоб билан амалга оширилиши керак. Текшириш натижалари бўйича назорат варақаси тўлдирилади (8-илова).

33. Назоратда турувчига нисбатан ички ишлар органига келиб қайд эттириб кетиш тўғрисида чекланиш белгиланган бўлса, бундай қайдномани ички ишлар органи таянч пунктида профилактика инспектори амалга оширади (9-илова). Назоратда турувчининг қайддан ўтиш учун келиши унинг танлаган жойида яшаётганлигини текшириш, шунингдек, профилактик суҳбатлар ўтказиб туришда зарур бўлиб, фақат унинг келиш вақти, иши ва ўқишига салбий таъсир кўрсатмаслигини ҳисобга олган ҳолда белгиланмоғи лозим.

34. Маъмурий назорат ва белгиланган чекланиш қоидаларининг ҳар бир бузилиши ҳолати бўйича профилактика инспектори холислар иштирокида баённома тузади ва ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан белгиланган тартибда тегишли чора кўриш учун судга жўнатади (10-илова).

35. Агар маъмурий назорат ва чекланиш қоидаларининг бузилиши назоратда турувчи яшамайдиган туман (шаҳар) ички ишлар бўлими ходимлари томонидан аниқланса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома мазкур шахс устидан маъмурий назорат олиб бораётган туман (шаҳар) ИИБга чора кўриш учун юборилади.

36. Назоратда турувчига назорат ва чекланишлар қоидаларини бузганлиги учун шу қоидаларни бузган кундан бошлаб икки ой муддат ичида маъмурий чоралар кўриш мумкин.

37. Назоратда турувчилар суд қарорида белгиланган чекланиш талабларини бузганликлари учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

38. Назоратда турувчи назорат ва чекланишлар қоидаларини бузганлиги учун 1 марта маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб яна шундай қоидабузарлик содир этса, профилактика инспектори туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғига ушбу ҳужжатларни маълум қилиб, назоратда турувчини маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорда белгиланган чекланишларни атайлаб, қасддан бузаётганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш лозимлигини билдиради.

39. Назоратда турувчининг маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилаётганда Қонуннинг 7 ва 19-моддаларида кўзда тутилмаган ҳаракатлар, шунингдек, қонунда кўрсатилган бўлсада, бироқ маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорда санаб ўтилмаган чекланиш қоидалари бузилганлиги ҳисобга олинмайди.

40. Назоратда турувчи бошқа туман ички ишлар бўлими ҳудудига етиб келгач ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг масъул ходими ёки туман (шаҳар) ички ишлар бўлими навбатчиси уни вақтинчалик яшаш учун келган назоратда турувчилар китобига (4-илова) қайд этади, бир кеча-кундуз ичида унинг келганлиги тўғрисида вақтинча яшаб турадиган ҳудуддаги профилактика инспекторига маълум қилади, назоратда турувчининг келганлиги ва кетганлиги тўғрисида маълум қилади.

41. Профилактика инспектори вақтинчалик яшаш муддати давомида назоратда турувчининг хулқ-атвори ва турмуш тарзини текшириб туради, назоратда турувчининг бу ерда бўлиш муддати тугагач, унинг чиқиб кетишини таъминлайди.

42. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъул ходимимаъмурий назорат остида турувчи шахс доимий яшаш жойини ўзгартирганда бу ҳақда дарҳол унинг янги турар жойидаги ички ишлар бўлимини (11-илова) ва манзилгоҳлар идорасини (12-илова) хабардор қилади. Маъмурий назорат остида турувчи шахс ҳам турар жойи ўзгарганда тааллуқли ички ишлар идораларини зудлик билан хабардор қилиши шарт.

Назоратда турувчининг янги турар жойидаги ички ишлар бўлими 3 кун муддат ичида аввалги яшаш жойидаги ички ишлар бўлимидан унинг маъмурий назорат йиғма жилдини талаб қилиб олади.

43. Маъмурий назорат ўрнатилган шахс танлаган яшаш жойига келмаса профилактика инспектори унинг йўқлигини аниқлаган вақтидан бошлаб 3 кун ичида қидириб топиш чораларини кўради ва маъмурий назорат қоидаларининг бузилганлиги тўғрисида холислар иштирокида назоратда турувчига нисбатан баённома тузади ҳамда ички ишлар бўлими бошлиғи ёки ўринбосарига маълум қилади. Назоратда турувчининг назоратдан бўйин товлаб яшаш жойига келмаётганлиги тўғрисида етарли асослар бўлган тақдирда туман (шаҳар) ички ишлар идоралари томонидан назорат ўрнатилган шахс чекланишларни бузганлиги, маъмурий назоратдан бўйин товлагани учун унга нисбатан йиғилган ҳужжатлар судга юборилади ва суд қарорига асосан назорат ўрнатилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилинади.

VI. НАЗОРАТДА ТУРУВЧИГА НИСБАТАН ЧЕКЛАНИШЛАРНИ ҚИСМАН БЕКОР ҚИЛИШ ВА МАЪМУРИЙ НАЗОРАТ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ ЁКИ ТУГАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ

44. Назоратда турувчининг турмуш тарзи, хулқ-атворидан келиб чиққан ҳолда, унга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган пайтда белгиланган чекланишлар қонунда белгиланган тартибда қисман бекор қилиш ёки узайтириш мумкин.

Чекланишларни тўлдиришда назоратда турувчининг маъмурий назорат қоидаларига ва чекланиш талабларига риоя қилмаётгани, ҳуқуқбузарликлар содир этаётгани, ижтимоий фойдали меҳнатдан бўйин товлаётгани тўғрисидаги ҳужжатлар асос бўлиб хизмат қилади.

Чекланишларни қисман бекор қилишда назоратда турувчининг маъмурий назорат қоидалари ва белгиланган чекланиш талабларига риоя қилаётгани, ҳуқуқбузарликлар содир этмаётгани, ҳалол меҳнат қилаётгани, унинг тўғри йўлга тушиб олганлигини кўрсатувчи ҳужжатлар асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

45. Профилактика инспектори чекланишларни қисман бекор қилишёки узайтириш ҳақида туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғига билдирги билан мурожаат қилади. ИИБ бошлиғи билдиргини кўриб чиқиб судга асосли тақдимнома (7-илова) киритади. Судья томонидан чекланишларни қисман бекор қилиш ёки узайтириш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи назоратда турувчига тилхат орқали маълум қилади.

46. Маъмурий назорат остида турган шахс белгиланган вақт ичида тузалиш йўлига ўтмаган, жамоат тартибини бузаётган, фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказаётган ёки ўзига нисбатан қўлланилаётган чекланишларга риоя этмаётган тақдирда унга нисбатан назорат муддатини ҳар гал 6 ойга узайтириш мумкин, бу ҳолда муддат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддасида кўрсатилганидек мазкур жиноят учун судланганлик муддати тугаши ёки олиб ташланиши муддатидан ортиқ бўлмаслиги керак.

47. Маъмурий назорат муддатини узайтиришда фақат белгиланган қоидалар ва чекланишдаги талабларни бузганлиги учун эмас, балки назоратда турувчининг жамоат тартиби қоидаларини бузганлиги сабабли маъмурий ва жамоатчилик таъсири ўтказиш чоралари кўрилганлиги, Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 226-моддасига асосан жарима тариқасидаги жазога тортилиши ҳам ҳисобга олинади. Бундай пайтларда туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи назорат муддати тугамасдан 15 кун олдин назоратда турувчига нисбатан асосланган тақдимнома (13-илова)ни тегишли ҳужжатлар билан қўшиб, судга жўнатади.

VII. МАЪМУРИЙ НАЗОРАТНИ ТУГАТИШ

48. Маъмурий назорат қуйидаги ҳолатларда тугатилади:

ўрнатилган назорат муддати тугаганда, агар узайтириш учун сабаб ва асослар йўқ бўлса;

маъмурий назорат суд томонидан ИИБнинг асослантирилган тақдимномасига асосан муддатидан илгари, агар назоратда турувчи ҳақиқатан ҳам қатъий, тўғри йўлни танлаб, ҳалол меҳнат қилишга киришган бўлса ҳамда иш ва турар жойидан яхши тавсифланса (бу ҳолатда маҳалла қўмиталари ва иш жойларидан олинган ижобий тавсифномалар, қўшниларининг тушунтириш хатлари ҳамда профилактика инспекторининг батафсил маълумотномаси асос бўлади);

назоратда турувчининг судланганлик муддати тугаса ёки судланганлиги олиб ташланса;

назоратда турувчи жиноий жавобгарликка тортилганда ёки мажбурий даволанишга юборилганда;

назорат остидаги шахс бошқа давлатга доимий яшаш жойига чиқиб кетганда;

назорат остидаги шахс вафот этган ёки суднинг уни вафот этган деб топиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирганда.

49. Назоратда турувчининг турмуш тарзи ва ҳулқ-атвори оператив ҳисобот маълумотларига қараганда унинг тузалиш йўлига кирганлиги, бир йил давомли кузатувга муҳтож эмаслигини кўрсатса назоратни амалга оширувчи ходим маъмурий назорат муддати тугашидан уч кун аввал туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғига назоратни тугатиш тўғрисида маълум қилади. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи ҳужжатлар билан танишиб, асосланган қарор чиқаради (14-илова) ва унинг бир нусхаси жиноят қидирув тезкор вакилига берилади.

50. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи назоратда турувчига маъмурий назоратнинг тугатилгани ҳақидаги қарорни маълум қилади, у билан кейинги ҳулқ-атвори, ҳуқуқбузарликлар содир этмаслиги, акс ҳолда яна қайтадан назоратга олиниши тўғрисида суҳбатлашиб, уни огоҳлантиради.

51. Маъмурий назорат тўғрисидаги қонуннинг 13-моддаси бўйича тугатиладиган бўлса, назоратни амалга оширувчи ходим назоратда турувчининг тўғри йўлга тушганлиги ва ҳалол меҳнат қилаётгани тўғрисида етарли ҳужжатларни тўплайди ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғига маълум қилади. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи маъмурий назоратни муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги (15-илова) ҳужжатларни ва асосланган тақдимномани судга ҳал этиш учун жўнатади ва у ўн кун муддат ичида кўриб чиқилади.

VIII. МАЪМУРИЙ НАЗОРАТНИ ЎРНАТИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ИШ НАТИЖАЛАРИГА БАҲО БЕРИШ

52. Жазони ижро этиш муассасаларида:

маъмурий назоратга олиш мумкин бўлган, шунингдек, тузалиш йўлига кирмаган ва ҳалол меҳнат қилишни хоҳламайдиган маҳкумларнинг аниқ ҳисобини билиш;

маъмурий назорат ўрнатиш учун асос бўладиган ҳужжатларнинг тўлалиги ва асосланганлиги, маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорнинг ўз вақтида чиқарилиб, маҳкумнинг танлаган яшаш жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига юборилиши;

маъмурий назоратга олинган шахснинг ҳулқ-атвори жиноятчилик алоқалари ва ўйлаган мақсадлари тўғрисидаги маълумотларнинг сифати ва уларнинг яшаш учун танлаган жойдаги туман (шаҳар) ички ишлар органларига ва Ички ишлар вазирлиги, Ички ишлар Бош бошқармаси, ички ишлар бошқармаси Тезкор-маълумотлар бўлимларига ўз вақтида етказиб берилиши;

судланиш аломатларига кўра Қонуннинг 8-моддасига  мувофиқ, озодликдан маҳрум этиш жойларидан бўшайдиган ва маъмурий назорат ўрнатилган шахсларни олдиндан иш ва турар жой билан таъминлаш чоралари кўрилганлиги.

53. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларида:

судланиш аломатларига кўра қонун таъсирига тушувчи, мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахслар устидан ўз вақтида маъмурий назорат ўрнатилиши, шунингдек, маъмурий назорат остида турувчи шахсларга нисбатан чекланишларни ўзгартириш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш;

назоратда турувчилар томонидан жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга йўл қўймаслик бўйича профилактик таъсир ўтказиш самарадорлиги, ишга жойлашиш ва меҳнат жамоаларига бириктириб қўйишда уларга ёрдам бериш;

назоратда турувчиларнинг ҳулқ-атвори ва турмуш тарзини кузатиб бориш аҳволи, улар томонидан маъмурий назорат ва чекланишлар қоидаларига риоя қилиниши, турар жой ва иш билан таъминланишига ёрдам бериш;

туман (шаҳар) ички ишлар органида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга оширувчи ходимнинг яшаш жойи ўзгариши ёки қисқа муддатга бошқа минтақаларга бориб ишлашга тўғри келиб қолишини ҳисобга олган ҳолда, унинг касб маҳоратини бошқа ходимларга ҳам ўргатиш ва ўринбосарлар тайёрлаш;

жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилаётган пайтда танлаган яшаш жойларига келмаган назоратда турувчи, шунингдек, маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида яшаш жойларидан кетиб қолган шахсларни қидирув ишларини амалга ошириш;

жазони ижро этиш жойларидан озод этилган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва амалга оширишда қонунчиликка қатъий риоя қилиш бўйича иш натижаларига баҳо берилади.

“Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга

ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
1-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
2-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
3-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
4-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
5-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
6-ИЛОВА

 

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим

тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва

уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага
7-ИЛОВА