ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
343 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 25/08/2018 09/09/2018 6

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
2018–2019 йил қиш-баҳор мавсумида республика аҳолиси ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-343

Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш ва баҳор мавсуми учун заҳирага жамғариш ишларини самарали ташкил этиш, хусусан заҳира ҳажмларини ҳудудлар ва муассасалар кесимида аниқлаш, маҳсулот етиштирувчилар ҳамда заҳира қилувчи корхоналар ўртасида шартномалар тузилишини ва уларни молиялаштириш масалаларини ҳал этиш, мавжуд омборхоналар ва совуткичли сиғимларни тўлиқ жалб қилиш, маҳсулотларни сифатли сақлаш ва қиш-баҳор ойларида ички истеъмол бозорига тизимли етказиб бериш ҳисобига нархларни барқарор сақланишини таъминлаш мақсадида:

1. 2017-2018 йиллари қиш-баҳор даври учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғариш даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини керакли ҳажмларда сақлаш учун совутгички камералар ва омборхоналарнинг етишмаслиги натижасида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғариш режаси Тошкент шаҳри (43,6%), Жиззах (88,2%), Сирдарё (89,2%) ва Тошкент вилоятларида (97,6%) бажарилмаганлиги маълумот учун қабул қилинсин ҳамда ушбу камчиликлар 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсумида қайтарилмаслиги чоралари кўрилсин, режани бажармаган Тошкент шаҳар ва тегишли вилоят ҳокимликлари қатъий огоҳлантирилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилган 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсумига ички истеъмол бозори мақсадлари учун:

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришнинг умумий прогноз ҳажмлари 1-иловага мувофиқ;

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғаришнинг тайёрлов ташкилотлари кесимида прогноз ҳажмлари 2-иловага мувофиқ;

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси худудий корхоналари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш прогноз ҳажмлари 3-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жалб қилинадиган худудий тайёрлов ташкилотлари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш прогноз ҳажмлари 4-иловага мувофиқ;

Соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш прогноз ҳажмлари 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги муассасалари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш прогноз ҳажмлари 6-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги муассасалари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш прогноз ҳажмлари 7-иловага мувофиқ;

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришнинг режа-жадвали 8, 8а – 8г-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари зиммасига – мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ, 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумига захирага ғамлаш учун зарур ҳажмларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шу жумладан такрорий экин майдонларида етиштириш, экилган ерларда шундай маҳсулотлар етиштиришни таъминлаш юзасидан;

“Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси раиси З.О. Файзиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – мазкур қарорнинг 1, 3 ва 4-иловаларига мувофиқ, 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумида ички истеъмол бозорини таъминлаш учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳарид қилишга ўз вақтида шартномалар тузиш ва захирага ғамлаш ҳамда ички истеъмол бозорида талаб-эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда уларнинг сотилиши ва нарх-навонинг ўсишига қўл қўйилмаслиги юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни Сақлаш вазирлиги (Шадманов), Халқ таълими вазирлиги (Шерматов), Мактабгача таълим вазирлиги (Шин) зиммаларига – мазкур қарорнинг 5, 6 ва 7-иловаларига мувофиқ, ижтимоий соҳа муассасаларининг эҳтиёжлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳарид қилишга ўз вақтида шартномалар тузиш ва захирага ғамлаш ҳамда улардан самарали ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Хайдаров) зиммасига – мазкур қарорнинг 5, 6 ва 7-иловаларига мувофиқ, асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумига захирага ғамлаш учун ижтимоий соҳа муассасаларини ва улар томонидан жалб этиладиган тайёрлов ташкилотларини ўз вақтида молиялаштириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси билан биргаликда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш учун маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, тайёрлов ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузилишини таъминласин.

Тузилган шартномаларнинг натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот берилсин.

5. 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун ички истеъмол мақсадларига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш ва савдога чиқариш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳи (Мирзаев)га:

қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳудудлар кесимида захирага жамғаришнинг белгиланган прогноз ҳажмларини бажарилиши юзасидан мониторинг натижаларини танқидий муҳокама қилиб бориш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли эҳтиёжига нисбатан кам етиштириладиган ҳудудлар захираси учун етишмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми эҳтиёждан ортиқча бўлган ҳудудлар ҳисобидан қоплаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

маҳаллий ҳокимликлар ҳамда “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси томонидан заҳира тадбирларига жалб этилган тайёрловчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳсулот етказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузиш ишларини самарали ташкил этилишини назорат қилиш;

заҳира тадбирларига жалб этилган тайёрловчи ташкилотлар томонидан захира мақсадлари учун талаб этиладиган маблағлар бўйича талабномани Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўз вақтида тақдим этилишини, маблағларни ажратилишини ва уларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш;

заҳира мақсадлари учун омборхоналар ва совуткичли сиғимлар етишмаётган ҳудудларга бошқа ҳудудлардаги ортиқча сиғимларни бириктириш ҳисобига мавсум давомида мавжуд сиғимлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш;

қиш-баҳор ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ички истеъмол бозорида нархлар конъюнктурасини доимий мониторингини юритиш ва ўзгаришини башорат қилиш асосида нархларнинг кескин тебранишини олдини олиш мақсадида иловаларга мувофиқ тасдиқланган тармоқ жадваллари ижросини назоратга олиш ва зарур ҳолларда унга тегишли тузатишлар киритиш;

маҳсулотларни захирага жамғаришнинг белгиланган прогноз ҳажмлари ва сотишга чиқариш тармоқ жадваллари бажарилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари асосида заҳира мақсадлари учун маҳсулотларни ҳарид қилиш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ аниқланган муаммоларни тезкор бартараф этиш чораларини кўриш вазифалари юклатилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзбекозиқовқатзаҳира" уюшмаси:

жорий йилнинг 1 сентябрига қадар муддатда тайёрлов корхоналарининг омборхоналари ва совутиш сиғимлари 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумида ғамланиши лозим бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳажмларига мос омборхоналар ва совутиш сиғимларини хатловдан ўтказсин, хатлов натижаларига кўра, ижтимоий соҳа муассасалари учун белиланган ҳажмларни сақлашга, етказиб беришга ихтисослашган корхоналар рўйхатини алоҳида кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот тақдим этсин ҳамда ана шу маҳсулотларнинг
нес-нобуд бўлишига йўл қўймаслик учун зарур шарт-шароитлар яратсин;

мазкур қарорнинг 1, 3 ва 4-иловаларидаги прогноз хажмларга мувофиқ 2018-2019 йиллар киш-баҳор мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўла ҳажмда ва белгиланган муддатларда ғамлаб қўйилишини таъминласин;

2019 йилнинг 1 январига қадар, тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида, захирага қўйилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига етказиб бериш ва савдо нуқталарини белгиланган тартибда жойлаштириш жадвалларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Бунда маҳсулотлар республиканинг барча минтақалари, шу жумладан тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудлари бўйича бир текис тақсимланиши ҳисобга олинсин;

2018 йилнинг 1 декабридан 2019 йилнинг 15 май кунигача бўлган даврда захира қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини савдо шаҳобчаларига етказиб беришнинг тармоқ жадваллари бажарилиши устидан ҳар ҳафта мониторинг олиб борилсин, унинг натижалари бўйича Республика ишчи гуруҳига тегишли ахборот ҳар ўн кунда тақдим этиб боришни таъминласин.

мавжуд муаммоли масалалар бўйича уларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифлар билан Республика ишчи гуруҳига ахборот тақдим этган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ва чиқаришнинг тасдиқланган жадваллари қандай бажарилаётганлигини хар ўн кунда мониторинг қилиб борсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт  вазирлиги, Қорақалпоқистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси билан биргаликда 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғарилган хамжларидан келиб чиқиб 2018 йилнинг 15 ноябрига қадар асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички истеъмол бозорига чиқарилиб сотилиши ва ижтимоий соҳа муассасалариннг эҳтиёжи учун ишлатилиши “2018 йилнинг 1 декабридан 2019 йилнинг 31 май кунигача” бўлган муддатлардаги  тармоқ жадваларини ишлаб чиқиб тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага ғамлаш бўйича белгиланган ҳажмларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

3 ва 4-иловаларда кўрсатилган “Ўзбекозиковқатзаҳира” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жалб этилган тайёрлов ташкилотлари учун - хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз айланма маблағлари ва тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари;

5, 6 ва 7-иловаларида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълими вазири муассасалари учун - бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги
ПҚ-3082-сонли қарори билан тузилган Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси (А.Н. Арипов) бюджет ташкилотлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини харид қилиш бўйича чекланган нархларни ўрнатсин.

Зарур бўлган холатларда 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсумига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш учун талаб этиладиган маблағлар “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг буюртмаларига асосан Ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мониторинги ва назорат қилиш бўйича Республикаси комиссиясининг махсус руҳсати асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.

Захира мақсадлари учун жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағлар тармоқ-жадвалига асосан маҳсулотларни ички истеъмол бозорига савдога чиқариш ҳажмларига мос равишда график бўйича тўлиқ қайтарилади.

Жамғармадан ажратилган мақсадли маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлаш бўйича масъулият “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг зиммаларига юклатилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджетдан маблағ билан таъминланувчи ижтимоий соҳа муассасаларига 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариш учун зарур маблағларни бюджет ва бюджет муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан тўлиқ ажратилишини таъминласин.

Бунда, ижтимоий соҳа муассасалари томонидан 4 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (картошка, пиёз, сабзи ва гуруч) харид қилишда бозордаги ўртача нархлардан келиб чиққан ҳолда захира тадбирларига жалб этилган тайёрловчи корхоналар ва фермер хўжаликлари билан, истисно тариқасида, тўғридан тўғри шартномалар тузилишига, тегишли ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилишига ҳамда камида 40 фоиз миқдорида аванс тўловларини биринчи даражали тўловларга тенглаштирилган ҳолда амалга оширилишига рухсат этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари заҳира тадбирларига жалб этилган хўжалик субъектлари буюртмалари асосида уларга 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш мақсадларига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш тавсия этилсин.  

11. 2018-2019 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага ғамлаш ва чиқаришнинг боришини мониторинг қилишда шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳар ўн кунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига:

"Ўзбекозиқовқатзаҳира" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари - "Ўзбекозиқовқатзаҳира" корхоналари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жалб этган тайёрлов ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ва ички истеъмол бозорига чиқариш ҳажмлари тўғрисида;

тижорат банклари - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун тайёрлов ташкилотларига ажратилган кредит маблағларининг ҳажмлари тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълими вазирлиги - ижтимоий соҳа муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини сақлаш ва чиқариш учун ғамлаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш учун мўлжалланган бюджет маблағларини ажратиш ва ўзлаштириш ҳажмлари тўғрисида ахборот тақдим этадилар.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 10 сентябридан бошлаб 2018-2019 йиллар қиш-баҳор мавсумига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш кўрсаткичларини бажарилиши ва уларни молиялаштириш масалалари хал этилиши ҳамда тасдиқланган тармоқ жадвалларига мувофиқ самарали ишлатилиши юзасидан мониторинг юритиш тизимини жорий этсин ва натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотларини ҳар 10 кунда Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиб борсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммаларига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                      А. Арипов

Умумий таклифлар

897