ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3387 Уполномоченный при Президенте Республики Узбекистан по защите прав и законных интересов субъектов предпринимательства 13/05/2019 28/05/2019 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР ТОМОНИДАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ФАОЛИЯТИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН ТЕКШИРУВЛАРНИ КЕЛИШИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
ID-3387

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР ТОМОНИДАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ФАОЛИЯТИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН ТЕКШИРУВЛАРНИ КЕЛИШИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сон Фармонини ижро этиш, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда қонунчилик бузилиши ҳолларининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Назорат қилувчи органлар текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлигини

ва холисоналигини таъминласинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги назорат қилувчи органлар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д. Касимов томонидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” майдаги ___– сон қарорига

ИЛОВА

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда назорат қилувчи органлар деб аталади) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказишнинг тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари:

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида;

қўзғатилган жиноят ишлари доирасида;

бюджет ташкилотлари фаолиятида;

давлат муассасалари ва корхоналари фаолиятида;

норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари

ва ваколатхоналари фаолиятида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида, уларнинг тадбиркорлик фаолияти бундан мустасно;

коммунал хизматлар, энергия ресурслари ва ичимлик суви истеъмолининг ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, шунингдек ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишида;

тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг таъсисчилари ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

тадбиркорлик субъектлари – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;

тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) – тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир;

назорат қилувчи органлар – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;

текширув – тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя этилишини қандай бажарилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир бошқа маълумотларни олиш ҳамда ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган бир марталик назорат тадбири;

молия-хўжалик фаолиятини текшириш – маҳсулотни ишлаб чиқариш

ва сотиш, хизмат кўрсатиш ва ишларни бажариш ҳамда бухгалтерия – молия, ҳисоб-китоб юритиш фаолиятини ўрганиш ва таққослаш;

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили;

текширув дастури – тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувнинг назорат саволномаси.

4. Текширувларни келишиш ва ўтказиш мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

5. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан ташкил этиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (кейинги ўринларда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб аталади) билан келишилади.

6. Текширув ўтказишни ваколатли орган билан келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими (бундан буён матнда Ягона тизим деб юритилади) орқали амалга оширилади.

Ягона тизимга Савдо-саноат палатаси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда уланиши мумкин.

Ягона тизим техник сабабларга кўра ишламаган тақдирда текшириш ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

2-боб. Текширувларни келишиш

7. Назорат қилувчи органлар қуйидаги асослар мавжуд бўлганда:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (расмий ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ваколатли органга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектнинг амалда фаолият кўрсатаётганлиги назорат қилувчи орган томонидан дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим

8. Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимларига (кейинги ўринларда вакил девонининг ҳудудий ходимлари деб аталади) киритилади. Бир кунлик текширувга соат 9:00-18:00 гача рухсат берилади.

Муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувни келишиш учун эса буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали унинг марказий аппарати томонидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритилади.

9. Назорат қилувчи органнинг туман (шаҳар) бўлинмаси ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларни келишиш текширувга асос бўлган ҳужжатларни ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ушбу органнинг вилоят даражасидаги бўлинмасига тақдим этиш орқали амалга оширилади.

10. Назорат қилувчи орган томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тақдим этилган текширувни келишиш тўғрисидаги буюртмада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

текширув ўтказадиган назорат қилувчи орган номи;

текширув ўтказадиган ходимлар, уларнинг гувоҳнома рақами;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили;

текширув ўтказиш учун асос;

талаблари текшириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври.

Текширув предмети талаблари текшириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мос бўлиши шарт.

11. Буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни тахлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ёки «хавфни тахлил этиш» тизими орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилиши ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.

12. Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисида ушбу Низомнинг 3 ва 4-иловаларига мувофиқ қарор қабул қилинади.

Фавқулодда вазиятлар юзага келиши, шу жумладан инсон ҳаёти ва соғлигининг хавф остида қолиши, атроф-муҳит ифлосланиши, жиддий моддий талафотлар келиб чиқиши ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича текширувларни келишиш тўғрисидаги буюртмалар бир иш куни ичида кўриб чиқилади.

13. Текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан қабул қилинади ва имзоланади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарорларни имзолашни, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш бўйича масъул ўринбосари, йўқлигида эса унинг ваколатини амалга ошириш юклатилган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг бошқа ўринбосарига, муддати бир кун бўлган текширувларни келишишни тегишинча вакил девонининг ҳудудий ходимларига юклаши мумкин.

Қўшма корхоналар, хорижий корхоналар, эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ҳар қандай текширувлар фақатгина Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қарорига мувофиқ ўтказилади.

Текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорда текширувни ўтказиш учун берилган буюртмадаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилади.

Қарор мазкур Низомнинг 3-4 иловасида келтирилган намуналарга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

14. Текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан назорат қилувчи органга юборилади.

3-боб. Текширувларни ўтказиш

15. Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш келишилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Буйруқда текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси, назорат қилувчи органнинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати ва текшириладиган фаолият даври кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.

16. Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари жалб этилиши мумкин.

Текширувни фақат текширувни ўтказишга рухсат берилган назорат органи

ва ходимлар ўтказишга ҳақли.

Текширув ўтказишга рухсат берилган назорат органи ёки ходимларнинг ўзгариши ёхуд текширувга қўшимча ходимлар жалб этилиши фақат текширувга рухсат берган ваколатли органнинг қарори билан рухсат этилади.

17. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил

27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1 ва 2-иловаларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги шарт.

18. Текширув ўтказиш жараёнида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.

19. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсни) ёки якка тартибдаги тадбиркорни текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, Ягона тизимга текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, шунингдек текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда топширади.

Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ягона тизимдан қисқа хабар (SMS) кўринишида ва реал вақт режимида интернет тармоғи орқали олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 92-моддасида назарда тутилган ҳолларда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳаракатлар назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари томонидан текширув тугаллангунга қадар амалга оширилади.

20. Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

Текширилаётган тадбиркорлик субъектининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги ҳамда ҳар қандай тўсқинликлари текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган ҳамда ҳар қандай тўсқинликларни вужудга келтирган тақдирда, бу ҳақда назорат қилувчи органнинг масъул ходими томонидан далолатнома тузилади. Бунда далолатнома расмийлаштирилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

21. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Текширув натижалари тўғрисидаги далолатномага “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда — электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда — унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда ёки мазкур Низомнинг

19-бандида кўрсатилган хужжатлар тўлиқ тақдим этмаган ҳамда текширувга ваколатли органнинг қарорида кўрсатилмаган шахсларни жалб этиш ҳолатларида, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳамда текширувга рухсат берган ваколатли орган ва Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмасига хабар беришга ҳақли.

22. Тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда эса палата вакиллари иштирок этиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчилари ва (ёки) адвокатлар томонидан тадбиркорлик субъектига текширув давомида шартнома асосида тегишли хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларни текширувда иштирок этишга жалб қилиш ҳуқуқини тушунтиради ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганлигини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан хабардор қилинган мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларнинг текширувда иштирок этиш учун етиб келмаслиги текширув ўтказилишига тўсқинлик қилмайди.

23. Текширув давомида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 17-моддаларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланадилар

ва мажбуриятларга амал қиладилар.

24. Текширув билан тадбиркорлик субъектининг бевосита текширув ўтказиш йилидан олдинги уч календарь йилдан, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар эса беш календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текширув ўтказилаётган календарь йилнинг ўтган даври текширилиши мумкин;

текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври бўйича қайта текширув ўтказилмайди.

25. Текширувни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, шунингдек текширув бошлангандан кейин тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор текширувда иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув назорат қилувчи органнинг буйруғи асосида тўхтатилиб, унинг асослантирилган мурожаатига кўра текширув ёки унинг қолган муддати ваколатли органнинг рухсати билан бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

Муддати кўчирилган текширувни ўтказиш текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бундай текширув кейинчалик умумий тартибда ўтказилиши мумкин.

26. Текширув ўтказиш жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати назорат қилувчи органнинг асослантирилган мурожаатига кўра Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг рухсати билан фақат бир марта, бироқ текширув келишилган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин (масалан, олти кунга келишилган текширувни узайтиришда кўпи билан яна олти кун қўшиб берилиши мумкин).

27. Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

28. Текширувни тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, уни тадбиркорлик субъектининг ёзма розилиги билан ушбу субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ҳудуддаги назорат қилувчи орган биносида ўтказиш мумкин.

29. Текширувлар натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади. Текширув далолатномаси камида икки нусхада тузилади.

Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширув далолатномаси текширув ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширув бўйича эса, текширув муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

Бунда текширув далолатномасининг нусхалари назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади ҳамда бир нусхаси тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.

30. Текширилган тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.

31. Текширилган тадбиркорлик субъекти текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг масъул ходими бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

32. Текширув далолатномаси назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

33. Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар, суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг бир иш кунидан кечиктирмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ягона тизимга киритилиши лозим.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органнинг марказий аппарати, вакил девонининг ҳудудий ходимлари орқали келишилган текширувлар бўйича маълумотлар назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги тегишли бўлинмаси томонидан Ягона тизимга киритилади.

34. Текширув натижасида аниқланган банк сирига оид маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

Текширувда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда назорат қилувчи орган текширув якунланган вақтдан бошлаб 10 кун ичида барча хужжатларни прокуратура органларига юбориши шарт.

4-боб. Ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширув ўтказиш

35. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-иловасида (бундан буён матнда Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхати деб юритилади) белгиланган текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказилади.

36. Текширувлар Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатининг:

1 ва 2-бандлари бўйича – ишончли маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда;

3, 6, 10, 15, 26 – 28-бандлари бўйича – назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган график асосида;

4, 5, 7, 8, 9, 11–14, 16–25 ва 29-бандлари бўйича – заруратга қараб ўтказилади.

37. Текширув назорат қилувчи органнинг текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, шунингдек ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

Бунда Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатининг 4, 8, 12, 14, 16, 17, 21, 22 ва 24-бандларидаги масалалар бўйича маълумотлар текширув бошланганидан 24 соат мобайнида Ягона тизимга киритилиши мумкин.

38. Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида кўрсатилган икки ёки ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувлар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.

39. Хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар келишиладиган текширувларни ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

40. Жисмоний ва юридик шахсларнинг Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида назарда тутилган масалалар бўйича мурожаатлари асосида текширувларни ўтказиш ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида бир нечта масала кўрсатилиб, улардан камида биттаси келишиш тартибида текширув ўтказилишини талаб этадиган бўлса, текширувлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади.

5-боб. Текширувларни ўтказилишини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш

41. Ваколатли орган назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар белгиланган тартибда ўтказилганлигини Ягона тизим орқали доимий равишда мониторинг қилиб боради.

42. Ваколатли орган томонидан мониторинг натижаларига кўра назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширув ўтказганлиги ёки текширув давомида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланган ҳолатларда уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

43. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назорати Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида текширув бошлангунга қадар назорат қилувчи органлари текшириш тўғрисида Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига маълум қилишлари шарт.

Жамоатчилик назорати қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

6-боб. Якуний қоидалар

44. Ваколатли орган ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари мазкур Низом талабларига риоя этилиши, текширув муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек ошкор этилмаган ахборотлар муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.

45. Назорат қилувчи органларнинг:

раҳбарлари текширув ўтказишга рухсат олиш ёки ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун;

масъул ходимлари ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги учун жавобгардир.

46.Тадбиркорлик субъектлари уларда ўтказилаётган текширув ҳақидаги ҳамда уларнинг фаолиятини текшираётган назорат қилувчи органлар тўғрисидаги маълумотни Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонидан ёзма шаклда ёки ахборот коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона тизимдан фойдаланган ҳолда электрон шаклда бепул олишга ҳақлидир.

Тайинланган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга, Савдо-саноат палатаси ёки бевосита судга мурожаат қилишлари мумкин.

Мурожаат кўриб чиқилгунга қадар текшириш тўхтатилади.

47. Ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга, Савдо-саноат палатасига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Савдо-саноат палатаси текширувларнинг натижаси бўйича қабул қилинган назорат органларининг қарорлари устидан шикоят қилишга ҳақли.

48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

49. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

2019 йил “____” ___________

Д. Касимов

Ўзбекистон Республикаси

Савдо-саноат

палатаси раиси

2019 йил “____” ___________

А. Икрамов

D:\Низомга 1-илова_pages-to-jpg-0001.jpg