Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3217 Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 23/04/2019 12/05/2019 3

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-3217

ЛОЙИҲА

 

Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни

ижтимоий қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштиришга
доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек уларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда бошпанасиз шахслар деб аталади) учун ижтимоий қўллаб қувватлаш марказларини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилансинки, Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг таркибий тузилмаси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар:

Бошпанасиз шахслар учун ижтимоий қўллаб қувватлаш марказлари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Бошпанасиз шахслар учун ижтимоий қўллаб қувватлаш марказиларнинг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

бошпанасиз шахсларнинг тунги пайтларда вақтинча ётиб қолишлари учун шароитлар яратиш;

бошпанасиз шахсларга беғараз ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

нормал ҳаётга қайтиш истагини билдирган бошпанасиз шахсларни касбга тайёрлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда Марказ қуриш ва жойлаштиришни ташкил этиш учун белгиланган тартибда ер участкаларини ажратсин.

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртмасига асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда енгил конструкцияли сендвич панеллардан, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик асосида Марказ бинолари қурилишини амалга оширсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

уч ой муддатда Марказларни намунавий тузилмага асосан малакали номзодлар билан жамлаган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали фаолиятини йўлга қўйсин;

бошпанасиз шахслар ҳисобини юритган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотларни ҳамма олишини мумкин бўлган ахборот базасини яратсин;

Марказ томонидан меҳнат органлари билан бирга меҳнатга лаёқатли бошпанасиз шахсларни худудларни ободонлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни етиштиришга жалб этишларини ташкиллаштирсин;

2019 йил якунига қадар хорижий ташкилотларнинг грантлари ва кредитлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар хисобидан бошпанасиз шахсларни аниқлаш, вақтинча сақлаш ва ўқитишга мўлжалланган нодавлат нотижорат ташкилотларни ташкил этиш бўйича Марказ фаолияти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2019 йилда Марказлар биноларини қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан зарур маблағлар ажратсин;

2020 йилдан бошлаб, маҳаллий маблағлар фондини шакллантириш жараёнида Марказлар фаолиятини юритиш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

9. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш ____________ зиммасига юклатилсин.

 

 

           Ўзбекистон Республикасининг

             Бош вазири                                                      А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” ________ даги
___-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Бошпанасиз шахслар учун ижтимоий қўллаб қувватлаш

марказлари тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом бошпанасиз шахслар учун ижтимоий қўллаб қувватлаш марказларининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳуқуқий мақоми, унинг асосий вазифалари ва функциялари, бошпанасиз шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни марказга қабул қилиш ва рўйхатга олиш, ижтимоий қўлаб қувватлаш ҳамда моддий-маиший ва тиббий таъминоти тартибларини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бошпанасиз шахс – доимий яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжати, шунингдек, бирон-бир манзилда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобда турмаган шахс;

бошпанасиз шахслар учун ижтимоий қўллаб қувватлаш маркази –бошпанасиз шахсларнинг тунги пайтларда вақтинча ётиб қолишлари, беғараз ижтимоий ёрдам олишлари, шу билан бирга нормал ҳаётга қайтиш истагини билдирган бошпанасиз шахсларнинг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратишга мўлжалланган давлат муассасаси.

3. Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

4. Марказ ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

5. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Вазирлик буйруқларига, шунингдек ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларга амал қилади.

6. Марказ юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

7. Марказ фаолиятини ташкиллаштириш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

8. Марказда бошпанасиз шахслар, шунингдек, ўзлари мустақил енгиб ўта олмайдиган оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган қуйидаги тоифадаги шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади:

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар.

2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари

9. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

бошпанасиз шахсларнинг тунги пайтларда вақтинча ётиб қолишлари учун шароитлар яратиш;

бошпанасиз шахсларга беғараз ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

нормал ҳаётга қайтиш истагини билдирган бошпанасиз шахсларни касбга тайёрлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш.

10. Марказ ўз зиммасига юкланган асосий вазифаларига мувофиқ, қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) бошпанасиз шахсларнинг тунги пайтларда вақтинча ётиб қолишлари учун шароитлар яратиш соҳасида:

бошпанасиз шахсларни монеликсиз қабул қилиш;

бошпанасиз шахсларни уларнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;

бошпанасиз шахслар ҳисобини юритган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотларни ҳамма олиши мумкин бўлган ахборот базасини юритиш;

бошпанасиз шахслар учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган моддий-маиший шароитлар яратиш;

аҳоли ўртасида бошпанасиз шахсларга нисбатан ижобий (позитив) муносабатларни шакллантириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга ошириш;

б) бошпанасиз шахсларга беғараз ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

бошпанасиз шахсларни Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

бошпанасиз шахсларни қабул қилишда тиббий кўрикни амалга ошириш, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда стационар шароитларда даволанишга муҳтож деб топилган шахсларни белгиланган тартибда соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига жойлаштириш;

бошпанасиз шахсларни қариндошлари билан алоқа ўрнатишига кўмаклашиш;

бошпанасиз шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш, яъни уларнинг психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишлари ва бошқа ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий қўллаб қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

бошпанасиз шахсларнинг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида уларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

ваколати доирасида Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахсларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклаш ва расмийлаштириш, пенсия, уй-жой, оила қонунчилиги ҳамда бошқа масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

қаровсиз қолган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларига, руҳий касалликка чалинган ногиронлиги бўлган шахсларни “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларига жойлаштириш чора-тадбирларини кўриш;

в) нормал ҳаётга қайтиш истагини билдирган бошпанасиз шахсларни касбга тайёрлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш соҳасида:

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат органлари билан ҳамкорликда меҳнатга лаёқатли шахсларни қишлоқ, овул, маҳаллаларда қишлоқ ҳўжалиги ва ободонлаштириш ишларига жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

тадбиркорлар билан ҳамкорликда бошпанасиз шахсларни лаёқатидан келиб чиққан ҳолда ишга жойлашишларига кўмаклашиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Марказга бошпанасиз шахсларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тартиби

11. Бошпанасиз шахсларни Марказга қабул қилиш кечаю кундуз амалга оширилади.

12. Марказга бошпанасиз шахсларни қабул қилиш уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этган ҳолда қилган шахсий мурожаатлари ёки ички ишлар органлари, маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда васийлик органларининг йўлланмалари асосида амалга оширилади.

13. Марказда бошпанасиз шахслар учун тунги вақтларда 12 соат давомида ётиб қолишлари, овқатланишлари ва ижтимоий ёрдам олишлари учун шароитлар яратилади.

Бошпанасиз шахсларга ҳуқуқий, психологик, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча вақт талаб этиладиган ҳолатларда Марказ директори (директор йўқлигида унинг ўринбосари)нинг асослантирилган қарорига кўра, ушбу шахслар ижтимоий ёрдам кўрсатилгунига қадар бир ойдан ошмаган муддат давомида Маказда сақланишлари мумкин.

14. Марказ ходимлари томонидан бошпанасиз шахсларни қабул қилиш вақтида турли ноаниқликларнинг олдини олиш мақсадида бошпанасиз шахсларга саволлар берилиб, уларнинг берган жавоблари қабул қилинган шахсларни рўйхатдан ўтказиш журналига қайд этилади.

15. Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари ҳақида хабардор қилинади.

16. Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахс чет эл фуқароси бўлса, унинг Марказга қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдирги йигирма тўрт соатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилиши керак.

17. Бошқа шахслардан ажратиб қўйишни талаб қиладиган беморларни аниқлаш мақсадида Марказга қабул қилинган шахслар дастлабки тиббий кўрик ва санитария ишловидан ўтказилади.

18. Марказга қабул қилинган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида шахсга шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур деб ҳисобланганда, Марказ тиббиёт ходими шу вақтнинг ўзида тез тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаши лозим. Бунда Марказ тиббиёт ходими телефон ёки бошқа алоқа воситалари орқали тез тиббий ёрдам бригадасини чақиради.

19. Марказ тиббиёт ходими шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида кузатилган касаллик аломатлари ҳақидаги маълумотларни Тиббий ёрдам кўрсатиш китобига киритади.

20. Тез тиббий ёрдам бригадаси Марказга етиб келганидан кейин шахс тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

Шахсга тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилиши мумкин.

21. Тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассиси томонидан шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида, шахсга стационар шароитда шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур деб топилганда, шахс тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассисининг дастлабки ташхисига мувофиқ тегишли давлат соғлиқни сақлаш муассасасига олиб борилиши керак.

22. Шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасига олиб бориш тез тиббий ёрдам бригадасининг ихтисослаштирилган транспорт воситасида тез тиббий ёрдам бригадаси мутахассислари назорати остида амалга оширилади.

23. Ўта хавфли, юқумли ёки паразитар касалликлар билан касалланган бошпанасиз шахслар зудлик билан тегишли тиббиёт муассасаларига юборилади.

24. Руҳий касалликларга чалинган бошпанасиз шахслар руҳий касалликлар шифохонасига юборилади.

25. Марказга қабул қилинан бошпанасиз шахсларни хоналарга жойлаштириш уларнинг шахси ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

26. Бошпанасиз шахсларни жойлаштиришда эркаклар билан аёлларнинг алоҳида жойлаштирилиши шарт.

4-боб. Бошпанасиз шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби

27. Марказ томонидан бошпанасиз шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш соғлиқни сақлаш, меҳнат, ички ишлар, васийлик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий давлат органлари билан хамкорликда амалга оширилади.

28. Марказга қабул қилинган шахсларга қуйидаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади:

Ижтимоий-маиший:

ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва чойшаблар билан таъминлаш ва уларни алмаштириб туриш;

шахсий гигиена воситалари ажратиш;

бепул озиқ-овқат билан таъминлаш;

овқат пишириш учун шароитлар яратиш.

Ижтимоий-тиббий:

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

саломатлигини кузатиб бориш;

бепул бирламчи тиббиёт маҳсулотлари ва дори-дармон билан таъминлаш;

стационар тиббиёт муассасаларига жойлаштириш.

Ижтимоий-психологик:

ижтимоий-психологик диагностика ва шахсий ҳолатини текшириш;

шахсий ва эмоционал масалалар бўйича психологик маслаҳатлар бериш (индивидуал ёки гуруҳ тарзда);

индивидуал ёки гуруҳ таркибида психологик тренинглар ўтказиш;

ижтимоий-психологик патронаж;

Ижтимоий-иқтисодий:

моддий ёрдам кўрсатилишига кўмаклашиш;

ишга жойлашиш борасидаги масалаларни ҳал этишда амалий ёрдамлар кўрсатиш;

бошпанасиз шахсларни ўзгалар парваришига мухтож ёлғиз яшовчи фуқароларга бириктириш орқали уларнинг яшаш жойи билан таъминланишларига кўмаклашиш.

Ижтимоий-ҳуқуқий:

нафақа, ижтимоий, турар-жой ва оила қонунчилиги доирасидаги масалалар бўйича, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари юзасидан маслаҳатлар бериш;

аризалар, шикоятлар ва мурожаатномалар ёзишда кўмак бериш;

суд ва давлат органларида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш.

29. Марказда бошпанасиз шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг соғлиғини комплекс текшириш ва баҳолаш, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёки бошқа ёрдамга муҳтожлигини ўрганиб чиқиш асосида ишлаб чиқиладиган ижтимоий хизматлар индивидуал дастурига (кейинги ўринларда индивидуал дастур деб аталади) асосан амалга оширилади. Индивидуал дастурнинг ягона шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.

30. Ижтимоий ёрдам кўрсатишда иштирок этувчи Марказ ва бошқа идоралар мутахассислари томонидан, заруратга кўра шахсга ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнига ҳуқуқий, психологик, тиббий ёки бошқа ёрдамлар кўрсатишни яхшилаш учун индивидуал дастурга тегишли ўзгартиришлар киритишлари мумкин.

31. Бошпанасиз шахсларни Марказдан чиқаришга тайёрлаш Марказ директори ёки унинг ўринбосарлари томонидан назорат қилинади. Марказдан чиқарилган шахсларга уларнинг илтимосига кўра Марказ томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

32. Қариндошлари ёнига қайтарилган бошпанасиз шахс такроран яна оғир ҳаётий вазиятга тушишининг олдини олиш мақсадида, унинг оиласи бир йил давомида мониторингдан ўтказилади. Мониторинг давомида Марказ мутахассислари, васийлик ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан шахснинг оиласига қайтганидан сўнгги ҳолатига баҳо берилади.

33. Нормал ҳаётга қайтган бошпанасиз шахслар тўғрисида аҳолининг бошпанасиз шахсларга нисбатан ижобий фикрини шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали ҳар чоракда маълумотлар бериб борилади.

5-боб. Бошпанасиз шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

34. Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Марказ ходимларидан кун тартиби ва сақлаш шароитлари, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот олиш;

Марказ маъмуриятига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

ҳуқуқшуноснинг юридик ёрдами ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш;

уларнинг шахсий хавфсизлиги ва соғлиғини таъминловчи шароитларда сақланиши, тегишли тиббий ёрдам олиш;

қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш;

телефон орқали сўзлашиш;

тунги вақтда узлуксиз саккиз соат ухлаш;

агар, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаса, диний расм-русумларни адо этиш;

белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш, моддий-маиший шароитлар, ўқув-бадиий, ахборот материалларидан фойдаланиш, Марказнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан ахборот олиш.

35. Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

Марказнинг кун тартибига қатъий риоя қилиш;

Марказ ходимларининг қонуний талабларини бажариш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслик;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш;

Марказ мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, шунингдек, ўзининг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳатти-ҳаракатларни содир этмаслик.

6-боб. Бошпанасиз шахсларнинг моддий-маиший ва тиббий таъминоти

36. Бошпанасиз шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.

37. Бошпанасиз шахслар сақланадиган хоналар иситиш тизимига, шунингдек, табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши керак. Хоналарнинг деразаларида сунъий вентиляция тизими мавжудлигидан қатъи назар, тоза ҳаво киришини таъминлаши лозим.

38. Марказда бир кишига тўғри келадиган яшаш майдонининг нормаси 42 m дан кам бўлмаслиги лозим.

39. Бошпанасиз шахсларда шахсий гигиена воситалари бўлмаган тақдирда, улар Марказ ҳисобидан ушбу воситалар билан таъминланадилар.

40. Марказ биноларини қуриш ва уларни жиҳозлаш ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб берадиган лойиҳалар асосида амалга оширилади.

41. Марказларда қуйидагилар бўлиши лозим:

қабул қилиш блоки (янги келган бошпанасиз шахсларни қабул қилиш ва навбатчилик қилувчи ходимларнинг дам олиш хоналари);

коммунал-маиший хизмат блоки (бошпанасиз шахслар учун ювиниш, дезинфекция қилиш, кир ювиш, кийимларни қуритиш ва маиший хизмат хоналари);

тиббий хизмат кўрсатиш блоки (бошпанасиз шахсларни кўрикка қабул қилиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда дори-дармонларни сақлаш хоналари);

овқатланиш блоки (ошхона, идиш ювиш хоналари);

эркаклар ва аёллар учун алоҳида хоналар;

ёнида вояга етмаган фарзанди бўлган аёллар, шунингдек янги келган ва тиббий кўрикдан ўтмаган бошпанасиз шахслар учун алоҳида хоналар;

маданий ҳордиқ чиқариш блоки (маънавият маркази, кутубхона);

канцелярия, архив, Марказ бошлиғи, унинг ўринбосарлари, ҳисобчи, тиббий хизмат, бандликка кўмаклашиш ҳамда моддий жавобгар ходимлар учун хизмат хоналари;

Марказ ходимлари учун алоҳида ювиниш, дам олиш ва маиший хизмат хоналари.

42. Марказга жойлашган бошпанасиз шахслар, уларнинг манфаатларига зид келмаган тақдирда қариндошлари, қонуний вакиллари билан мулоқот қилишлари учун шарт-шароитлар билан таъминланади.

43. Бошпанасиз шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш Марказнинг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

44. Марказда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори қутилари бўлиши лозим.

45. Марказда бошпанасиз шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишда тиббиёт ходимлари қуйидагиларни амалга оширадилар:

эпидемия ва юқумли касалликларга қарши зарур тадбирларни ўтказиш, бундай ҳолатлар аниқланганда, давлат санитария-эпидемиология назорати марказларига йигирма тўрт соат ичида тезкор хабар бериш;

амбулатор ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш;

белгиланган тартибда беморлар, махсус тиббий ёрдамга муҳтожлар консультацияларини ташкил қилиш;

белгиланган тартибда стационар даволанишга муҳтож бўлган бошпанасиз шахсларни даволаш муассасаларига жойлаштириш ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш;

мутахассис шифокорлар ва маслаҳатчиларнинг тавсиялари ҳамда кўрсатмаларини бажариш;

дорилар, дезинфекция воситалари ва тиббий жиҳозларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, улар билан тўлдириш (сотиб олиш) ҳақида махаллий хокимликларга ўрнатилган тартибда талабномалар киритиш;

дорилар, дезинфекция воситалари ва тиббий жиҳозлар сақлаш, бериш ва ҳисобга қўйишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш;

Марказга қабул қилинган бошпанасиз шахсларни жойлаштиришда, овқатланишида, сув таъминотида санитария-эпидемиологик қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш.

46. Марказга қабул қилиш вақти ҳамда сақланиш даврида бошпанасиз шахсларда тан жароҳатлари аниқланганда улар Марказнинг тиббиёт ходимлари томонидан кечиктирмасдан тиббий текширувдан ўтказилади. Тиббий текширув натижалари тўғрисида дарҳол туман (шаҳар) прокурорига хабар қилинади.

47. Бошпанасиз шахсларнинг соғлиғи бўйича шикоятлар ва кўрсатилган тиббий ёрдам натижалари Марказда сақланаётган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш китобида қайд қилинади, бу китоб Марказнинг тиббиёт пунктида сақланади.

48. Бошпанасиз шахслар тиббий кўрсатмалар бўйича ўзлари учун зарур бўлган дори воситалари ва препаратлардан Марказ тиббиёт ходимларининг рухсати билан фойдаланади.

49. Марказ тиббиёт ходимлари мунтазам санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилишини таъминлаши шарт.

50. Марказнинг санитария ҳолати, шунингдек, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан назорат қилинади.

51. Бошпанасиз шахсларнинг розилиги билан улар Марказ хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш билан боғлиқ, давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган хўжалик ишларига жалб қилиниши мумкин.

52. Бошпанасиз шахсларни хўжалик ишларга жалб қилиш уларнинг соғлиғи ҳолати ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Меҳнатга лаёқатсиз шахслар хўжалик ишларига жалб қилинмайди.

53. Марказда сақланаётган шахсларни озиқ-овқат ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган нормалар асосида амалга оширилади.

54. Бошпанасиз шахс вафот этган тақдирда унинг жасади эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакилларига ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсларга топширилади.

55. Эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларидан ёки вафот этган шахснинг қонуний вакилларидан ёки дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахслардан жасадни бериш тўғрисида ариза тушмаган тақдирда, вафот этган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дафн этилади. Вафот этган шахснинг ёнида бўлган буюм ва ашёлари Марказ директорининг прокурор билан келишилган ва асослантирилган қарорларига кўра давлат даромадига ўтказилади.

7-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш

56. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

57. Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, шунингдек, зарурат бўлганда туманлараро, ёки туман (шаҳар) ҳокимиятлари ҳузурида ташкил этилади.

58. Марказнинг штат бирликлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

59. Марказга раҳбарликни тегишлилиги бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган директор амалга оширади.

60. Марказ директори ўз ваколатлари доирасида:

Марказ номидан иш кўради ва унинг манфаатларини ифодалайди;

Марказ ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Марказ фаолиятида қонунийликни таъминлаш чораларини кўради, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва интизоми, хизмат фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

Марказнинг кун тартибини тасдиқлайди ва ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Марказнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

давлат органларига бошпанасиз шахсларни аниқлаш ва Марказга жойлаштириш юзасидан мурожаатлар йўллайди;

Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва бошқа масалалари бўйича тегишли органларга таклифлар киритади ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

Марказ фаолияти бўйича ахборот-таҳлил ва ҳисобот маълумотларини тайёрлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига белгиланган тартибда тақдим этади.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

61. Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда тезкор-техник, транспорт воситалари, мебель, жиҳозлар ва бошқа мол-мулк билан таъминланади.

                                                                                           8-боб. Якунловчи қоида

62. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.