ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3216 Узбекское агентство стандартизации, метрологии и сертификации «Узстандарт» 23/04/2019 08/05/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги Низом
ID-3216

1-боб. Умумий қоидалар

1. Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтида (кейинги ўринларда – Стандартлар институти) стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш бўйича кадрларни ҳамда ўзаро боғлиқ соҳалар раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:

стандартлаштириш соҳалари — стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш ҳамда ўзаро боғлиқ соҳалари;

буюртмачи — юридик ва жисмоний шахслар;

тингловчи — Стандартлар институти директори буйруғи билан қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсига қабул қилинган раҳбар ёки мутахассис;

таълим хизмати — Стандартлар институти ва буюртмачи ўртасида тузилган пуллик хизмат кўрсатиш шартномасига биноан буюртмачининг ҳисобидан ва талаби асосида таълим бериш фаолияти;

3. Давлат талаблари Стандартлар институтида тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

4. Тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:

ўқув дастурлари мазмунининг тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш турлари ва шаклларига мослиги;

замонавий технологияларга таяниши;

замонавий билим, кўникма, малака ва компетентлигининг шаклланиши ҳамда тингловчиларнинг касбига мувофиқлиги.

5. Тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув юкламасидаги маърузалар ҳажми умумий аудитория соатининг 60 фоизидан ошмаслиги керак.

6. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, шунингдек масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида амалга оширилади.

7. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида маърузалар давлат тилида ҳамда буюртмачиларнинг талаблари асосида бошқа тилларда амалга оширилади.

8. Стандартлар институтининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) тингловчилар томонидан тақдим этилган анкета, ҳужжатлар ҳамда уларнинг фаолият йўналишига асосан ўқув курсларининг гуруҳларини шакллантиради.

9. Ўқув жараёнлари сифати Марказ томонидан ўтказиладиган тингловчилар тўлдирадиган сўровнома асосида таҳлил қилиб борилади.

10. Таълим хизматларини кўрсатиш нархи ўқув дастурларидан келиб чиққан ҳолда Стандартлар институти томонидан белгиланади.

11. Тегишли ўқув дастурлари бўйича таълим хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар Стандартлар институти расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

12. Стандартлар институти томонидан қуйидаги таълим хизматлари кўрсатилади:

қайта тайёрлаш;

малака ошириш.

Тингловчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида қуйидаги ўқитиш турлари амалга оширилади:

маъруза;

интерактив семинар;

амалий машғулотлар;

сайёр машғулотлар;

тажриба алмашиш;

мустақил ўқиш;

битирув малакавий иши;

лаборатория машғулотлари.

13. Таълим хизматларини кўрсатиш учун томонлар ўртасида тузилган шартнома асос бўлиб ҳисобланади.

14. Стандартлар институти буюртмачи билан шартнома тузишга қадар таълим хизматлари кўрсатиш тўғрисида аниқ маълумотларни буюртмачига тақдим этиши лозим.

15. Буюртмачига тақдим этиладиган маълумотларда қуйидагилар ўз ифодасини топган бўлиши керак:

Стандартлар институтининг жойлашган манзили;

ихтисосликлар бўйича ўқув дастурлари;

таълим хизматлари рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби;

таълим хизматларини кўрсатиш шакллари;

таълим хизматлари нархи;

таълимни тугатгандан кейин бериладиган ҳужжат шакли;

Стандартлар институтининг ички тартиб-қоидалари ва бошқалар.

16. Маълумотлар буюртмачига қуйидаги усулларда етказилади:

Стандартлар институти расмий веб-сайти;

буклетлар;

проспектлар;

расмий ёзишмалар.

17. Маълумотлар давлат тилида ёки бошқа тилларда тақдим этилади.

 

2-боб. Тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш

18. Тингловчиларни стандартлаштириш соҳалари бўйича қайта тайёрлаш —стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида билим ва кўникмаларни ўзлаштиришдан, янги касбий фаолиятга йўналтиришдан иборат.

19. Қайта тайёрлаш тингловчининг асосий ишидан ажралган ва ажралмаган ҳолда ташкил этилади.

20. Қайта тайёрлашнинг ўқув юкламаси, таълим ихтисосликлари мавзулари  Стандартлар институтининг Илмий кенгаши томонидан тасдиқланадиган ўқув режаси асосида белгиланади. Бунда тингловчиларнинг мустақил таълимига асосий эътибор қаратилади.

21. Қайта тайёрлаш муддати касбий фаолиятдан ажралган ҳолда кундузги
16 ҳафта ва касбий фаолиятдан ажралмаган ҳолда сиртқи (кечки) 40 ҳафта (тажриба орттиришни ҳисобга олган ҳолда, ўқув юкламасининг жами 576 соатдан кам бўлмаган ҳажми)ни ташкил этади. Аудитория машғулотлари ҳафтасига 36 соатдан, ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 50 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

22. Қайта тайёрлаш курсини тўлиқ ўзлаштирган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.

23. Якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларининг 1-иловасида белгиланган намунадаги диплом берилади.

3-боб. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларининг малакасини ошириш

24. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларининг малакасини ошириш — тегишли ўқув йўналишлари бўйича Давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда, стандартлаштириш соҳалари тингловчиларининг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали уларнинг касбий маҳоратини ўсишини таъминлашдан иборат.

25. Стандартлаштириш соҳалари тингловчилари касбий салоҳиятни ошириш, такомиллаштириш ҳамда замонавий усулларни ўзлаштириш мақсадида ҳар 3 йилда таянч курсларида малакаларини оширадилар.

Таянч курслари йўналишига қараб 116 соатдан 152 соатгача белгиланади.

26. Ихтисосликдан келиб чиқиб, бир ҳафтадан тўрт ҳафтагача ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малака ошириш шакли белгиланади. Барча малака ошириш курсларининг ҳафталик максимал ҳажми 50 соат этиб белгиланади. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда аудитория машғулотлари ҳажми 36 соат этиб белгиланади.

27. Бошқа аниқ бир йўналишдаги курсларнинг ўқув юкламаларининг ҳажмини малака оширишга ариза топширган буюртмачи билан келишилган ҳолда белгиланади.

28. Малака ошириш асосий ишдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда ташкил этилади.

29. Таянч курсларида малака оширишнинг ўқув юкламаси ҳажми Стандартлар институти Илмий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ўқув дастур асосида белгиланади.

30. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги малака ошириш муддатлари Стандартлар институти томонидан буюртмачи билан келишган ҳолда 1 ойгача белгиланиши мумкин.

31. Малака ошириш муддати 18 соатдан кам бўлмаслиги лозим.

Таянч курсларининг ўқув режа ва дастурлари Стандартлар институти Илмий Кенгашида тасдиқланади.

32. Бюртмачи томонидан тушадиган талаблардан келиб чиқиб тингловчиларнинг стандартлаштириш соҳаларида малакасини оширишга бошқа ихтисосликлар бўйича йўналишлар қўшилиши мумкин.

33. Малака ошириш курсидан муваффақиятли ўтган стандартлаштириш соҳалари тингловчиларига мазкур давлат талабларининг 2-иловасида белгиланган намунадаги сертификат берилади.

4-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

34. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тингловчилари Стандартлар институтидаги ўқув аудиториялари, ахборот-ресурс марказлари, соғломлаштириш ва илмий-тадқиқот бўлимлари мутахассисларининг маслаҳатларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

35. Тингловчи қуйидаги ҳолатларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва Стандартлар институтининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

узрли сабабларсиз малака ошириш ўқув машғулотларини умумий академик дарс соатларининг 20 %идан ортиқ, қайта тайёрлаш ўқув машғулотларини 18 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ўқув дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;

вафот этганлиги сабабли.

36. Тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсидан четлатилганда, унга Стандартлар институти томонидан сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақда уни малака оширишга юборган буюртмачига хабар берилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсидан четлатилган тингловчи кейинги кўрсатиладиган таълим хизматидан фойдаланиши мумкин.

37. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан якуний назоратдан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга камида 1 ойдан сўнг бир маротаба қайта якуний назоратдан ўтказиш (қайта ҳимоя қилиш) имконияти берилади.

5-боб. Ўқув курси режа жадвалига талаблар

38. Ўқув курслари жараёни “Ўзстандарт” агентлиги раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа жадвал асосида йўлга қўйилади.

39. Ҳар бир машғулот учун маъруза режаси ишлаб чиқилиб, Стандартлар институти раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

40. Маъруза режаси тизимли асосда янгиланиб бориладиган стандартлаштириш соҳасидаги янгиликлар, халқаро талабларни, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги янги талабларни ўз ичига қамраб олади.

41. Буюртмачиларнинг талабига кўра режа жадвалдан ташқари ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.

6-боб. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларининг тажриба орттириши

42. Тажриба орттириш — таълимнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви, бошқарувчилик малакаси ва кўникмасини амалий жиҳатдан узлуксиз такомиллаштириб боришни таъминлаш, стандартлаштириш соҳалари тингловчиларини стандартлаштириш соҳаларидаги янги ютуқлар билан таништириш мақсадида аниқ йўналишлар бўйича касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдан иборат.

43. Тажриба орттириш — саноат, ишлаб чиқариш корхоналарида қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг назарий ва амалий билимлари, малака ҳамда кўникмаларини чуқурлаштиришга қаратилган.

44. Қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг тажриба орттириш тартиби Стандартлар институти томонидан “Ўзстандарт” агентлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

45. “Ўзстандарт” агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастурлар асосида тингловчиларнинг хорижий давлатлар таълим муассасаларида, давлат органларида, саноат ва стандартлаштириш соҳалари корхоналарида тажриба орттиришлари ташкил этилиши мумкин.

7-боб. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг тайёргарлигига қўйиладиган умумий талаблар

46. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг тайёргарлигига қўйиладиган умумий талабларга қуйидагилар киради:

а) қуйидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш:

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларининг қонуний-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини;

стандартлаштириш соҳаларидаги хизмат кўрсатишнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини, хизматларни ташкил этиш ва амалга оширишни;

стандартлаштириш соҳалари тизимларини ташкил этилиш асослари, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини;

соҳадаги замонавий тенденцияларни;

саноатда ишлаб чиқариш сифатини оширишнинг самарадорлигини баҳолай олишни;

аниқ вазиятлар таҳлилида муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал қилишнинг усулларини белгилай олиш ва кутилаётган натижаларни баҳолай олишни;

иш самарадорлигини ошириш бўйича замонавий ахборот технологияларини қўллай олишни;

сифатни таъминлаш жараёнидаги муаммолар, вазиятлар таҳлили ва босқичлари ҳамда қарорлар қабул қилиш ва амалга ошириш;

в) ўз иш фаолияти самарадорлигини ошириш учун замонавий ахборот технологиялари тизимидан самарали фойдаланиш;

м) энг илғор тажрибалар, янгиликларни муваффақиятли ўзлаштириш.

8-боб. Малака ошириш курсининг профессор-ўқитувчиларга талаблар

47. Ўқув курсларига соатбай ҳақ тўлаш орқали профессор-ўқитувчилар жалб этилади.

48. Профессор-ўқитувчиларга соатбай ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб асосида белгиланади.

49. Ўқув курсларга профессор-ўқитувчилар “Ўзстандарт” агентлиги тизим идораларидан, сертификатлаштириш органларидан, синов лабораторияларидан, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларидан, вазирлик ва идоралардан, ишлаб чиқариш корхоналаридан, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этилади.

50. Профессор-ўқитувчилар малака ва кўникмалари Стандартлар институти Илмий Кенгаши томонидан баҳоланади.

9. Профессор-ўқитувчилар:

а) маъруза ўқийдиган соҳада олий ва/ёки таянч маълумотга эга бўлиши керак.

б) илмий даража ёки стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш ҳамда ўзаро боғлиқ соҳаларда уч йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши керак.

г) талабчанлик, эркин нутқ, изланувчанлик ва шунга ҳос хусусиятларга эга бўлиши.

д) ўқув дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ўз билимларини ижодий жиҳатдан қўллай олиши ҳамда ҳар хил турдаги ўқув машғулотларни олиб бориш усулларига (маърузалар, семинарлар, амалий ва лаборатория) эга бўлиши керак.

е) замонавий йўналишларнинг илмий-услубий асослари ва стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳалари доирасида ўқув-таълим фаолияти усуллари, шунингдек нотиқлиқ маҳорати асослари, тингловчилар билан ўзаро муносабатдаги касбий этика ва нутқ маданияти нормалари, тингловчиларда танқидий фикрлашни шакллантириш принципларини билиши керак.

ё) тингловчиларнинг билимларини текшириш ва холисона баҳолаш, тингловчилардан ташаббускорликни ривожланириш, ўқув жараёнини ташкил қилиш ва сифатини таъминлаш бўйича замоновий усулларни қўллаш маҳоратига эга бўлиши керак.

ж) замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши ва ўқув жараёнига қўллай олиши керак.

з) ўқув-услубий ишларни ўтказиш бўйича тегишли кўникмалар ва қобилиятларга эга бўлиши керак.

52. Ўқув жараёнларига жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар махаллий ёки хорижий ўқув масканларида беш йилда бир маротаба ўз малакаларини оширишлари керак.

53. Профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш тартибини ўз соҳалари бўйича ишлаб чиқаришда амалиёт ўташга ўзгартириш мумкин, амалиёт тематикаси ўқитувчилик фаолиятига оид фанларга мувофиқ бўлиши керак.

54. Ўқув курсларининг дарс жадвалларига ва Стандартлар институтининг ички тартиб қоидаларига риоя этишлари зарур.

55. Профессор-ўқитувчилар ўз ихтисослиги бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган лекцион ва тарқатма материалларни, малака ошириш курсига жалб этилган тингловчилар билимларини назоратдан ўтказиш учун ўз ихтисослиги бўйича саволларини ишлаб чиқиши керак ҳамда Марказга топшириши шарт.

56. Лекцион тарқатма материаллар босма ва электрон, ўзбек ва бошқа тилларда бўлиши керак, ҳамда тизимли равишда янгилаб борилиши керак.

10-боб. Таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш

57. Стандартлаштириш соҳалари тингловчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Стандартлар институтида тасдиқланган тегишли ички-тартиб қоидалар асосида ўқув жараёни даврида амалга ошириладиган ички назорат;

қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг фанлар бўйича аттестацияси ва битирув малакавий иши ҳимоясига қаратилган якуний давлат назорати;

ваколатли давлат органи, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кадрлар буюртмачилари томонидан олиб бориладиган давлат-жамоатчилик назорати.

11-боб. Стандартлар институтининг қайта тайёрлаш ва

малака ошириш марказига қўйиладиган талаблар

58. Марказ қуйидаги вазифаларни бажаради:

ўқув курсининг ҳар бир ихтисослиги бўйича ўқув режалари ва дастурларни ишлаб чиқади ҳамда Стандартлар институти раҳбарияти томонидан тасдиқланади;

ҳар йили ўқув курсларда буюртмачи тингловчиларининг малакасини ошириш умумий режа-жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун “Ўзстандарт” агентлигига тақдим этади;

стандартлаштириш соҳаларида тингловчиларни қата тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил қилади;

ўқув курсларини умумий бошқаради ҳамда такомиллаштириш механизмлари ва усулларини белгилайди;

ўқув курслари жараёнига илғор ўқитиш шаклларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилади, такомиллаштиради ва ривожлантиради;

масофавий ўқув курсларини жорий қилади ва такомиллаштиради;

ўқув курслари сифатига қўйиладиган давлат талабларини бажар илишини таъминлайди;

тингловчилар малакасини оширишнинг устувор йўналишларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда таълим жараёнининг сифатини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг малакасини белгилаш бўйича ишларни ташкил этади;

малака оширишга жалб қилинадиган тингловчилар контингенттини аниқлайди;

корхона ва ташкилотлар талабига асосан стандартлаштириш соҳаларида ҳамда ўзаро боғлиқ соҳаларда фаолиятнинг муайян йўналишларини акс эттирувчи бошқа ихтисосликлар бўйича жойларда сайёр ўқув курсларини ташкил этади;

Марказ фаолияти давомида Стандартлар институтининг бошқа таркибий бўлимлари, ташкилотлар ва корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўяди, хусусан:

илмий-тадқиқот бўлимлар (ўқув жараёнларига зарурий ўқув дастурларини, малака ошириш режа-жадвалини, оралиқ ва якуний назоратлар бўйича тест саволларини, имтихон саволларини ишлаб чиқишда, ўқув жараёнига жалб этиладиган профессор-ўқитувчиларни малакасини аниқлаш юзасидан суҳбатлар ўтказишда фаолиятга тааллуқли бошқа йўналишларда).

12-боб. Якуний қоидалар

59. Мазкур Давлат талабларига стандартлаштириш соҳалари тингловчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этишдан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

60. Мазкур Давлат талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

61. Ўқитиш жараёнида юзага келадиган низолар Стандартлар институти Илмий кенгаши томонидан ҳал этилади.

62. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишилган.

 

 

 

 

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазири

 

И.У.Маджидов

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи

 

У.Н.Ташкенбаев

                                                        

  Стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш,

метрология ва сертификатлаштириш

бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини

ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги дипломнинг
ТАВСИФИ

Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI» ва «Qayta tayyorlash haqida DIPLOM» сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи — QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

 

Стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш,

метрология ва сертификатлаштириш бўйича кадрларни

қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

 

Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат
ТАВСИФИ

Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI» ва «Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT» сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи — MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Умумий таклифлар

887