ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
321 Академия наук Республики Узбекистан 24/08/2018 08/09/2018 139
«ЁШ АКАДЕМИКЛАР» КЛУБИ ВА "АКАДЕМИК ШОГИРДИ" ФАХРИЙ НИШОНИ НИЗОМЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
ID-321

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

«ЁШ АКАДЕМИКЛАР» КЛУБИ ВА "АКАДЕМИК ШОГИРДИ" ФАХРИЙ НИШОНИ НИЗОМЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

«Ёш академиклар» клуби Республикада академиклар ва бошқа етакчи олимларнинг раҳбарлигида иқтидорли ёшлар томонидан келажакда ўз касбини тўғри танлашига кўмаклашиш ҳамда танланган мутахассисликларини чуқур ўрганишга қизиқишини ошириш, жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароит яратишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Иқтидорли ёшларни излаб топиш ва саралаш, илм-фаннинг халқаро нуфузини ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онги ва тафаккурини юксалтириш ҳамда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларни илмий фаолиятга янада кенгроқ жалб қилиш, асрий қадриятларимизга хос “устоз-шогирд” мактаби анъаналарини юксалтириш, интеллектуал етук бўлган баркамол авлодни шакллантириш, инновация фаолиятини ривожлантириш, жумладан, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларни илмий фаолиятга жалб этиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ишларни самарали ташкил этиш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги 559-сон қарори ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Давлат тест маркази иштирокида ёшларни илм-фан соҳасига кенг жалб қилишга йўналтирилган яхлит тизимни шакллантириш мақсадида Фанлар академияси таркибида “Ёш академиклар” клуби ташкил этилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибидаги “Ёш академиклар” клуби Низоми 1-иловага кўра тасдиқлансин.
  3. “Академик шогирди” фахрий нишони Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми томонидан умумий ўрта мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлар ўқувчилари ҳамда Олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларидан ташкил топган “Ёш академиклар” клуби аъзолари орасидан ўқув семинарлари даврида меҳнатсеварлиги, илм соҳасидаги фаоллиги, эришган ютуқлари, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий-тадқиқот олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни муносиб тақдирлаш мақсадида топширилсин.
  4. Иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларни илмий фаолиятга жалб этиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ишларни самарали ташкил этиш мақсадида "Академик шогирди" фахрий нишони Низоми 2 - иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  5. Мазкур қарорнинг бажарилишида:

- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (Б.Юлдашев) – «Ёш академиклар» клуби фаолиятини ташкил этсин, бунда Республикада академиклар ва бошқа етакчи олимларнинг раҳбарлигида иқтидорли ёшларни илмий билимларни чуқур ўрганиш ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланишга кўмаклашиш ва мақсадли жалб этиш чораларини кўрсин;

- Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов) – умумий ўрта мактаб ва академик лицейларидаги иқтидорли ўқувчиларни саралаш, уларни илмий фаолиятга мақсадли жалб этиш учун ҳар бир туман (шаҳар)да ташкил этилган таянч мактабларда тегишли фан йўналишлари бўйича шакллантирилган академик гуруҳларида Фанлар академиясининг академиклари, олий таълим муассасаларини профессор-ўқитувчилари ҳамда олий тоифали ўқитувчиларни жалб этган ҳолда мунтазам мақсадли машғулотлар ташкил этиш чораларини кўрсин;

- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов) – касб-ҳунар коллежлари ва Олий таълим муассасаларидаги иқтидорли ўқувчи ва талабаларни саралаш, уларни илмий фаолиятга мақсадли жалб этиш учун ҳар бир вилоятнинг тегишли олий таълим муассасаларида тегишли фан йўналишлари бўйича шакллантирилган академик гуруҳларида Фанлар академиясининг академиклари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда мунтазам мақсадли машғулотлар ташкил этиш чораларини кўрсин;

- Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) –Инновацион ғоялар ва ишланмалар бўйича йилнинг салоҳиятли ёшларини аниқлаш мақсадида InnoWeek.uz ҳафталиги доирасида танловлар ўтказсин ҳамда ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин;

- Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (Қ.Қуранбаев) – “Ёш академиклар” клуби форумини ва бошқа тадбирларини ташкиллаштириш ҳамда фаол иқтидорли ёшларни тақдирлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (М.Каримов) - умумий ўрта мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари орасидан қобилиятли ва иқтидорли ёшларни саралашда махсус синовлар ташкил этиш чораларини кўрсин;

  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) - «Ёш академиклар» клубининг интерактив хусусиятга эга бўлган сайтини шакллантирсин, унда Фанлар академиясининг академиклари, уларнинг илмий йўналишлари, электрон почта манзиллари ҳамда академикларнинг видео маърузаларини жойлаб бориш ҳамда «Ёш академиклар» клуби аъзолари билан академиклар ўртасида онлайн мулоқот амалга ошириш чораларини кўрсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

«__» ____________2018 й.

№ ВМҚ-__қарорига

1-Илова

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

таркибидаги «Ёш академиклар» клуби

НИЗОМИ

I. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом “Ёш академиклар” клуби аъзолигига номзодларни танлов асосида саралаш ва улар билан мақсадли ишлаш тартибини белгилайди.

1.2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибидаги “Ёш академиклар” клуби умумтаълим мактаби (9-11 синфлар), академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда Олий таълим муассасалари талабалари орасидан фанлардан юқори баҳоларга ўқиётган, янги техника ва технологиялар, илмий ихтирочилик ижодий фаолиятга қобилияти юқори, шунингдек, туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб келаётган иқтидорли ва қобилиятли ёшларни саралайдиган, уларни илмий фаолиятга мақсадли жалб этишга қаратилган ишларни бажарадиган, жумладан, ўзлари танлаган фан ихтисосликларини чуқур ўрганишга қизиқишларини оширишга, келажакда илм-фан, техника ва технология ҳамда инновацион ривожланиш соҳаларини мақсадли танлашларига кўмаклашишга, келгусида уларни илм-фан соҳасига жалб қилишга йўналтирилган яхлит тизим шаклидаги сараланган иқтидорли ёшлардан иборат бирлашмаси бўлиб ҳисобланади.

1.3. “Ёш академиклар” клуби Республикада академиклар ва бошқа етакчи олимларнинг раҳбарлигида иқтидорли ёшлар томонидан илмий билимларни чуқур ўрганиш ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш йўли билан иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун қўшимча таълим тизими ишлаб чиқиш, ёшларнинг ижодий қобилиятини шакллантириш, танлаган мутахассисликларини чуқур ўрганишга қизиқишини ошириш, келажакда ўз касбини тўғри танлашига кўмаклашиш ҳамда жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш, ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

1.4. “Ёш академиклар” клубининг фаолиятини “Ёш академиклар” клуби Президиуми бошқаради. “Ёш академиклар” клуби Президиуми Президент ҳамда ФА нинг академиклари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Давлат тест маркази вакиллари ва бошқалардан ташкил топади.

II. «Ёш академиклар» клуби аъзоларининг

асосий мақсад ва вазифалари

2.1. «Ёш академиклар» клубининг аъзолари (кейинги ўринда Ёш академиклар) чуқур билимларга эга бўлиш ва илмий-тадқиқот фаолиятида тажриба орттириш;

2.2. Ёш академиклар ўқув семинарлари ва замонавий ахборот технологиялари билан янги билимларни муваффақиятли ўзлаштиришлари ва ўз устида мунтазам ишлаш орқали билим даражасини ошириш;

2.3. Академиклар ва бошқа етакчи олимлар иштирокида фан йўналишлари бўйича форумда ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этиш;

2.4. "Академик шогирди" кўкрак нишони мукофотига сазовор бўлиш учун муносиб ўқув ва илмий фаолиятини олиб бориш;

2.5. Танланган фан соҳаси бўйича келажакда илмий ишларни олиб бориш учун тайёрланиш;

2.6. «Ёш академиклар» клубининг фаолиятларини умумтаълим мактаблари ва академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, шунингдек Олий таълим муассасалари талабалари орасида тарғиб қилиш;

2.7. “Ёш академиклар” клуби фаолиятида бўлиб ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этиш.

III. «Ёш академиклар» клуби аъзоларининг ҳуқуқлари

3.1. «Ёш академиклар» клуби аъзолари томонидан таянч мактабларда ва тегишли Олий таълим муассасасалари семинар-тренинглар ўтказиш;

3.2. «Ёш академиклар» клуби аъзолари самарали ўқув-илмий фаолияти натижасига кўра "Академик шогирд" нишони билан тақдирланиши;

3.3. «Ёш академиклар» клуби аъзолари ва ёшлар учун ташкил этилган илмий лойиҳаларда фаол иштирок этиши, маҳаллий ва халқаро илмий-оммабоп нашриётларида мақолалар нашр қилиши, IELTS, TOEFL ва шу каби халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлиши;

3.4. “Академик шогирди” фахрий нишонига эга бўлган умумий ўрта мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари, Олий таълим муассасалари бакалавриатурасига тегишли фан йўналиши бўйича давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши, Олий таълим муассасалари бакалавриатура талабалари магистратура йўналишлари бўйича давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши ҳамда магистратура талабалари таянч докторантурага танловдан ташқари қабул қилиниши.

IV. «Ёш академиклар» клубининг аъзоларини саралаш

4.1. «Ёш академиклар» клуби аъзолари умумий ўрта мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг қобилиятли талабалари ҳақидаги маълумотлар базалари асосида шакллантирилган табиий, аниқ ва гуманитар фанлар йўналишлари бўйича ташкил этилган академик гуруҳлардан махсус синовлар асосида саралаб олинади. Эҳтиёжга қараб бошқа йўналишларга кенгайтирилиши ҳам мумкин.

4.2. Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган махсус синовлар IQ тест, ижодий вазифаларни бажариши, илмий амалий ғоя ва лойиҳаларга эга бўлиши, танланган мутахассислиги, чет тили, АКТ саводхонлиги бўйича тест синовларини ўз ичига олади.

4.3. Эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда «Ёш академиклар» клуби ҳудудий филиаллари ташкил этилиши мумкин.

4.4. «Ёш академиклар» клуби аъзолигига танлов натижаларига кўра табиий, аниқ ва гуманитар фанлар йўналишларининг ҳар бири бўйича умумий ўрта мактаб, академик лицейларнинг иқтидорли ўқувчиларидан 50 нафаргача ҳамда касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг қобилиятли талабаларидан 50 нафаргача, жами 300 кишигача саралаб олинади.

V. «Ёш академиклар» клубининг аъзолари билан ишлаш

5.1. “Ёш академиклар” клуби аъзоларига махсус кўкрак белгиси тақдим этилади.

5.2. Табиий, аниқ ва гуманитар фанлар йўналишлари бўйича ташкил этилган академик гуруҳларда умумий ўрта мактаб, академик лицей ўқувчилари учун Республиканинг турли туман ва шаҳарларининг таянч мактабларида ҳамда касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг қобилиятли талабалари учун вилоятлардаги олий ўқув юртлари қошида ўқув-семинарларни ойида камида бир марта ташкиллаштирилади ва ўтказилади. Ушбу ўқув-семинарлар доирасида ФАнинг академиклари, Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда етакчи ўқитувчилар томонидан маъруза, семинар ва амалий машғулотлар, шу фан йўналишида замонавий педагогик технологиялар, интерфаол дарслар, турли топшириқларни ўйин тариқасида рейтинг баллари билан баҳолаш ишлари олиб борилади.

5.3. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан йилда бир маротаба “Ёш академиклар” форуми ва бошқа тадбирлар ташкил этилади ҳамда фаол иқтидорли ёшларни тақдирланади.

5.4. “Ёш академиклар” клуби аъзолари орасидан Клуб Президиуми тавсиясига кўра йилда бир маротаба Форум ташкил этилади. Ушбу форумда ФАнинг академиклари, Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда етакчи ўқитувчилар томонидан маърузалар ва мастер-класслар ташкил этилади ҳамда «Ёш академиклар» клуби аъзолари орасидан юқори рейтингга эга бўлган иқтидорли ёшларни “Академик шогирди” фахрий нишонига тавсия этиш учун танлаб олинади ва «Ёш академиклар» клуби Президиумига тақдим этилади.

5.5. Мазкур машғулотларни олиб боришда иштирок этган Фанлар академиясининг академиклари, Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда етакчи ўқитувчиларининг илмий ва ўқув юкламалари мос равишда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

5.6. «Ёш академиклар» клуби сайтида Фанлар академиясининг академиклари, уларнинг илмий йўналишлари, электрон почта манзиллари ҳамда академикларнинг видео маърузалари жойланиб борилади. «Ёш академиклар» клуби аъзолари ҳамда академиклар ўртасида онлайн мулоқот амалга оширилади.

5.7. «Ёш академиклар» клуби аъзолари ўқувчи ёшлар ҳамда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида турли тадбир ва танловлар ўтказади, танлов ва олимпиадалар ғолиблари билан мақсадли шуғулланади, уларни илм-фанга йўналтириш, бунда академиклар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқади.

5.8. «Ёш академиклар» клуби аъзоларини илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилади, илм-фан соҳасида қўядиган биринчи қадамларини қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий ёндашувларга асосланган кенг қамровли тизим ташкил этади.

VI. "Академик шогирди" фахрий нишонига тавсия этиш

6.1. "Академик шогирди" фахрий нишонига талабгорлар “Ёш академиклар” томонидан меҳнатсеварлиги, илм соҳасидаги фаоллиги, эришган ютуқлари, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий-тадқиқот олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни ўқув семинарлари даврида эришган натижалари асосида саралаб олинади.

6.2. Форумларда академиклар «Ёш академиклар» клуби аъзолари орасидан юқори рейтингга эга бўлган потенциал номзодларни олдиндан танлаб олиб, уларни «Ёш академиклар» клуби Президиумига тақдим этади.

6.3. «Ёш академиклар» клуби Президиуми академиклар тавсия этган номзодларни уларнинг индивидуал илмий фаолияти натижаларига асосланиб "Академик шогирди" фахрий нишони билан тақдирлайди.

VII. Академиклар ўз талабалари билан ишлашда махсус ҳуқуқлар

7.1. Академик ўз шогирдини мунтазам назорат қилиб боради - унинг ижодий ва илмий салоҳиятини ошириш устида ишлайди, илмий фаолиятга жалб этади, бакалавриат, магистратура, таянч докторантура ва докторантурада ўқишга тавсия қилади.

7.2. Академик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президиумига асосли сабаблар мавжуд бўлган ҳолда, шогирдининг ишини объектив сабабларга кўра назоратдан ўтказишни рад этишга ҳақлидир.

VIII. Якуний қоидалар

8.1. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ижрочи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади ҳамда мазкур жараёнга ҳомийлик маблағларини жалб этиш мумкин.

8.2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Ўзбекистон Ёшлар маркази ва Фанлар академияси мазкур Низомга мувофиқ “Ёш академиклар” клуби аъзолигига номзодларни танлов асосида саралаш ва “Академик шогирди” фахрий нишони соҳибларини тақдирлаш жараёнини холис ўтказилишига бевосита жавобгардир.

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

"__" ____________2018 №

ВМҚ -___ сонли Қарорига

2-илова

"АКАДЕМИК ШОГИРДИ" ФАХРИЙ НИШОНИ ҲАҚИДА

1. "Академик шогирди" фахрий нишони иқтидорли ўқувчи ва талабалар учун муайян илмий соҳада ўз илмий мактабини яратган академиклар томонидан бериладиган мукофотдир

2. ."Академик шогирди" фахрий нишони Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси (академик) томонидан ўрта мактаб, лицей ва коллежлар ўқувчиларига ҳамда Олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларидан ташкил топган “Ёш академиклар” клуби аъзолари томонидан ўқув семинарлари даврида меҳнатсеварлиги, илм соҳасидаги фаоллиги, эришган ютуқлари, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий-тадқиқот олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни муносиб тақдирлаш мақсадида топширилади.

3. "Академик шогирди" фахрий нишонига “Ёш академиклар” клуби Президиумининг қарори асосида тавсия қилинади.

4. "Академик шогирди" фахрий нишони, "Академик шогирди" гувоҳномалари ҳамда тақдирлаш тартиби “Ёш академиклар” клуби Президиуми томонидан тасдиқланади.

5. "Академик шогирди" фахрий нишони ва гувоҳномаси ҳар йили 4 ноябрда - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ташкил топган куни “Ёш академиклар” клуби Президиуми Президенти томонидан тантанали равишда топширилади.

6. "Академик шогирди" фахрий нишони билан бир марта тақдирланади.

7. "Академик шогирди" фахрий нишони кийимнинг чап кўкрак қисмига тақилади.

8. "Академик шогирди" фахрий нишони 925 намунадаги кумушдан ясалган, 1,0 микрон қалинликда олтин билан қопланган, эни 2,0 (2,5) мм, диаметри 22,0 ммли ҳамда юза қисмида 0,5 мм баландликдаги бўртмага эга думалоқ шайба шаклида бўлади.

Нишоннинг марказида буюк олим Ал Хоразмийнинг кумуш рангли бўртма, 1,0 (1,5) мм қалинликдаги эмальдан тайёрланган барельефи тасвирланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги шогирдлари Хоразм Маъмун академиясининг издошлари эканлигини билдиради.

Нишоннинг айланаси бўйлаб Ал Хоразмийнинг барельефи атрофида Тimes New Roman шрифти билан, бош ҳарфларининг катталиги 0,8 мм ҳамда қолган ҳарфларнинг катталиги 0,5 мм ли бўртма “Академик шогирди” ёзуви туширилган.

Нишоннинг орқа тарафи текис. Унинг марказида диаметри 3,0 мм ва баландлиги 10,0 мм бўлган резбали штифт ҳамда диаметри 15 мм ва баландлиги 2,0 мм бўлган гайка жойлашган.

Нишоннинг пастки қисмида 2 мм катталикдаги белгилар билан унинг рақами Тimes New Roman шрифтида ёзилган.

Умумий таклифлар