ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3131 Национальная гвардия Республики Узбекистан 15/04/2019 30/04/2019 12

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари билан ишлаш ва уларнинг хизмат ўташини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3131

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари

билан ишлаш ва уларнинг хизмат ўташини ташкил

этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизмат ўташини ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ходимларни (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек ходимларнинг хизмат ўташини ташкил этишда қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:

бўш лавозимларни ўз касбий фазилатлари, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли кадрлар билан жамлаш механизмини жорий этиш;

иш тажрибасининг ворисийлигини, ёш ходимларнинг хизматга амалий мослашишини, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларда хизмат вазифаси бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантиришни таъминловчи самарали
устоз-шогирд тизимини жорий этиш;

ходимлар ўртасида барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, ходимларнинг узоқ муддатли хизматини рағбатлантириш, шунингдек кадрларнинг профессионал ва шахсий фазилатлари ҳамда қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозимларга оптимал тақсимлаш;

ижро интизомини, жумладан бошқарув қарорлари ҳар бир бевосита ижрочига ўз вақтида етказилиши ва бажарилишини тизимли узлуксиз назорат қилинишнинг замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини кенг жорий этиш орқали таъминлаш механизмини қайта кўриб чиқиш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг Интизом устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари:

а) ҳар чоракда жойларга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг бўлинмалари, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, ўқув марказлари (Фарғона ва Жиззах вилоятлари), назорат-рухсат бериш фаолияти бўлинмалари раҳбарларининг аниқ эришилган натижаларини кўрсатган ҳолда бошқарув қарорлари ижросининг амалга оширилиши ҳақидаги шахсий ҳисоботларини кенгайтирилган мажлисларда тинглайди;

б) ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳайъатида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хизмат ўташни, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларни инобатга олган ҳолда қилинган ишлар юзасидан шахсан ҳисобот беради. Бунда қуйидагилар бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилади:

ташаббус кўрсатмайдиган ва масъулиятсиз раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ижобий иш тажрибасини татбиқ этиш ва қўллаш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати календарь ҳисобида йигирма йилни ташкил қилади, улардан имтиёзли ҳисобланадиган даври ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминланувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларига ўрнатилган пул таъминотининг меъёрлари жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимларининг ходимларига ҳам тадбиқ этилади;

кўрсатилган учун келиб тушган маблағлар ҳисобидан фаолият юритувчи Миллий гвардия тизимидаги муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш ушбу муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари кундузги, сиртқи таълим шаклида, касбий тайёргарлик факультетида, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслар)да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони ва Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини оширади;

ходимларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига яшаш ёки хизмат ўташ жойи бўйича навбатдан ташқари қабул қилинади.

5. Қуйидаги тартиб ўрнатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида устозлар мутахассислик бўйича камида беш йил хизмат қилган, юксак касбий фазилатларга, хизматда самарали кўрсаткичларга ва тарбиявий йўналишда кўникмаларга эга бўлган энг тажрибали ходимлар орасидан танлаб олинади;

устозларга, қоида тариқасида, кўпи билан бир нафар офицерлар таркибидан бўлган ходим, уч нафаргача сержантлар таркибидан бўлган ходимлар, беш нафаргача сафдорлар таркибидан бўлган ходимлар бириктирилади;

устозлар ўзларига бириктирилган ходимларнинг таълим-тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашганида, шунингдек ходимлар лавозимга киришиши даврида хизмат интизомини бузган ҳолларда устозлар, айблик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда интизомий жазога тортилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фахрий ходими” идоравий кўкрак нишони таъсис этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

7. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига – амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда фаолият йўналишларининг сифатли ва тўла ҳажмда амалга оширилиши, хизматлар фаолиятининг самарали мувофиқлаштирилиши, ҳамкорлиги ва марказий аппарат томонидан қабул қилинган бошқарув қарорларининг муқаррар ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилиши бўйича;

барча даражадаги ва соҳавий бўлинмалар раҳбарларига – ходимларни танлаш ва жой-жойига мақсадли қўйиш, ходимларни ўз вақтида ва холислик билан рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларини кўриш, уларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, шунингдек раҳбарлик қилаётган бўлинмада ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича;

соҳавий бўлинмалар раҳбарларининг кадрлар, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-аҳлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарларига
– ўз хизмат вазифаларини виждонан бажараётган ходимларнинг хизматда кўтарилишини таъминловчи кадрлар захирасини шакллантириш, уларни ўқитиш ва улардан тўлақонли фойдаланиш, шахсий таркиб билан самарали тарбиявий ишни олиб бориш ва хизмат ўташни назорат қилишни ташкил этиш бўйича;

мутахассисларга бириктирилган устозларга – ходимларга амалга ошираётган фаолиятида натижадорликка ҳамда юклатилган вазифаларни самарали бажаришга интилишни сингдириш, уларда амалий иш кўникмаларини шакллантириш ва хизмат бурчига ташаббускорлик билан муносабатда бўлишини тарбиялаш бўйича шахсан жавобгарлик юклатилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг пул таъминоти таркибига кирувчи тўловларнинг тузилмаси ва рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси тасдиқлаш учун киритилсин;

уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси, Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими ходимларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни белгиловчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларига устоз-шогирд анъанасини жорий қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқласин, бунда устозлар захирасини шакллантириш тартиби, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш чораларини қўллаш билан устозлар ишини ташкил қилишнинг таъсирчан механизмини назарда тутсин;

2019 йилнинг 1 сентябрига қадар ходимларнинг хизмат, жисмоний
ва аҳлоқий-психологик тайёргарлигини сифат жиҳатдан янги тамойиллар асосида ташкил этиш тартибини танқидий қайта кўриб чиқсин, унда унинг мазмуни бўлинмалар эҳтиёжига мос келиши, ҳудуд, лавозим мажбуриятлари ва хизмат хусусияти инобатга олинишини таъминласин;

2019 йилнинг 1 августига қадар электрон ҳужжат айланиши, ҳужжатларни қайд этиш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини, уларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси соҳавий хизматларига, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бевосита жойлардаги ижрочиларга ўз вақтида етказиш механизмини такомиллаштириш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин;

уч ой муддатда ходимларнинг умумий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, асосий мансабдор шахсларнинг мажбуриятларини, шунингдек ички тартиб қоидаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг ички хизмат уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш _________________зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил «__» ____ __- сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ходимларининг
хизмат ўташ тартиби тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда  Миллий гвардия деб юритилади) офицер, сержант ва сафдорлар таркибидаги ходимларининг (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) хизмат ўташ тартибини белгилайди.

2. Ходимларнинг хизмати (кейинги ўринларда хизмат деб юритилади) давлатга хизмат кўрсатиш тури бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни амалга оширишдан иборат.

3. Хизматни ўташ қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:

хизматга қабул қилиш;

махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш;

лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва ротация;

ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ходимнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларига сайланганида (тайинланганида, сафарбар этилганида) хизмат ўташи;

аттестация ўтказиш;

таътиллар бериш;

ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш;

хизмат ўташ режимини таъминлаш;

хизмат муддатларини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш.

2-боб. Миллий гвардия бўлинмаларига хизматга қабул қилиш

4. Хизматга танлов асосида, ихтиёрий равишда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Миллий гвардиянинг айрим бўлинмаларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта бўлган фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Эркаклар Миллий гвардия бўлинмаларига хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлиши керак.

5. Хизматга кириш истагини билдирган шахс (кейинги ўринларда номзод деб юритилади) доимий прописка жойи бўйича Миллий гвардия бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

хизматга қабул қилиш тўғрисида ариза;

паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

туғилганлик ҳақида гувоҳномаси нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

ФҲДЁ органларидан маълумотнома (туғилганлик ҳақида гувоҳномага ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки алмаштирилган ҳолларда);

қариндошларининг (ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари) паспорт нусхалари, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги, ногиронлик (агар мавжуд бўлса), қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);

3 х 4 см ўлчамдаги олтита рангли фотосурат (бош кийимсиз), шунингдек 9 х 12 см ўлчамдаги иккита фотосурат (бош кийимсиз);

номзоднинг таржимаи ҳоли;

анкета-маълумотнома;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);

ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);

асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

прописка жойи бўйича белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй параметри кўрсатилган ҳолда);

асли кўрсатилган ҳолда меҳнат дафтарчасининг нусхаси (агарда мавжуд бўлса).

Хизмат ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида номзоддан ёки тегишли муассасадан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

6. Номзодларнинг ўрта, ўрта-махсус ва олий маълумотга эга бўлишлари талаб этилади.

7. Номзодларнинг бўй кўрсаткичлари қуйидаги антропометрик параметрларига жавоб бериши лозим:

эркак жинсидаги номзодлар учун 175 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

аёл жинсидаги номзодлар учун 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.

Номзодларга махсус антропометрик параметрлар ўрнатиладиган бўлинмалар ва лавозимлар рўйхати Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

8. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар, белгиланган талабларини инобатга олмаган ҳолда хизматга қабул қилиниши мумкин.

9. Қуйидаги ҳолларда, танлов ва ўрганишнинг исталган босқичида номзод Миллий гвардияга хизматга қабул қилинишдан рад этилиши мумкин:

а) яшаш жойи ёки иш (хизмат) жойидан салбий тавсифнома берилганда;

б) ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида номзод ўзи ва яқин қариндошлари тўғрисида қасддан ёлғон маълумотларни тақдим этганда;

в) номзоднинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганда, дастлабки тергов ёки суриштирув ишлари олиб борилаётган бўлса, суд томонидан унга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса (бундай ҳолларда номзодни кўриб чиқиш ишлари реабилитация қилиш асосларига кўра якуний қарор қабул қилингандан сўнг амалга оширилади);

г) судланганлик ҳолатининг олиб ташланиши ёки тугалланиши ва амнистия қўлланилишидан, тайинланган жазодан қатъи назар содир этган жинояти учун айблов ҳукми эълон қилинганда;

д) номзод муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаб, хизматга нолойиқлиги туфайли хизматдан бўшатилган ҳамда бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган бўлса;

е) алкоголь ичимликлар, психотроп ёки гиёҳванд моддаларга мойиллиги бўлса, наркологик ёки руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ҳисобида рўйхатда турган бўлса;

ж) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган;

з) дастлабки суҳбат натижаларига кўра, танлов тадбирларига тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганда;

и) танлов тадбирларининг исталган босқичида Миллий гвардияга хизматга қабул қилинишга нолойиқ деб топилганда;

к) Миллий гвардия бўлинмаларига хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган;

л) соғлиги ҳолати бўйича номзод Миллий гвардияда хизматни ўташга яроқсиз деб топилганда;

м) умумий ва махсус талабларга мос келмаслик аниқланган тақдирда;

н) номзодга давлат сирлардан иборат бўлган маълумотлар билан ишлаш учун ижозат бериш рад этилганда;

о) номзоднинг касбий тайёргарлигига мос бўш лавозим мавжуд бўлмаганда;

п) шахсий ҳужжатлар йиғма жилдини расмийлаштириш жараёнида бир ойдан узоқ вақт давомида номзод кадр органлари билан алоқани узиб, керакли ҳужжатларни топширишдан бош тортганида;

р) номзоднинг ота-онаси розилик хати бермаган тақдирда (ота-онаси йўқ номзодларга уни қарамоғига олган яқинлари).

10. Танлов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

номзодни дастлабки ўрганиш;

якка тартибда суҳбат;

профессионал танлов (жисмоний даражасини баҳолаш, психологик тест);

махсус талабларга мос келиши тўғрисидаги текширув;

Миллий гвардияга хизматни ўташга соғлиғи ҳолати бўйича яроқлилигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказиш.

11. Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш бўйича танлов номзоднинг доимий прописка жойи бўйича амалга оширилади.

12. Тор ихтисослик бўйича мутахассислар қаторидан бўлган номзодлар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган рўйхат ва тартибда танловсиз хизматга қабул қилиниши мумкин.

13. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек номзод томонидан хизматга қабул қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларини расмийлаштириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

14. Хизматга, мавжуд бўш лавозимларни ҳисобга олган ҳолда танлов якунига кўра юқори натижаларга эришган номзодлар қабул қилинади.

Имкониятлар тенг шароитларда устунлик олий маълумотга эга ёки ахборот-коммуникация технологияларини чуқур билувчи номзодларга берилади.

15. Миллий гвардиянинг Темурбеклар ва Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг битирувчилари, хизматга қабул қилиниши учун Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган тартибда устунликка эга бўлади.

16. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар, хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан хизматга қабул қилиниб, лавозимга тайинланади.

17. Ходимлар лавозимларга қуйидагича жамланади:

офицерлар таркиби – олий маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси  фуқаролари билан;

сержантлар таркиби – ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетини тамомлаган, Ўзбекистон Республикаси  фуқаролари билан;

сафдорлар таркиби – ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг захирасидаги офицерларни Миллий гвардиянинг сафдор ва сержантлар таркиби лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.

18. Хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

«Мен (фамилияси, исми, отасининг исми), Миллий гвардия хизматига кирар эканман, Ўзбекистон Республикаси халқи ва Президентига садоқатли бўлишга, ўз қасамёдим ҳамда Жанговар Байроққа содиқ қолишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини ва хизмат бурчимни сўзсиз ва виждонан бажаришга, ҳар қандай шароитда хиёнат ва сотқинлик қилмасликка, жанговар шайлик учун шахсан ўзим жавобгар бўлишга, мардлик ва фидокорлик билан ўз ҳаётимни аямасдан халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан».

19. Хизматга қабул қилишда ходимга хизмат гувоҳномаси ва шахсий рақамли жетон берилади.

Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ва жетонининг намуналари, шунингдек уларни бериш ва ҳисобини юритиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланади.

Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ўқотар қуролни олиб юриш ва сақлаш ҳуқуқини, шунингдек қонунга мувофиқ унга берилган бошқа ҳуқуқ ва ваколатларини тасдиқлайди.

20. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларини расмийлаштириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

21. Қасамёд қабул қилиш, дастлабки синов муддатини ўташ ва устозларни бириктириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

22. Хизматга қабул қилинган хизматга чақирилувчи ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматга мажбур фуқаролари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ва Миллий гвардиянинг махсус ҳисобида туради

23. Хизматга қабул қилинган ходимга дастлабки синов муддати тайинланади ва унга устоз бириктирилади.

Дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

24. Қасамёд қабул қилиш, дастлабки синов муддатини ўташ ва устозларни бириктириш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

25. Хизматга қабул қилиш ва бўшатиш, шунингдек махсус унвонлар бериш Миллий гвардия қўмондони томонидан ваколат берилган раҳбарларнинг буйруқлари билан амалга оширилади.

3-боб. Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум қилиш

26. Махсус унвон ходимнинг хизмат мажбуриятларига муносабати, ўтаган хизмат йиллари ва эгаллаган лавозимини инобатга олган ҳолда якка тартибда берилади.

27. Ходимларга қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби – сафдор;

сержантлар таркиби – кичик сержант, сержант, катта сержант;

офицерлар таркиби:

кичик офицерлар таркиби – лейтенант, катта лейтенант, капитан;

катта офицерлар таркиби – майор, подполковник, полковник;

генераллар таркиби генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.

28. Биринчи ва навбатдаги махсус унвонлар, махсус унвонлар бериш ваколатига эга бошлиқнинг буйруғи билан берилади.

29. «Сафдор» махсус унвони Миллий гвардия сафдорлар таркиби лавозимига тайинланган шахсларга уларни тайинлаш (қабул қилиш) билан бир вақтда берилади, сержантлар таркибининг махсус унвонига эга ходимлар бундан мустасно.

«Сафдор» махсус унвони хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқлар томонидан берилади.

30. «Кичик сержант» махсус унвони Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи томонидан касбий тайёргарлик факультетини сержантлар таркибини тайёрлаш дастури бўйича муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга берилади.

Сержантлар таркибининг навбатдаги махсус унвонлари лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқларнинг буйруқлари билан берилади.

31. Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилинган номзодларга уларни лавозимга тайинлаш билан бир вақтда «катта сержант» махсус унвони берилади, бу унвонда улар дастлабки синов муддати тугаб, офицерлик унвони берилгунига қадар хизмат олиб борадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасидаги офицерлар ҳисобланувчи ва Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилинган номзодларга мавжуд ҳарбий унвонига тенг даражадаги махсус унвон берилади.

32. Миллий гвардия офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони «лейтенант» ҳисобланади.

Айрим ҳолларда, илмий даражаси ёхуд фаолиятнинг тор ихтисослик турлари бўйича кўп йиллик стажи ва иш (хизмат) тажрибасига эга бўлган фуқароларга Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига тайинлаш вақтида биринчи унвон сифатида «майор» махсус унвонигача бўлган, шу жумладан майор унвони ҳам махсус унвонларидан бири берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, қарори, фармойиши асосида ёки розилиги билан генераллар таркиби лавозимларига хизматга юборилган, махсус, ҳарбий ва бошқа унвони бўлмаган шахсларга белгиланган тартибда «полковник» махсус унвонигача бўлган, шу жумладан полковник махсус унвони ҳам берилиши мумкин.

Миллий гвардия офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан берилади.

«Лейтенант» махсус унвони қуйидагиларга берилади:

Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилиниб, синов муддатини муваффақиятли ўтаган шахсларга;

Миллий гвардия сафдор ёки сержантлар таркибидан офицерлик лавозимларига тайинланганларга;

33. Миллий гвардия офицерлар таркибининг навбатдаги махсус унвонлари қуйидагилар томонидан берилади:

«майор» махсус унвонигача – офицерлар таркиби унвонларини бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан, бошлиқлари бундай ваколатга эга бўлмаган таркибий тузилмалар ходимларига эса Миллий гвардия қўмондони томонидан;

«подполковник» махсус унвони – Миллий гвардия қўмондони томонидан;

«полковник» махсус унвони – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Миллий гвардия қўмондони томонидан;

генераллар таркибининг махсус унвонлари – Миллий гвардия қўмондонининг тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.

34. Махсус унвонда хизмат ўташ муддатлари қуйидагича белгиланади:

«сафдор» – муддатсиз;

«кичик сержант» – икки йил;

«сержант» – икки йил;

«катта сержант» – муддатсиз;

«лейтенант» – икки йил;

«катта лейтенант» – икки йил;

«капитан» – уч йил;

«майор» – тўрт йил;

«подполковник» – беш йил.

«полковник» ва ундан юқори махсус унвонларда хизмат қилиш муддатлари белгиланмайди.

35. Навбатдаги махсус унвонлар белгиланган хизмат муддатини ўтаган ходимларга, улар эгаллаб турган лавозимининг унвон поғонасига
мувофиқ берилади.

36. Навбатдаги махсус унвонни четлаб ўтиб, махсус унвонлар берилишига йўл қўйилмайди.

37. Ходим юқори даражадаги унвон белгиланган лавозимга ўтказилганда, мавжуд унвонида бўлиш муддати ўтган бўлса, лавозимига қачон тайинланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвон бериш учун тақдим этилади.

38. Махсус унвонда хизмат ўташ муддати календарь ҳисобда махсус унвон бериш ҳақида буйруқ чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади (ушбу Низомнинг 46 ва 47-бандлари талаблари асосида берилган махсус унвонлар бундан мустасно).

Ходимнинг махсус унвони пасайтирилган тақдирда унинг аввалги унвонини қайта тиклангунига қадар ўтаган хизмат даври навбатдаги унвон муддатига қўшилмайди.

39. Хизмат мажбуриятларини намунали даражада бажараётган, жиноятчиликка қарши курашда, илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятда юқори кўрсаткичларга эришган, хизмат бурчини бажаришда қаҳрамонлик, жасорат ва фидойилик кўрсатган ходимларга рағбатлантириш чораси тариқасида Миллий гвардия офицерлар таркибининг махсус унвонини муддатидан олдин ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон берилиши ҳам мумкин.

Муддатидан олдин навбатдаги махсус унвонлар қуйидагиларга берилади:

генераллар таркиби лавозимларига тайинланган («полковник» унвонидан паст унвонга эга бўлган) ходимларга – мавжуд махсус унвонда қанча муддат хизмат ўтаганидан қатъи назар;

офицерлар таркибидаги лавозимларда хизмат қилаётган ходимларга – мавжуд махсус унвонда хизмат қилиш учун белгиланган муддатнинг камида учдан икки қисми ўтганидан сўнг.

Миллий гвардия қўмондони, мавжуд махсус унвонда хизмат ўташ учун қанча муддат белгиланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвонларни бериш ҳуқуқига эга.

Эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон қуйидагиларга берилади (генераллар таркиби махсус унвонлари бундан мустасно):

илмий даража ёки илмий унвонга эга Миллий гвардия офицерлар таркиби ходимларига – мавжуд унвонда хизмат ўташ муддати тугаганидан сўнг;

Миллий гвардия офицерлар таркиби лавозимларидаги ходимларга – мавжуд унвонда хизмат ўташ муддатининг камида бир ярим баравари ўтганидан сўнг. 

Бир вақтнинг ўзида муддатидан олдин ҳамда эгаллаган лавозими билан кўзда тутилган бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон берилишига йўл қўйилмайди.

40. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат йилини ҳамда навбатдаги махсус унвон учун белгиланган муддатини ўтаган, эгаллаб турган лавозими билан белгиланган унвон поғонаси «капитан» бўлган, ижобий тавсифланадиган офицерлар таркибидаги ходимларга хизматдан бўшатиш билан бир вақтда «майор» махсус унвони берилиши мумкин.

41. Ходимларга навбатдаги махсус унвон берилиши қуйидаги
ҳолларда кечиктирилади:

ходим Миллий гвардия ихтиёрида бўлганда;

ходимда амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлганда;

ходим аттестациядан шартли равишда ўтганида;

ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;

интизомий жазо тариқасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва бошқа лавозимга ўтказилган тақдирда – лавозимидан озод этилган кундан бошлаб, бир йил давомида.

42. Навбатдаги махсус унвонни асоссиз равишда кечиктирилишига йўл қўйган бошлиқлар ва ходимлар белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилади.

43. Миллий гвардия офицерлар таркиби ходимларининг махсус унвонларини итизомий жазо тариқасида бир поғона пасайтириш мумкин. Бунда унвон «лейтенант» махсус унвонигача пасайтирилади.

«подполковник» ва ундан паст махсус унвонларни пасайтириш Миллий гвардия қўмондони томонидан амалга оширилади.

«полковник» махсус унвони Миллий гвардия қўмондони томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда пасайтирилади.

Махсус унвони пасайтирилган ходимнинг аввалги унвони, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Миллий гвардия қўмондони томонидан унвонини пасайтиришни тавсия этган бошлиқнинг (ёки унга тенглаштирилган бошлиқнинг) ёхуд юқори лавозимдаги бошлиқнинг тақдимномаси бўйича тикланиши мумкин.

Генераллар таркиби ходимларнинг махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пасайтирилади ва тикланади.

44. Махсус унвони пасайтирилган ва сўнгра тикланган ходимнинг махсус унвондаги муддати, унвони пасайтирилгунига қадар ўтаган хизмати билан қўшиб ҳисобланади.

45. Суднинг ҳукми асосида махсус унвонлардан маҳрум қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

сафдорлар ва сержантлар таркибининг махсус унвонлари – ушбу унвонларни бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан;

офицерлар таркибининг махсус унвонлари Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан.

Генераллар таркиби махсус унвонига эга шахслар махсус унвонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан суднинг тегишли тақдимномаси асосида маҳрум қилиниши мумкин.

Суд шахснинг махсус унвонини тиклаш ҳақида қарор қабул қилганида махсус унвондан маҳрум қилган бошлиқ ёки бундай ваколатга эга юқори турувчи раҳбар томонидан тикланади.

46. Назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвон ва мартаба даражаси бўлиши назарда тутилган бошқа органлардан хизматга
ўтказилган шахсларнинг махсус унвонлари, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Миллий гвардия қўмондони томонидан ушбу Низом иловасига мувофиқ берилади.

Ушбу тартиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвонлар бўлиши назарда тутилган бошқа органлар бўлинмаларига ўтказилган ходимларда ҳам қўлланилади.

47. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи тузилмалар ва таълим муассасаларидан хизматни давом эттириш учун келган оддий аскар ва сержантлар таркиби ҳарбий хизматчиларига (шартнома асосида хизмат ўтаган) лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ билан бирга уларнинг ҳарбий унвонларига мувофиқ тенглаштирилган махсус унвонлар берилади.

48. Ушбу Низомнинг 46 ва 47-бандларида белгиланган тартибда навбатдаги махсус унвон берилган ходимларга уларни аввалги иш жойида унвонда хизмат ўтаган даври ҳисобга олинади.

49. Ушбу Низомнинг 32-банди учинчи хатбошиси, 46 ёки 47-бандларига мувофиқ махсус унвонлар берилган ходимларга хизмат йиллари учун фоизли устама ҳақ белгилашда уларнинг илгариги иш жойидаги (фоизли устама тўлаш учун белгиланган) хизмат ёки меҳнат стажлари инобатга олинади ҳамда ушбу давр ходим Миллий гвардиядан бўшатилган тақдирда унга пенсия тайинлашда умумий хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

50. Юқори ёки тенг лавозимга вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган ходимларга навбатдаги махсус унвонлар, вазифа бажарувчи этиб тайинлангунга қадар эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси бўйича берилади.

Агар вақтинча лавозимни бажариш учун тайинланган ходимнинг илгари эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси навбатдаги унвонини бериш учун мос келмаса, уни навбатдаги махсус унвонга тавсия этиш мумкин эмас. Бунда лавозим вазифасини бажариш муддати олти ойдан ошмаслиги лозим.

51. Ходимлар илгари эгаллаган лавозимларидаги штат жадвали бўйича ўзгаришлар (штатлар қисқариши, унвон поғонаси кўтарилиши ёки туширилиши) лавозим вазифасини бажарувчи этиб тайинланганларидан ёки ўқишга кирганларидан сўнг инобатга олинмайди.

52. Махсус унвонлар бериш, улардан маҳрум қилиш ва уларни тиклашга доир ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

4-боб. Лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва ротация

53. Миллий гвардия ходимларининг асосий лавозимлари бўйича махсус унвонлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, уларга тенглаштирилган лавозимлар рўйхати эса Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланади.

54. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва озод этиладиган лавозимлардан ташқари, лавозимларга тайинлаш ва озод этиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

55. Тайинланиши учун ходимларнинг соғлиғи ҳолати инобатга олиниши талаб этиладиган лавозимлар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

56. Ходимларни лавозимга тайинлаш, бунга ваколатли бошлиқлар томонидан қуйидаги қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади:

а) ходимларни лавозимга тайинлаш уларнинг маълумоти, мутахассислиги ёки лавозимга яқин мутахассислик, шунингдек амалий иш тажрибасига мувофиқ амалга оширилади;

б) бўш лавозим вазифасини бажаришнинг узлуксиз муддати олти ойдан, жамланган лавозимда эса тўрт ойдан ошмаслиги лозим;

в) ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида, шунингдек ходимнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганида у эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади ва ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса Миллий гвардия қўмондонининг рухсати билан икки ойдан ошмаган муддатга пул таъминоти (охирги лавозими бўйича) сақланган ва хизмат стажини бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда Миллий гвардиянинг лавозимга тайинлаш ва озод этиш ваколатига эга бўлган бўлинмалар ихтиёрига олинади.

Миллий гвардия ихтиёрида бўлиш муддатини ҳисоблашда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври (лаёқатсизлик хақидаги ҳужжат бўлганида) ёки қўшимча таътилда бўлиш (бола парваришлаш таътилида бўлиш вақти бундан мустасно) инобатга олинмайди.

Ходимларнинг Миллий гвардия ихтиёрида белгиланган муддатдан ортиқ бўлгани учун ҳақ тўланмайди, бунда ушбу даврнинг бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда умумий хизмат стажига киритилади.

г) ходимнинг ёки унинг оила аъзолари ҳаёти ёхуд соғлиғига хавф юзага келганида, шунингдек уларнинг соғлиғи ҳолати туфайли хизмат (яшаш) жойини ўзгартириш зарур бўлганида, ушбу ходимни бошқа туман (шаҳар, вилоят)га хизматга ўтказиш лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқ томонидан амалга оширилади;

д) ўзаро қариндош бўлган ходимлар (ота-она, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, шунингдек турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари), агар унда хизмат ўташ бирининг иккинчисига бўйсуниши ёки назорат остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бир бўлинмадаги лавозимларга тайинланиши мумкин эмас.

е) Миллий гвардия ўқув муассасалари профессор-ўқитувчилари таркиби лавозимларига тегишли соҳада камида ўн йиллик илмий, педагогик ёки амалий иш тажрибасига эга бўлган шахслар шаҳодатланган лавозимлар ҳисобидан тайинланиши мумкин.

ж) ходимни эгаллаб турган лавозимидан четлаштиришга доир жиноят иши бўйича суд қарори чиқарилганида у эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ҳамда аввалги хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган паст ёки тенг мавқели лавозимга тайинланади ёхуд Миллий гвардиянинг лавозимга тайинлаш ва озод этиш ваколатига эга бўлган бўлинмалари ихтиёрида қолдирилади;

Эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган ходимни Миллий гвардиядан бўшатиш ёки уни аввалги ёхуд тенг мавқели лавозимга тайинлаш масаласи бунга ваколатли бошлиқлар томонидан суд қарори асосида ҳал этилади.

Ходимни эгаллаб турган лавозимидан қонунга хилоф тарзда четлаштириш туфайли юзага келган мажбурий прогулнинг бир йилдан ортиқ бўлмаган муддати учун унга пул таъминоти тарзида ҳақ тўланади.

57. Ходимни лавозимдан лавозимга ўтказиш қуйидаги тартибда
амалга оширилади:

юқори лавозимга – босқичма-босқич, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий-касбий қобилиятлари, юқори лавозимдаги мажбуриятларни бажаришда топширилган участкаларда эришган ютуқлари ва кўрсатган натижалари, мураккаб шароитларда вазифаларни бажариш қобилиятига баҳо берилган ҳолда;

тенг лавозимга – хизмат зарурияти юзасидан, ўзининг хоҳишига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), оилавий шароитига кўра, суд қарори асосида лавозимдан четлаштириш ёки бўш лавозимларни жамлаш зарурияти юзага келганида ходимнинг касбий
ва шахсий хислатларини инобатга олиб, унинг эгаллаб турган лавозимидаги амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида;

паст лавозимга – ўзининг хоҳишига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), аттестация тартибида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилганида, интизомий жазо чораси сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида ёки суд қарори асосида лавозимидан четлаштирилганлиги сабабли тенг лавозимга ўтказиш имконияти бўлмаганида ёки мустахкамлаш тариқасида.

Бошлиқнинг ходимни паст лавозимга ўтказиш ҳақидаги буйруғида бунинг асослари кўрсатилади.

58. Юқори, тенг ёки паст лавозимлар эгаллаб турган лавозим билан назарда тутилган махсус унвонга мувофиқ, махсус унвонлар тенг бўлганида эса – лавозим маоши миқдори бўйича аниқланади.

59. Эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги сабабли ёки интизомий жазо тариқасида паст лавозимга тайинланган ходимларни хизмат бўйича кўтариш уларнинг касбий ва шахсий хислатлари, соғлиғининг ҳолати, иш натижалари ва хизмат вазифаларини бажариш бўйича кўрсатган қобилиятидан келиб чиқиб, камида бир йилдан кейин амалга оширилади. 

60. Хизмат жойи ўзгарган ходим Миллий гвардия хизмат бўйича кўчириш ҳақида буйруқни ёки ёзма хабарни олган кунидан сўнг ўн кундан кечикмасдан моддий ва ишониб берилган мулкни топширганидан кейин, хизмат жойига сафарбар қилиниши лозим, ходим навбатдаги таътилда ёки даволанишда бўлган ҳоллар бундан мустасно.

61. Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига, шу жумладан касбий тайёргарлик факультетига ўқишга кирган ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилади ва тингловчилар сафига киритилади.

62. Ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши белгиланган лавозимга тайинлашда унга давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларга ўрнатилган тардибда рухсатнома расмийлаштириш жараёни амалга оширилади.

Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномаси бўлмаган ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши белгиланган лавозимга тайинлашга йўл қўйилмайди.

Ходим ўрнатилган тартибда давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномадан маҳрум қилинганда эгаллаб турган лавозимидан озод этиладива махфий ҳужжатлар билан ишлаш талаб этилмайдиган лавозимга ўтказилади.

63. Миллий гвардияда раҳбар лавозимларини эгаллаган ходимлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, коррупция ва ваколатлар суистеъмол қилинишининг олдини олиш, шахсий таркиб орасида соғлом муҳитни таъминлаш мақсадида ходимлар амалий иш тажрибасини ва касбий тайёргарлик даражасини инобатга олган ҳолда тенг лавозимга, жумладан бошқа туман (шаҳар, вилоят) ёки таркибий тузилмага, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан сўнг, ротация тартибида ўтказилиши мумкин.

64. Ходимларни Миллий гвардия ихтиёрида қолдириш ва ротация қилиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

5-боб. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини ошириш

65. Миллий гвардия учун ходимларни тайёрлаш Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа таълим муассасаларида, шунингдек халқаро шартномалар асосида хорижий давлатлар таълим муассасаларида амалга оширилади.

Хорижий давлатлар таълим муассасаларида ўқиш учун танлов ўтказиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

66. Хизматга қабул қилинган фуқаролар (курсантлар ва тингловчилар бундан мустасно) мажбурий тартибда камида уч ой муддатли махсус касбий (бошланғич) тайёргарликдан ўтадилар.

67. Ходим бошқа турдаги касбий фаолият билан боғлиқ лавозимга тайинланганда ёки уни янги йўналишлар бўйича тайёрлаш зарур бўлганида қайта тайёргарликдан ўтиши шарт.

68. Ходимлар Миллий гвардия таълим муассасаларида ва бошқа таълим муассасаларда Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган дастурлар асосида малака оширадилар.

Миллий гвардия таълим муассасаларида назарда тутилмаган мутахассисликлар бўйича ходимларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикасининг бошқа таълим муассасаларида ёки хорижий давлатлар таълим муассасаларида ташкил этилади.

69. Ходимларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-ахлоқий даражасини ошириш учун Миллий гвардияда тизимли равишда хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари
ташкил этилади.

Ходим махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракатланишига касбий яроқлилиги бўйича ҳар йилги текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

70. Ходимларни махсус касбий (бошланғич) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек хизмат ўташ вақтида хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

6-боб. Ходимнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларига сайланганида (тайинланганида, сафарбар этилганида) хизмат ўташи

71. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, Сенати аъзолигига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатлигига сайланган (тайинланган), Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Миллий гвардия кадрларининг амалдаги захирасига (бундан буён матнда – кадрлар захираси) киритилади.

72. Агарда қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, кадрлар захирасига киритилган ходимлар ушбу Низомда белгиланган тартибда хизмат ўтайдилар.

73. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг лавозими ўзгарган (бошқа лавозимга тайинланган, лавозимдан озод қилинган, ўқишдан четлаштирилган), рағбатлантирилган, шунингдек интизом бузган тақдирда улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари бу ҳақида Миллий гвардияни ёзма равишда хабардор қилади.

74. Кадрлар захирасига киритилган ходимларни давлат мукофотига тавсия этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардисида хизматда бўлишнинг белгиланган чегарадаги ёшига тўлганида хизмат муддатини узайтириш улар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг тақдимномасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

75. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга махсус унвонлар қуйидаги тартибда берилади:

«подполковник» махсус унвонигача, шу жумладан «подполковник» унвони ҳам – илгари эгаллаган лавозимидан қатъи назар, ходим фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг киритган тавсияномасига кўра ушбу Низомда белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондони томонидан;

«полковник» махсуc унвони – илгари эгаллаган лавозимидан қатъи назар, ходим фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг киритган тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Миллий гвардия қўмондони томонидан;

генераллар таркибининг махсус унвонлари – Миллий гвардия қўмондони ҳамда улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг биргаликдаги тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.

76. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга таътилларни, шунингдек хорижий давлатларга боришлари учун рухсатномаларни расмийлаштириш, ходимлар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарларининг рухсати билан амалга оширилади.

77. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизматни ўташ тартиби билан боғлиқ ўзгаришлардан хабардор бўлишлари, лавозими ўзгарганида (бошқа лавозимга тайинланганида, лавозимидан озод этилганида, ўқишдан четлаштирилганида), мукофотланганида, интизом бузилишига йўл қўйганида, шунингдек ўзларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганида Миллий гвардияга ёзма равишда ахборот бериши шарт.

78. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар никоҳдан ўтганида, оиласи таркибида бошқа ўзгаришлар бўлганида, қариндошларига (ота-она, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, ўғил-қизлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) нисбатан жиноят иши қўзғатилганида уч иш куни муддати ичида, меҳнат таътили ёки хизмат сафарида бўлганида эса таътил ва сафар тугаши билан дарҳол Миллий гвардияга ёзма равишда хабар берадилар.

79. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизмат мажбуриятларни бажариш (ўқиш) муддати якунланганидан сўнг, давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари томонидан Миллий гвардия ихтиёрига қайтариб юборилади.

80. Миллий гвардияга қайтган ходим Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан кадрлар захирасидан чиқарилади ва илгариги, унга тенг ёки юқори лавозимга тайинланади.

81. Интизом бузиши ва бошқа салбий сабабларга кўра давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлардаги лавозимидан озод этилиб, шунингдек ўқишдан четлаштирилиб, Миллий гвардияга қайтариб юборилган ходимни лавозимга тайинлаш ёки хизматдан бўшатиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

82. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг, ўқиш даврида олган маълумоти ва мутахассислигига ҳамда амалий иш тажрибасидан келиб чиқиб лавозимга тайинланади.

83. Хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига етган ёки хизматни давом эттириш истаги бўлмаган ходимлар, кадрлар захирасига киритилгунига қадар эгаллаган лавозими бўйича мазкур Низомга мувофиқ хизматдан бўшатилади.

84. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари хизмат (ўқиш) вақтида, шунингдек бўшатилганидан сўнг, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда Миллий гвардия ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган барча турдаги таъминот, ҳуқуқ, имтиёз ва бошқа афзалликлардан фойдаланади.

85. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг Давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасаларида лавозим мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври уларга хизмат қилган йиллари учун устамани тўлаш, навбатдаги махсус унвонни олиш ва пенсия тайинлаш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

7-боб. Аттестация ўтказиш

86. Миллий гвардияда аттестация ходимларнинг билим даражасини, ишга муносабатини, касбий тайёргарлигини, эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини холисона баҳолаш, мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятидан хабардорлиги даражасини аниқлаш, шунингдек хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши чоғида уларнинг масъулиятини ошириш мақсадларида ўтказилади.

Аттестация ошкоралик, талабчанлик, принципиаллик ва хайрихоҳлик вазиятида ўтиши лозим.

87. Ходимлар хизмат даврида навбатдаги ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтадилар.

88. Навбатдаги аттестациядан ўтказиш муддати лавозимга тайинланган ва охирги аттестациядан ўтказилган кунидан бошлаб ҳисобланади.

Навбатдаги аттестация беш йилда бир марта ёкинавбатдаги махсус унвон бериш учун ўтказилади.

Қуйидаги ходимлар навбатдаги аттестациядан ўтмайдилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланганлар;

эгаллаб турган лавозимида бир йилдан кам муддат хизмат қилганлар;

хизмат сафарида, даволанишда (тиббиёт муассасаларида вақтинча хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси берилган ҳолда) ва малака оширишда бўлганлар;

кадрлар захирасига киритилганлар. Ушбу тоифадаги ходимлар кадрлар захирасидан чиқарилиб, Миллий гвардиядаги лавозимга тайинланган кундан бошлаб камида бир йил ўтганидан сўнг умумий тартибда аттестациядан ўтадилар;

ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш таътилида бўлганлар. Бола парваришлаш таътилида бўлган ходимлар хизмат вазифаларини бажаришга киришганларидан сўнг камида бир йил ўтганидан сўнг аттестациядан ўтадилар.

89. Навбатдан ташқари аттестациядан,

юқори лавозимга, хизмат муддатини узайтиришга ва давлат мукофатига тавсия этилаётганида;

иш кўрсаткичлари паст бўлган, касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган, хизмат интизомини қўпол тарзда бузган ёки мунтазам бузиб келаётган, Миллий гвардия ходимининг шаънига путур етказувчи ножўя ҳаракатлар содир этган ходимлар ўтадилар.

Навбатдан ташқари аттестация ўтказиш ҳақидаги қарорни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бўлган бошлиқ қабул қилади.

90. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири ёҳуд Миллий гвардия қўмондонининг қарорига асосан ходимлар навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин, бунинг учун махсус комиссия тузилади.

91. Аттестацияни ташкил қилиш ва ўтказиш, аттестация комиссиялари таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

8-боб. Таътиллар

92. Ходимларга қуйидаги таътиллар берилади:

йиллик асосий таътил;

ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парваришлаш таътиллари;

касаллик бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан) таътил;

ўқиш билан боғлиқ таътил – олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклида ўқиётган ходимлар учун;

ижодий таътил – амалий фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган ходимларга диссертациясини якунлаши учун;

қўшимча таътил – Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларни топшириши учун, оилавий шароити бўйича, жанговар ҳаракатларда ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда қатнашганларга.

Шунингдек, ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича таътиллар ҳам берилиши мумкин.

93. Ходимларга дам олиш ва иш қобилиятини тиклашлари учун таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч календарь кундан ошмайдиган вақт қўшилган (байрам кунлари ҳисобга олинмаган, лавозими ва пул таъминоти сақланган) ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган йиллик асосий таътил берилади.

94. Асосий таътил ходимларга биринчи хизмат йили учун камида олти ой ишлаганидан сўнг берилади.

Миллий гвардия қўмондони асосий таътилни ходим дастлабки синов муддатини ўтаганидан сўнг, хизматининг биринчи йилининг исталган даврида бериш ҳуқуқига эга.

95. Ходимнинг белгиланган хизмат муддатини ўтагандан кейин йиллик асосий таътилига қўшимча равишда календарь ҳисобида давомийлиги қуйидагича бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади:

ўн йиллик хизматидан сўнг – беш кун;

ўн беш йиллик хизматидан сўнг – ўн кун;

йигирма йиллик хизматидан сўнг – ўн беш кун.

96. Йиллик асосий таътил даврида ходим Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларининг тиббиёт муассасаларида вақтинча хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси берилган ҳолда даволанганида таътил ушбу муддатга узайтирилади.

97. Фавқулодда ҳолатлар даври белгиланган, табиий офат ҳудуди деб эълон қилинган ёки уларга тенглаштирилган жойларда хизмат ўтаган ходимларга улар фойдаланмаган йиллик асосий таътил уларнинг хоҳишига кўра кейинги йилнинг асосий таътилга қўшиб берилади.

98. Ходимлар Миллий гвардиянинг бошқа бўлинмаларига ўтказилган тақдирда, уларнинг фойдаланилмай қолган йиллик асосий таътили янги хизмат жойи бўйича берилади.

99. Ходимга йилига бир маротаба қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида йиллик асосий таътилни ўтказадиган жойига, шунингдек санаторий-курортларда даволаниш жойларига бориши ва қайтиши учун сарфлаган йўл харажатлари тўлаб берилади.

100. Ходимларга йиллик асосий таътил хоҳишига кўра икки қисмга бўлиб берилиши мумкин. Бунда таътилнинг бир қисми ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Ушбу ҳолда таътил гувоҳномаси таътилнинг ҳар бир қисми учун алоҳида расмийлаштирилади.

101. Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари қонун ҳужжатларида белгиланган муддатга ва тартибда берилади.

Ходимга қонун ҳужжталарига мувофиқ бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун таътил берилади.

Болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг лавозими сақланади ва ушбу таътиллар муддати хизмат стажига (шу жумладан мутахассислиги бўйича хизмат стажига ҳам) қўшилади, лекин ҳаммасини жамлаганда уч йилдан ошмаслиги керак. Бунда хизмат муддати ҳар бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.

102. Ходимларга касаллиги бўйича таътиллар ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси асосида берилади. Ушбу таътилнинг давомийлиги касалликнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Касаллик сабабли таътилда бўлишнинг узлуксиз умумий муддати тўрт ойдан ошмаслиги лозим. Айрим касалликлар бўйича даволанишда бўлиш учун кўпроқ муддат талаб қилинган ҳолларда бу муддат тиббиёт муассасаси хулосаси асосида узайтирилиши мумкин.

Ходимлар касаллик бўйича таътилда узлуксиз бўлишнинг белгиланган муддати тугаганидан сўнг, кейинги хизматга яроқлилигини ҳал қилиш учун ҳарбий-тиббий комиссияда гувоҳлантирилиши лозим.

Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришда олинган ярадорлиги (контузия, жароҳатлар)ни даволашда бўлган даври, жароҳат прогнозини инобатга олган ҳолда маълум бир муддат билан чекланилмайди. Шахсларнинг мазкур тоифаси даволаниш тугагандан сўнг ҳарбий-тиббий гувоҳлантиришдан ўтказилади.

Касаллик сабабли берилган таътил йиллик асосий таътил ҳисобига киритилмайди.

Ходим хизматдан бўшатилаётганда, унга касаллиги сабабли таътил берилмайди.

103. Олий таълим муассасаси ёки илмий тадқиқот муассасасининг мустақил изланувчиси бўлган ходимларга диссертацияларини якунлашлари учун Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган тартибда ижодий таътил берилади.

104. Олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари топшириш учун рухсат олган ходимларга таълим муассасасига бориш ва у ердан қайтиш вақтини ҳисобга олган ҳолда камида ўн беш календарь куни давом этадиган ва пул таъминоти сақланмайдиган қўшимча таътил берилади.

105. Ходимларга оиласидаги кечиктириб бўлмайдиган ижтимоий-маиший масалаларни ҳал этиш, қариндошлик бурчини бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек бошқа узрли сабабларга кўра таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун вақт ҳисобга олинмаган, пул таъминоти сақланмаган ҳолда ўн кунгача қисқа муддатли қўшимча таътил берилиши мумкин.

106. Ходимларга йиллик асосий таътил жорий календарь йили давомида берилмаган бўлса, ушбу таътил кейинги йилнинг биринчи чорагида берилиши лозим.

107. Ходимни таътилдан фақат хизмат юзасидан ўта зарур ҳоллардагина ўзининг розилиги ва хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг ёзма қарори билан чақириб олишга йўл қўйилади.

Таътилдан чақириб олинганида унинг фойдаланилмай қолган қисми, қоида тариқасида, жорий йилда берилади.

Агар йиллик асосий таътилнинг фойдаланилмаган қисми ўн кун ва ундан ортиқ бўлса, ходимга таътил ўтказадиган жойига бориши учун пул маблағи берилади, аммо масофа уни чақириб олинган аҳоли пунктидан узоқ бўлмаслиги керак.

108. Ушбу Низомнинг 137-банди «б», «в», «г» «д» ва «е» кичик бандлари асосида хизматдан бўшатилаётган ходимлар ишдан бўшаётган календарь йилида асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланилмаган ҳолларда, уларга ушбу йил ҳисобидан таътиллар берилмайди, уларнинг ўрнига давомийлиги ўттиз календарь кундан иборат фақат асосий таътил учун пул компенсацияси тўланади.

Бошқа асосларга кўра хизматдан бўшатилаётган ходимлар ишдан бўшаётган календарь йилида асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланилмаган ҳолларда, уларга фойдаланилмаган фақат асосий таътил учун бўшатилган календарь йилида хизмат қилган вақтига мутаносиб равишда пул компенсацияси тўланади.

109. Ходимларга таътиллар бериш, таътилдан чақириб олиш, шунингдек уларни муддатларини ҳисоблаш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

 

9-боб. Ҳодимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ва мажбуриятлари

 

110. Ходим фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари талабларидан келиб чиққан ҳолда эгаллаб турган лавозими бўйича хизмат вазифаларини бажаришда давлат органининг вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

111. Ходимнинг хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўз ваколатлари доирасидаги қонуний талаблари барча фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Ходимнинг қонуний талабларини бажармаслик ва унинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.

112. Ходим томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонун асосида амалга оширилган бўлса, бунда у жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Ходимларнинг жисмоний куч ишлатиши, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллашининг асослилиги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.

113. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида зарурий мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ёхуд буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш вақтида, шунингдек касб фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиш оқибатида зарар етказса, уни жавобгарликдан озод қилиш масаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

114. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсунади.

115. Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ходимнинг қонуний фаолиятига аралашиш, ходимни қонун билан Миллий гвардия зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Ходим ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти бўйича ҳеч қандай тушунтириш беришга, шунингдек уларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдорларини танишиб чиқиш учун тақдим этишга мажбур эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар ва тартиблар бундан мустасно.

116. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар
орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

меҳнатига ҳақ тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирлар.

117. Ходимлар белгиланган намунадаги бепул кийим-бош билан таъминланадилар.

118. Миллий гвардия ходимлари, пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига тиббий-санитария ёрдами (ортопедик  стоматология ва ортодонтия ёрдами бундан мустасно) ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасалари томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари, пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.

Жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган маблағлар ҳисобидан фаолият юритувчи Миллий гвардия тизимидаги муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш ушбу муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Санаторий-курорт шароитида даволаниш ва тиббий реабилитация тадбирларини ташкил этиш ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари сафига қабул қилинаётган номзодлар, ходимлар, пенсионерлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ички ишлар органлари тизимидаги ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимлари, пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзолари ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасаларида стационар равишда даволанганда уларнинг овқатланиши учун пул тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий гвардия тасарруфидаги объектларда санитария назоратини ҳамда эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бориш Миллий гвардия тизимидаги тиббиёт хизматлари  томонидан амалга оширилади.

119. Миллий гвардия ходимлари белгиланган тартибда бир йилда бир марта мажбурий профилактик тиббий кўрикдан ўтадилар.

Ўқотар қурол билан хизмат олиб борадиган ходимлар мажбурий чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ҳар олти ойда ўтадилар.

120. Ходимларнинг фарзандлари яшаётган жойдаги мактабгача таълим муассасаларига, шунингдек Миллий гвардия тизимида шакллантириладиган ҳамда Ички ишлар вазирлиги мактабгача таълим муассасаларига ва ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз ва имтиёзли равишда жойлаштирилади. 

Миллий гвардиятизимида шакллантириладиган мактабгача таълим муассасалари ва ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига қабул қилиш тартиби ва шартлари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

121. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларга, шунингдек Миллий гвардиядан бўшатилган фуқароларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа имтиёз, кафолат ва компенсациялар қонунчиликда белгиланган манбалар ҳисобидан ҳам берилиши мумкин.

122. Хизмат муддати, педагогик иш стажи, шунингдек илмий унвони мавжудлиги учун ходимларга қонун ҳужжатларга мувофиқ устама ҳақлар тўланади.

Хизмат муддатини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан белгиланади.

123. Хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган, юксак касбий тайёргарлик даражасига эришган, юксак маънавий-ахлоқий хислатларга эга бўлган, шунингдек ўз фаолиятида юқори натижаларни кўрсатган ходимларга ҳар ойлик қўшимча тўловни назарда тутувчи «учинчи тоифа мутахассиси», «иккинчи тоифа мутахассиси», «биринчи тоифа мутахассиси» ва «уста» малака тоифалари берилади.

Малака тоифаларини бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан белгиланади.

124. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни ихтиёрий ёки мажбурий суғурта маблағларидан қатъи
назар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

Ушбу қоида Миллий гвардиядан пенсияга чиқарилган шахсларга, агар зарар уларга ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига Миллий гвардиядаги хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолда етказилганида ҳам татбиқ этилади.

Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли, унинг ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

125. Ходимлар Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.

126. Хизматдан бўшатилаётган ходимларга бир марта тўланадиган нафақа пули берилади.

Хизматдан бўшатилаётган ходимлар кўп йиллик ва виждонан (бенуқсон) хизматлари учун ваколатли раҳбарлар томонидан қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирланиши мумкин.

127. Миллий гвардия қўмондони хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходимларга, шунингдек ҳалок бўлганларнинг оиласига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда бир марталик нафақа тайинлашга ҳақли.

Ходимлар, боқувчисини йўқотганда эса уларнинг оила аъзолари қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.

128. Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати, контузия олган  ёки ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларини хизматга, шунингдек Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар
бериш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

129. Соғлиқни сақлаш, молиявий таъминоти, таътиллар бериш, уй-жой майдони ва имтиёзли ипотека кредитлари билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш, давлат пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

10-боб. Хизмат ўташ режими

130. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда белгиланган мажбуриятларни бажарадилар ҳамда ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланадилар.

131. Ходимларнинг ҳафталик иш вақти қирқ соатдан ошиши мумкин эмас, зарур бўлган ҳолларда эса улар кучайтирилган ёки суткалик режимда хизмат ўташга жалб этилишлари мумкин.

Одатдаги хизмат ўташ режими олти кунлик иш ҳафтаси ўрнатилишини назарда тутади, бунда кунлик иш давомийлиги етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса – саккиз соатдан ошмаслиги керак.

Кучайтирилган режим кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган хизмат белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим уч маҳал овқатланиш ҳамда камида саккиз соат дам олиш учун вақт берилган ҳолда йигирма тўрт соат давомида хизмат ўташни назарда тутади.

Суткалик режим хизмат ўташ чоғида ходимларга уларнинг хоҳишига кўра хизмат ўташ жойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари учун белгиланган умум қўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёги учун бериладиган компенсация ўрнига уч маҳал бепул овқат берилиши мумкин, ўз хизмат вазифаларини доимий равишда суткалик навбатчилик асосида бажарадиган ходимлари бундан мустасно.

Кучайтирилган ёки суткалик режим жорий этилиши муносабати билан иш соатлари (кунлари)нинг белгиланган нормалари оширилганлиги эвазига ходимга Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда
дам олиш кунлари (отгуллар) берилади ёхуд бу кунлар унинг ҳар йилги асосий таътилига қўшилади.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек ходимларни жанговар ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.

132. Дам олиш ва байрам кунлари хизмат вазифаларини бажаришга жалб этиладиган ходимларга ҳафтанинг бошқа кунларида дам олиш куни берилади.

133. Миллий гвардия бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари суткалик нарядининг хизмати йигирма тўрт соатга мўлжаллаб ташкил этилади.

Навбатчилик вақтида наряд ходимларига навбатма-навбат овқатланиш ва қисқа муддатли дам олиш учун умумий давомийлиги уч сменалик режимда – олти соат, тўрт сменалик режимда – тўрт соат давом этадиган танаффуслар берилади.

Смена тугагач, Навбатчилик қисмлари ва объектларни қўриқлаш нарядлари ходимларига ҳамда хизмат вазифаларини суткалик навбатчилик режимида доимий бажарувчи бошқа ходимларга белгиланган тартибда дам олиш берилади.

134. Миллий гвардияда асосий хизмат вазифаларига қўшимча равишда суткалик режимда навбатчиликка тушган ходимларга навбатчилик тугаганидан сўнг, камида 24 соат давом этадиган дам олиш вақти берилади.

135. Миллий гвардия хизмат фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, соҳавий бўлинмалари бошлиқлари томонидан тасдиқланадиган кун тартиби ишлаб чиқилади.

136. Уруш ҳолати эълон қилинган даврида ходимларнинг хизмат ўташ тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

11-боб. Хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш

 

137. Ходим қуйидаги асосларга кўра хизматдан бўшатилади:

а) ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) – ходимнинг билдиргиси асосида;

б) хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига тўлганлиги;

в) пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги – ходимнинг билдиргиси асосида;

г) ташкилий-штат ўзгаришлари;

д) касаллиги – ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;

е) соғлиғининг чекланганлиги ҳолати – ҳарбий-тиббий комиссиянинг Миллий гвардиядаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

ж) дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

з) малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги − аттестация натижалари асосида;

и) хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

к) Миллий гвардия ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;

л) жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганидан кейин ҳукм қилинганлиги;

м) ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

н) бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритмасдан);

о) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги;

п) ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаганлиги.

138. Миллий гвардияда хизматда бўлишнинг чегара ёши сафдорлар ва сержантлар таркибидаги ходимлар учун эллик ёш, офицерлар таркиби учун – эллик беш ёш, генераллар таркиби учун – олтмиш ёш, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) – эллик ёшни ташкил этади.

139. Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати ўзининг розилиги билан Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Миллий гвардия таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг эса – ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

140. Хизмат муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Низомда назарда тутилган асослар бўйича Миллий гвардиядан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

141. Қуйидаги ҳолларда ходимларнинг хизматдан бўшатилишига йўл қўйилмайди:

тиббиёт муассасаларида даволанишда бўлганида, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасалари томонидан вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилганда;

таътилда ёки хизмат сафарида бўлганда;

асирга ёки гаровга олинганида (ўз ихтиёри билан асирга ёки гаровга тушиш ҳоллари бундан мустасно).

142. Ходимга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, судда кўрилаётган жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинмаган ёки суд ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлса, у хизматдан бўшатилиши мумкин эмас.

143. Ходим юқори турувчи мансабдор шахсларга хизматдан бўшатилиши юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

144. Хизматдан бўшашга қарор қилган ходим бўшашни режалаштирган кундан камида икки ой аввал бўшатиш ваколатига эга бўлган бошлиғига билдирги билан мурожаат этади.

Ходимларнинг хизматдан бўшатилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:

«подполковник» махсус унвонигача, шу жумладан «подполковник» унвони ҳам, – Миллий гвардия қўмондонининг ёки хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг буйруғи билан;

«полковник» ва ундан юқори махсус унвонлардаги ходимлар – белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан.

145. Ходимнинг хизмат муддати календарь ҳисобда йигирма йилга етганидан сўнг, ўтаган хизмат муддати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунга Миллий гвардия ва хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида (Миллий гвардия халқаро шартномаларга мувофиқ), Ўзбекистон Республикасининг олий-ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик олий таълим муассасаларини тамомлаб йўлланма ёки тақсимот асосида хизматга қабул қилинганларнинг фуқаролик олий таълим муассасаларидаги ўқиш, Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ўташ даврлари киради.

Ушбу ҳолда ходимга пенсия тайинлашда унинг календарь тарзда ҳисобланадиган хизмат муддатига қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган имтиёзли ҳисобланадиган хизмат муддати қўшилади.

146. Пенсия олиш ҳуқуқини берувчи хизмат муддатини ўтамаган, ушбу Низомнинг 137-банди «б», «г», «д» ёки «е» кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилаётган ходимлар бўшаш кунида умумий иш стажи йигирма беш ва ундан ортиқ йилни ташкил этган, улардан камида ўн икки йил олти ойи Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар органлари хизматларига тўғри келганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

147. Ходимлар ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги), бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги сабабли Миллий гвардия шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилади.

Бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори бекор қилинганда, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилиши оқибатида шахсий таркиб рўйхатидан ўчирилган шахсни ходим сифатида қайта шахсий таркиб рўйхатига киритиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи асосида амалга оширилади.

148. Ушбу Низомнинг 137-банди «л» кичик бандига асосан хизматдан бўшатилиб, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд асоссиз бўшатилганлиги тан олинган ҳолларда, шунингдек ғайриқонуний равишда хизматдан бўшатилган деб топилган шахсларни хизматга тиклаш суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Тикланиши лозим бўлган шахсларни шахсий таркиб рўйхатига киритиш ва лавозимга тайинлаш Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан амалга оширилади.

149. Ушбу Низомнинг 148-бандида назарда тутилган шахслар бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори чиқарилганидан бошлаб уч ой муддатда хизматга тиклаш ҳақида Миллий гвардияга мурожаат этишлари лозим.

Хизматга тиклаш шахсни бўшатилган кунидан тикланган кунига қадар бўлган оралиқ даври учун навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда хизмат стажига қўшиб ҳисоблаш шарти билан аввалги махсус унвони, эгаллаб турган лавозими, бунинг имкони бўлмаса, унга тенг ёки бошқа лавозимга тайинлаш орқали амалга оширилади.

Хизматдан бўшатилган шахс бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган кундан уч ой муддат ўтгандан кейин Миллий гвардияга мурожаат этса, мурожаат қилиш муддатидан кейинги давр навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда узлуксиз хизмат стажига қўшиб ҳисобланмайди.

Агар шахс уч ойлик муддатни узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган тақдирда ушбу муддат Миллий гвардия қўмондони томонидан тикланиши мумкин.

150. Хизматга тикланаётган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш суднинг қарори асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

151. Хизматга тикланган ходимларга пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблаш чоғида ҳисобга олинадиган хизмат стажига:

озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ жазолар ўталганда – бир куни уч кун;

қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганида – бир куни уч кун;

озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ўталганида бир куни бир кун ҳисобида қўшилади.

Хизматга тикланган ходимларга навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлашда хизмат йилларига бўшатилгандан кейинги даври бир куни бир кун ҳисобида қўшилади.

152. Ушбу Низомнинг 137-банди «в», «г», «е» ва «н» кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар махсус унвонни тиклаган ҳолда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин.

Ушбу Низомнинг 137-банди «а» кичик бандига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар хизматдан бўшашига ўқишга кириши сабаб бўлган тақдирдагина қайта қабул қилиниши мумкин.

Илгари Миллий гвардиядан бўшатилган шахсларни хизматга қабул қилиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

153. Давлат ҳокимияти органларига тайинланганлиги муносабати билан хизматдан бўшатилган ва тайинланган лавозими бўйича ваколат муддати тугаганлиги сабабли хизматга қайта қабул қилинган ходимларнинг ушбу органлардаги меҳнат фаолияти даври, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Миллий гвардиядаги умумий хизмат муддатига қўшилиб, бир куни бир кунга ҳисобланади.

154. Миллий гвардияда хизмат ўтаётган, шу жумладан кадрлар захирасида бўлган ходимларга хизмат муддати, агар қонун ҳужжатларда ва ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, имтиёзли равишда – бир куни бир ярим кунга тенглаштириб ҳисобланади.

Миллий гвардия ва бошқа хорижий давлатлар (Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ юборилган тақдирда) олий таълим муассасаларида, жумладан касбий тайёргарлик факультетида ва раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети (олий курслари)да кундузги таълим ўқиш даври бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда хизмат муддатига қўшилади.

Алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган, шунингдек ушбу ҳаракатларда иштирок этиши давомида олган ярадорлиги, контузияси ва жароҳатланганлиги оқибатида тиббий муассасада бўлган ходимлар ушбу даврдаги хизмат муддати бир куни уч кунга тенглаштирилиб ҳисобланади.

Ходимларнинг алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операцияларда, фавқулодда ҳолат режимини ҳуқуқий таъминлашда ва унинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлиги ва муддатлари ҳақида ваколатли бошлиқ буйруқ чиқаради, буйруқдан кўчирма уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларига қўшилади.

12–боб. Якунловчи қоидалар

155. Мазкур Низом асосида Миллий гвардия қўмондони томонидан Миллий гвардиянинг айрим бўлинмаларида ходимлар томонидан хизмат ўташнинг бошқа тартиби ва шартлари белгиланиши мумкин.

156. Фуқароларни Миллий гвардиядаги ишчи ва хизматчилар лавозимига ишга қабул қилиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби меҳнат фаолиятининг хусусиятидан келиб чиқиб, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Миллий гвардия ишчи ва хизматчиларининг меҳнат муносабатлари меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

157. Хизмат ўташнинг ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалари қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил«__» ____ __- сон қарорига

2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг

ИНТИЗОМ УСТАВИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг Интизом устави (кейинги ўринларда Устав деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) хизмат интизомига қўйилаётган талаблар ва одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди, бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатларини, шунингдек рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларининг қўлланилишини тартибга солади.

2. Миллий гвардияда (кейинги ўринларда Миллий гвардия деб юритилади) хизмат интизоми ходимлар томонидан ушбу Устав талабларига қатъий ва сўзсиз риоя этишдан иборат.

Миллий гвардия хизмат интизоми ҳар бир ходимнинг юксак даражада англашига ва хизмат бурчини ҳамда қўйилган вазифа учун шахсий жавобгарлигини чуқур тушунишига асосланади.

3. Хизмат интизоми ҳар бир ходимни қуйидагиларга мажбур қилади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив–ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш, Миллий гвардияҳайъати қарорларида белгиланган талабларни, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг буйруқ, фармойиш ва кўрсатмаларни қатъий бажариш;

Миллий гвардия ходимининг қасамёдига содиқ бўлиш, «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»деган ўзининг хизмат бурчини сўзсиз бажариш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидоийлик билан хизмат қилиш;

ишониб топширилган табель қуроли, мол-мулк ва техникани асраб -авайлаш;

ҳушёр бўлиш, давлат ва хизмат сирини қатъий сақлаш;

ходимлар ўртасида ўзаро муносабатлар қоидаларига амал қилиш, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш;

доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб бориш, малака ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда намуна бўлиш.

4. Миллий гвардиядаюксак хизмат интизомига:

ходимларда юксак маънавий-ахлоқий ва ишчанлик хусусиятларини, хизмат бурчини бажаришга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш;

ҳар бир ходимнинг ўз хизмат бурчини бажаришга нисбатан шахсий маъсулияти, ички тартиб ва хизмат кийимини кийиш қоидаларига қатъий риоя этиш;

бошлиқларнинг қўл остидаги ходимларга нисбатан кунлик талабчанлиги, уларга доимий ғамхўрлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини оқилона уйғунлаштирган ҳолда ва асосли қўллаш;

Миллий гвардияда зарур моддий-маиший шароитларни яратиш
орқали эришилади.

2-боб. Ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари

5. Одоб-ахлоқ қоидалари қайси лавозимни эгаллашидан қатъи назар, ходимларнинг касб-одоби ва хизматда ўзини тутишнинг асосий қоидалари умумий принциплари мажмуини ўз ичига олади ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари асосида мувоффиқлаштирилган ҳолда ижрога қаратилади.

6. Миллий гвардиясафига қабул қилинган кундан эътиборан ҳар бир ходим одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишга мажбур.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ходимнинг касбий фаолияти самарадорлиги ва хизматда ўзини тутишини баҳолашнинг мезонларидан бири ҳисобланади.

7. Ходим томонидан одоб - ахлоқ қоидаларининг асосий талабларига амал қилиш қуйидагиларни назарда тутади:

фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, уларнинг мавқеидан қатъи назар ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларнинг камситилиши ёки афзал кўрилиши ҳолатларига йўл қўймаслик;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳ ҳамда конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини инобатга олиш, ижтимоий барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликка кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, беғараз ва қонуний кўриб чиқиш;

ходимнинг ўз хизмат бурчини виждонан бажаришига нисбатан фуқарода шубҳа уйғотувчи хатти-ҳаракатдан тийилиш, шунингдек Миллий гвардия обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик.

8. Шахсий важ ва бошқа субъектив сабаблар ходимлар томонидан қонунчилик талаблари ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига асос бўла олмайди.

9. Ходимлар коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиши ва фаоллик билан унинг профилактикасига кўмаклашиши шарт.

Ходимлар ўз бошлиғи ёки ваколатли органларга ўзларини бошқа шахслар ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаб мурожаат қилган ҳар бир ҳолат, шунингдек бошқа ходимлар томонидан содир этилган ҳар қандай ўзига маълум бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериши зарур.

10. Ходим оиласида юзага келган низоларни қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳал этади.

Ходимнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилганда, унга ўз ваколатлардан фойдаланиб, аралашиш тақиқланади.

11. Ходимлар хайрихоҳ, хушмуомала ва эътиборли бўлиши, фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур.

Ходимлар фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, шахснинг шаънива қадр-қимматини камситиш, асоссиз руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

12. Хизмат вазифаларини бажариш вақтида ходимларнинг ташқи кўриниши иш шароити ва хизмат тадбири турини инобатга олган ҳолда, аҳолида Миллий гвардияга нисбатан ҳурмат уйғотиши, тоза ва ораста бўлиши зарур.

13. Ходимларга хизмат пайтида алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланади.

14. Ходимлар хизматдан ташқари пайтда умумий одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслиги зарур.

3-боб. Бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари

15. Ходим хизмат вазифасини бажариш пайтида бевосита ва тўғридан -тўғри бошлиққа бўйсунади.

Ходимлар хизмат бўйича бўйсунадиган, шу жумладан вақтинча бўйсунадиган раҳбарлар тўғридан-тўғри бошлиқлар деб ҳисобланади.

Ходимга энг яқин бўлган тўғридан-тўғри раҳбар бевосита бошлиқ ҳисобланади.

16. Бошлиқ ўзи раҳбарлик қилаётган Миллий гвардияда хизмат интизомига риоя этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

17. Бошлиқ унга бўйсунувчи ходимлар томонидан Уставга амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик талаблари ҳамда қасамёдга риоя этиш борасида доимий равишда намуна кўрсатиши, уларнинг хизмат бурчи ҳиссини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаши, ташаббус, интилиш ва хизматларини рағбатлантириши, шунингдек хизмат интизоми бузилган ҳолатларда жазо қўлланилишини таъминлаши зарур.

18. Буйруқ ва топшириқлар бўйсуниш тартибида берилади. Юқори турувчи бошлиқ зарур ҳолларда ходимга бевосита бошлиғини хабардор қилмасдан буйруқ ёки топшириқ беришга ҳақли. Бундай ҳолларда ходим ўзининг бевосита бошлиғини бундан хабардор қилиши зарур.

19. Ноқонунийлиги яққол кўриниб турган ва хизмат фаолиятига алоқаси бўлмаган буйруқ ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди. Бошлиқ қўл остидаги ходимлардан уларнинг хизмат бурчи доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришни, шунингдек ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишни талаб қилишга ҳақли эмас.

Ходим яққол қонунга зид бўлган (хизмат фаолиятига алоқадор бўлмаган) буйруқ ёки топшириқ олганда зудлик билан юқори турувчи раҳбарият ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига зудлик билан хабар беради. 

Ходим юқори турувчи раҳбарият ёки ўз хавфсизлиги бўлинмасига хабар бериш имконияти бўлмаган тақдирда қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда ғайриқонуний буйруқ ва топшириқларни бажаришдан бош тортишга ҳақли, имкон пайдо бўлиши билан уларни хабардор қилиши лозим.

20. Бошлиқнинг буйруқ ва топшириқлари (яққол қонунга зид бўлганлари бундан мустасно) сўзсиз, аниқ ва ўз вақтида бажарилиши шарт. Буйруқ ва топшириқларни муҳокама этишга, шунингдек уларни танқид қилишга йўл қўйилмайди.

Ходим буйруқ ёки топшириқнинг бажарилгани тўғрисида буйруқ ёки топшириқ берган бошлиққа, шунингдек, бевосита бошлиғига ахборот беради.

Буйруқ ёки топшириқни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда,
ходим зудлик билан бу ҳақда буйруқ ёки топшириқ берган бошлиқни хабардор этиши шарт.

21. Бошлиқ ходимларни қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, маҳаллийчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. У ўз хизмат бурчини ўташ пайтида маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, шунингдек, бошқа салбий омилларнинг намоён этилишига барҳам бериши керак.

22. Бошлиқ қуйидагиларга мажбур:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш, ходимларга қулай ва муносиб меҳнат шароитларни яратиш учун ўз вақтида чоралар кўриш;

коррупция ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга чек қўйиш чораларини кўриш;

шахсий таркибни самарали бошқариш, ходимларнинг хизмат фаолиятини холисона баҳолаш;

ўзига топширилган мол-мулк ва молиявий маблағларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

ходимларнинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш, улар билан ўзаро яқин муносабат ўрнатиш, жамоани бирлаштириш, ходимлар томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, хизмат интизоми бузилишига муросасиз муносабатда бўлиш бўйича чораларни кўриш;

ходимларнинг, уларнинг оила аъзоларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат принципларига амал қилиш чораларини кўриш, юқори турувчи раҳбариятга қўл остидаги ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш.

4–боб. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари

23. Ходимларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

а) миннатдорчилик эълон қилиш;

б) қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш;

в) Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш;

г) идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш;

д) муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш;

е) эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш.

Шунингдек, рағбатлантириш тариқасида Уставнинг 27-банди «а» ва «б» қисмида, 28-банди «а» ва «б» кичик бандлари билан назарда тутилган муқаддам қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин бекор қилиш мумкин.

24. Миллий гвардияўқув марказларида мазкур Уставнинг 23-бандида кўзда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари курсантлар ва тингловчиларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари ҳам қўлланилади:

а) ўқувмаркази ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш;

б) ҳурмат тахтасига киритиш;

в) курсант ва тингловчиларнинг ота-онаси ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш;

25. Алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

26. Ойлик маоши, мукофот, қўшимча ҳақ ва устамалар ҳамда ходимларнинг пул таъминотида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантиришга кирмайди.

27. Ходимларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

а) ҳайфсан;

б) қаттиқ ҳайфсан;

в) эгаллаб турган лавозимига нотамом нолойиқлиги тўғрисида огоҳлантириш;

г) махсус унвонини бир поғона пасайтириш;

д) эгаллаб турган лавозимидан озод этиш;

е) гаупвахтада ҳибсда ушлаб туриш;

ж) Миллий гвардия хизматидан бўшатиш.

28. Миллий гвардия ўқув марказларида Уставнинг 27-бандида кўзда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари ўқув марказларининг белгиланган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган курсантларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилиши мумкин:

а) навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш;

б) бир ой муддатгача ўқув маркази ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

в) курсантлар рўйхатидан ўчириш.

5-боб. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини
қўллаш бўйича бошлиқларнинг ваколатлари

29. Бошлиқлар томонидан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ўзларига берилган ваколатлар доирасида қўлланилади.

30. Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси таркибий тузилмаларидаги алоҳида батальон ва алоҳида отряд командирлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Уставнинг 23-банди «а» кичик бандида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Уставнинг 27-банди «а» кичик бандида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.

31. Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари – Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ва ҳудудий бошқарма ва Ўқув марказлари бошлиқлари
ҳамда Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони командири қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Уставнинг 23-банднинг «а», «б» ва «в» кичик бандларида ҳамда
24-бандининг «а», «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Уставнинг 27-банднинг «а», «б», «в» кичик бандларида ҳамда
28-банди
да назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.

32. Миллий гвардия қўмондони Уставнинг 23, 24, 27 ва 28-бандларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди, шунингдек ходимларни Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига ва давлат мукофотларига тақдим этади.

33. Ходимни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқлар унга нисбатан Уставнинг 27-банди «д», «е», ва «ж» кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.

34. Қўл остидаги ходимларига нисбатан ўз ваколатларига кирмайдиган рағбатлантириш чораларини қўллаш зарурияти туғилган ҳолда бошлиқ юқори турувчи раҳбариятга бу тўғрисида илтимоснома киритади.

35. Бошлиқ қўл остидаги ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг ўта жиддийлиги сабабли уни лозим даражада жазолаш учун ўзига берилган ваколатларни етарли эмас деб ҳисобласа, у юқори турувчи раҳбариятга ходимга нисбатан оғирроқ интизомий жазо қўллаш тўғрисида илтимоснома киритади.

36. Интизомий жазо чорасини қўллашда ўз ваколати доирасидан четга чиққан ёки Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чорасини қўллаган бошлиқ жавобгарликка тортилади, қўлланилган интизомий жазо эса юқори турувчи раҳбарият томонидан бекор қилинади.

37. Ходим хизмат сафари ёки даволанишда бўлган вақтда хизмат интизомини бузган тақдирда мазкур хатти-ҳаракатдан хабар топган бошлиқ бу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўради ва бу ҳақда ходимнинг хизмат жойига хабар беради.

6-боб. Рағбатлантириш чораларини қўллаш

38. Рағбатлантириш чоралари алоҳида ходимга нисбатан ҳам, бир гуруҳ ходимларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Ходимга нисбатан бир ютуғи учун фақат битта рағбатлантириш чораси қўлланилиши мумкин.

Рағбатлантириш чорасини белгилашда ходимнинг хизмат кўрсаткичлари хусусияти, шунингдек унинг илгари хизматга қандай муносабатда бўлганлиги эътиборга олинади.

39. Уставнинг 27-банди «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо қўлланилган ходим мазкур жазони бекор қилиш орқали рағбатлантирилади.

Интизомий жазони бекор қилиш ҳуқуқи уни қўллаган бошлиққа, шунингдек юқори турувчи ваколатли раҳбариятга берилади.

40. Рағбатлантириш чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

миннатдорчилик эълон қилиш – юклатилган вазифани, бошлиқнинг буйруғи ёки топшириғини муваффақиятли бажарган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан;

қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш – ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек захирага (истеъфога) чиқиши муносабати билан ёки мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра;

Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш – ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра ва ўқишни (ўқув йилини) муваффақиятли якунлаганда;

идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш – ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми ва кўп йиллик бенуқсон хизмати, Миллий гвардия тизимини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшгани, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатгани, шунингдек ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳиссаси қўшгани учун;

муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш – ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми, хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва фидойилиги, Миллий гвардия амалий фаолиятига салмоқли илмий ҳисса қўшгани (илмий даражани олганда), хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришда намуна бўлгани учун (Миллий гвардияда хизмат ўташ масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ);

ўқув маркази ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш – юклатилган вазифаларни, командирларнинг буйруқ ёки топшириқларини виждонан бажарган Миллий гвардия ўқув марказларининг курсантларига нисбатан;

Ҳурмат тахтасига киритиш – ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув дастурларини аъло баҳоларга ўзлаштирган Миллий гвардия ўқув марказларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

ота-онасига ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш – ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув мавсумини аъло баҳолар билан якунлаган Миллий гвардия ўқув марказларининг курсантларига нисбатан;

41. Қўлланилган рағбатлантириш чораси буйруқ билан эълон қилинади. Миннатдорчилик эълон қилиш ва ўқув маркази ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш буйруқ орқали ҳам, оғзаки ҳам эълон қилиниши мумкин.

Рағбатлантирилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган мажлис (йиғилиш)да тантанали тарзда эълон қилинади.

Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинган вақтда, қоида тариқасида, ходимларга фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға ёки пул мукофотлари, кўкрак нишонлари топширилади.

42. Буйруқ билан эълон қилинган рағбатлантириш чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Рағбатлантириш чораларини ҳисобга олиш тартиби Миллий гвардияқўмондони томонидан белгиланади.

7-боб. Интизомий жазо чораларини қўллаш

43. Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини
қўллаш тақиқланади.

44. Содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо тайинланади.

Хизмат интизоми бир неча ходимлар томонидан бузилганда, интизомий жазо уларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида қўлланилади.

Содир этилганлиги маъмурий жазо тайинлашга олиб келган хатти-ҳаракатлар учун интизомий жазо қўллашга йўл қўйилмайди.

Интизомий жазо чоралари қўлланган ходимлар, агарда уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби аломатлари бўлса, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.

45. Интизомий жазо чораларининг қўлланилиши асосли бўлиши ва содир этилган ножўя хатти-ҳаракат оғирлиги ҳамда айб даражасига мувофиқ келиши зарур. Интизомий жазо чораларини белгилаш чоғида ножўя хатти-ҳаракат хусусияти, содир этиш ҳолати, унинг оқибатлари, айбдорнинг бунгача бўлган хулқ-атвори, Миллий гвардияда хизмат ўтаган муддати, шунингдек юклатилган хизмат вазифаларини бажаришга бўлган муносабати эътиборга олинади.

Ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат унчалик аҳамиятга эга бўлмаса, бошлиқ унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўлламаслиги
ва бошқа бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида оғзаки огоҳлантириш бериш билан кифояланиши мумкин.

Жамоада юзага келган низоли вазиятларни ҳал этиш, ножўя
хатти-ҳаракатлар содир этган ходимларга жамоатчилик таъсирини
ўтказиш мақсадида, умумий йиғилишда ёки аттестация ўтказиш тартибида кўриб чиқилади. 

46. Интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

ҳайфсан – юклатилган вазифаларни ва бошлиқнинг топшириқларини бажармаган, хизмат кийимини кийиш ва фуқаролар ҳамда ҳамкасблари билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан;

қаттиқ ҳайфсан – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини, хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш қоидаларини бузган, белгиланган кун тартибига мунтазам равишда амал қилмаган ва хизмат мажбуриятларини бажармаган, жамоадаги маънавий-руҳий муҳитга салбий таъсир кўрсатган ходимларга нисбатан;

эгаллаб турган лавозимига нотамом нолойиқлиги тўғрисида огоҳлантириш – амалдаги «қаттиқ ҳайфсан» интизомий жазоси бўлган ходимларга нисбатан, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини такроран бузгани учун;

махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш – амалдаги интизомий жазоси бўлган, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини қўпол равишда бузган, хизматни ўташга лоқайдлик билан муносабатда бўлган, юклатилган хизмат мажбуриятларини бажармаган ходимларга нисбатан;

гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш – интизомий жазонинг қатъий чораси сифатида Миллий гвардия хизматидан бўшатиш учун асос бўладиган ножўя хатти-ҳаракатни содир этган ходимларга нисбатан;

Миллий гвардия хизматидан бўшатиш – хизмат интизомини қўпол равишда бузган, Миллий гвардия ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузган, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаган ходимларга нисбатан;

навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача ўқув маркази ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш – юклатилган вазифаларни ва командир (бошлиқ)нинг топшириқларини бажармаган, ўқув марказининг ўрнатилган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган Миллий гвардия ўқув марказлари курсантларига нисбатан;

курсантлар рўйхатидан ўчириш – Миллий гвардия ўқув марказлари курсантларига нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларини, хизмат интизомини бузганлиги, ўқув дастурини ўзлаштира олмаганлиги учун.

47. Амалдаги интизомий жазо бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини қўпол равишда бузган ходимга нисбатан Миллий гвардия хизматидан бўшатишгача бўлган ҳар қандай интизомий жазо қўлланилиши мумкин.

Қуйидагилар хизмат интизомини қўпол равишда бузиш сирасига киради:

ходимнинг сабабсиз равишда узлуксиз уч кундан ортиқ муддатда хизмат жойида бўлмаслиги;

хизмат жойида алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлиш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бузишга, одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф туғдиришга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш (агар бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса);

махфийлик тартиботи талабларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

ходимга ишониб топширилган табель қуроли ва унинг ўқларини, мол-мулк ва (ёки) техникаларни қасддан йўқ қилиш, зарарлантириш ёки унинг (уларнинг) йўқолишига олиб келган эҳтиётсизлик билан сақлаш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

маҳбуснинг ёки қўлга олинган шахснинг қочиб кетишига, пул
маблағи ёки товар бойликларини ва ҳужжатларни йўқолишига сабаб бўлган пост хизматини ўташ қоидаларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка
олиб келмаса).

ходим хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст бўлгани сабабли интизомий жавобгарликка тортиш учун ушбу ҳолатни исботлаш мақсадида тиббий текширув натижаларига, агар ходим текширувдан бош тортса, камида икки ходим ёки бошқа шахслар кўрсатмаларига асосланилади.

48. Одоб-ахлоқ қоидаларини, шунингдек бошлиқ ва ходимлар ўртасидаги муносабат қоидаларини қўпол равишда бузиш Миллий гвардияходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этиш ҳисобланади.

Жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини очиқдан-очиқ писанд қилмаслик билан боғлиқ бўлмаган оилавий келишмовчиликлар, жанжаллар ва маиший низолар Миллий гвардияходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат сирасига кирмайди.

49. Интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузиш деганда буйруқ асосида эълон қилинган амалдаги интизомий жазоси бўлган ҳолда ходим томонидан хизмат интизомини бир неча бор бузиш тушунилади.

50. Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо қўлланилганда, ходим ушбу ножўя хатти-ҳаракати учун Миллий гвардия хизматидан бўшатилмайди (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

Гауптвахтада ҳибсда сақлаш муддати сафдорлар, сержантлар ва кичик офицерлар таркиби ходимлари учун – 10 суткагача, катта офицерлар таркиби ходимлари учун – 5 суткагача ташкил этади.

Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо аёлларга нисбатан қўлланилмайди.

51. Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олиниши лозим. Агар ходим ушбу тушунтиришни беришдан бош тортса, тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилади.

Тушунтиришни беришдан бош тортиш ҳолати содир этилган қилмиш учун интизомий жазо тайинлашга тўсқинлик қила олмайди ва жазонинг оғирроқ кўриниши ва чораларини қўллашга олиб келмайди.

Интизомий жазо чораларини қўллаш пайтида бошлиқ ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, у билан муносабатда қўполликка йўл қўймаслиги зарур.

52. Махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тарзидаги интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, айбдорга бошқа интизомий жазо турлари тегишлича таъсир кўрсатмаган ҳолларда қўлланилади.

53. Интизомий жазонинг қўлланилиши ходимни ножўя хатти-ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.

54. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат бошлиққа маълум бўлган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, хизмат текшируви ўтказилганда эса
– текширув тугаган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай қўлланилиши керак, бунда айбдорнинг хасталик ва таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди.

Интизомий жазо ножўя ҳатти-ҳаракат содир этилган кундан бир йилдан ортиқ муддат ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.

55. Маст ҳолатда бўлган айбдорга нисбатан интизомий жазо қўллаш, шунингдек ундан ҳар қандай тушунтириш олиш ходим ҳушёр ҳолга келгунча кечиктирилади.

56. Қўлланилган интизомий жазо чораси буйруқ билан эълон қилинади. Ҳайфсан, қаттиқ ҳайфсан, эгаллаб турган лавозимига нотамом нолойиқлиги тўғрисида огоҳлантириш, махсус унвонини бир пағона пасайтириш, эгаллаб турган лавозимидан озод этиш, навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача ўқув марказлари ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам буйруқ орқали, ҳам оғзаки эълон қилиниши мумкин.

Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарор хизмат текширув хулосаси, шунингдек ўтказилиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланадиган хизмат, комплекс ёки инспекторлик текширувлари асосида қабул қилинади.

Интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган йиғилиш (мажлис)да эълон қилинади.

57. Амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлган ходим ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмайди.

58. Шикоят билан арз қилинган ҳолларда тайинланган интизомий жазони ижро этиш тўхтатилмайди.

Ходим интизомий жазо эълон қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида юқори турувчи бошлиққа ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига шикоят билан мурожаат этиши мумкин.

59. Буйруқ асосида тайинланган интизомий жазо тайинланган вақтдан бошлаб бир йил ўтгач бекор қилинади (агар ходим шу муддат ичида янги интизомий жазога тортилмаса). Рағбатлантириш тартибида жазо бир йил ўтмасдан бекор қилиниши мумкин.

Агарда бир йил ичида ходимга нисбатан бир неча интизомий жазо тайинланса, уларни бекор қилиш муддати охирги тайинланган интизомий жазо чораси санаси бўйича ҳисобланади.

60. Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Интизомий жазо чораларини ҳисобга олиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

8-боб. Бошлиқнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилиш

61. Ҳар бир ходим бошлиқнинг унга нисбатан ғайриқонуний ёки ноҳақ ҳаракатлари устидан юқори турувчи раҳбарият ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига ёзма шикоят беришга ҳақли.

62. Ходимнинг шикоятида баён этилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган юқори турувчи раҳбарият ушбу мурожжатни уч кун муддатда ваколатли идорага юборади.

63. Юқори турувчи раҳбариятга ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига қонунчиликни бузиш фактлари ёхуд ўзига нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганлиги ҳақида мурожаат этгани учун қўл остидаги ходимни таъқиб этган бошлиқ интизомий тартибда жавобгарликка тортилади (агар унинг хатти-ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

64. Ходимларнинг шикояти бир ойгача бўлган муддатда ҳал этилади, қўшимча текширув талаб этмайдиганлари эса зудлик билан, бироқ келиб тушган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқилади.

65. Қасддан ёлғон шикоят билан мурожаат этган ходимлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Умумий таклифлар

2649