ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3061 Министерство дошкольного образования Республики Узбекистан 08/04/2019 23/04/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
БОЛАЛАРНИ ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ, ШУНИНГДЕК, ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ИМТИЁЗЛИ ШАРТЛАРДА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИГАН ҚИСМИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
ID-3061



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари, ШУНИНГДЕК, ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ давлат мактабгача таълим муассасаларига, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига болаларни қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш 2018 йил 1 апрелдан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли шартларда қабул қилиш 2019 йил 1 майдан бошлаб амалга киритилсин.

2. Белгилансинки, давлат мактабгача таълим муассасалари учун 2018 йил

1 апрелдан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига 2019 йил 1 майдан бошлаб, давлат хизматлари олиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали мурожаат қиладилар.

3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:

ўн кун муддатда — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган намунавий шаклларни, ҳужжатлар бланкаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

бир ҳафта муддатда — туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари расмий веб-сайтлари (саҳифалари)ни такомиллаштириш, уларда давлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш;

2018-2019 йиллар мобайнида ҳар чоракда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда, Давлат хизматлари марказлари, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари, давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари иштирокида, ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентни амалда қўлланиш самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ўтказиш.

4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 майгача бўлган муддатда:

туман (шаҳар) давлат мактабгача таълим бўлимлари, давлат мактабгача таълим муассасалари, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминласин;

ЯИДХПда болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибини амалга оширишга доир фаолияти юзасидан, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламент талаблари бузилганлиги учун туман (шаҳар) давлат мактабгача таълим бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чораларини белгиланган тартибда қўлласин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 732-модда) билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги низомга 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 28 март,

244-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарорига

1-ИЛОВА

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари, шунингдек давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига (кейинги ўринларда муассасалар деб аталади) қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Регламентнинг амал қилиши болаларни давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишда татбиқ этилмайди.

3. Болаларни муассасага қабул қилиш тартиботини амалга оширишда:

а) муассасалар ҳар ойда кейинги ойнинг биринчи санасигача муассасалардаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимига (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) юборишади;

б) ваколатли органлар муассасалардаги бўш ўринларнинг электрон ҳисобини юритадилар, болаларни муассасага қабул қилиш бўйича электрон навбатларни шакллантирадилар, болаларни муассасага қабул қилиш бўйича йўлланмалар (кейинги ўринларда йўлланмалар деб аталади) берадилар;

в) муассасалар болаларни йўлланмалар асосида қабул қилишади.

4. Давлат хизматлари марказлари, ваколатли органлар ва муассасалар ўртасида ахборотлар алмашуви фақат идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали, электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) қўллаган ҳолда амалга оширилади.

5. Болаларни муассасага қабул қилиш ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

2-боб. Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби

6. Ваколатли орган ўзининг расмий веб-сайтида ўз тасарруфидаги муассасалар тўғрисидаги маълумотларнинг жойлаштирилишини ва уларнинг мунтазам янгилаб борилишини таъминлайди, унда қуйидагилар кўрсатилади:

а) муассасадаги ўринлар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги;

б) болаларни муассасага қабул қилиш бўйича умумий асослардаги навбатга киритилган анкеталар рўйхати (кейинги ўринларда умумий рўйхат деб аталади), унда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) рўйхатга олиш рақами кўрсатилади;

в) ушбу Регламентнинг 18-бандига мувофиқ болаларни муассасага қабул қилиш бўйича навбатга киритилган анкеталар рўйхати (кейинги ўринларда имтиёзли рўйхат деб аталади), унда ЯИДХПдаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилади.

7. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда аризачилар деб аталади) йўлланмалар олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки электрон тарзда давлат хизматлари олиш учун ЯИДХПда рўйхатга олинадилар.

8. Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими аризачи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда эса аризачи давлат хизматлари олиш учун анкетани электрон тарзда мустақил равишда, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотдан фойдаланган ҳолда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича тўлдиради.

Аризачилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

9. Аризачилар анкетада қуйидагиларни кўрсатиш (танлаш) ҳуқуқига эгадирлар:

а) бўш ўринларга эга бўлган муассасани (йўлланма олиш учун);

б) бўш ўринларга эга бўлмаган муассасани (навбатга киритилиши учун);

в) бўш ўринларга эга бўлмаган иккита муассасани (навбатга киритилиши учун);

г) бўш ўринларга эга бўлган битта муассасани (йўлланма олиш учун) ва бўш ўринларга эга бўлмаган бошқа муассасани (навбатга киритилиши учун).

10. Аризачи фарзандини муассасага қабул қилишнинг кичик ёшга етгунигача навбатга қўйиш ҳуқуқига эга.

Йўлланма муассасага қабул қилиш бўйича кичик ёшга етишидан эрта бўлмаган муддатда берилади.

11. Анкета расмийлаштирилгандан ва унга зарур маълумотлар киритилгандан кейин аризачи уни ЭРИ билан тасдиқлайди.

Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП аризачиларни давлат хизматлари олиш учун ЭРИнинг албатта мавжуд бўлиши тўғрисида олдиндан хабардор қилишади.

Давлат хизматлари марказлари аризачилар томонидан жойида ЭРИни олиш учун барча зарур шартларни таъминлаши шарт.

12. Болаларни муассасага қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади.

13. Аризачиларда ЭРИнинг йўқлиги ёки уни олишни рад этиши ва анкетада ишончсиз маълумотларни кўрсатиши давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асослар ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

14. Аризачи давлат хизматлари олишни уларни кўрсатишнинг исталган босқичида рад этиш ҳуқуқига эга.

Аризачи томонидан давлат хизматлари олиш рад этилган тақдирда унинг анкетаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.

15. Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари марказлари анкета тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни ваколатли органга юборади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда анкета автоматик равишда ваколатли органга юборилади.

16. Ваколатли орган анкета келиб тушгандан бошлаб бир иш куни мобайнида:

а) йўлланмани расмийлаштиради — йўлланма олиш учун мурожаат қилинган ҳолатларда;

б) анкетани тегишли равишда умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритади, шунингдек, хабарномани расмийлаштиради — навбатга киритиш учун мурожаат қилинган ҳолатларда;

в) Йўлланмани расмийлаштиради ва анкетани тегишли равишда умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритади, шунингдек, хабарномани расмийлаштиради — йўлланма олиш учун битта муассасага мурожаат қилинган ва айни бир вақтда навбатга киритиш учун бошқа муассасага мурожаат қилинган ҳолатларда;

г) ушбу бандда назарда тутилган хатти-ҳаракатларни бажариш чоғида параллел равишда ўз тасарруфидаги муассасалар тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтда онлайн режимида янгилайди.

17. Хабарномалар ушбу Регламентнинг 16-бандига мувофиқ расмийлаштирилган ҳолатларда тегишли йўлланмалар муассасаларда ўринлар бўшаган куни навбатга мувофиқ расмийлаштирилади. Бунда имтиёзли рўйхатга киритилган анкеталар бўйича йўлланмалар умумий рўйхатга киритилган анкеталарга нисбатан биринчи навбатда расмийлаштирилади.

18. Болаларнинг қуйидаги контингенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади:

ногирон бўлган шахсларнинг болалари;

уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;

ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;

талабалар ва педагогларнинг болалари;

етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;

акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;

кам таъминланган оилалар;

оила аъзолари ногирон бўлган оилалар;

боқувчисини йўқотган оилалар;

боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар.

Аризачиларда ушбу бандга мувофиқ устунлик ҳуқуқларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот анкетада кўрсатилади. Бунда берилган йўлланмалар, тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари муассасага тақдим этилган ҳолатларда болаларни муассасага қабул қилиш учун асослар ҳисобланади.

19. Аризачи тақдим этган анкетада ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги, шу жумладан, унда кўрсатилган маълумотларнинг ушбу Регламентнинг 6, 9 ва 18-бандларида назарда тутилган маълумотларга номувофиқлиги йўлланмалар ва хабарномалар беришнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади.

Йўлланмалар ва хабарномаларнинг берилишини бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

20. Ваколатли орган йўлланма ва хабарнома расмийлаштирилган куни уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва муассасага, шунингдек, давлат хизматлари марказига (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки аризачига (электрон тарзда мурожаат қилинганда) ЯИДХП орқали электрон тарзда юборади.

Давлат хизматлари маркази йўлланма ёки хабарнома келиб тушгандан кейин бир соат мобайнида уни ўзи келган ҳолда мурожаат этилганда ўз муҳрини қўйган ҳолда аризачига беради.

21. Болаларни муассасага қабул қилиш йўлланмалар келиб тушган ёки тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида, белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Болаларни муассасага йўлланмалар мавжуд бўлмаганда расмийлаштириш тақиқланади.

22. Аризачи болаларни муассасага қабул қилишни йўлланма олингандан кейин 15 кун мобайнида расмийлаштирмаган тақдирда йўлланма ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

23. Давлат хизматлари марказлари, ваколатли органлар ва муассасалар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган аризачи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.

25. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан аризачи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

26. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига

1-ИЛОВА

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш ишларини амалга ошириш

СХЕМАСИ

http://lex.uz/files/3604196

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига

2-ИЛОВА

__________________

(сана)

__________________

(т/р)

Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг имтиёзли шартларда қабул қилинадиган қисмига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари олиш учун

СЎРОВНОМА

I. Аризачи ҳақида маълумот:

1. Болага нисбатан (ота, она, уларнинг ўрнини босувчи шахс):

2. Ф.И.О.:

3. Паспорт маълумотлари (рақами ва серияси):

4. СТИР:

5. Манзили:

6. Телефон рақами:

7. Электрон почта манзили:

II. Бола ҳақида маълумот:

а) биринчи:

1. Ф.И.О.:

2. туғилган йили:

3. туғилиш ҳақида гувоҳнома маълумотлари (рақами ва серияси):

б) иккинчи: (мавжуд бўлса)

1. Ф.И.О.:

2. туғилган йили:

3. туғилиш ҳақида гувоҳнома маълумотлари (рақами ва серияси):

в) учинчи: (мавжуд бўлса)

1. Ф.И.О.:

2. туғилган йили:

3. туғилиш ҳақида гувоҳнома маълумотлари (рақами ва серияси):

III. Муассаса ҳақида маълумот:

а) биринчи:

1. (Туман, шаҳар) мактабгача таълим бўлими:

2. Муассаса рақами ёки номи:

3. расмий веб-сайт маълумотига кўра бўш ўринлар сони:

4. умумий асосга кўра муассасага қабул қилиш учун навбатга киритилган анкеталар сони:

5. имтиёзли асосга кўра муассасага қабул қилиш учун навбатга киритилган анкеталар сони:

6. мурожаат мақсади:

йўлланма олиш

навбатга туриш

б) Иккинчи: (зарур бўлса)

1. (туман, шаҳар) мактабгача таълим бўлими:

2. муассаса рақами:

3. расмий веб-сайт маълумотига кўра бўш ўринлар сони:

4. умумий асосга кўра муассасага қабул қилиш учун навбатга киритилган анкеталар сони:

5. имтиёзли асосга кўра муассасага қабул қилиш учун навбатга киритилган анкеталар сони:

6. мурожаат мақсади:

йўлланма олиш

навбатга туриш

IV. Имтиёзли ҳуқуқ борлиги ҳақида маълумот*(зарур бўлса)

1. ногиронлиги бўлган шахснинг фарзанди (гувоҳнома серияси ва рақами)

2. уч ва ундан зиёд боласи бор оила фарзанди (туғилиш ҳақида гувоҳномалар серияси ва рақамлари)

3. ҳарбий хизматчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг фарзанди (гувоҳнома серияси ва рақами)

4. талаба ёки педагог фарзанди (муассаса номи, директор (ректор) буйруғи рақами

5. етим ёки ота-она қаровидан маҳрум бола (вафоти ҳақида гувоҳнома ёки бошқа ҳужжат серияси ва рақами)

6. бошқа муассасадан кўчирилган бола (муассаса номи, қабул қилиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақами)

7. ака-укалари ёки опа-сингиллари ушбу муассасада тарбияланаётган бола (қабул қилиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақами)

8. кам таъминланган оила фарзанди (кам таъминланган оила эканлиги тўғрисида маълумотнома)

9. оила аъзолари ногирон бўлган оила фарзанди (ногиронлигини тасдиқловчи хужжат)

10. боқувчисини йўқотган оила фарзанди (ота ёки онанинг вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси)

11. боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилаларнинг фарзандлари (ота-онанинг иш жойидан маълумотнома, ишга кириш тўғрисида буйруқдан нусха)

Изоҳ:

* Ўзи келган ҳолда мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими томонидан, тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ тўлдирилади. ЯИДХП аризачи номидан, Ягона портал орқали мурожаат этган тақдирда тегишли ҳужжатларнинг асл нусхалари (кўчирмалари) муассасага қабул қилишни расмийлаштиришда муассасага тақдим этилади.

Аризачининг ЭРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарорига

2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низомга киритилаётган ўзгартиришлар

1. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«20. Давлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган йўлланма асосида амалга оширилади».

2. 21 — 31-бандлар ва 1 — 3-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/244/0959-сон)

Умумий таклифлар

764