ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
290 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 18/08/2018 02/09/2018 3

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-290

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3802-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 8-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

ҳунармандчилик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарларнинг (иш, хизмат кўрсатишнинг) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5242-сон Фармонининг 1-иловаси билан тасдиқлаган рўйхатга аниқ мос келиши;

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлишни истаган жисмоний шахснинг мустақил равишда ёки шогирдлари ёрдамида ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун етарли малакага эга бўлиши;

ҳунарманднинг шогирдлари сони юқорида қайд этилган Фармоннинг 1-иловаси билан тасдиқланган рўйхатда кўрсатилган ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича белгиланган миқдордан ошмаслиги;

ҳунармандчилик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарларнинг (иш, хизмат кўрсатишнинг) тарихан қарор топган миллий анъаналарга мослиги, шунингдек замон талабларига жавоб бериши ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишнинг асосий мезонлари этиб белгилансин.

2. Давлат солиқ қўмитаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандчилик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни ўзаро электрон ахборот алмашинуви тизимини икки ой муддатда йўлга қўйсин;

ҳунармандлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолияти турларига мувофиқ бўлмаган фаолият турларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушбу ҳуқуқбузарлик аниқланган календарь ойидан эътиборан амалга оширилган фаолият тури бўйича қонунчиликда белгиланган ставкаларда ундириш чораларини кўрсин.

3. “Ҳунарманд” уюшмасига, қонунчиликда белгиланган ҳунармандчилик йўналишларига зид фаолият тури билан шуғулланган ҳолда солиқ имтиёзларидан фойдаланган шахсларнинг “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолиги масаласи уюшма томонидан кўриб чиқилиши тавсия этилсин.

4. “Ҳунарманд” уюшмасига:

“Уста-шогирд” мактаблари асосида шогирд сифатида бириктирилган шахсларга берилган шогирдлик гувоҳномаси орқали уларнинг ҳисобини юритиш механизмини жорий этиш ва шу орқали миллий ҳунармандчилик анъаналари асосида таҳсил олаётган шогирдларнинг ягона миллий базасини шакллантириш;

“Уста-шогирд” мактабларида таҳсил олаётган ҳамда гувоҳномага эга бўлган шогирдлар тўғрисида ҳудудий меҳнат органларини хабардор қилиниши тизимини яратиш;

ҳунармандчилик фаолиятининг йўналишлари бўйича шогирдларни тайёрлаш малака талаблари ва ўқитиш муддатларини белгилаш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси мазкур қарорнинг мазмун ва моҳияти тўғрисида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.

6. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А.Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                           А. Арипов

Умумий таклифлар

896