ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2880 Узбекское агентство стандартизации, метрологии и сертификации «Узстандарт» 20/03/2019 04/04/2019 15

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ва газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида
ID-2880

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сон Қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси
қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

Маиший истеъмолчиларнинг газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот
ва ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган электр энергияси ва газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар. 

3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари котибиятига ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Саттаров Д.Н. зиммасига юклансин.

 

            Ўзбекистон Республикаси

                          Бош вазири                                                                     А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «____» _________ даги

______- сон қарорига

1-илова

 

 

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Низом

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ, маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олишнинг электрон приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

маиший истеъмолчи (истеъмолчи) - ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (бош ишончнома асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси номидан шартнома тузувчи электр таъминоти корхонаси) билан электр таъминоти шартномасини тузган ва электр энергиясидан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланадиган жисмоний шахс;

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси - вилоят, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;

электр таъминоти корхонаси - ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишни амалга оширувчи бўлинмаси;

давлат қиёсловидан ўтказиш ишлари - электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олиш (демонтаж қилиш), уни давлат қиёсловидан ўтказиш, давлат қиёсловидан ўтган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини истеъмолчига етказиб бериш, электр энергиясини ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш (монтаж қилиш) бўйича бажариладиган ишлар (хизматлар) мажмуи.

2. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари белгиланган тартибда давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт.

3. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари:

даврий қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг давлат қиёсловидан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда ўтказилади

4. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг қиёслашлараро интервал муддати 48 ойни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш приборларининг давлат қиёсловидан ўтказилиши «Ўзстандарт» агентлиги томонидан хар 120 ойда амалга оширилади.

5. Электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳар бир электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёсловдан ўтказишнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун жавобгар ҳисобланади.

6. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини навбатдаги қиёсловдан ўтказиш электр таъминоти корхонаси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда Бюро деб юритилади) ташаббуси билан ўтказилганда, қиёсловдан ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилади, мазкур Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

7. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори эксперт қиёсловдан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига), асосан ўтказилиши мумкин.

2-боб. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий

қиёсловдан ўтказиш ишларини ташкил қилиш

 

8. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий қиёсловдан ўтказиш ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан ташкил этилади. Бунда келгуси йил учун электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш ишлари бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилади ва ҳар йили 20 декабрга қадар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

9. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига имзо қўйдирган ҳолда хабарнома тақдим этилади. Хабарнома икки нусхада тузилади. Унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, истеъмолчи томонидан имзоланган иккинчи нусхаси эса, электр таъминоти корхонасида қолдирилади.

10. Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати тугайдиган вақт;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси ходими борадиган кун;

бошқа зарур маълумотлар.

11. Хабарномани келтирган шахс истеъмолчини яшаш жойида топмаса, хабарнома у билан бирга яшайдиган катта ёшдаги оила аъзоларининг бирига ёки у билан бир хонадонда истиқомат қилувчи вояга етган шахсга, улар ҳам бўлмаса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширилади. Бундай ҳолларда хабарномани қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини, шунингдек хабарнома юборилган истеъмолчининг кими эканлигини (эри ёки хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) кўрсатиши шарт.

Хабарномани қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол истеъмолчига топшириши шарт.

13. Истеъмолчи вақтинча бирор жойга кетган бўлса, хабарномани келтирган шахс унинг иккинчи нусхасига истеъмолчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида ёзиб қўяди. Бу маълумотлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тасдиқланиши лозим.

14. Истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олиш (демонтаж қилиш), давлат қиёсловидан ўтган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини истеъмолчига етказиб бериш, электр энергиясини ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш (монтаж қилиш) электр таъминоти корхонасининг штатдаги электротехник ходими (бундан буён матнда ваколатли ходим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

15. Давлат қиёсловидан ўтказиш ишлари электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг 15 кун ичида якунланиши лозим.

3-боб. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий

қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олиш

 

16. Ваколатли ходим соат 8.00 дан 20.00 гача истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли ходим ўз хизмат гувоҳномасини истеъмолчига кўрсатиши лозим.

17. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олишда ваколатли ходим ва Бюро вакили истеъмолчи иштирокида электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ечиб олинганлиги ҳақида тўрт нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи ва учинчи нусхалари электр таъминоти корхонасида ва Бюрода қолади ҳамда тўртинчи нусхаси давлат метрология хизмати органига тақдим этилади.

18. Электр таъминоти корхонасида давлат қиёсловидан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг алмаштириш фонди мавжуд бўлганда, истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг, унинг ўрнига алмаштириш фондидан белгиланган тартибда давлат қиёсловидан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатилади ҳамда белгиланган тартибда сертификат расмийлаштириб берилади.

19. Электр таъминоти корхонасининг алмаштириш фонди мавжуд бўлмаганда, электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ечиб олинганидан сўнг, ваколатли ходим давлат қиёсловидан ўтказиш ишлари давом этадиган даврга истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига тўғридан-тўғри, электр энергиясини ҳисобга олиш приборисиз улаб қўяди.

20. Истеъмолчи электр энергиясини ҳисобга олиш приборисиз электр тармоқларига тўғридан-тўғри уланган тақдирда, фойдаланилган электр энергияси учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.

4-боб. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий

қиёсловдан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топшириш

 

21. Ваколатли ходим электр энергиясини ҳисобга олиш приборини, у ечиб олингандан сўнг уч иш куни ичида давлат метрология хизмати органига унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома билан биргаликда тақдим этади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш приборида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг тури ва завод рақами аниқ бўлмаса ёки у шикастланган ҳолатда бўлса, давлат метрология хизмати органи уни давлат қиёсловидан ўтказиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини қабул қилиб олган давлат метрология хизмати органи ходими унинг қабул қилганлигини тегишли журналда қайд этади.

22. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун қабул қилиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва давлат метрология хизмати органи ходими ҳамда ваколатли ходим томонидан имзоланади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси ваколатли ходимга берилади, иккинчиси эса, давлат метрология хизмати органида қолади.

23. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори давлат қиёсловидан ўтказиш учун қабул қилинганда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан давлат метрология хизмати органи ўртасида электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

5-боб. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини
даврий қиёсловдан ўтказиш ва таъмирлаш

 

24. Давлат метрология хизмати органи томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш прибори уч иш куни ичида давлат қиёсловидан ўтказилади.

Қиёслашдан ўтказиш натижаларига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ишлатишга яроқли деб топилган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими электр энергиясини ҳисобга олиш прибори давлат қиёсловидан ўтказилганлигини тасдиқловчи сертификат расмийлаштиради ҳамда ваколатли ходимга топширади.

25. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг ҳисоблаш механизми ва ростлаш элементларига рухсатсиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида ҳисобга олиш приборининг кожухлари маҳкамланган жой давлат метрология хизмати органи томонидан пломбаланади.

26. Давлат қиёсловидан ўтказиш натижаларига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш прибори кейинчалик фойдаланишга яроқсиз деб топилган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими ваколатли ходимга электр энергиясини ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқсизлиги ҳақида хабарнома беради. Хабарномада электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг яроқсиз ҳолга келиш сабаблари, шунингдек электр энергиясини ҳисобга олиш приборини таъмирлаш мумкинлиги ёки уни таъмирлаш имкони мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

27. Давлат метрология хизмати органи ходими томонидан берилган хабарномага асосан электр энергиясини ҳисобга олиш приборини таъмирлаш мумкин бўлса, ваколатли ходим истеъмолчини бу ҳақда хабардор қилади ва уни шартнома асосида таъмирлаш ташкилотига топширади.

28. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори таъмирланганидан сўнг, у таъмирлаганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси истеъмолчида, иккинчи нусхаси ваколатли ходимга берилади, учинчи нусхаси эса, таъмирлаш ташкилотида қолдирилади.

29. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори таъмирлангандан сўнг,
у ваколатли ходим томонидан давлат қиёсловидан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топширилиши шарт.

30. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини қайта давлат қиёсловидан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, давлат метрология хизмати органи ходими шу куннинг ўзида электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштириб, электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг кожухлари маҳкамланган жойини пломбалайди.

31. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори қайта давлат қиёсловидан ўтказилганда ҳам фойдаланишга яроқсиз деб топилган ҳолларда, электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситаларининг давлат реестрига киритилган ва Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан бирга ишлай оладиган бошқа электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатиб берилади.

Бунда электр энергиясини ҳисобга олиш приборини харид қилиш, ўрнатиш ва рўйхатдан ўтказиш электр таъминоти корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, мазкур Низомнинг 32-бандидаги ҳолатлар бундан мустасно.

32. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида назарда тутилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини бузиш ҳолатлари истеъмолчининг айби билан содир этилганда, электр энергиясини ҳисобга олиш приборини алмаштириш, давлат қиёсловидан ўтказиш, таъмирлаш, ўрнатиш харажатлари ва кўрсатилган хизматлар ҳақи истеъмолчи томонидан тўланади.

33. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборини эксперт қиёсловдан ўтказишда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари бевосита иштирок этишлари мумкин.

6-боб. Давлат қиёсловидан ўтказилган электр энергиясини
ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш

 34. Ваколатли ходим томонидан давлат қиёсловидан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш прибори Бюро ходими иштирокида ўрнатилиб, приборнинг клеммник қопқоғи (схемаси) ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Бюронинг белгиланган намунадаги пломбалари билан пломбалангандан сўнг, истеъмолчига электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг асл нусхасини беради.

35. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатилиб пломбалангандан сўнг, бу ҳақида уч нусхада далолатнома тузилади. Далолатномада электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ўрнатилган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Далолатнома ваколатли ходим ва Бюро вакили ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи ва учинчи нусхалари эса, электр таъминоти корхонасида ва Бюрода сақланади.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «____» _________ даги

______- сон қарорига

2-илова

 

 Маиший истеъмолчиларнинг газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Низом

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»гива «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»га мувофиқ, маиший истеъмолчиларнинг газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

маиший истеъмолчилар - маиший эҳтиёж (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) учун табиий газдан фойдаланувчи аҳоли;

газ таъминоти ташкилоти - табиий газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб беришни таъминловчи ташкилот.

2. Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган газни ҳисобга олиш приборлари давлат қиёсловидан ўтказилади.

3. Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган газни ҳисобга олиш приборлари:

даврий қиёсловдан - газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёсловдан - газни ҳисобга олиш приборларининг давлат қиёсловидан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёсловдан - газни ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда ўтказилади.

4. Газни ҳисобга олиш приборлари қуйидаги оралиқда даврий қиёсловдан ўтказилади:

Маиший қўлланиш учун газлар ҳажмий сарфининг ҳисоблагичлари, сарф ўлчагичлари – 48 ой;

Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида ўрнатиладиган замонавий газни ҳисобга олиш приборлари – 120 ой.

Фойдаланилмаган газни ҳисобга олиш приборларининг даврий қиёсловдан ўтказиш муддатлари ўтиб кетган тақдирда, улардан белгиланган тартибда давлат қиёсловидан ўтказилгандан сўнг фойдаланиш мумкин.

5. Газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш “Ўзстандарт” агентлигининг давлат метрология хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

2-боб. Газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан
ўтказиш учун ечиб олиш

 6. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти газни ҳисобга олиш приборини даврий қиёсловдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан ўттиз кун олдин истеъмолчини газни ҳисобга олиш приборини даврий қиёсловдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти раҳбари газни ҳисобга олиш приборини даврий қиёсловдан ўтказиш зарурлиги ҳақида истеъмолчиларнинг ўз вақтида огоҳлантирилиши учун масъулдир.

7. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун уни ечишни сўраб тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.

8. Газни ҳисобга олиш приборлари эксперт қиёсловдан ўтказиш учун терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, тергов, прокуратура органлари, ёхуд суднинг қарори ёки ажримига асосан ечиб олиниши мумкин.

9. Газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олиш тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг ходими томонидан Мажбурий ижро бюросининг ваколатли ходими ва Истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

10. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг ходими, Мажбурий ижро бюросининг ваколатли ходими билан бирга ариза берилгандан сўнг, беш иш куни ичида газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун истеъмолчи иштирокида ечиб олади.

11. Газни ҳисобга олиш приборини ечиб олиш вақтида тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг мутахассиси, Мажбурий ижро бюросининг ваколатли ходими билан бирга истеъмолчи иштирокида газни ҳисобга олиш приборининг ўрнатилган пломбалари бутлигини текширади.

12. Газни ҳисобга олиш приборининг ўрнатилган пломбалари бут бўлган тақдирда, газни ҳисобга олиш прибори ечиб олинади ва икки нусхада мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда газни ҳисобга олиш приборининг ечиб олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Мазкур далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.

13. Газни ҳисобга олиш прибори давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олингандан сўнг, тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг вакили, алмаштириш фондида мавжуд бўлган давлат қиёсловидан ўтган газни ҳисобга олиш приборини ўрнатади, агар алмаштириш фондида газни ҳисобга олиш прибори мавжуд бўлмаса газ тармоғига газни ҳисобга олиш приборисиз улайди ёки истеъмолчининг хоҳишига кўра вақтинча тармоқдан узиб қўяди ва газни ҳисобга олиш приборининг ечиб олинганлиги тўғрисидаги далолатномада кўрсатиб ўтади.

14. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш прибори давлат қиёсловидан ўтказилгунга қадар худуддаги газ таъминоти ташкилотининг алмаштириш фонди ҳисобидан ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичига мувофиқ тўловни амалга оширади. Агар газни ҳисобга олиш приборисиз газ тармоғига уланган бўлса, фойдаланилган газ учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.

3-боб. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан
ўтказиш учун топшириш

15. Ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг вакили газни ҳисобга олиш приборини ва газни ҳисобга олиш приборининг ечиб олинганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхасини давлат қиёсловидан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топширади.Давлат метрология хизмати органи масъул ходими газни ҳисобга олиш прибори топширилганлигини тегишли журналга қайд қилиши лозим.

16. Газни ҳисобга олиш приборидаги давлат қиёсловидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни (ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, типи, маркаси, рақами ва газни ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичи) кўриш имкони бўлмаган тақдирда, давлат метрология хизмати органи газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун қабул қилишни рад этади.

17. Газни ҳисобга олиш прибори даврий қиёсловдан ўтказиш учун қабул қилинганда, ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти ва давлат метрология хизмати органи ўртасида шартнома тузилади.

Газни ҳисобга олиш прибори эксперт қиёсловдан ёки навбатдан ташқари давлат қиёсловидан ўтказилганда носоз деб топилса Истеъмолчи билан, соз деб топилса  ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти билан, давлат метрология хизмати органи ўртасида шартнома тузилади.

4-боб. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан
ўтказиш ва таъмирлаш

 18. Газни ҳисобга олиш прибори давлат метрология хизмати органи томонидан уч кун ичида давлат қиёсловидан ўтказилади.

19. Газни ҳисобга олиш приборини эксперт қиёсловдан ўтказишда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари иштирок этишлари мумкин.

Газни ҳисобга олиш прибори навбатдан ташқари давлат қиёсловидан ёки эксперт қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олинганда ҳисобга олиш прибори ушбу қиёсловни ўтказишни талаб қилган идора томонидан давлат қиёсловига тақдим этилади.

20. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, газни ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқли деб топилади ва давлат метрология хизмати органи томонидан ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти вакилига газни ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги ҳақида сертификат берилади.

21. Газни ҳисобга олиш прибори унинг ҳисоблаш механизми ва созлаш элементига ўзгартириш киритишнинг олдини олиш мақсадида давлат метрология хизмати органи томонидан пломбаланади.

22. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш натижаси салбий бўлган тақдирда, газни ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқсиз деб топилади ва шу куннинг ўзида бу ҳақда давлат метрология хизмати органи масъул ходими томонидан ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти вакилига хабар берилади.

23. Газни ҳисобга олиш прибори яроқсиз деб топилган тақдирда, истеъмолчи уни таъмирлаш учун таъмирлаш ташкилотларига топшириши ёки Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган ва давлат қиёсловидан ўтказилган бошқа газни ҳисобга олиш приборидан фойдаланиши мумкин.

24. Газни ҳисобга олиш приборини таъмирлаш ташкилоти томонидан техник текширишдан ўтказиш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.

25. Давлат метрология хизмати органининг масъул ходими таъмирланган газни ҳисобга олиш приборларини таъмирлаш ташкилотининг ўзида қиёсловдан ўтказиш ускунасидан фойдаланган ҳолда давлат қиёсловидан ўтказиши мумкин.

26. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказишнинг натижаси ижобий бўлган тақдирда, шу куннинг ўзида давлат метрология хизмати органининг масъул ходими газни ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштириб, газни ҳисобга олиш приборини пломбалайди.

5-боб. Давлат қиёсловидан ўтказилган газни ҳисобга олиш
приборини ўрнатиш

 27. Давлан қиёсловидан ўтказилган газни ҳисобга олиш прибори тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг ходимига топширилади

28. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти давлат қиёсловидан ўтган газни ҳисобга олиш приборини икки кун ичида ўрнатиб бериши лозим. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг мутахассиси газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишдан олдин унинг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларининг бутлигини текширади.

Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилотининг мутахассиси, газни ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатни тақдим қилиши лозим.

29. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти ташкилоти мутахассиси газни ҳисобга олиш приборини ўрнатгандан сўнг, Мажбурий ижро бюросининг ваколатли ходими билан биргаликда истеъмолчи иштирокида истеъмолчини газ тармоғига улаш штуцерларини пломбалайди ва икки нусхада мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг бир нусхасини истеъмолчига беради.

30. Газни ҳисобга олиш прибори ўрнатилгандан сўнг, газни ҳисобга олиш прибори рўйхатга олинади ва фойдаланилган газ, газни ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичига мувофиқ ҳисобланади.

6-боб. Якуний қоидалар

 31. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

32. Газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш натижаларидан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи орган ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Умумий таклифлар

2251