ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2805 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 14/03/2019 29/03/2019 25

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2805

Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва илмий-ижодий
фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида

 

          Сўнгги йилларда Республикада илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини модернизациялаш ва ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, иқтидорли ёшларни нуфузли миллий ва халқаро мусобақаларда ҳамда танловларда салмоқли натижаларга эришишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

          Мамлакатимизда ёш истеъдод соҳибларининг илмий-ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирлар натижасида умумтаълим мактаблари, академик лицей ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ҳар йили республика ва халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб келадилар. Бакалавриат ва магистратура талабалари, таянч докторантурада таҳсил олаётган изланувчилар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари таъсис этилган. Бакалавриат босқич талабалари орасида Беруний, Навоий, Улуғбек, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги 6 та давлат стипендияларига танловлар ўтказиб келинади. Мактаб, лицей, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 14 ёшдан 30 ёшдан ошмаган ёрқин истеъдод соҳибалари учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловлар ўтказиб келинмоқда.

          Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида 1378 нафар ёш олимлар, докторантлар ва талабаларни бирлаштирган Ёш олимлар кенгашлари фаолият юритмоқда. Ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар ассоциациясининг 151 нафар ёш тадқиқотчи ва талаба аъзоларидан 38 нафари илмий даражага эгадир.

          Шу билан бир қаторда, илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни жалб этиш натижалари таҳлили, мазкур соҳада қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан:

          биринчидан, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш доирасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш учун ёш малакали мутахассисларни танлаб олишда ёш олимлар ва иқтидорли ёшларнинг умумий маълумотлар базаси яратилмагани жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда;

          иккинчидан, ёшлар орасидан давлат мукофотлари лауреатлари, республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари билан тизимли ишлар олиб борилмай, уларга фақат қимматбаҳо мукофотлар ҳамда таълим жараёнида белгиланган айрим имтиёзлар бериш билан чекланиб қолинмоқда;

          учинчидан, иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни таниқли олимлар раҳбарлигида илмий-тадқиқот фаолиятида бирлаштирувчи ва илмий мактабларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ягона тизим мавжуд эмас. Вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар кенгашлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилмаган;

          тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини доимий аъзоларини кадрлар заҳираси билан тўлдириш масаласи кескинлигича қолмоқда, академикларни ўртача ёши ҳозирда 77 ёшни ташкил этади.

          Иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотлар соҳасига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни тубдан жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлашга қодир бўлган ёш илмий кадрлар корпусини шакллантиришга замин яратиш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда усутувор йўналишлар бўйича янги мактаблар яратиш чораларини амалга ошириш мақсадида:

          1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:

          Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси (кейинги ўринларда – Ёшлар академияси)ни ташкил этиш;

          Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг илмий даражага эга ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

          2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

          3. Ёшлар академиясининг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

          вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий ва интеллектуал баркамол этиб тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

          мактаб ва лицей ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ва илмий даражага эга ёш олимлар билан мақсадли ишлашни ташкил этиш;

          иқтидорли ва илмий-тадқиқотларни бажариш қобилиятига эга ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

          ёшларнинг илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, улар учун турли даражалардаги симпозиум, конференция, давра суҳбатлари каби илмий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш;

          ёшларнинг илмий кўникмаларини шакллантириш жараёнига хорижий олим ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, улар иштирокида семинар-тренинг ва маҳорат дарслари каби ўқув машғулотларини ўтказиш;

          иқтидорли ва илмий-тадқиқот фаолиятига лаёқатли ёшлар бўйича ягона маълумотлар банкини шакллантириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш;

          илмий ва инновацион стартап акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш ва уларни касбга йўналтириш чораларини ишлаб чиқиш.

          4.Ёшлар академиясида иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш:

          умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ўқувчиларидан давлат мукофотлари соҳиблари ва фан олимпиадалари ғолибларини “Ёш билимдонлар клубига”;

          олий таълим муассасалари талабаларидан давлат мукофотлари лауреатлари, давлат стипендиялари совриндорлари ҳамда фан олимпиадалари ғолибларини “Бўлажак олимлар клубига”;

          40 ёшгача бўлган илмий даража эгаларини “Бўлажак академиклар клуби”га аъзоликка қабул қилган ҳолда, уларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган мақсадли тадбирларни амалга ошириш асосида ташкил этилсин.

          5. Ёшлар академияси доирасида ўзининг фаоллиги, эришган ютуқлари салмоғи, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий тадқиқотлар олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни муносиб тақдирлаш учун “Ёш эрудит”, “Академик шогирди” ва “Ёш академик” кўкрак нишонлари таъсис этилсин.

          6. Белгилансинки:

          “Ёш эрудит” кўкрак нишони “Ёш билимдонлар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг уч баробар миқдоридаги;

          “Академик шогирди” кўкрак нишони “Бўлажак олимлар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдоридаги;

          “Ёш академик” кўкрак нишони “Бўлажак академиклар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан бирга тантанали равишда топширилади.

          7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги таркибида Ёшларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) ташкил этилсин ва у Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб белгилансин.

          Бошқарма Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармасини тугатган ҳолда, бўшайдиган бюджет маблағлари ҳисобига 5 та штат бирликлари ҳисобидан ташкил этилсин.

          8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ёшлар академиясининг Васийлик кенгаши таркибини тасдиқлаш юзасидан таклиф киритсин.

          Белгилансинки, Васийлик кенгаши таркиби давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, хусусий бизнес вакилларидан шаклланади ва унинг аъзолари Ёшлар академиясининг энг иқтидорли аъзоларига ҳомийлик юзасидан бириктирилади.

          9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида юридик шахс мақомисиз Ёшлар академиясининг Иқтидорли ёшларнинг илмий интилишларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма) ташкил этилсин.

          10. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

          давлат илмий-техника дастурларини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 0,75 фоизга тенг бюджет маблағлари;

          Ёшлар академияси Васийлик кенгаши аъзоларининг ихтиёрий равишда ажратилган маблағлари;

          халқаро молиявий институтлар, хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;

          жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозит хисобларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

          қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

          11. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин:

          клуб аъзоларини тегишли кўкрак нишони билан тақдирлаш ва бир марталик пул мукофотларини тўлаш;

          клублар фаолияти доирасида ёзги лагерларни ташкил этиш ва турли хил илмий-амалий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаш;

          “XXI аср технологиялари” журналининг ўн минг нусхасига обунасини молиялаштириш.

          12. Белгилансинки:

          Жамғарма маблағларини тасарруф этиш Ёшлар академияси томонидан амалга оширилади;

          Жамғарма маблағлари Ёшлар академиясининг вазифаларини бажариш учун фойдаланилади.

          13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

          давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган Ёш олимлар илмий-техник лойиҳаларини Ёшлар академияси аъзолари томонидан бажарилишини;

          давлат илмий-техника дастурлари доирасида Ёшлар академияси аъзолари учун янги илмий-техник лойиҳалар танловини ўтказишда ҳар бир лойиҳани молиялаштириш ҳажмини энг кам иш ҳақининг юз баробаридан кам бўлмаслигини таъминласин.

          14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ёшлар академиясига республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари, давлат мукофотлари соҳиблари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб борилишини таъминласин.

          15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ёшлар академиясига республикада 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этилишини таъминласин.

          16. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда:

          “Ёш билимдонлар клуби”, “Бўлажак олимлар клуби” ва “Ёш академиклар клуб”и тўғрисида;

          “Ёш эрудит”, “Академик шогирди”, “Ёш академик” кўкрак нишонлари тўғрисида низомларни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

          17. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини таъминласин.

          18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
             Президенти                                                                                       Ш. Мирзиёев

 

 

Умумий таклифлар

506