ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2774 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 13/03/2019 28/03/2019 1

Муҳокама якунланди

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2774

                    ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасида болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, болалар ўртасида ногиронликни олдини олиш ҳамда  эшитиш ва нутқида нуқсони бор болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1.Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги  Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.  

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири (А.Қ.Шадманов)га:

2019 йилдан бошлаб, болаларда эшитиш бузилишларини эрта ташҳислаш мақсадида туғруққа кўмак берувчи муассасаларда янги туғилган чақалоқларни скринингдан ўтказишни ташкил қилиш; 

карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни даволаш ва реабилитация қилишда инновацион технологияларни жорий қилиш ва ўрнатилган тартибда жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан кохлеар имплантларини  харид қилишни давом эттириш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан биргаликда кохлеар имплантларни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳамкорлигида Республиканинг барча минтақаларида карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни операциядан кейинги реабилитация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни ташкиллаштириш вазифалари юклатилсин.

3. Мазкур карорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                                                        А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг 

2019 йил  “_____”__________даги

______-сонли қарорига

ИЛОВА

 

 

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси (бундан буён матнда Давлат деб юритилади) бюджети маблағлари ҳисобига Давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирадиган муассасаларида (бундан буён матнда Муассаса деб юритилади)  кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун бемор болаларни танлаб олиш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Давлат бюджети маблағлари ҳисобига кохлеар имплантация операциялари ўтказиладиган Муассасаларга қуйидагилар киради:

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт маркази;

кохлеар имплантация операцияларини ўтказишга имконияти бўлган Давлат ва нодавлат тиббиёт марказлари;

2. Давлат бюджети маблағлари ҳисобига болаларда бажарилган кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари томонидан ишлаб чиқарилган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

3. Кохлеар имплантация операцияси бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда ижобий натижа беришини ҳисобга олиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантантлардан самарали фойдаланиш учун улар 5 ёшга тўлмаган болаларга бепул тақдим этилади.

4. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир беморга фақат бир томонлама кохлеар имплантация операцияси  бепул бажарилади.

5. 5 ёшга тўлмаган бемор болаларнинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийлари бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантант ҳисобига амалга ошириладиган кохлеар имплантация операциясини ўтказиш бўйича шакллантирилган навбатни кутишни истамаган тақдирда, имплантантни ўзлари сотиб олишлари мумкин.

II боб. Кохлеар имплантация операцияларини ўтказишга тайёрлаш тартиби

6. Бемор болаларга кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш ва бемор болаларни кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Муассасага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизмидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ худудий Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилган йўлланма асосида амалга оширилади.

7. Кохлеар имплантация операцияларини ўтказувчи Муассасада аудиологик, нур диагностикаси, сурдопедогогик, логопедик, психоневрологик, лаборатор ва бошқа махсус клиник текширувларни,   операциядан кейин нутқ процессорини  мослашни  ўтказиш шароити бўлиши керак. Агар Муассасада улардан баъзилари бўлмаган ҳолда кўрсатилган тадбирларни амалга оширувчи муайян давлат  ва нодавлат даволаш-диагностика муассасалари билан доимий асосда тузилган шартномалари бўлиши шарт. Бу даволаш-диагностика муассасалари хулосалари муассасанинг раҳбари имзоси ва муҳри  билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши керак. 

8. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тайёрланиши керак бўлган ҳужжатлар:

Муассаса ва бемор болаларнинг ота-онаси, унинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида кохлеар имплантация оперциясини ўтказиш ва ундан кейинги узоқ муддатли реабилитация тадбирларини ўтказишга тайёрлиги ва розилигини тасдиқловчи шартнома;

бемор боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва нусхаси;

бемор боланинг охирги бир ой ичида олинган 3х4 см ҳажмдаги фотосурати;

бемор боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт) ва нусхалари;

беморни тўлиқ текширишдан ўтказган ваколатли  даволаш-ташхислаш муассасасининг  амбулатор ёки/ва стационар карталарининг кўчирмаси;

масъул шифокор-оториноларинголог, сурдопедагог, психоневролог, невропатолог, педиатр, анестезиолог хулосалари, аудиологик, чакка суяклар МСКТ, бош мия ва чиғаноқ МРТ (CD 2 нусхада ёзилган бўлиши керак), ЭЭГ ва кўрсатма асосида бажарилган бошқа текшириш натижалари, текширув ўтказилган муассасасининг раҳбари имзоси ва муҳри  билан тасдиқланган хулосаси.

III боб. Кохлеар имплантация операциясини ўтказишга кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар

 

9. Қуйидаги ҳолатлар кохлеар имплантация операциясини ўтказишга кўрсатмалар ҳисобланади:

икки томонлама сенсоневрал карлик (ўртача товуш қабул қилиш  0,5, 1, 2, 4 кГц частоталарда  90 дБ дан ортиқ);

икки томонлама IV даражадаги эшитиш нейросенсор заифлашуви (ўртача товуш қабул қилиш 0,5, 1, 2, 4 кГц частоталарда  71 дБ дан ортиқ;

бир  томонда  IV ва бошқа томонда III даражадаги эшитиш нейросенсор заифлашуви мавжуд ва нутқни ва эшитишни ривожлантирувчи бошқа реабилитация тадбирлари етарли самара бермаган ҳолатлар;

бола илк ёшидан эшитиш аппаратидан доимий равишда фойдаланган ва самараси паст бўлганлигига қарамасдан оғзаки кўникмалар шаклланганлиги;

эшитиш аппарати қўлланилганда кўп бўғинли сўзларни 40 фоиздан, бир бўғинли сўзларни 20 фоиздан кам бўлмаган даражада англаш;

фақат паст, ўрта частотали товушларни, 1-2 метр масофадан шартли рефлектор реакциялари ёрдамида юқори частотали товушларни қабул қила олиш;

паст, ўрта ва юқори частотали  нутқсиз товушларга 3 метрдан кам бўлмаган масофадан беихтиёр ва ихтиёрий реакциялар мавжудлиги;

баланд товуш ва овозларни эшитиш реакцияларининг ривожланишида ижобий ўзгаришлар мавжудлиги;

имо-ишорадан фойдаланмаган ҳолда сўзловчининг юзидан унинг сўзлаётганлигини тушуниш;

овоз фаоллигининг ошиши, ундош ҳарфларга артикуляция товушларининг мавжудлиги;

оптимал танланган ва созланган эшитув мосламасидан олти ой мобайнида мунтазам фойдаланиш ижобий натижа бермаган, тақдирда.

10. Шаклланган икки томонлама сурункали карлик мавжуд болалар нутқи шакллангандан кейин  (постлингвал) навбат асосида;

11. Менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини икки томонлама йўқотган бемор болаларда, кохлеар имплантация операцияси ўтказишга қарши кўрсатмалар бўлмаган беморларга 6 ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга имплантат бепул асосида тақдим этилади. Бемор бола менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган вақт унинг касаллик тарихидан кўчирма асосида аниқланади ва 6 ой  давомида олиб борилган  реабилитация тадбирларини ўтказган муассаса раҳбари имзоси ва муҳри  билан тасдиқланган хулосаси  тақдим этилади.

12Қуйидаги ҳолатлар кохлеар имплантация операциясини ўтказишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:

 компьютер томографияси ва магнит резонанс томографияси натижаларига кўра, чиғаноқнинг электрод занжирини киритишга имкон бермайдиган даражада қисман ёки тўлиқ оссификацияси;

режали жарроҳлик муолажаларига мутлоқ қарши кўрсатма бўлувчи соматик касалликларнинг (ўрта қулоқнинг сурункали яллиғланиш касалликлари, юрак-қон томирлари, буйрак ва жигарнинг оғир касалликлари, қон касалликлари, қандли диабет, сил, захм, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ва бошқалар) мавжудлиги;

беморлар, бемор болаларнинг улар билан биргаликда яшовчи ота-оналарида кохлеар имплантация оперциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш ва кохлеар имплантдан фойдаланишни қийинлаштирувчи руҳий ва чуқур неврологик бузилишлар (аутизм, шизофрения, психопатия, аутоагрессия, эпилепсия, тутқаноқ синдроми, электроэнцефалограммада аниқланган тутқаноққа мойиллик) мавжудлиги;

ретрокохлеар касалликлар мавжудлиги, шу жумладан чиғаноқ ёки эшитув нерви йўқлиги, эшитув тизимининг юқори сатҳларидаги шикастланишлар, вестибуляр ўзгаришлар) аудитор нейропатиядан ташқари;

беморда, бемор боланинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийларида, кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш имконияти ва истаги йўқлиги.

Электроэнцефалограммада тутқаноққа мойиллик аниқланган болалар камида олти ой давомида ўз яшаш жойида невропатолог мутахассисида даволанганидан кейин қайта электроэнцефалограмма текширувидан ўтишлари мумкин.

IV боб. Кохлеар имплантация операциясини ўтказиш учун навбатни шакллантириш

 

13. Кохлеар имплантация операцияси бажарилиши зарур барча бемор болалар  танлов комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан кўрикдан ўтказилиши шарт.

14. Комиссия раис, раис ўринбосари ҳамда беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Комиссия таркибига кохлеар имплантация операцияси ўтқазиладиган муассасалар вакили киритилиши зарур. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан шакллантирилади.

15. Бемор болалар Муассасага илк қабул қилинган сана бўйича, мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган текширув хулосалари ҳамда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган қуйидаги ҳужжатлар асосида Комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади (бемор болалар  ҳужжатлар мажмуаси тўлиқ шаклланган кўринишда қабул қилинган сана бўйича навбатга қўйилади).

16. Комиссия мажлислари заруратга кўра ўтказилади.

17. Соғликни саклаш вазирлиги кохлеар имплантация  операциясини ўтказадиган Муассасага, кохлеар имплантларни Муассаса томонидан сўралган квота (операция сони) асосида тақсимлаб беради.

18. Кохлеар имплантация операциясини ўтказиш учун навбат операция бажариладиган Муассасадаги стационар ва амбулатор тиббий карта очилишининг илк санаси бўйича шакллантирилади.

19. Кохлеар операциясини ўтказадиган муассаса ўзининг навбатини шакллантиради ва квота бўйича комиссия томонидан кўриб чиқилади.

20. Кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра, Комиссия томонидан кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш ҳақида асослантирилган хулоса қабул қилинади.

21. Комиссия йиғилишига Комиссия раиси, Комиссия раиси бўлмаганда унинг ўринбосари раислик қилади. Комиссия хулосаси унда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

22.  Кохлеар имплантация операцияси Комиссиянинг кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ҳақидаги ижобий хулосасига асосан навбатма-навбат ўтказилади.

23. Бемор болалар Комиссия кўригидан ўтказилган сана бўйича, Комиссиянинг бир мажлиси давомида кўрикдан ўтказилган бемор болалар   ҳужжатлар мажмуаси  тўлиқ шаклланган кўринишда қабул қилинган сана бўйича навбатга қўйилади. Комиссия операция ўтказилишига тавсия этган беморлар рўйхати асосида Муассасалар рўйхат ва уларда кохлеар имплантация операциясини ўтказиш вақти акс эттирилган жадвални тузади.

24. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилган уч ёшгача бемор болаларда уч йил, уч ва ундан катта ёшдаги беморларда камида беш йил давомида операцияни ўтказган Муассаса томонидан кохлеар имплантация операциясидан кейинги нутқ процессорини мослаш ва реабилитация тадбирлари ўтказилиши зарур.

25. Бемор, бемор болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари ҳақида Комиссия кўригидан ўтиш вақтида хабардор қилинишлари лозим.

26. Беморларнинг кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларида иштирок этишларини мониторинг қилиш мақсадида беморда кохлеар имплантация операцияси ўтказилганлиги ҳақида икки ҳафта ичида операцияни ўтказган Муассаса томонидан беморнинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабар берилади.

27. Беморлар кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бошлаб тўрт ҳафта ичида нутқ процессорини ишга тушириш учун операцияни ўтказган Муассасага келишлари лозим.

28. Нутқ процессори Муассасанинг аудиолог мутахассислари томонидан ишга туширилади. Нутқ процессорининг кафолати ва эҳтиёт қисмлари бемор, бемор боланинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ёзма равишда топширилади ҳамда уларга нутқ процессоридан фойдаланиш шартлари тушунтирилади.

29. Нутқ процессори Муассасанинг аудиолог мутахассислари томонидан қуйидаги муддатларда созлаб турилади:

биринчи сoзлаш - нутқ процессори ишга туширилган пайтда, яъни кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бошлаб тўрт ҳафтадан кейин;

иккинчи созлаш - биринчи созлаш ўтказилган кундан ўн саккиз-йигирма кундан кейин;

учинчи созлаш - иккинчи созлаш ўтказилган кундан тўрт ҳафтадан кейин;

учинчи созлашдан кейинги созлашлар — кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бир йил давомида ҳар ойда, иккинчи йил давомида ҳар чоракда, учинчи йил давомида ҳар олти ойда.

30. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан уч йил ўтгач, нутқ процессори Муассасанинг аудиолог мутахассислари томонидан ҳар йили бир марта профилактик кўрикдан ўтказилади.

31. Реабилитация даври Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Халк таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда  олиб борилади. Нутқ ривожланган сари болани социал интеграцияси учун мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида инклюзив гуруҳларда реабилитацияни давом эттиришлари керак.

32. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилишига муҳтож бўлган беморларни аниқлаш, уларни Муассасага юборилишини таъминлаш ҳамда беморларнинг кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларида иштирок этишини мониторинг қилиш бўйича масъулият туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

33. Бемор болаларни кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Муассасага қабул қилиш худудий Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилган йўлланмага мувофиқ юборилишини таъминлаш бўйича масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

34. Вазирликларга болаларни кохлеар имплантация ёрдамида операция натижалари бўйича олиб борилаётган ишлар, улардаги муаммолар ва таклифлар бўйича хулоса ва ҳисоботлар тайёрлаш Муассаса зиммасига юклатилсин.

35. Беморлар, бемор болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар нутқ процессори ва унинг эҳтиёт қисмларидан эҳтиёткорона фойдаланилиши учун масъулдирлар.

36. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Умумий таклифлар

1068