ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2758 Министерство юстиции Республики Узбекистан 12/03/2019 27/03/2019 1
“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
ID-2758

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси”
кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ–5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони 7-банди ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг буюртмасига асосан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаcининг белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.

4. “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ Давлетов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                              А. Арипов

                                                                         Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

                                                                          “____” _____________ даги ___-сон қарорига

                                                                         1-илова

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш

учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш

 

4. Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 1 октябрга қадар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига (кейинги ўринларда ҳудудий адлия органлари деб аталади) тақдим этилади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 октябрга қадар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг объективкаси, сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда ҳуқуқий онг
ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ижобий ишлар тақдим этилади.

5. Ҳудудий адлия органлари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка тақдим этилади.

Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари мазкур Низомнинг 4-банди биринчи хатбошисида белгиланган ҳолатларни истисно қилган ҳолда ўз ташаббусига кўра ҳам номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка таклиф киритиши мумкин.

6. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири (кейинги ўринларда адлия вазири деб аталади) ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.

7. Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда уларнинг аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, бу борадаги фаоллиги, оммавий ахборот воситаларида чиқишлари сони ва уларнинг самарадорлиги инобатга олинади.

Бунда ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган видеороликларнинг тайёрланганлиги, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали услубларнинг ишлаб чиқилиши номзодда устунлик касб этади.

3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш

 

8. Комиссия хулосаси асосида адлия вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади.

9. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами арафасида адлия вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

10. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилинади.

11. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Бирйўла тўланадиган пул мукофоти вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан топширилади.

12. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.

13. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар 

14. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир. 

15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “____” _____________ даги
___-сон қарорига

2-илова

 

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси”
кўкрак нишонининг

ТАВСИФИ

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд томони марказ қисмида одам шаклидаги тилла рангда адолат рамзи бўлган тарози тасвирланган. Тарози адолат, одиллик ва қонунийликни англатади.

Тарозининг пастки қисмида бешта чизиқдан иборат йўл тасвирланган бўлиб, улар адолат ва ҳақиқатга элтувчи йўлларни билдиради.

Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган сариқ рангдаги доира ичида “HUQUQIY TARG‘IBOT ISHLARI A’LOCHISI” сўзлари тилла рангда ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2,3 миллиметр, ёзувлар зарҳалланган. Унинг пастки қисми марказида фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи дафна япроқлари тасвирланган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида олти қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган “Huquqiy madaniyatni yuksaltirishga qoshgan munosib hissasi uchun” сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни ‒ 26 миллиметр, бўйи ‒ 17 миллиметрдан иборат. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг марказидан эни 6 миллиметрли кўк йўл ўтган. Унинг ҳар икки тарафидан эни 1 миллиметрли кўк, эни 2 миллиметрли яшил ва эни 5 миллиметр бўлган оқ рангдаги йўллар туширилган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

 

 

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси”
кўкрак нишони

 

Олд томони

 

Орқа томони

 

 

huquqiy targibit alochisi — копия1  

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “____” _____________ даги
___-сон қарорига

3-илова

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси”
кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ яшил рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3,5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда “HUQUQIY TARG‘IBOT”, иккинчи сатрда “ISHLARI A’LOCHISI” (катта ҳарфларда, “Times new Roman Bolt” шрифти, 12-кегль), учинчи сатрда “ko‘krak nishoni” (“Times new Roman Bolt” шрифти, 12-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда “GUVOHNOMASI” (катта ҳарфларда, “Times new Roman Bolt” шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) “Тангир” тасвири туширилган оч яшил рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан
8 миллиметр пастда, марказда “GUVOHNOMA” (катта ҳарфларда, “Times new Roman Bolt” шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун “№” белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

“GUVOHNOMA” сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи
8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 2 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда “O‘zbekiston Respublikasi”, иккинчи сатрда “Adliya vazirining” (“Times new Roman Bolt” шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда “20__ y. “___” ___________dagi”, иккинчи сатрда “____-son buyrug‘iga asosan” (“Times new Roman Bolt” шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи cатрда “HUQUQIY TARG‘IBOT ISHLARI A’LOCHISI” (катта ҳарфларда, “Times new Roman Bolt” шрифти, 14-кегль), иккинчи сатрда “ko‘krak nishoni bilan mukofotlanadi” (“Times new Roman Bolt” шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда “Vazir” (“Times new Roman Bolt” шрифти, 10-кегль) сўзи ёзилган.

huquqiy targibit alochisi — копия3

 

 

 

 

 

 



 

huquqiy targibit alochisi — копия2

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори
лойиҳаси бўйича

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

 

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ–5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа) ишлаб чиқилди.

Лойиҳанинг мақсади аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини рағбатлантиришдан иборат.

Лойиҳа билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланмоқда.

Шунингдек, “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш схемаси белгиланмоқда.

Лойиҳада кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилиши қайд этилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари
ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларини талаб этмайди.

Лойиҳанинг қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни
ўз кучини йўқотган деб топиш талаб этилмайди.

 

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси билан келишилган.

 

 

Вазир                                                                          Р. Давлетов

Умумий таклифлар

180