ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2732 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 09/03/2019 24/03/2019 7

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
РЕПРОДУКТИВ ЁШДАГИ АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАРГА ТИББИЙ ЁРДАМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
ID-2732

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

РЕПРОДУКТИВ ЁШДАГИ АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАРГА ТИББИЙ ЁРДАМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ТЎҒРИСИДА

 

Ўзбекистон Республикаси Прездиентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5590-сонли фармонининг ижросини таъминлаш, шунингдек оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

  1. Аёллар саломатлиги, туғилиш ва соғлом авлодни ривожлантириш учун устувор йўналишлар деб қуйидагилар ҳисоблансин:

аҳоли репродуктив саломатлиги, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уларни халқаро стандартларга мослаштириш;

соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларида аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш;

бола ривожланиши бузилишларини эрта аниқлаш ва тузатиш ҳамда кам вазнли болаларни парвариш қилиш тизимини яратиш;

аёллар, ўсмирлар ва болаларга малакали, ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий инфратузилмани ривожлантириш;

болалар ва ҳомиладор аёллар учун ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатадиган тиббий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

ривожланишида нуқсони бор ногиронлиги бўлган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва соғломлаштириш, уларнинг жамиятда тўлиқ иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

умумий педиатр шифокори, акушер-гинеколог ва дояларнинг малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

болалар отоларингология ва болалар стоматология хизматини қайта кўриб чиқиш;

соғлом фарзандларни туғилиши ва тарбиялаш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш истагини шакллантириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда уч ой муддатда “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ҳамда болаларга тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар дастури”ни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Мазкур ишлаб чиқиладиган Дастур лойиҳасида болалар ва аёллар аҳолиси учун замонавий, юқори технологик, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда қулай ва сифатли тиббий хизматни таъминлаш мақсадида қуйидагилар ташкил этилиши назарда тутилсин:

а) бирламчи тизимда - туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлими;

б) шифохона тизимида - туман (шаҳар) болалар шифохоналарида бемор болаларга туну-кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиладиган навбатчи бирлиги;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги болалар шошилинч ўрин-жойларини оптималлаштириш ҳисобидан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология, реанимация ва интенсив терапия бўлимлари;

в) Тошкент шаҳридаги 2-сонли шаҳар болалар жарроҳлик клиник шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази;

2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларидаги жарроҳлик бўлимлари негизида ҳудудлараро болалар жарроҳлик марказлари.

Белгилансинки, ташкил этиладиган Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказининг ўринлар фонди ва штат бирликлари Республика болалар кам инвазив ва эндовизуал хирургия илмий-амалий маркази, Тошкент шаҳар 2-сонли болалар жарроҳлик клиник шифохонаси ва Республика Перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия бўлимини оптималлаштириш ҳисобига ташкил этилади.

г) Тошкент тиббиёт академиясининг 2-сонли клиникаси туғруқ комплексида янги туғилган чақалоқлар реанимация ва интенсив терапияси;

д) Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ўрнига “Аҳоли репродуктив саломатлиги республика ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот маркази”;

е) Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказининг Болалар реабилитацияси бўлими негизида “Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия маркази”;

2021 йил 1 январдан Хоразм ва Самарқанд вилоятларида сурункали касаллиги ва ногиронлиги бўлган болалар учун ҳудудлараро болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказлари;

2022 йил 1 январдан Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳудудлараро болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказлари;

Белгилансинки, Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказининг ўринлар фонди ва штат бирликлари Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази ва Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази болалар бўлимини оптималлаштириш ҳисобига ташкил этилсин.

4.  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда мавжуд штат бирликлари ҳамда ажратилган маблағлар доирасида ташкил этилаётган янги марказларнинг низом ва таркибий тузилмасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда қуйидагиларнинг штат меъёрларини қайта ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

“Республика қизлар саломатлиги маркази” ва 14 та “Худудий қизлар саломатлик марказлари”;

туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларда туман (шаҳар)ларда истиқомат қилаётган 18 ёшгача болалар ҳисобидан “Болалар бўлими”, 18 ёшгача қизлар ҳисобидан “Қизлар саломатлик маркази” ҳамда 18 ва ундан катта ёшдаги аёллар ҳисобидан “Аёллар маслаҳатхонаси”.

Белгилансинки, туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларда “Болалар бўлими” ва “Аёллар маслаҳатхоналари” штат бирликлари амалдаги умумий амалиёт шифокорларига юклатилган вазифаларни кўриб чиқиб, уларнинг вазифаларидан болалар масалалари ҳамда  аёллар ва репродуктив саломатлик масалаларини олиб ташлаган ҳолда, умумий амалиёт шифокорларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан ҳамкорликда “Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази”, “Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия маркази” ва “Аҳоли репродуктив саломатлиги республика ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот маркази”ларини бино ва иншоотларни курилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ биноларни жиҳозлаш, шунингдек тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш лойиҳаларини 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларига киритилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази”, “Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия маркази” ва “Аҳоли репродуктив саломатлиги республика ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот марказ”лари фаолиятини замонавий ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида:

марказлар олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажариш қобилиятига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан таъминласин;

2019 йил якунига қадар Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда далилларга асосланган тиббиётга асосланиб замонавий даволаш-диагностика хизматлари бўйича услуб ва технологияларини киритган ҳолда, клиник протоколларни, диагностика ва касалликларни даволаш стандартларини қайта кўриб чиқсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига оналик
ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари лавозимини киритиш таклифи маъқуллансин.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бошлиқ ўринбосарига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир Давлат дастурларини амалга оширилиши ва татбиқ этилишини доимий мониторинг қилиш;

оналар, гўдаклар ва болалар касалланишини, ўлимини олдини олиш, ногиронлик билан туғилишнинг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёллар пренатал скринингини амалга ошириш, шунингдек перинатал ва неонатал ёрдамни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириш;

далилларга асосланган тиббиёт асосида ишлаб чиқилган клиник протокол ва даволаш стандартларини татбиқ қилиш орқали дори воситаларидан рационал фойдаланган ҳолда болалар касалликларини даволаш самарадорлигини назорат қилиш;

оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ҳизмат ҳолатини баҳолаш ва мониторинг қилиш, статистик ва демографик маълумотларни таҳлил қилиш.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарор билан кўзда тутиладиган тадбирлар учун 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Соғлиқни сақлаш” соҳасига ажратилган бюджет маблағлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида зарур бўлган маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда хорижий мамлакатлар, халқаро молиявий ташкилотлар грантлари ва имтиёзли кредитларини ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларини жалб қилган ҳолда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш муассасаларини юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар  билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маҳалла жамғармаси билан ҳамкорликда бир ой муддатда ўсмирлар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш масалалари бўйича маънавий-ахлоқий  қадриятларга асосланган ҳолда умумий таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари талабалари учун маҳсус дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов  зиммаларига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон

Республикаси Президенти

 

Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар

1377