ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2708 Министерство финансов Республики Узбекистан 06/03/2019 21/03/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2708

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш тартиби

тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” 2019 йил 15 февралдаги ПҚ–4193-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

      Бош вазири                                                           А. Арипов

 

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “_______________

 _____сон қарорига

ИЛОВА

 

Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон қарорига мувофиқ солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) бериш, қайта расмийлаштириш, амал қилишни тугатиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар ишлатилади:

солиқ маслаҳатчиси - малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;

талабгор - малака сертификатини олишга талабгор бўлган жисмоний шахс;

  малака имтиҳони - солиқ маслаҳатчиси  қуйилган талабларга талабгорнинг мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан ўтказиладиган имтиҳон;

  малака сертификати - солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи жисмоний шахсга бериладиган ҳужжат.

2. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олган йилнинг кейинги йилидан бошлаб ҳар йили 25 соатлик малака ошириш дастури бўйича малака ошириш курсларини ўтиши шарт.

 

2-боб. Талабгорга қўйиладиган малака талаблари

 

3. Малака имтиҳонини топшириш учун талабгор қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:

олий маълумотга эга бўлган;

солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсини ўтаган;

олий таълим муассасасини тамомлаганидан кейин камида беш йиллик, шу жумладан, иқтисодий ёки юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс талабгор бўлиши мумкин.

4. Солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсини белгиланган тартибда аккредитация қилинган давлат ва нодавлат таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади)  томонидан тасдиқланган ўқув дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) асосида амалга оширади.

 

3-боб. Малака имтиҳонини топшириш тартиби

 

5. Малака имтиҳонини ўтказиш учун Вазирлик томонидан комиссия раисини ҳисобга олган ҳолда тўрт кишидан кам бўлмаган таркибда малака имтиҳони комиссияси ташкил қилинади.

Малака имтиҳони комиссияси таркибига Вазирлик ходимлари ва Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палата  вакиллари киритилади.

6. Малака имтиҳони комиссияси таркиби ҳар бир малака имтиҳони учун алоҳида тузилади ва доимий ҳисобланмайди.

7. Малака имтиҳони комиссияси қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади ва малака имтиҳон комиссияси раиси ҳамда барча аъзолари томонидан имзоланади.

8. Талабгор малака имтиҳонини топшириш учун қуйидаги ҳужжатларни Вазирликга тақдим этади:

а) мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза;

б) паспорт нусхаси (чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - яшаш учун гувоҳномасининг нусхаси);

в) олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг  ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувоҳномасининг нусхаси;

г) меҳнат дафтарчасининг нусхаси (меҳнат стажини тасдиқловчи "Электрон меҳнат дафтарчаси" тизимидан кўчирма);

д) 3 х 4 ҳажмдаги 2 та фотосурат;

е) солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси (агар ўқиш тугаган санадан бошлаб ҳужжатларни топшириш санасига қадар уч йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса, у ҳақиқий деб топилади). Агар дастурнинг айрим бўлимлари турли таълим муассасаларида ўрганилган бўлса, у ҳолда тегишли ўқувларни ўтаганлиги тўғрисида ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилади;

ж) малака сертификатини олиш учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси.

Талабгордан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

9. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан Вазирликка шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали уларни олинганлигини тасдиқловчи хабарнома билан бирга топширилади.

10. Вазирлик ариза тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида талабгорнинг малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

11. Вазирлик қуйидаги асосларга кўра малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этади:

а) талабгор мазкур Низомнинг 3-банди талабларига жавоб бермаганда;

б) мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этганда.

Талабгорни бошқа асосларга кўра малака имтиҳонини топширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

12. Талабгорнинг малака имтиҳонини топшириши рад этилган тақдирда Вазирлик томонидан тегишли қарор қабул қилинади ва талабгорга рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда, қабул қилинган қарор ҳақида уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

13. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилган талабгор рад этишга сабабчи бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза бериши мумкин.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилгандан сўнг даъвогар бир йил ичида қайта мурожаат этса малака сертификатини расмийлаштириш ва бериш учун тўлов қайта тўламайди.

14. Талабгорнинг малака имтиҳонини топширишига рухсат бериш юзасидан қарор қабул қилинганида у малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган шахслар рўйхатига киритилади ва рўйхат малака имтиҳони бошланишидан олдин имтиҳон комиссиясига топширилади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

15. Малака имтиҳонини ўтказиш тўғрисидаги маълумот, уни ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки кундан кечиктирмай Вазирликнинг ва Ўзбекистон Солиқ маслахатчилари палатасининг веб-сайтларида жойлаштирилади.

16. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар уни ўтказиш санаси, вақти ва жойи ҳақида малака имтиҳони ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин почта ёки электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.

17. Малака имтиҳони комиссиясининг сони ва шахсий таркиби, шунингдек иш регламенти Вазирлик томонидан тасдиқланади.

18. Малака имтиҳонини топширишда талабгорлар паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг асл нусхаларини тақдим этади.

19. Талабгор паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг асл нусхаларини тақдим қилмаган тақдирда малака имтиҳонига қўйилмайди ва малака имтиҳонига келмаган ҳисобланади.

Бунда талабгор навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади.

20. Агарда талабгор Вазирликга ҳужжатларни топширган вақтдан бошлаб икки маротаба малака имтиҳонига келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар унга қайтарилади. Бунда малака сертификатини олиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

21. Талабгор томонидан ҳужжатларни қайта топшириш мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Малака имтиҳони тест синови усулида компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилади.

23. Тест саволлари Вазирлик томонидан Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Тест саволларига киритилган фанлар бўйича мавзулар Вазирликнинг веб-сайтига жойлаштирилади.

Тест саволлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.

24. Тест синови қуйидаги бўлимлар бўйича 60 та саволдан иборат бўлади:

юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортиш - 25;

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи - 15;

солиқ ҳуқуқи, иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва солиқ маслаҳати беришнинг ҳуқуқий асослари - 20.

Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун уч соат вақт тақдим этилади.

Талабгорнинг тўғри жавоблар бўйича якуний натижаси 75 фоиз ва ундан юқори кўрсаткични ташкил қилган бўлса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.

25. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгорга беш иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатлари буюртма хати орқали қайтариб юборилади.

26. Малака имтиҳони ўтказилаётган пайтда қонун ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан, уяли телефондан (шу жумладан калькулятор сифатида) фойдаланиш, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш тақиқланади.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади.

Ўзи билан бирга ичимлик суви, дори ва малака имтиҳонини топшириш учун зарур бўлган бошқа воситалар (кўзойнак, линзалар) бўлишига рухсат этилади. Талабгорнинг барча шахсий буюмлари, шу жумладан уяли телефон (ўчирилган ҳолатда) махсус ажратилган жойда сақланади.

27. Бегона шахсларни тест синовлари ўтказилаётган хонага киритилишига йўл қўйилмайди.

28. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор, малака имтиҳонини топширган санадан камида бир ой ўтгандан сўнг малака имтиҳонини қайта топшириш учун ариза тақдим қилиши мумкин.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтарилмайди.

29. Малака имтиҳони натижалари малака имтиҳони ўтказилган куни малака имтиҳони комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади.

30. Малака имтиҳон натижалари Вазирликнинг расмий веб-сайтида малака имтиҳони ўтказилганидан сўнг икки кундан кечикмай эълон қилинади.

31. Малака имтиҳони комиссиясининг баённомалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазирликда сақланади.

 

 

 

4-боб. Малака сертификатини расмийлаштириш

ва бериш

 

32. Малака сертификати мазкур Низомнинг 2 иловасида келтирилган шаклда сертификатнинг махсус бланкасида расмийлаштирилади.

Малака сертификати чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади.

33. Малака сертификати бланкаси қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланиб, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Малака сертификати бланкаси ва унинг иловаси қонунчиликда белгиланган тартибда нашриёт йўли билан Вазирликнинг буюртмасига биноан тайёрланади.

34. Малака сертификати Вазирлик томонидан малака имтиҳони комиссияси баённомалари олингандан кейин 10 кун муддатда расмийлаштирилади ва солиқ маслаҳатчиси ёки ишончнома асосида унинг вакилига солиқ маслаҳатчилари реестрига имзо қўйилгач берилади.

 

5-боб. Малака сертификатининг қайта расмийлаштириш ва

 дубликат бериш тартиби

 

35. Солиқ маслаҳатчисини фамилияси, исми, шарифи ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан сўнг бир ой ичида Вазирликка мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган малака сертификатининг асл нусхаси ва тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун солиқ маслаҳатчисидан энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

36. Малака сертификатининг қайта расмийлаштирилиши солиқ маслҳатчиси томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб уч иш куни мобайнида амалга оширилади, бунда аввалги рақам кўрсатилган малака сертификатининг янги бланкаси берилади, илгари берилган малака сертификат бланкаси Вазирлик томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.

37. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган малака сертификатининг ўрнига солиқ маслаҳатчисининг мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда малака сертификатини дубликатини бериш ҳақидаги аризасига кўра малака сертификатининг дубликати берилади.

38. Малака сертификатининг дубликатида унинг аввалги қайд этилган рақами янги бланканинг юқоридаги бурчагида “Дубликат” ёзуви кўрсатилган бўлиши керак.

Яроқсиз ҳолга келган малака сертификати Вазирликка қайтарилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиниши лозим.

39. Дубликат беришда аудитордан энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

6-боб. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш

ва уни бекор қилиш тартиби

 

40. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

солиқ маслаҳатчисининг аризаси;

солиқ маслаҳатчиси томонидан солиқ маслаҳати бериш давомида олинган маълумотлар мижознинг (ишонч билдирувчининг) ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганлиги;

солиқ маслаҳатини амалга оширишда бир йил ичида икки марта қонун ҳужжатларини бузиш содир этилганлиги;

солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда уч йил мобайнида иштирок этмаганлиги, шунингдек малака оширишни белгиланган тартибда ўтамаганлиги;

малака сертификатини солиқ маслаҳатида иштирок этиш учун фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилганлиги фактининг аниқланганлиги;

муайян лавозимларни эгаллаш ёки молия-хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги.

41. Малака сертификатининг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

40-банднинг учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича малака сертификатининг амал қилиши тугатилган шахс малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида Вазирликга малака сертификати олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

42. Малака сертификатини бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

Вазирликнинг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганлиги;

малака сертификатининг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги.

43. Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор малака сертификати берилган санадан эътиборан амал қилади.

42-банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича малака сертификати бекор қилинган шахс малака сертификати бекор қилинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида Вазирликга малака сертификати олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

44. Малака сертификатини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

45. Малака сертификатини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори беш кунлик муддатда солиқ маслаҳатчиси ва ушбу солиқ

маслаҳатчислари ташкилоти номидан солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатаётган ташкилотига юборилади.

46. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бекор қилиш ёки амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб 10 кун мобайнида ўз малака сертификатини Вазирликка белгиланган тартибда йўқ қилиш учун қайтариши шарт.

47. Вазирликнинг малака сертификатини амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

 

7-боб. Солиқ маслахатчилари реестри

 

48. Вазирлик томонидан солиқ маслаҳатчилари реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

малака сертификатини олиш санаси, олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР);

малака сертификатининг рақами, берилган санаси;

ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот;

малака сертификатининг амал қилиши тугатилганлиги, бекор қилинганлиги, қайта расмийлаштирилганлиги ҳамда дубликат берилганлиги тўғрисида маълумотлар.

49. Вазирликнинг веб-сайтида солиқ маслаҳатчилари реестри билан танишиш учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ  маслаҳатчиси фамилияси, исми, отасининг исми;

малака сертификатининг рақами, берилган санаси;

солиқ маслаҳатчиларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги маълумот (йил якуни бўйича);

малака сертификатининг амал қилишини тугатиш, бекор қилиш ва дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.

 

8-боб. Якуний қоидалар

 

50. Мазкур Низомни бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

51. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини

бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМга

1-Илова

 

        

 

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлигига

_____________________________________

(яшаш манзили)

 

___________________________________да

 

яшовчи _____________________________

 

__________________________________дан

(ариза берувчи Ф.И.О.)

 

_____________________________________

(алоқа телефони)

 

_____________________________________

(электрон манзили)

 

 

 

АРИЗА

 

Менга солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонини топширишга, дубликат бериш/қайта расмийлаштиришга* рухсат беришингизни сўрайман.

 

Аризага қўйидагилар илова қилинади:

1. _________________________________________________________

2. _________________________________________________________

3. _________________________________________________________

4. _________________________________________________________

5. _________________________________________________________

6.__________________________________________________________

 

20___ йил "_____" __________

 

Шахсий имзо ______________________

 

*) Керакли сўзларни тагига чизинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини

бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМга

2-Илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

 

СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИСИНИНГ

МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

 

№ 000000

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 20___ йил ___ __________ даги ______ -сонли буйруғига мувофиқ ушбу сертификат билан

      

(солиқ маслаҳатчисининг Ф.И.О.)

 

          

(паспорт рақами ва серияси, қачон ва ким томонидан берилган)

      

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган солиқ маслаҳатчилари ташкилоти номидан солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатиш ҳуқуқи тасдиқланади.

 

Мазкур сертификат паспорт тақдим этилганда ҳақиқийдир.

 

Ваколатли шахс:

 

 

 

 

(Ф.И.О.)

 

(имзо)

 

Сертификат берилган сана: 20___ йил ___ ______________

 

Реестр бўйича тартиб рақами: __________________________

 

Тошкент ш.                                                                                             М.Ў.

 

 

 

Умумий таклифлар

828