ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2674 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 04/03/2019 19/03/2019 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўқитиш ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ва фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ишларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2674

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўқитиш ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ва фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ишларни такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, курсант ва талабаларнинг назарий билимларини ҳуқуқни қўллаш амалиётда татбиқ этиш бўйича амалий кўникмаларини шакллантириш имконини берадиган сифат жиҳатдан янги тизимни жорий этиш, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимлари ва фуқаролар йиғини раисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Адлия вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ёнғин хавфсизлиги институти, Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ва Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасалари)нинг юқори натижалар қайд этган курсант (талаба)лари ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Адлия вазирлиги томонидан икки ой муддатда таркибидаги олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсант (талаба)лари ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш тартиби тўғрисида идоравий ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасининг ички ишлар органлари терговчилари (кейинги ўринларда – терговчилар)нинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида етук амалиёт ходимлари, малакали профессор ва ўқитувчилар ҳамда экспертларни жалб қилган ҳолда малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Ички ишлар органлари терговчиларининг малакасини ошириш тизимини жорий этишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни
ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилиш кўникмасини мустаҳкамлаш;

терговчиларнинг билим ва малакасини оширишда инновацион техника ва воситалардан фойдаланиш ҳамда янги иш услубларини ўргатиш;

терговчиларнинг ўта мураккаб, шу жумладан уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича малакасини ошириш;

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда Бош прокуратура билан биргаликда:

ички ишлар органлари терговчиларининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академиясида малака ошириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ички ишлар органлари терговчиларини мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида малакасини ошириш бўйича режасини тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳокимлар ва маҳалла раислари учун малака ошириш курсларининг таълим дастурларига ҳуқуқшуносликка оид ўқув соатлари ажратилишини таъминласин.

6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш _______________ зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                       А. Арипов

Умумий таклифлар

756