ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2621 Министерство народного образования Республики Узбекистан 01/03/2019 16/03/2019 33

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш ва экспертларга ҳақ тўлаш тўғрисида
ID-2621

Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш ва экспертларга ҳақ тўлаш тўғрисида

 

Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқувметодик мажмуаларни экспертиза қилиш ва тақризлар бериш жараёнида иштирок этган амалиётчиўқитувчи, методист, олим ва мутахассисларга иш ҳақи тўлаш тизимини яратиш ва жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган, умумий ўрта таълим мактаблари учун яратиладиган дарслик ва ўқувметодик мажмуаларни экспертиза қилиш ва экспертларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда:

икки ой муддатда умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқувметодик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш учун барча фан йўналишларида доимий фаолият юритадиган экспертлар гуруҳини шакллантирсин ва рўйхатини тасдиқласин;

экспертиза натижалари ва хулосаларига мувофиқ дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни такомиллаштириб борсин;

3. Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда:

умумий ўрта таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан дарсликларни экспертизадан ўтказганлиги ва асосланган хулосалар берганлиги учун эксперт-мутахассислар (тақризчилар) гуруҳига шартнома асосида ҳақ тўлашни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш чораларини кўрсин ва тўловлар миқдорини белгиласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш. Шерматов зиммасига юклансин.

Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш ва экспертларга ҳақ тўлаш
тартиби тўғрисида
НИЗОМ
 
 
1-боб. Умумий қоидалар
 
1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш ва экспертларга ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.
2. Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарслик ва ўқув-методик мажмуалар – экспертиза объекти бўлиб ҳисобланади.
Умумий  ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида дарсликлар мазмунининг умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига, ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятларига, илм-фан ютуқларига мувофиқлиги, таълимнинг тегишли босқичи учун ўқув фанининг изчиллиги таъминланганлигини баҳолаш – экспертизанинг  вазифаси ҳисобланади.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
эксперт ‒ Халқ таълими  вазирлиги (кейинги ўринларда – вазирлик деб юритилади) томонидан экспертиза ўтказишга чақирилган шахс, муайян соҳа мутахассиси;
экспертиза мутахассислар иштирокида уюштирилган текшириш;
экспертлар гуруҳи – вазирлик ҳузурида вазирликнинг буйруғи билан ташкил этиладиган турли фан йўналишлари бўйича оригинал-макетларни баҳоловчи мутахассислардан иборат гуруҳ;
дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан
ўтказиш 
 вазирлик томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг сифатини экспертлар иштирокида текшириш;
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш – вазирлик ҳузурида ташкил этилган Умумий ўрта таълим тизими учун Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш;
Ишчи органи вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг Ишчи органи ҳисобланади;
Экспертиза хулосаси вазирлик томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг сифатини экспертлар иштирокида текшириш якунлари, мантиқий натижаси.
4. Мазкур Низом талабалари вазирлик томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг сифатини экспертлар иштирокида текшириш жараёни ва экспертларга ҳақ тўлаш масалаларига нисбатан татбиқ этилади.
5. Вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) дарслик ва ўқув-методик мажмуаларини экспертиза қилиш жараёнини ташкил этиш учун вазирликнинг ишчи органи ҳисобланиб, Марказ қошидаги фанлар йўналишида ташкил этилган Илмий-методик кенгаш аъзолари ва доимий фаолият олиб борадиган экспертлар томонидан дарслик ва ўқув-методик мажмуаларини экспертизаси учун керакли материаллар ҳамда шарт-шароитларни яратади.
 
2-боб. Дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан 
ўтказиш учун экспертларга қўйиладиган талаблар
 
6. Экспертиза жараёнига олий маълумотли ва камида беш йиллик иш стажига ҳамда таълим соҳасида ютуқларга эга бўлган, яъни фан йўналишлари бўйича кўрик танловлар ғолиблари, тажрибали педагог ходимлар жалб этилади.
7. Ҳар бир ўқув фани йўналишида мамлакатимизда мавжуд бўлган етакчи олий ўқув юртларида фаолият олиб бораётган илмий салоҳиятли соҳа мутахассислари, олимлар, тадқиқотчилардан – 2 нафар, мактабларда дарс бераётган амалиётчи ўқитувчилар, тажрибали педагоглардан – 2 нафар ва касб-ҳунар таълими тизимида фаолият олиб бораётган педагог, ўқитувчилардан – 1 нафар, лозим бўлганда Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон бадиий академияси ва бошқа ташкилотлардан мутахассислар қўшимча равишда эксперт сифатида жалб этилиши мумкин.
8. Экспертлар сони тоқ бўлиб, камида 5 та (ва ундан кўп) бўлиши мумкин.
9. Имконияти чекланган болалар учун махсус ўқув қўлланмаларни экспертизадан ўтказишга дефектология ва тегишли таълим муассасалари мутахассислари таклиф этилади.
 
3-боб. Экспертларга ҳақ тўлаш тартиби
 
10. Экспертларга тўланадиган маблағ Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари доирасида назарда тутилади.
11. Дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш жараёнида иштирок этадиган экспертлар билан Марказ ўртасида шартнома тузилиб, икки ёқлама келишув асосида ҳақ тўланади.
12. Экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар (шу жумладан, экспертлар меҳнатига шартнома асосида ҳақ тўлаш) Марказ томонидан ушбу тартибнинг 10-бандида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
13. Мазкур тартиб Марказ ҳузурида ташкил этилган фанлар йўналишидаги Илмий-методик кенгаш аъзоларига ҳам маблағ тўлашда қўлланилади.
 
4-боб. Дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизага топшириш, экспертиза жараёнини ташкил этиш ва экспертиза натижаларини қабул қилиб олиш
 
14. Марказ  Халқ таълими вазирлиги номидан экспертизадан ўтказилиши керак бўлган дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертлар гуруҳига расмий хат билан топширади (экспертларнинг вазифалари, якуний хулосаларни топшириш шартлари ва муддатлари 10-бандга асосан тузиладиган шартномада кўрсатилади).
15. Экспертлар Марказдан дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни қуйидаги тартибда қабул қилиб олади:
а) ариза (буюртмачи билан шартноманинг 1-иловаси), унда қуйидагилар кўрсатилади:
дарслик номи;
синфи;
муаллиф/тузувчи ёки муаллиф/тузувчилар гуруҳи;
дарсликни нашрга тайёрловчи нашриётнинг номи;
нашр этиладиган тили (ўзбек ва бошқа тилларда);
дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни амалдаги ўқув дастурларига мослиги тўғрисидаги маълумот;
б) дарслик ва ўқув-методик мажмуалар босма ҳамда электрон шаклда
(5 нусхада);
c) изоҳлар;
д) ўқитувчилар учун услубий кўрсатма, шунингдек ўқув дастурининг намунаси (5 нусхада) экспертларга топширилади.
16. Экспертлар дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш жараёнида қуйидагиларга эътибор қаратади:
дарсликларнинг давлат таълим стандарти ва узвийлаштирилган ўқув дастурларига ҳамда ўқув режада белгиланган дарс соатларига мос келиши;
уларнинг илмий ва методик жиҳатдан педагогик талабларга жавоб бериши;
дарсликнинг мазмунида кетган хатоликлар;
ўқув материалининг босқичли кетма-кетлик тамойилида ёритилганлиги;
мавзуларни ёритишда узвийлик ва узлуксизликнинг таъминланганлиги;
тарихий манбалар, саналар ва рақамларнинг тўғрилиги;
дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг тили, ифода услуби, босмахона сифати ва дизайнининг жаҳон андозаларига мос келиши;
дарслик ва ўқув қўлланмалар мазмунига жамиятимизда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, миллий қадриятлар, миллий ғоялар, маҳаллий материалларнинг сингдирилганлик даражаси;
дарсликда берилган материалларнинг имловий, луғавий (орфографик, стилистик хатоликлар) ва услубий жиҳатдан саводхонлик ва матнларни мураккаблик даражаси.
17. Экспертлар ўз ваколати доирасида дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни (3-бандга мувофиқ) экспертизадан ўтказади ҳамда асосланган хулосалар, тавсиялар ва таклифларни расмийлаштирган ҳолда Марказга тақдим этади.
18. Фанлар йўналишидаги синфлар кесимида ҳар бир дарсликни экспертиза қилиш учун 7-10 иш куни берилади.
19. Экспертиза қилинаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажумалар вазирликнинг www.eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштирилади ва онлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар тўпланади.
20. Экспертлар якуний хулосаларни тайёрлашда www.eduportal.uz сайтидаги ва бевосита жамоатчилик томонидан дарсликларнинг сифати бўйича билдирилган асосли эътирозлар, аниқланган камчиликлар ва таклифлардан ҳам фойдаланиши мумкин.
21. 15-16-бандларда кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда экспертиза хулосалари топширилганда, Марказ бундай экспертиза хулосасини қабул қилмаслиги мумкин.
22. Шартнома тузилган кундан эътиборан эксперт(лар) асоссиз (бетоблиги бундан истисно) ўн беш иш куни мобайнида экспертиза хулосаларини тақдим қилмаган, кўчиб кетган, хизмат сафарида узоқ қолиб кетган ҳолатларда Марказ бошқа эксперт(лар)ни жалб қилади.
 
5-боб. Якуний қоидалар
 
23. Экспертлар дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказгандан сўнг якуний хулосани Марказга тақдим этади.
Зарурат бўлганда, эксперт хулосасига қўшимча маълумотлар берилади.
24. Эксперт хулосаси эксперт томонидан унинг тайёрланган санаси кўрсатилган ҳолда имзоланади.
25. Экспертларнинг салбий хулосалари етарли даражада асосланган
ҳолда тақдим этилиши керак.
26. Экспертларнинг ижобий хулосалари икки нусхада имзоланиб, топширилади.
27. Агар экспертлар гуруҳи томонидан якуний хулосаларда келишмовчиликлар юзага келса, кўпчиликни овози билан хулоса чиқарилади.
28. Якуний хулосалар Марказ ҳузуридаги Илмий-методик кенгаш томонидан кўриб чиқилиб, кенгаш қарори вазирлик ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.
29. Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинган қарорга асосан:
дарслик ва ўқув-методик мажмуалар чоп этиш учун тавсия этилади;
дарслик ва ўқув-методик мажмуалар талаб даражасида экспертизадан ўтказилмаган тақдирда қайта экспертизадан ўтказиш учун қайтарилади;
30. Экспертиза хулосалари Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади ва кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.
31. Экспертиза хулосалари Марказда 5 (беш) йил давомида сақланади.
32. Марказ томонидан ўрнатилган тартибда экспертиза хулосалари нашриётлар, муаллифлар фан методистлари билан ҳамкорликда қайта ишлаш учун тақдим этилади ва уни ижроси доимий равишда назоратга олинади.

Умумий таклифлар

945