ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2579 Министерство народного образования Республики Узбекистан 28/02/2019 15/03/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб- интернатни ташкил этиш тўғрисида
ID-2579

Нодир истеъдоди, бадиий теран, лирик ҳамда фалсафий шеър ва достонлари, публицистик асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номини абадийлаштириш, шоира издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат (кейинги ўринларда мактаб-интернат деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-6-7-8-синфларига,
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Бекенов), Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Халқ таълими вазирлиги (Шерматов) ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Мирзаев) билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2019 йил Инвестиция дастурига қўшимча равишда 150 ўринли мактаб-интернат биноси  ва 100 ўринли ётоқхона қуриш ҳамда жиҳозлаш учун зарур маблағларни ажратилишини  назарда тутсин.

4. Мактаб-интернатнинг бино ва иншоотларини қуриш бўйича:

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилоти белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилаётган объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларини сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда мактаб-интернатга олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти факультетларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни  жалб этилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

уч ой муддатда мактаб-интернатнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт ҳамда чет тили фанларидан ижодий танлов, тест синови ва психологик-педагогик диагностика  ўтказсин.

9. Ўзбекистон Рсепубликаси Молия вазирлиги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида мактаб-интернатининг таъминоти учун зарар маблағларни назарда тутсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва Сирдарё вилояти ҳокими  Ғ.Мирзаев зиммасига юклатилсин.

Умумий таклифлар

737