ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2516 Министерство народного образования Республики Узбекистан 23/02/2019 10/03/2019 9

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Умумий ўрта таълим мактаблари учун альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан мактабларда фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тўғрисида
ID-2516

Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, дарсликлар билан ўқувчиларни тўлиқ таъминлаш, сифатли дарсликларни танлаш имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан мактабларда фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим мактаблари учун рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим мактаблари учун яратиладиган альтернатив (муқобил) дарсликларни таянч (пилот) мактабларда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синовдан ўтказсин ҳамда олинган хулосалар асосида босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин ва уларни нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш ишларини тегишли ташкилотлар билан мувофиқлаштириб борсин.

3.Белгилаб қўйилсинки:

таянч умумтаълим мактабларига альтернатив (муқобил) дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун нашр этиш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

альтернатив (муқобил) дарсликларни нашр этиш ҳамда жойларга етказиб бериш харажатлари белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов зиммасига юклансин.

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “__ ” ____________

- сон қарорига

ИЛОВА

Умумий ўрта таълим мактаблари учун рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, дарсликлар билан ўқувчиларни тўлиқ таъминлаш, ота-оналар, ўқувчилар, амалиётчи ўқитувчилар томонидан сифатли дарсликларни танлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда
ўқув-методик қўлланмаларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тартибини белгилайди.

2. Халқ таълими тизимида умумий ўрта таълим мактаблари учун альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш ва улардан фойдаланиш ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар ‒ Халқ таълими вазирлиги томонидан битта ўқув фанидан ўқувчилар фойдаланадиган асосий дарсликлар билан бир қаторда тавсия қилинадиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар;

дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратишга қўйиладиган талаблар ‒ умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган меъёрлар бўлиб, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади;

дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш (ишлаб чиқиш, тузиш) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратувчи (ишлаб чиқарувчи, тузувчи)лар томонидан белгиланган талаблар асосида чоп этишга тайёрлаш;

ижодий жамоалар – Халқ таълими вазирлигига дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни белгиланган талаблар асосида чоп этишга тайёр маҳсулот (оригинал-макет) кўринишида тақдим этувчилар, яъни  тузувчи(лар), давлат ва нодавлат ҳамда хорижий (компаниялар, фирмалар, қўшма корхоналар, нашриёт ва матбаа корхоналари, дизайн студиялар ва ҳ.к.) ташкилотлар;

оригинал-макет – чоп этиш учун босмахонага топширишга тўлиқ тайёр бўлган, яъни ундаги барча матн ва график ахборотлар чоп этишгача бўлган тайёргарликдан ўтказилиб, ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан якуний босқичга етказилган маҳсулот (нашр)нинг қоғоздаги сигнал варианти (китоб) ёки электрон кўринишидаги асл нухаси;

экспертлар гуруҳи – Халқ таълими вазирлиги ҳузурида вазирликнинг буйруғи билан ташкил этиладиган турли фан йўналишлари бўйича оригинал макетларни баҳоловчи мутахассислардан иборат гуруҳ;

Мувофиқлаштирувчи Кенгаш – Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Умумий ўрта таълим тизими учун Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш;

Ишчи органи – Халқ таълим вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи Кенгаши Ишчи органи ҳисобланади.

4. Мазкур Низом талаблари умумий ўрта таълим мактабларига мўлжалланган альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш ва улардан фойдаланиш жараёнига нисбатан татбиқ этилади.

 

2-боб. Альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш

                                              

5. Халқ таълими вазирлиги кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилар фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни улар яратилишидан бир йил олдин матбуотда эълон қилади.

Эълонда тайёр оригинал-макетларни топшириш ва уларга қўйиладиган талабларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилади.

6. Мазкур эълонда кўрсатилган талаблар бўйича ва муддатларда дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал-макетларини яратиш истагини билдирган ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини Халқ таълими вазирлигига расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал-макетларни тайёрлайди.

 

3-боб. Яратилган альтернатив (муқобил) дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни топшириш ва қабул қилиш

7. Яратилган (ишлаб чиқилган, тузилган) дарсликлар ҳамда
ўқув-методик қўлланмалар белгиланган талаблар асосида ижодий жамоалар, яъни тузувчи(лар), давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар (компаниялар, фирмалар, қўшма корхоналар, нашриёт ва матбаа корхоналари, дизайн студиялар ва ҳ.к.) томонидан тайёр маҳсулот (оригинал-макет) ҳолатида Халқ таълими вазирлигига кўриб чиқиш учун (белгиланган муддатларда) ўрнатилган тартибда расман топширилади.

8. Халқ таълими вазирлиги ўрнатилган тартибда топширилган оригинал-макетларни қабул қилади ва расмийлаштиради.

 

4-боб. Оригинал-макетларни экспертизадан ўтказиш

 

9. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги экспертлар гуруҳи тақдим этилган дарсликлар (мажмуалар)нинг сигнал ҳамда электрон нусхаларини белгиланган талаблар асосида ва вазирликнинг тегишли буйруғида кўрсатилган муддатларда экспертизадан ўтказади.

10. Экспертиза натижалари асосида энг юқори баҳоланган ҳамда уларга альтернатив (муқобил) сифатида танлаб олинаётган дарсликлар (мажмуалар)нинг оригинал-макетлари (сигнал нусхалари) тажриба-синовдан ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган  Умумий ўрта таълим тизими учун Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш”га белгиланган муддатда тақдим этилади.

 

5-боб. Альтернатив (муқобил) дарсликлар тажриба-синовдан ўтказиш

 

11. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори асосида альтернатив (муқобил) дарсликлар тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари танланади ва уларга белгиланган нусхада дарсликлар чоп этилиб, ўқув йили бошлангунига қадар етказиб берилади.

Альтернатив (муқобил) дарсликлар бир ўқув йили давомида тажриба-синовдан  ўтказилади.

Альтернатив (муқобил) дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш жараёнларига таянч умумтаълим мактаб директорлари масъул ҳисобланади.

Таянч умумтаълим мактаб директорлари кейинги йилнинг 1 июнига қадар тажриба-синов натижалари бўйича таклиф ва мулоҳазаларни Ишчи органига тақдим этади.

12. Ўқув адабиётларини мазмунан ва дизайн жиҳатдан такомиллаштириб бориш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтида онлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинади.

 

6-боб. Умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликларни тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш  

 

13. Тажриба-синов ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра бир ой муддатда ҳар бир фан йўналиши бўйича таклиф-мулоҳазалар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Ишчи органи томонидан умумлашти-рилади ҳамда баённома билан расмийлаштирилиб, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тасдиқлаш учун ўн кун муддатда Мувофиқлаштирув-чи Кенгашга тақдим этилади.

14. Энг мақбул дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратган ижодий жамоаларни аниқлаш бўйича якуний қарор Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан қабул қилинади ва қарор тегишли баённома билан расмийлаштирилади.

Бунда, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонларига кўра ҳар бир фан учун (фаннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда) қўйилган умумий максимал баллнинг 90 фоизидан юқори балл олган дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар ичидан энг катта балл олгани ғолиб деб топилади ва умумий ўрта таълим мактаблари учун асосий фойдаланиладиган дарслик сифатида, қолганлари эса альтернатив (муқобил) дарсликлар сифатида амалиётга жорий этиш учун тавсия этилади.

15. Умумий ўрта таълим мактаблари учун асосий фойдаланиладиган ва альтернатив (муқобил) дарсликлар рўйхати матбуотда эълон қилинади ҳамда дарсликларнинг электрон вариантлари  www.eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштирилади.

16. Мазкур дарсликлар умумтаълим муассасалари педагогик жамоалари, ота-оналар, ўқитувчилар, кенг жамоатчилик хоҳиш-истакларига кўра қатъий буюртмалар шакллантирилган ҳолда Халқ таълими вазирлигиннинг умумий нашр режаси доирасида китоб чоп этиш ҳуқуқига эга бўлган матбаа корхоналари томонидан чоп этилади ва “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси томонидан жойларга етказилади.

 

7-боб. Якуний қоидалар

 

17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Умумий таклифлар

1019