ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
245 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 15/08/2018 30/08/2018 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
“Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
ID-245

Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Давлат солиқ хизмати органларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали хизмат қилган, хизмат вазифаларини бажаришда юксак натижаларга эришган солиқ хизмати органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

“Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

“Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Давлат белгиси” давлат – ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг буюртмасига асосан, белгиланган тартибда “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини таъминласин.

4. “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А. Қўчқоров
ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

                        Ўзбекистон Республикасининг  Бош вазири                                                      А. Арипов

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан Давлат солиқ хизмати органларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали хизмат қилган, давлат бюджети даромадларини оширишга ўз ҳиссасини қўшган, хизмат вазифаларини бажаришда юксак натижаларга эришган ходимлар тақдирланадилар.

3. Ушбу Низомнинг 1-бандига мувофиқ:

I даражали кўкрак нишони билан камида 15 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;

II даражали кўкрак нишони билан камида 10 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;

III даражали кўкрак нишони билан камида 5 йиллик меҳнат стажига эга шахслар тақдирланадилар.

4. I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин.

Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.

Муносиб номзодлар Давлат солиқ қўмитаси комиссиясининг хулосасига асосан тўғридан-тўғри I ёки II даражали кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин.

2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича ҳужжатларни тақдим этиш тартиби

5. Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги таълим муассасалари ҳамда давлат унитар корхоналарининг ходимларини тақдирлаш юзасидан таклифлари ҳар йили 1 июнгача Давлат солиқ қўмитасининг комиссиясига тақдим этилади.

        6. Кўкрак нишони билан ходимларни тақдирлаш юзасидан таклифларни ҳар йили Давлат солиқ қўмитасининг комиссияси томон                                                                    

3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби

7. Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи билан кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича доимий комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия деб аталади) ташкил этилади.

8. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор Давлат солиқ қўмитасининг ахборот воситаларида эълон қилинади.

9. I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар лавозим маошининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар уч баравари миқдорида, III даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар икки баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш
ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

10. Хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган ёки вафот этган ходимлар ҳам вафотидан сўнг кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин. Бунда кўкрак нишони ва пул мукофоти унинг оиласига топширилади.

11. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти “Солиқчилар куни” байрами арафасида Давлат солиқ қўмитаси раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.

12. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

4-боб. Кўкрак нишони билан тақдирланган ходимларга тақдим этиладиган имтиёзлар

13. Кўкрак нишони билан тақдирланган ходим тегишли тартибда қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:

Давлат солиқ қўмитаси ёки ҳудудий давлат солиқ бошқармаси томонидан бериладиган навбатдаги даражали унвонни муддатидан олдин олиш;

Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмаларни олишда кўкрак нишони қуйи даражасидан юқори даражасига мувофиқ йўлланма қийматига нисбатан тегишлича 20 фоиз, 30 фоиз ва 40 фоиз миқдорида имтиёз олиш.

Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмалар бўйича харажатлар Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

14. Давлат солиқ қўмитаси ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита жавобгардир.

15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Умумий таклифлар

946