ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2437 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 18/02/2019 05/03/2019 12

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартибини такомиллаштириш ҳақида.
ID-2437

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни

тан олиш ва нострификация қилиш тартибини

такомиллаштириш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 16 январдаги ПҚ-4119-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

хорижий давларларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади;

хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади;

хорижий давлатларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда муддатда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган электрон кўринишдаги ҳужжатларнинг намунавий шаклларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда давлат хизматлари марказларининг ходимлари учун хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-амалий семинарлар ўтказилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланишини ташкил этсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг “Расмий давлат ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, топшириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 7-сон, 42-модда) 1-банди учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ___________ даги

____-сон қарорига

1-ИЛОВА

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни

тан олиш ва нострификация қилиш тартиби ҳақидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) (кейинги ўринларда нострификация қилиш деб юритилади) тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш – ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканлигига розилик бериш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) – ваколатли давлат органлари томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар эгалари билим (тайёргарлиги) даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши.

3. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикасидаги ваколатли давлат органларига хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисида мурожаат этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги мавжуд бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда талабгорлар деб юритилади), талабгорлар вояга етмаган бўлса уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаларига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш

4. Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш талабгорларнинг мурожаатига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар мос равишда Ўзбекистон Республикасининг умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларига тенглаштирилган ҳолда тан олинади.

Комиссияларнинг таркиби ва иш тартиби ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг буйруғига кўра белгиланади. Комиссияларнинг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Комиссияларнинг қарорларига кўра ҳудудий бошқармалар раҳбарлари томонидан хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Талабгорларга умумий ўрта ва ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги буйруқ асосида ҳудудий бошқармалар томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда маълумотнома берилади. Маълумотнома хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тегишли ҳудуддаги комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб беш иш кунида амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасаларида таълим олганлик тўғрисида ҳужжат берган таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни олиш талаб этилган ҳолларда хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш муддати аниқлаштирувчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Комиссиялар бутун ўқув йили давомида фаолият кўрсатади ва ўз фаолияти ҳақида Давлат инспекциясига ҳисобот беради.

5. Комиссиялар томонидан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш таълим стандартлари ва ўқув дастурларининг мувофиқлиги асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни берган хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотларни олишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий бошқармаларга кўмаклашади.

6. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг қалбаки эканлиги аниқланган тақдирда, комиссиялар томонидан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш рад этилади.

3-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш учун топшириш

ва уларни кўриб чиқиш

7. Хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни (кейинги ўринларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар деб юритилади) тан олиш, нострификация қилиш ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб юритилади) томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

8. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш учун талабгорлар томонидан бевосита давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилинади.

Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинганда талабгор номидан давлат хизматлари маркази ходими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда эса талабгорнинг ўзи мустақил равишда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги сўровномани (кейинги ўринларда сўровнома деб юритилади) тўлдиради.

9. Давлат хизматлари маркази ходими ёки талабгор томонидан сўровномада талабгорнинг электрон манзили қайд этилиши хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича Давлат инспекциясининг қабул қилган қарори ҳақида электрон шаклда маълумот олишга бўлган розилиги ҳисобланади.

10. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ундирилган йиғимнинг:

20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига (давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатилганда);

10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига (Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизмати кўрсатилганда);

40 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига; қолган маблағлар – Давлат инспекциясига ўтказилади.

11. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ҳужжат эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг нусхаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловаси нусхаси ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификация қилиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилинганда талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси давлат хизматлари маркази ходимига шахсан тақдим этилади.

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси талабгорга қайтарилади.

Талабгорлардан ушбу бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

12. Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларидан фойдаланиш учун талабгорларнинг электрон рақамли имзоси талаб этилади.

Давлат хизматлари марказларида талабгорлар томонидан электрон рақамли имзони жойнинг ўзида олишлари учун барча зарур шароитлар яратилади.

Ариза қабул қилинганидан сўнг сўровнома ва аризага илова қилинган ҳужжатлар Давлат инспекциясига юборилишидан олдин талабгорнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

13. Нотўғри ёки қалбаки маълумотлар тақдим этилганлиги маълум бўлиб қолган ҳар қандай босқичда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификация қилиш жараёни тўхтатилади, топширилган ҳужжатлар ва тўланган йиғим қайтарилмайди. Қалбаки ҳужжат аниқланган тақдирда, Давлат инспекцияси томонидан мазкур ҳужжатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.

14. Қуйидаги ҳолатларда давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилиши мумкин:

талабгорларда электрон рақамли имзонинг мавжуд эмаслиги ёки уни олишнинг рад этилганлиги;

талабгорлар томонидан нотўғри ёки қалбаки маълумотлар тақдим этилгани маълум бўлиб қолганлиги;

сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификация қилиш учун белгиланган йиғимнинг тўланмаганлиги.

Давлат хизматлари кўрсатишни мазкур бандда кўрсатилган асослардан бошқа ҳолатлар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

15. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортишга ҳақли.

Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг аризаси кўрмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

16. Давлат инспекциясига маълумотлар:

давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилинганда сўровнома қабул қилинган вақтдан бошлаб бир соат ичида;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда дарҳол юборилади.

17. Тўлиқ тақдим этилмаган ҳужжатлар Давлат инспекцияси томонидан кўриб чиқилмайди ҳамда ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб бир иш кунида сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга қайтариб юборилади.

18. Давлат инспекцияси томонидан ҳужжатлар келиб тушган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги текширилади. Ҳужжатлар тўлиқ бўлган тақдирда бир иш кунидан кечикмай Давлат инспекциясида ташкил этиладиган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни ўрганиш бўйича эксперт комиссияларига (кейинги ўринларда эксперт комиссиялари деб юритилади) юборилади.

19. Эксперт комиссиялари Давлат инспекцияси томонидан тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича ташкил этилади. Эксперт комиссиялари таркибига Давлат инспекцияси ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар тизимида ташкилотлар ва муассасаларнинг етакчи олимлари ва мутахассислари киритилади. Комиссиялар фаолиятига Давлат инспекцияси раҳбарлик қилади.

20. Эксперт комиссияларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Давлат инспекциясидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни экспертиза қилиш учун қабул қилиб олиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартларига ҳамда тегишли таълим йўналиши (мутахассислиги) ўқув режасига мувофиқлигини аниқлаш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича экспертиза асосида тегишли хулоса тайёрлаш;

экспертиза хулосаси ва талабгорларнинг билим (тайёргарлик) даражасини текшириш учун ўтказиладиган тест синовлари натижасига кўра якуний қарор қабул қилиш ҳамда Давлат инспекциясига тақдим этиш.

21. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар эксперт комиссиялари томонидан кўпи билан ўн иш куни ичида экспертизадан ўтказилади.

22. Экспертиза давлат таълим стандартлари, таълим муассасаларининг ўзлари жойлашган давлатларда тан олинганлиги ҳақидаги ҳужжат, таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича ўқув режалари ва тариф-малака тавсифномалари асосида амалга оширилади.

23. Экспертиза қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

ўқув режалари ҳажми ва мазмунининг мувофиқлиги;

ўзлаштирилган фанлар ҳажмини (фанларнинг номи ва соатлар миқдори) баҳолаш;

амалиётнинг мавжудлиги ва унинг давомийлиги.

Олинган билимлар ва тажриба якуний тайёргарлик нуқтаи назаридан ўқув режалари ва таълим услубиятида бўлиши мумкин бўлган фарқларни эътироф этган ҳолда баҳоланади.

24. Давлат инспекцияси томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган таълим муассасасининг ўша давлатда тан олинганлиги текширилади.

Давлат инспекцияси эксперт комиссияларининг сўровига кўра лозим бўлган ҳолларда тегишли таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.

25. Талабгорлар ўз тайёргарлиги ҳақидаги бошқа ҳужжатларни, жумладан, таълим олишнинг кейинги даражалари, касбий фаолият билан шуғулланиш мумкинлиги, амалий тажриба ҳақидаги ҳужжатларни ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржималари билан бирга тақдим этишга ҳақлидир.

26. Эксперт комиссияси хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрлайди.

Эксперт комиссияси хулосасида талабгорнинг хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати белгиланган талабларга жавоб бериши ва у тест синовларига ёки синовларсиз тавсия этилиши ёхуд хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли нострификация қилишга тавсия этилмаслиги тўғрисида баён этилади.

27. Эксперт комиссияси аъзолари ҳамда эксперт комиссияси фаолиятига жалб этилган мутахассисларга хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилишга тақдим этилган ҳар битта ҳужжатнинг экспертизаси учун олий таълим муассасаларида ўқув машғулотлари ўтказганлик учун илмий даражага эга бўлмаган шахслар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ икки соат учун ҳақ тўланади.

4-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилишга қўйиладиган талаблар

28. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёни халқаро битимлар ва тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари асосида амалга оширилади.

29. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши.

Мазкур бандда белгиланган талабларга мос келмаслик хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олмасликка асос бўлади.

30. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилишда ушбу давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олингандан кейин уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартларига мувофиқлиги аниқланади.

31. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш тўғрисидаги хулоса қуйидагилар асосида қабул қилинади:

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги ижобий хулоса;

Ўзбекистон Республикаси ва таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатдаги таълим тузилмасига қўйилган умумий талабларнинг мослиги;

таълим мазмунининг мувофиқлиги тўғрисидаги эксперт комиссиясининг ижобий хулосаси.

Таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро ҳамда давлатлараро битимлар ва шартномалар мавжуд ҳолларда нострификация қилиш тўғрисидаги хулоса мазкур халқаро битимлар ва шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

32. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларда кўрсатиб ўтилган тайёргарлик соҳаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш йўналишларига мувофиқ келмаса ёки ўқитиш ҳамда тайёрлаш Ўзбекистон Республикасида олиб борилмайдиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва соҳаларда амалга оширилган бўлса, мазкур ҳужжатларни нострификация қилиш масаласини ҳал этиш учун Давлат инспекцияси томонидан эксперт комиссияси фаолиятига қўшимча мутахассислар жалб этилиши мумкин.

33. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

а) хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан икки йилдан кам бўлса;

б) таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидагига қараганда кам академик ва (ёки) профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий таълим муассасаларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);

в) маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;

г) олий таълим босқичларида:

бакалавриат бўйича ўқиш муддати уч йилдан кам бўлса ёки Европа таълим тизими асосида ўқиш давомида 240 дан кам кредит тўплаган бўлса;

магистратура бўйича ўқиш муддати бир йилдан кам бўлса;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда ўқиш даври уч йилдан кам бўлса ҳамда бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги учун белгиланган давлат таълим стандарти талаблари бажарилмаган бўлса.

34. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш халқаро битимлар ва тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув режалари асосида амалга оширилади.

5-боб. Хорижий давлатларда ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш

35. Хорижий давлатларнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари Давлат инспекцияси томонидан тан олинади ва тўғридан-тўғри (синовларсиз) нострификация қилинади.

Бунда хорижий давлатлар ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаси битирувчиларининг маълумот тўғрисидаги ҳужжатлари тегишли равишда ўрта махсус ёки касб-ҳунар маълумотига тенглаштирилади.

36. Хорижий давлатларнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш талабгорлар томонидан ҳужжатлар Давлат инспекциясига топширилган кундан бошлаб кўпи билан ўн иш кунида амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат берган таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни олиш талаб этилган ҳолларда экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш муддати аниқлаштирувчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Хорижий давлатларда ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатни берган хорижий давлатларнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари тўғрисидаги маълумотларни олишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Давлат инспекциясига кўмаклашади.

37. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг қалбаки эканлиги аниқланган тақдирда, Давлат инспекцияси томонидан хорижий давлатларда ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш рад этилади.

6-боб. Хорижий давлатларда олий таълим олганлик ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш

38. Эксперт комиссияси ҳужжатларини нострификация қилишга тавсия этган хорижий давлатларнинг олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг билим (тайёргарлик) даражасини текшириш учун Давлат инспекцияси томонидан тест синовлари ташкил этилади.

Тест синовларининг ўтказилиш вақтлари ҳақидаги маълумот Давлат инспекциясининг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

Хорижий давлатларнинг кадрлар малакасини ошириш таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри (синовларсиз) нострификация қилинади.

39. Эксперт комиссияси томонидан тест синовларида иштирок этишга тавсия этилган талабгорлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали экспертиза хулосаси юборилган пайтдан бошлаб кўпи билан уч ой давомида тест синовларида иштирок этмаса, тест синовларини топшириш учун сўровнома тўлдирган ҳолда белгиланган тартибда қайтадан мурожаат қилади.

40. Тест синовлари талабгорларнинг таълим олган таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича мутахассислик фанларидан ўтказилади.

Тест синовлари 50 та саволдан иборат бўлиб, ҳар бир тест саволи учун 2 дақиқадан, жами 100 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи 2 балл билан баҳоланади.

41. Тест синовлари натижасига кўра 54 ва ундан кам балл тўплаган талабгорларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари нострификация қилишга тавсия этилмайди.

42. Тест синовлари натижаларига кўра ҳужжатлари нострификация қилишга тавсия этилмаган талабгорлар томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тест синовларини қайта топшириш тўғрисида мурожаат қилинади ҳамда сўровнома тўлдирилади.

Сўровнома давлат хизматлари марказига мурожаат қилинганда марказ ходими томонидан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тўлдирилганда эса талабгорнинг ўзи томонидан тўлдирилади.

Тест синовларини қайта топшириш учун талабгорлардан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Сўровномага тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

43. Тест синовлари натижасидан норози бўлган талабгорлар синов натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида шикоят билан Давлат инспекциясига мурожаат қилиши мумкин.

Тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шикоятлар синов ўтказилган куни берилиши лозим.

Тест синовлари натижаси бўйича тушган шикоят Давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан икки ҳафта ичида кўриб чиқилади ва ёзма равишда талабгорга жавоб юборилади.

Шикоят кўриб чиқилиши жараёнида талабгор ҳам бевосита иштирок этиши мумкин.

44. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (синовларсиз) амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари;

1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган ва мустақиллик йилларида тамомлаган фуқароларнинг ҳужжатлари;

Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;

Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;

хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолияти лицензияланган ва Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган хорижий давлатларнинг нодавлат олий таълим муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

45. Давлат инспекцияси тегишли хорижий давлатлар томонидан тан олинган олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш муассасалари тўғрисидаги маълумотни олдиндан тайёрлаб қўйиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларнинг олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш муассасалари тўғрисидаги маълумотларни олишда Давлат инспекциясига кўмаклашади.

46. Эксперт комиссияси томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар экспертизаси ва тест синовлари натижасига кўра тегишли якуний қарор қабул қилинади ҳамда Давлат инспекциясига тақдим этилади.

7-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилишни расмийлаштириш

47. Эксперт комиссиясининг қарорига кўра Давлат инспекцияси бошлиғининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш ёки уни рад этиш, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати нострификация қилишга тавсия этилган талабгорларга:

3-иловага мувофиқ шаклдаги хорижий давлатда ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома;

4-иловага мувофиқ шаклдаги хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома;

5-иловага мувофиқ шаклдаги хорижий давлатда малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома бериш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.

48. Эксперт комиссияси томонидан хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур қарор ҳақидаги хабарнома уч иш куни ичида Давлат инспекциясининг масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, тегишлилиги бўйича давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга юборилади.

49. Давлат инспекцияси бошлиғининг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, нострификация қилиш

ва гувоҳнома бериш тўғрисидаги буйруғига асосан тегишли гувоҳномалар тайёрланади ҳамда Давлат инспекцияси масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, тегишлилигига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга тақдим этилади.

Ҳужжат эгасининг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

50. Хорижий давлатларнинг олий таълим ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш муддати талабгорлар томонидан ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Давлат инспекциясига топширилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.

Таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат берган таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни олиш талаб этилган ҳолларда экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш муддати аниқлаштирувчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Хорижий давлатлардаги олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари нострификация қилишга тавсия этилган талабгорларнинг билим (тайёргарлик) даражасини текшириш учун ўтказиладиган тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш учун талаб этиладиган вақт талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш учун белгиланган бир ойлик муддатга кирмайди.

51. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш ҳақидаги гувоҳнома давлат хизматлари маркази томонидан шахсан талабгорга ёки талабгор томонидан нотариал тасдиқланган ишончнома берилган шахсларга тақдим этилади.

52. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш ҳақидаги гувоҳнома шахсларга Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасаларида таълимнинг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш ҳамда касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

8-боб. Якунловчи қоидалар

53. Талабгорлар хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификация қилиш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, Давлат инспекцияси ходимлари ва эксперт комиссияси аъзоларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш натижалари юзасидан шикоят ва аризалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

54. Давлат инспекцияси томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги гувоҳномалар ҳисоби “Гувоҳнома” ахборот тизимлари комплекси реестрида юритилади.

Гувоҳномалар реестрида талабгор тўғрисидаги асосий маълумотлар, хусусан, талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, таълим олган давлат ва таълим муассасасининг номи, таълим йўналиши ва мутахассислик номи, гувоҳнома серияси ва рақами, гувоҳноманинг берилган санаси

ва тартиб рақами кўрсатилади.

55. Давлат хизматлари марказлари ва Давлат инспекцияси талабгор ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши лозим.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш

ва нострификация қилиш тартиби ҳақидаги низомга

1-ИЛОВА

Ushbu ma’lumotnoma bilan fuqaro _______________________________________________ ga

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

_________________________________________________________________________ tomonidan

(ta’lim muassasasi nomi)

____________ yilda _________________________________________________________ berilgan

(hujjat berilgan yili) (hujjat berilgan davlat nomi)

__ seriyali ___ raqamli ma’lumot tog’risidagi hujjat (shahodatnoma, guvohnoma) O’zbekiston

Respublikasida tan olinadi va u umumiy o’rta ma’lumot (yoki o’rta ma’lumot) haqidagi shahodatnomaga tenglashtiriladi.

Viloyat xalq ta’limi boshqarmasi boshlig’i: __________________________________

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro’yxatdan o’tkazish raqami: __________

Berilgan sanasi: ____________________

(kun, oy, yil)

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш

ва нострификация қилиш тартиби ҳақидаги низомга

3-ИЛОВА

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI TA’LIM SIFATINI NAZORAT QILISH DAVLAT INSPEKSIYASI

Ushbu guvohnoma bilan fuqaro _________________________________________________ ga

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

_________________________________________________________________________ tomonidan

(ta’lim muassasasi nomi)

____________ yilda ______________________________________________________________ berilgan

(hujjat berilgan yili) (hujjat berilgan davlat nomi)

_________ seriyali _________________ raqamli ma’lumot tog’risidagi diplom O’zbekiston Respublikasida

tan olinadi va _________________________________________ mutaxassisligi bo’yicha

(mutaxassislik nomi)

o’rta maxsus, kasb-hunar ma’lumoti darajasidagi diplomga tenglashtiriladi.

Davlat inspeksiyasi boshlig’i: __________________________________

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro’yxatdan o’tkazish raqami: __________

Berilgan sanasi: ____________________

(kun, oy, yil)

QR - kod

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш

ва нострификация қилиш тартиби ҳақидаги низомга

4-ИЛОВА