ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
237 Министерство культуры Республики Узбекистан 14/08/2018 29/08/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-237

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби

тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018–2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” 2018 йил 5 январдаги 9-сонли қарорига мувофиқ, шунингдек, республика театрларида ватан озодлиги, эркинлик, тинчлик, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар, хусусан, халқимизга хос олийжаноблик, тантилик, бағрикенглик, сабр-қаноат, шукроналик, меҳр-мурувват каби эзгу инсоний фазилатлар тўлақонли ва юқори маҳорат билан акс эттирилган саҳна асарларни саҳналаштирилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 


А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” ____даги ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини

шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги “2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 9-сонли қарори талаблари доирасида, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча давлат театрларида давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларни саҳналаштирилишининг ягона тартибини белгилайди.

2. Давлат театрларида саҳна асарларни саҳналаштириш учун давлат буюртмасини бериш марказий Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ва ҳудудий Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан бериладиган маблағлар асосида икки турга бўлинади.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат буюртмаларини бериш бўйича марказий Кенгаш таркиби Низомнинг 1-иловасига мувофиқ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ҳудудий Кенгашнинг (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) намунавий таркиби Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакллантирилади.

4. Саҳна асарларини саҳналаштириш учун давлат буюртмасини бериш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилган марказий Кенгаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган ҳудудий Кенгаш хулосасига кўра амалга оширилади.

Турли ташкилот ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат жамғармалари томонидан бериладиган буюртмалар ҳам Кенгаш хулосаларига асосланиб амалга оширилади.

5. Белгилаб қўйилсинки, давлат буюртмаларидан ташқари турли ташкилот ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат жамғармалар томонидан ҳам театрларга янги саҳна асарларни саҳналаштириш учун буюртма берилиши мумкин. Бунда мазкур Низомда белгиланган шартлар билан мутаносиблик сақланиб қолиниши шарт.

6. Барча давлат буюртмалари асосида саҳналаштирилаётган янги саҳна асарларнинг саҳнавий талқини, долзарблиги, савияси ҳамда иқтисодий томонлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилган марказий Кенгаш томонидан ўрганилади, мувофиқлаштирилади шунингдек, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишига кўмак берилади.

7. Мазкур низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат буюртмаси – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг маблағлари ҳисобидан давлат театрларига янги саҳна асарларни саҳналаштириш учун буюртма бериш;

театр – асосий фаолияти спектакль (постановкалар) ва шу каби томошаларни яратувчи ҳамда оммавий намойишини жонли ижро этувчи ташкилотдир;

театр фаолияти – театр санъати асарларини яратишда, оммалаштиришда ва асрашдаги фаолиятдир.

 

2-боб. Кенгашнинг мақсад ва вазифалари

 

8. Кенгашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

театр санъати маънавият ва маърифатни юксалтиришнинг асосий воситаларидан бири эканлигини назарда тутиб, жойларда бу санъат тури ривожи билан боғлиқ ижодий-ишлаб чиқариш ва ташкилий ишларини изчил амалга ошириш;

театр жамоалари, режиссёрлар, драматурглар, бастакорлар, рассомлар ва балетмейстерларга долзарб мавзуларда янги замонавий мазудаги асарлар саҳналаштирилишига яқиндан ёрдам бериш;

халқимизнинг бой маънавий дунёси, маданий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини мадҳ этувчи, истиқлолни улуғловчи ёрқин саҳна асарлари саҳналаштирилишига кўмаклашиш;

9. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

миллий ва жаҳон мумтоз саҳна асарларини саҳналаштириш орқали халқимиз, аввало ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она- Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат каби туйғулар орқали тарбиялаш каби драматургиянинг турли жанрларига хос асарларни саҳналаштириш бўйича тавсиялар бериш;

ватан озодлиги, эркинлик, тинчлик ва фаровонлик йўлида олиб борилган фидокорона курашлар, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар, хусусан, халқимизга хос олийжаноблик, тантилик, бағрикенглик, сабр-қаноат, шукроналик, меҳр-мурувват каби эзгу инсоний фазилатлар тўлақонли ва юқори маҳорат билан акс эттирилган асарларни саҳналаштирилишини қўллаб-қувватлаш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

10. Марказий ёки ҳудудий Кенгаш орқали муҳокамага қўйилган саҳна асарларни ижодий ва маънавий-маърифий мезонлар талаблари доирасида чуқур таҳлил қилиш, долзарб ёки нодолзарб эканлигига баҳо бериш, танқидий фикр-мулоҳазалар билдириш, ҳаракатдан тўхтатиш ёки қайта ишлашга тавсия этиш;

саҳналаштирилган спектаклларни жамоатчилик кўригида иштирок этиб, профессионал театр санъатиннг етакчи мутахассислари билан бир қаторда янги асарнинг ижодий ташкилий  ишларига хусусан соҳага оид эришилган ижобий ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликларга холисона муносабатда бўлиш ва тавсиялар бериш;

тайёр спектаклларни томошабинлар оммасига кўрсатиш учун муносиб ёки номуносиб эканлиги, тегишли тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар билдириш ва қарор қабул қилиш;

зарур ҳолларда саҳна асарлар муҳокамасига ёки таҳлилига бошқа соҳа мутахассисларини бетараф эксперт сифатида жалб этиш;

Кенгаш хулосасига кўра саҳналаштиришга тавсия этилган саҳна асарлар билан боғлиқ барча ижодий-ишлаб чиқариш ва молиявий масалалар таалуқлилиги бўйича театрларнинг директорлари зиммасига юклатилади.

Кенгаш зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

 

4-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш

 

11. Марказий Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири буйруғи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Кенгаш камида 7 нафар ва кўпи билан 17 нафар (Кенгаш раиси, ўринбосари, масъул котиби ва кенгаш аъзолари)дан иборат таркибда шакллантирилади.

12. Кенгаш таркибига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари, театр санъати усталари, юқори малакали мутахассислар, ёзувчилар, драматурглар, жамоатчилик вакиллари билан бирга, лавозимига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва вилоятлар бошқармасининг масъул ходимларидан таркиб топади.

13. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Театрларни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

14. Кенгашнинг ишчи органи:

давлат буюртмаси асосида янги спектакллар саҳналаштириш учун топширилган саҳна асарлари (пьеса) ёки бошқа зарур ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилади ва ҳисобга олади;

давлат буюртмасига даъвогар саҳна асарларни ушбу Низом шартларига асосан рўйхатини шакллантиради, саҳна асарларни кўриб чиқиш ва ўрганиш учун Кенгашга киритади;

ёзилиш талаб-қоидалари, ўзбек адабий тили ва имло қоидалари қўпол равишда бузилган, мазмун-моҳиятига кўра амалдаги мезонларга жавоб бермайдиган, белгиланган талабларга мос эмас деб топилган саҳна асарлар ҳақида Кенгаш раисига таклифлар тайёрлайди;

саҳна асар савиясини янада ошириш юзасидан муаллифларга ёзма ёки оғзаки тавсиялар бериш ва ғоявий-бадиий жиҳатдан ижобий баҳоланган ёки тавсиялар асосида қайта ишланган асарларни Кенгашга киритади;

Кенгашда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди;

йилнинг ҳар бир чораги бўйича кўриб чиқишга тақдим этилган саҳна асарларни ўрганиш натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ахборот тақдим этади;

Кенгаш тавсияси ва хулосалари бўйича давлат буюртмаси асосида саҳналаштириладиган спектакллар йиллик режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига киритади.

15. Кенгаш мажлисининг кун тартиби Кенгаш котиби томонидан тайёрланади.

Кенгаш мажлислари ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади (заруратга қараб навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилиши мумкин).

Кенгаш котиби томонидан муайян театрларда давлат буюртмаси асосида спектакль саҳналаштиришга тавсия этилган саҳна асарларни кўриб чиқиш ва ўрганишнинг зарур ҳужжатлари тўпламини тайёрлаб, Кенгаш мажлисига киритади.

16. Кенгаш мажлиси Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Кенгаш қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда қатнашаётган мутахассисларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва давлат буюртмаси асосида саҳна асарини саҳналаштириш ҳамда унга маблағ ажратиш мумкинлиги ҳақидаги баённома билан расмийлаштирилади.

Кенгаш аъзоси томонидан яратилган саҳна асари кўриб чиқиш учун Кенгашга киритилган тақдирда ушбу Кенгаш аъзоси овоз беришда иштирок этмайди.

17. Кенгаш аъзолари ўз фаолиятларини холислик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда ташкил этадилар ва спектаклларга давлат буюртмаси бериш талаблари ҳамда ушбу Низомдан келиб чиқиб, ҳар бир саҳна асари учун йиғилиш давомида оғзаки ёки ёзма фикр билдирадилар.

18. Кенгаш баённомасининг қарор қисмида ижобий деб топилган саҳна асари давлат буюртмаси асосида спектакль саҳналаштириш учун тавсия этилади.

Баённома Кенгаш раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.

19. Кенгаш аъзолари йиғилиш ўтказилишидан уч кун олдин огоҳлантирилади ва мазкур масала бўйича таалуқлилиги бўйича тегишли театрларга маълум қилинади.

20. Узрли сабаблар билан йиғилишда иштирок этолмаган, бироқ муҳокамага қўйилган асар юзасидан ёзма фикрларини тақдим этган Кенгаш аъзоси ҳам мажлисда иштирок этган ҳисобланади ва унинг фикрлари қарор қабул қилинишида инобатга олинади.

 

6-боб. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асар (пьеса)ларни саҳналаштириш учун ҳужжатларни тақдим этиш тартиби

 

21. Давлат театрларида янги саҳна асарларни саҳналаштириш учун давлат буюртмаси бериш тартиби Низомнинг 3-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади. Давлат буюртмаси асосида янги спектакллар саҳналаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

саҳна асар (пьеса) – бир нусхада ҳамда электрон кўринишда;

мустақил театршунос, танқидчи, режиссёр, бастакор ва бошқа ижодкорларнинг асарнинг ғоявий-бадиий қиймати ҳамда маънавий-мафкуравий жиҳатлари борасидаги хулоса (тавсия)лари (эркин шаклда);

янги саҳна асар (пьеса) муаллифи, саҳналаштирувчи режиссёри тўғрисидаги тўлиқ маълумот, асарнинг қисқача мазмуни, саҳналаштирилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича асосланган таклиф;

ишлатиладиган материаллар, сони ва баҳоси кўрсатилган декорацияларнинг рангли эскизи;

ишлатиладиган мато, миқдори ва баҳоси кўрсатилган либосларнинг рангли эскизи;

саҳна асарларни саҳналаштириш учун раҳбарлар, бош ҳисобчи, иқтисодий-таҳлил бўлими (агар бўлса) имзоси билан тасдиқланган муқобил равишда харид қилиниши мумкин зарур материаллар, ускуналар, хизматлар иловаси билан харажатлар сметаси лойиҳаси;

ҳужжатлар ҳар чоракнинг дастлабки ойида кўриб чиқилади.

22. Талаб этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган таклифлар тўлдирилиши учун тақдим этилган томонга қайтарилади.

 

7-боб. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларини саҳналаштириш учун маблағ ажратиш тартиби

 

23. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларини саҳналаштириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Қароқалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига ажратиладиган давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлари, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, давлат театрларининг ўз маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

24. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларни саҳналаштириш учун зарур маблағлар Кенгашнинг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг буйруғи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг тегишли қарори асосида ажратилади.

25. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларнинг харажатлар сметасида саҳналаштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар билан бирга саҳналаштирувчи гуруҳнинг қуйидаги аъзоларига белгиланган тартибда қалам ҳақи ажратилади:

саҳналаштирувчи режиссёр;

саҳналаштирувчи балетмейстер;

дирижёр;

саҳналаштирувчи рассом;

либослар бўйича рассом.

Давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган саҳна асарлар муаллифлари (драматург, ёзувчи)га қалам ҳақи бериш давлат театрлари томонидан тақдим этилган смета ҳужжатларида назарда тутилади.

26. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларга ажратиладиган маблағлар юзасидан ҳисобот, саҳна асари Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий кенгаш томонидан қабул қилингандан сўнг, вазирликнинг марказий бухгалтерияси ва тегишли молия органига тақдим этилади.

Ҳисоботда кўрсатилган барча харажатлар тегишли равишда расмийлаштирилган дастлабки ҳужжатларнинг нусхалари бўлиши шарт.

27. Белгиланган харажатлар сметалари оралиғидаги ортиқча сарф-харажатлар ҳисоботга киритилмайди ва давлат театрларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

28. Давлат буюртмаси асосида янги саҳна асарларни саҳналаштиришни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг ортиқчаси ҳисобот қабул қилингандан сўнг, уч иш куни давомида тегишли ҳисоб рақамига қайтарилиши керак.

29. Юқоридаги тадбирлар учун олдин ажратилган маблағлар, ҳисобот ёки ортиқча пул маблағини қайтариш юзасидан қарз мавжуд бўлган тақдирда маблағ ажратилмайди.

 

8-боб. Тақдим этиладиган саҳна асар (пъеса)ларга қўйиладиган асосий талаблар

 

30. Кенгашга тақдим этиладиган саҳна асар (пьеса)ларда қуйидаги мезонлар ишонарли акс эттирилган бўлиши лозим:

мамлакатимизда эркин демократик жамият барпо этиш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, озодлик, эркинлик, тинчлик ва фаровонлик йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар;

миллатимизга хос олижаноблик, шижоаткорлик, тантилик, бағрикенглик, дўстлик, мурувватлилик фазилатлари, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

ёшларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран эгаллашлари учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мутаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образлари;

миллий руҳ ва миллий колорит, зиддиятлар, психологик ҳолатлар ҳаққоний ва тўлақонли акс эттирилган, ижобий ёки салбий қаҳрамонлар ўз қиёфалари билан ажралиб туриши, персонажлар тили жонли ва тўкис бўлиши, сюжет, композицион қурилишда, драматизм ва воқеа-ҳодисалар динамикасида мувозанат сақланган бўлиши;

бой маданий-тарихий меросимиз, халқ оғзаки ижоди (эртаклар, масаллар, достонлар, маталлар, қаҳрамонлик ривоятлари) намуналарига асосланганлиги бўлиши лозим.

 

9-боб. Якуний қоидалар

 

31. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган саҳна асар (пъеса)лар қабул қилинмайди ва тегишли тартибда рўйхатга олинмайди.

32. Тақдим этилган саҳна асар (пъеса)ларда муаллифлик ҳуқуқига оид миллий қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган ҳолларда уларни ўтказмасликка ҳақли.

33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

Умумий таклифлар

826