ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2305 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 08/02/2019 23/02/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида
ID-2305

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш

ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида

Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни шартномавий-ҳуқуқий асосда амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ–4075-сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1. 2019 йил 1 апрелдан қуйидаги тартиб жорий этилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл-ҳаракати хавфсизлиги, профилактика ва хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларини (кейинги ўринларда ички ишлар органлари бўлинмалари) ташкил этишга ҳақли;

тадбиркорлик субъектлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари билан шартномавий-ҳуқуқий асосда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларни амалга ошириш учун хўжалик маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органлари бўлинмалари штатларини ташкил этишга ҳақли;

ички ишлар органларининг давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизматига юридик шахслар билан тузилган шартнома асосида ҳақ эвазига уларнинг автотранспорт воситаларини кузатиб бориш хизматини кўрсатиш ваколати берилсин.

2. Белгилансинки:

маҳаллий бюджет ёки хўжалик ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар бўлимларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;

маҳаллий бюджет ёки хўжалик ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар бўлимлари ўз фаолиятида ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий амал қилади;

маҳаллий бюджет ёки хўжалик ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳолаш тегишинча ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади;

маҳаллий бюджет ёки хўжалик ҳисобидан ушбу қарор билан кўзда тутилмаган ички ишлар бўлимларини ташкил этиш тақиқланади.

3. Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимиятининг 2019 йил 1 майдан:

2020 йил май ойига қадар Тошкент вилоятида тажриба тариқасида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ оммавий тадбирларга шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган тадбирларга (кейинги ўринларда  жамоат тадбирларига деб юритилади) Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг ишламайдиган пенсионерларини (кейинги ўринларда – пенсионерлар деб юритилади) 2 ҳафтадан кам бўлмаган, лекин 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга шартнома асосида жалб этиш;

пенсионерларга шартнома асосида ҳақ тўлашни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси (кейинги ўринларда  жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ оммавий тадбирларга, шу жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган жамоат тадбирларига жалб этилган пенсионерларининг иш ҳақи тўлови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида низом»да белгиланган тартибда амалга оширилади

Белгилансинки, Тошкент вилоятида пенсионерларни жамоат тадбирларига жамғарма ҳисобидан жалб этиш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади:

а) Тошкент вилояти туман (шаҳар)лари ички ишлар бўлимлари:

пенсионерларни жамоат тадбирларига жалб этишда буюртмачи сифатида иштирок этадилар;

пенсионерлар ўртасида тарғибот ишларини ўтказадилар ҳамда жамоат тадбирларида иштирок этиш истагини билдирган пенсионерларнинг рўйхатини юритадилар;

жамоат тадбири бошланишидан камида ўн беш кун олдин буюртмани шакллантириб, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига тақдим этадилар;

пенсионерлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузадилар;

Белгилансинки, Тошкент вилоятида пенсионерларни жамоат тадбирларига жамғарма ҳисобидан жалб этиш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади:

а) Тошкент вилояти туман (шаҳар)лари ички ишлар бўлимлари:

пенсионерларни жамоат тадбирларига жалб этишда буюртмачи сифатида иштирок этадилар;

пенсионерлар ўртасида тарғибот ишларини ўтказадилар ҳамда жамоат тадбирларида иштирок этиш истагини билдирган пенсионерларнинг рўйхатини юритадилар;

жамоат тадбири бошланишидан камида ўн беш кун олдин буюртмани шакллантириб, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига тақдим этадилар;

пенсионерлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузадилар;

б) Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси:

туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларидан келиб тушган буюртмаларни умумлаштириб, жамоат тадбирлари рўйхатини (кейинги ўринларда – йиғма буюртма деб юритилади) шакллантиради;

йиғма буюртмани туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан жамоат тадбирларини ташкил этиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ўтган ой учун жамоат тадбирларида иштирок этган пенсионерларни амалда қатнашган кунлари бўйича тасдиқланган табель ва иш ҳақи ҳисобланганлиги бўйича қайдномаларни тақдим этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан шартномага асосан жамоат тадбирларига жалб этилган пенсионерларнинг иш ҳақи учун ўтказилган тўловларни пенсионерларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини кузатиб бориш борасидаги хизматлар тарифини ҳамда бу борадаги шартномалар намуналарини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан жамоат ишларига жалб этилган пенсионерларнинг иш ҳақини ўтказиб бериш учун Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасининг махсус ҳисоб рақами очилишини таъминласин.

б) бир ой муддатда давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ўртасида мазкур қарорнинг мақсади, моҳияти ва амалий аҳамиятини тушунтириш юзасидан тадбирларни ташкиллаштирсин ва амалга оширсин;

г) 2019 йил якуни бўйича Мудофаа вазирлиги билан биргаликда Тошкент вилоятида жорий этилган амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этиш юзасидан таклифлар киритсин.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

 

7. Манфаатдор вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни шартномавий-ҳуқуқий асосда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 9 октябрдаги 808-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари ______________ ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П. Бобожонов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                    А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
«___» январдаги ____-сон қарорига 
1-илова

 

Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш
ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом қуйидаги муносабатларни тартибга солади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари (кейинги ўринларда – маҳаллий ҳокимликлар) маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл-ҳаракати хавфсизлиги, профилактика ва хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари (кейинги ўринларда – ички ишлар органлари бўлинмалари)ни ташкил этиш тартиби;

тадбиркорлик субъектлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари билан шартномавий-ҳуқуқий асосда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларни амалга ошириш учун хўжалик маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органлари бўлинмалари штатларини ташкил этиш тартиби.

2. Маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан фаолият кўрсатувчи ички ишлар органлари бўлинмалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қиладилар.

3. Маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан фаолият кўрсатувчи ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ҳамда ҳисоботларини олиш тегишли йўналишдаги Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бўлинмалар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

4. Маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан фақатгина ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл-ҳаракати хавфсизлиги, профилактика ва хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилади.

 

2-боб. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ички ишлар органлари бўлинмаларини ташкил этиш тартиби

5. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органларининг бўлинмаларини ташкил этиш тартиби мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

6. Маҳаллий ҳокимликлар ҳудуддаги оператив ва криминоген вазиятдан, жиноятчилик аҳволи, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ёки вилоятлар ички ишлар бошқармаларига ариза билан мурожаат этадилар.

7. Маҳаллий ҳокимликларнинг ички ишлар бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисидаги аризасида қуйидагилар кўрсатилади:

ички ишлар бўлинмасининг номи ва манзили;

ички ишлар бўлинмасининг штатлари сони;

ички ишлар бўлинмасининг хизмат кўрсатиш ҳудуди ва йўналишларнинг жойлашуви;

ички ишлар бўлинмасининг хизмат кўрсатиш муддати.

Аризада ички ишлар органлари бўлинмасини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

8. Маҳаллий ҳокимликлар аризасида ички ишлар органлари бўлинмаларидан бири ёки бир нечтасини ташкил этиш тўғрисида мурожаат бўлиши мумкин.

9. Ариза тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ёки вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан ўн иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

10. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ёки вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шартнома лойиҳасида қуйидагилар кўрсатилади:

тегишли ички ишлар органи бўлинмасини фаолият кўрсатиш ҳудудининг чегараси;

шахсий таркибнинг талаб этиладиган сони;

хизмат олиб бориш муддати, вақти ҳамда тартиби;

ички ишлар бўлинмасининг хизмат кўрсатиш ҳудуди ва йўналишларнинг жойлашуви;

ички ишлар бўлинмасининг хизмат хоналари ва моддий-техник таъминоти;

ички ишлар органи бўлинмаси хизмат олиб бориши учун талаб этиладиган пул маблағи миқдори ва уни ўтказиб бериш муддатлари.

Шартнома лойиҳасида ички ишлар органлари бўлинмалари хизматини ташкил этишнинг алоҳида шартлари ҳам кўрсатилиши мумкин.

11. Шартнома лойиҳаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси уч иш кунидан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига маҳаллий ҳокимликлар билан шартнома тузиш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун қўшимча штат бирликлари ажратиш тўғрисида тақдимнома киритади.

12. Ички ишлар вазирлиги шартнома лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини тўрт иш кунида тақдим этади.

13. Ички ишлар вазирлигининг ижобий хулосасини олгач, шартнома бир томондан маҳаллий ҳокимликлар, иккинчи томондан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан уч нусхада имзоланади.

14. Шартнома тузиш ва ички ишлар органлари ходимлари учун қўшимча штат бирликлари ажратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

15. Ички ишлар органлари бўлинмалари зиммасидаги вазифаларни қўшимча штат бирликлари ажратилгандан сўнг амалга оширади.

16. Шартноманинг бир нусхаси тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига, иккинчи нусхаси маҳаллий ҳокимликларга, учинчи нусхаси тегишли бўлинма бевосита фаолият олиб борадиган туман (шаҳар) ички ишлар органларида сақланади.

17. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси шартноманинг бир нусхасини тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларига юборади.

18. Шартномада кўрсатилган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари тегишли бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

19. Ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш ва уларни моддий-техник воситалар билан таъминлаш тузилаётган шартномалар бўйича тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

20. Ички ишлар органлари бўлинмалари ходимларининг хизматни олиб бориш тартиби ва вақти Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.

21. Ички ишлар органлари бўлинмалари бошқарув аппаратининг умумий сони шартномага асосан ажратилган штат бирликларининг ўн фоизидан ошмаслиги керак.

22. Шартнома муддати тугаган ёки бекор қилинганда унинг асосида киритилган штат бирликлари белгиланган тартибда қисқартирилади.

23. Шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб-рақамларига ўтказилади.

24. Кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар ходимларга ойлик маош бериш, уларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ички ишлар органларининг моддий-техник базасини, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ва янгилаш учун сарфланади.

3-боб. Тадбиркорлик субъектлари билан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматлар юзасидан шартнома тузиш тартиби

25. Тадбиркорлик субъектлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларни шартномавий-ҳуқуқий асосда ички ишлар органларибўлинмалари орқали пулли асосда кўрсатиш юзасидан ички ишлар органлари билан шартномалар тузиш мазкур Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

26. Шартнома тузиш учун тадбиркорлик субъектлари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлим)га ариза билан мурожаат қилади. Аризада юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, ички ишлар бўлимининг хизмат ҳудуди, манзили, бино ва иншоотлар ҳамда атрофидаги ҳудуднинг схемаси илова қилинган ҳолда кўрсатилади.

27. Шартнома тузиш тўғрисидаги ариза туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) тегишли бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

28. Аризани кўриб чиқишда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) тегишли бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда тегишли ҳудудни кўздан кечиради.

29. Ҳудудни кўздан кечириш натижаси бўйича далолатнома тузилиб, унда объект ҳудудининг чегараси, ички ишлар органлари  шахсий таркибининг талаб этиладиган сони, хизмат хоналари, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат олиб бориш вақти ҳамда тартиблари белгиланади ва шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилади.

30. Кўздан кечириш далолатномаси ва шартнома лойиҳаси тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тегишли ички ишлар органлари бошқармаларига юборилади.

31. Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, кўздан кечириш далолатномаси ва шартнома лойиҳасида ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан хизматни ташкил этишнинг алоҳида шартлари кўрсатилиши мумкин.

32. Юкланган вазифаларни бажариш учун ички ишлар органлари шахсий таркибининг сони, йўналишларнинг жойлашуви, шунингдек хизматни ўташ қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

33. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тегишли бошқармалари кўздан кечириш далолатномаси ва шартнома лойиҳасини кўриб чиқиш якунлари бўйича уларни беш иш кунидан кечиктирмаган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятига тақдим этади.

34. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тегишли бошқармалари томонидан кўздан кечириш далолатномасида жиддий камчиликлар аниқланганда, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасига (бўлимига) мазкур камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш тартиблари кўрсатилган билдиришнома юборилади.

35. Шартнома лойиҳаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси уч иш кунидан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тадбиркорлик субъекти билан шартнома тузиш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун қўшимча штат бирликлари ажратиш тўғрисида тақдимнома киритади.

 

36. Тадбиркорлик субъекти Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар
ички ишлар бош бошқармаси билан шартнома тузади.

37. Шартнома тузиш ва ички ишлар органлари ходимлари учун қўшимча штат бирликлари ажратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

38. Ички ишлар органлари бўлинмалари зиммасидаги вазифаларни қўшимча штат бирликлари ажратилгандан сўнг амалга оширади.

39. Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматлари ички ишлар органлари нарядларининг фаолиятини ташкил этиш орқали кўрсатилади.

40. Ички ишлар органлари фаолиятини молиялаштириш ва уларни моддий-техник воситалар билан таъминлаш тузилаётган шартномалар бўйича тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

41. Ички ишлар органлари ходимларининг хизматни олиб бориш тартиби ва вақти туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи томонидан тадбиркорлик субъекти билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

42. Хизмат олиб бориш режалаштирилаётган ҳудуд бир нечта туманлар (шаҳарлар) ҳудудида жойлашган тақдирда, ички ишлар органлари ходимларининг хизматни олиб бориш тартиби ва вақти Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тегишли бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланади.

43. Ички ишлар органлари бўлинмалари бошқарув аппаратининг умумий сони шартномага асосан ажратилган штат бирликларининг ўн фоизидан ошмаслиги керак.

44. Шартнома муддати тугаган ёки бекор қилинганда унинг асосида киритилган штат бирликлари белгиланган тартибда қисқартирилади.

45. Ички ишлар органларининг шартнома асосида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматлари кўрсатиш тарифлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ушбу тарифларни декларация қилиш (тасдиқлаш) йўли билан белгиланади.

46. Шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб-рақамларига ўтказилади.

47. Кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар ходимларга ойлик маош бериш, уларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ички ишлар органларининг моддий-техник базасини, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш
ва янгилаш учун сарфланади.

4-боб. Якунловчи қоида

 

48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга 
1-илова

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ички ишлар органларининг бўлинмаларини ташкил этиш тартиби

СХЕМАСИ

Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни маҳаллий ҳамда хўжалик ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга 
2-илова

Тадбиркорлик субъектлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларни шартномавий-ҳуқуқий асосда ички ишлар органлари бўлинмалари орқали пулли асосда кўрсатиш юзасидан ички ишлар органлари билан шартномалар тузиш тартиби

СХЕМАСИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

«___» январдаги ____-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик
ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»
2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 10-сон, 71-модда)

1. Қарорда:

2-бандининг иккинчи хатбошисидаги «бюджет ташкилотлари» деган сўзлардан кейин «, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ички ишлар, мудофаа бўлимлари, ободонлаштириш бошқармалари, Тоза ҳудуд ДУК» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

2. 3-иловаси:

9-банди қуйидаги мазмундаги еттинчи ва тўққизинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

«ижтимоий-маъданий ва оммавий тадбирлар;».

«жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар;».

биринчи еттинчи хатбоши, биринчи саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

биринчи тўккизинчи хатбоши, биринчи ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин.

7-банди «Бюджет ташкилотлари» деган сўзлардан кейин «, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ички ишлар, мудофаа бўлимлари, ободонлаштириш бошқармалари, Тоза ҳудуд ДУК» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

15-бандидаги «3 ойдан» деган сўз «6 ойдан» деган сўз билан  алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «2018 – 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» 2018 йил 5 декабрдаги 990-сон қарори 5-бандининг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«а) ўрнатилган интеллектуал видеокамералар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималар суммасининг камида 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади, 20 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантиришга мақсадли йўналтирилган ҳолда маҳаллий бюджетга тушади, 10 фоизи – мақсадли равишда «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази ҳисобига, 25 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, йўл ҳаракати интенсивлиги ва интеллектуал камераларнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда 25 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми – хусусий шерикнинг ҳисоб рақамига ўтказилади;».

Умумий таклифлар

1659