ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2275 Государственный комитет ветеринарии Республики Узбекистан 06/02/2019 21/02/2019 4

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2275

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

Ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда
истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини
янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Кейинги йилларда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида деҳқон-фермер хўжаликлари, айниқса, аҳоли қарамоғидаги чорва ҳайвонлари сони, улардан олинадиган маҳсулот миқдорининг ошиши ҳисобига ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали қўшимча даромад олиш ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида салмоқли ижобий натижаларга эришилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан бирга, ҳудудларда фаолият юритиб келаётган ҳайвонларни сўйиш билан шуғулланувчи корхоналар томонидан аҳолини гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда амалдаги ветеринария ва санитария соҳасидаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилмаслик натижасида етарли даражада хавфсизлиги ҳамда сифати кафолатланмаган гўшт ва гўшт махсулотларининг савдога чиқарилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ҳайвонларни сўйишнинг такомиллашган тизими мавжуд эмаслиги ва санитария талабларига риоя этилмаётганлиги бирламчи тери хом ашёсининг сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга тери хом ашёси ҳамда чарм ва пойабзал маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришда,  мавжуд маҳсулот экспортини диверсификациялаш, хориждаги якуний харидорларга сифатли чарм маҳсулотларини етказишда жиддий камчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, санитария талабларига асосан ҳайвонларни сўйиш хизматлари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бино ва хоналари мавжуд бўлган ихтисослашган корхоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, амалда юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ушбу хизматлар амалга оширилиб, меҳнат қонунчилигининг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига истеъмол учун етказиб берилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳайвонларни сўйишдан ҳосил бўладиган тери хом ашёсини қайта ишлаш корхоналарига сифатли ҳолатда етказиб беришнинг янги механизмларини жорий этиш, ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш, чарм хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида экспортга йўналтириладиган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” 1-иловага мувофиқ, “Ихтисослашган суйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларини янада кўркам ва обод қилиш, жозибадорлиги ва туристик салоҳиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида шаҳарлар ҳудудида фаолият кўрсатаётган ҳайвонларни сўйиш корхоналарини бошқа фаолият турига мослаштириш ёки шаҳарлар ҳудудидан чиқариш (шаҳарнинг чекка ҳудудларида ва кичик саноат худудларида санитария-химоя зоналари сақланган ҳолда ташкил этилган механизациялашган ихтисослашган сўйиш корхоналари бундан мустасно) таклифига розилик берилсин.

3. Республика ҳудудларида ҳайвонларни сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича 2019-2021 йилларда ташкил этиладиган механизациялашган ихтисослашган сўйиш корхоналари (кейинги ўринларда - ихтисослашган сўйиш корхоналари) рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ихтисослашган сўйиш корхоналари томонидан хайвонлар ва гўштни ташиш бўйича транспорт ва бошқа сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мажбурияти белгилаб қўйилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Давлат ветеринария қўмитаси:

бир ой муддатда жойларда мавжуд ҳайвон сўйишга мўлжалланган корхоналарни (қушхоналарни) инвентаризациядан ўтказиб, ушбу қарор талабларига мувофиқлигини ўрганиш ҳамда ихтисослашган ё мини сўйиш корхоналарига айлантириш ёки белгиланган тартибда фаолиятини тўхтатиш, ўзгартириш чоралари кўрилсин.

ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишда зарур бўлган дастгоҳ, асбоб, ускуналарнинг техник талаблари, ажратилган ер майдонлари кўрсаткичлари ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиб, ҳар бир ихтисослашган сўйиш корхоналари учун алоҳида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва қурилиш жараёнидаги сифати устидан архитектура-қурилиш назоратини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин;

ихтисослашган сўйиш корхоналарининг мавжуд лойиҳалари асосида Республика ҳудудларида жойлаштириладиган ихтисослашган сўйиш корхоналарининг бино ва иншоотларини қуриш учун санитария, мувофиқлик, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик ҳамда ветеринария талабларига жавоб берадиган, умумий ер майдони ихтисослашган сўйиш корхоналарининг лойиҳаларида кўрсатилган майдонидан кам бўлмаган ер участкаларини белгиланган тартибда ажратсин;

аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бозорларда ихтисослашган сўйиш корхоналарининг намунавий гўшт сотиш савдо шахобчаларини ташкил этилишини таъминласин;

бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларига сотиш ва қайта ишлаш учун олиб кириладиган гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларни фақат ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида тайёрланишини таъминласин;

хонадонларда ва бошқа рухсат этилмаган жойларда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини сотишга йўл қўймаслик чоралари кўрилсин.

5. Туман ва шаҳар ҳокимликлари тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда:

бир ой муддатда худудларда аҳолига қулай бўлган жойларда мини сўйиш корхоналари ташкил этиш дислокациясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускорларни аниқлаб, 2019-2021 йиллар давомида босқичма-босқич ташкил этилиши таъминлансин.

6.  Белгилаб қўйилсинки:

ҳайвонларни сўйиш хизматларини йўлга қўйишда ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади;

ихтисослашган сўйиш корхоналари ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматини ташкил этади ва унга малакали мутахассисларни жалб қилади;

ихтисослашган сўйиш корхоналарининг ветеринария мутахассислари, қассоблар ва бошқа техник ходимлари (кейинги ўринларда – ходимлар) белгиланган тартибда малакасини оширади ва малака оширмаган ходимларни фаолият юритиши таъқиқланади;

гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг улгуржи савдоси фақатгина ихтисослашган сўйиш корхоналарида амалга оширилади. Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширишга йўл қўйилади;

гўшт сотилиши йўлга қўйилган бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвонларнинг гўштлари сотилишига рухсат этилади. Бунда, хонадонларда ва бошқа рухсат этилмаган жойларда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини сотишга йўл қўйилмайди;

шахсий эҳтиёжи учун сўйилган ҳайвонлар гўштлари ҳамда ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилмаган ва тегишли ветеринария ҳужжатлари (Ф2, Ф4 ва Ф200) бўлмаган гўштлар, шунингдек, келиб чиқиши номаълум бўлган гўштларни деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида сотилиши таъқиқланади.

умумий овқатланиш, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳалари, қайта ишлаш корхоналарида ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилган ҳамда сифати ва ҳавфсизлигини кафолотловчи ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳайвон гўштларидан фойдаланишга рухсат этилади;

сўйиладиган ҳайвонларни тижорат мақсадларида фақат ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш ва шахсий эҳтиёжи учун сўйишни ветеринария врачининг рухсати билан амалга ошириш мажбурийдир;

ҳайвонларни рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ветеринария врачининг рухсатисиз, шунингдек касал ҳайвонларни сўйиш қатъиян таъқиқланади.

тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, ветеринария ва санитария талабларига жавоб берадиган тери хом ашёсини қабул қилиш ва сақлаш учун бино ҳамда омборхоналари мавжуд бўлган “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзолари томонидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси:

Умумий овқатланиш, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳалари, қайта ишлаш корхоналарида ишлатилаётган гўшт ихтисослашган сўйиш корхоналарида тайёрланганлигини ҳамда сифати ва ҳавфсизлигини кафолотловчи ҳужжатлари мавжудлигини белгиланган тартибда қатъий назоратга олсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси:

келиб чиқиши номаълум бўлган, шунингдек, рухсат этилмаган жойларда гўштларни сотилишини олдини олиш чораларини кўриш;

тирик ҳайвонлар ва гўштларни тегишли ветеринария ҳужжатлари асосида махсус транспорт воситаларида ташилиши устидан белгиланган тартибда қатъий назорат ўрнатиш;

касаллиги сабабли мажбурий сўйилган ва харом ўлган ҳайвонларнинг гўшти ва бошқа маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаб, уларнинг фаолиятига чек қўйиш ва уларга нисбатан кескин чоралар кўриш таъминлансин.

9. Давлат ветеринария қўмитаси:

бир ой муддатда мини сўйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрларини ишлаб чиқиб тасдиқласин.

10. “Ўзчармсаноат” уюшмаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда тери хом ашёсини йиғиб олиш, тайёрлаш, сақлаш ва уни қайта ишлаш корхоналарига етказиб беришни янада такомиллаштириш тизимини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилсин;

ишга туширилган ихтисослашган сўйиш корхоналари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда интернет тармоқларидаги расмий саҳифалари орқали, шунингдек бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилишини таъминласин.

11. “Ўзчармсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналари 2023 йил 1 январга қадар муддатга барча солиқларини тўлашдан озод этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки “Ўзчармсаноат” уюшмасининг тавсиясига мувофиқ иловага мувофиқ ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш ва айланма маблағларини тўлдириш учун тадбиркорларга қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилишини, шунингдек комиссия тўловларисиз нақд пул маблағлари берилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” давлат харидларини ташкил этиш ва шартномаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларида ихтисослашган сўйиш корхоналарида тайёрланган гўшт харидлари амалга оширилишини таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин.

14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, маҳалла фуқаролар йиғинларига аҳоли орасида ушбу қарорнинг мазмун моҳияти, ҳайвонларни сўйишни сўйиш корхоналарида амалга ошириш, келиб чиқиши номаълум гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилмаслик, ҳайвон эгаларининг мажбуриятлари, шунингдек жамоатчилик назоратини ташкил этишда фаол иштирок этиш юзасидан кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш тавсия этилсин.

15.  Адлия вазирлиги бир ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов ва Давлат ветеринария қўмитаси
раиси в.б. Б.Норқобилов ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси в.в.б. Ф.Бобоев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
           Бош вазири                                                                   А.Арипов

 

 

Умумий таклифлар

1495