ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2269 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 06/02/2019 21/02/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисида
ID-2269

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисида

Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари, хусусан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини халқаро талаблар даражасида кластер тизими асосида ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда кадрларга бўлган ўткир эҳтиёж ва талаблардан келиб чиққан ҳолда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши ва замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича юқори малакали мухандис техник кадрларни тайёрлашбўйича ҳал этилиши лозим бўлган қатор долзарб масалалар мавжуд.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида 419801 гектар суғориладиган ва 258560 гектар лалми майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни механизациялаш ва маҳсулотларни қайта ишлаш, ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш, воҳадаги умумий сув ҳажми 2472,09 млн. куб.м бўлган 13 та сув омборлари, 2467 км узунликдаги ирригация тармоқларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ қилиш куламини янада кенгайтириш борасида фаолият юритиш учун кадрлар танқислиги яққол сезилмоқда.

Ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги кластерларини ҳамда сув хўжалиги иншоотлари ва объектларини юқори малакали мухандис техник кадрлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Қарши филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни қўллаш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, геодезия ва геоинформатика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва бошқарув бўйича замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва таълим йўналишларининг малака талаблари даражасида модернизациялаш, ўқув-меъёрий ҳужжатларини ва услубий таъминотни етарли даражада шакллантириш, ўқув ва малакавий амалиётларини замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, ахборот коммуникацион ва педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг тадбиқ қилиш, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий университетларда профессор-ўқитувчиларни малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

потенциал иш берувчи ташкилот ва корхоналарни кадрларга бўлган эҳтиёжларини мунтазам равишда ўрганиб бориш орқали истиқболда замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликларини белгилаш, мутахассисларни малакасини ошириш ва Филиал битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш ва уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш.

3. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун кадрларни мақсадли тайёрлаш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Қарши филиали ҳузурида Касбий лицей (кейинги ўринларда Касбий лицей деб аталади) ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар Касбий лицейнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўқув жараёнини тасдиқланган ўқув режалари асосида ташкил этиш, ўқув дастурларини соҳага мослаб унификациялаш, ўқувчиларни соҳалар бўйича олий таълимга мақсадли тайёрлаш;

базавий ўқув режалари ва дастурлари асосида бериладиган таълим мазмунини юқорида даражада таъминлаш;

ўқитишнинг анъанавий шакллари, усуллари ва воситалари билан бир қаторда соҳага боғлиқ равишда ўқитишнинг илғор шакллари, усуллари ва воситаларидан кенг фойдаланиш;

ўқувчиларнинг дарсдан ташқари фаолиятини соҳага оид иншоотларда, илмий ва техника лабораторияларида ва бошқа ижодий ва маданий масканларда амалга ошириш орқали, уларни касбга қизиқишини уйғотиш;

педагогик кадрлари таркибини танлов асосида малакали, чуқур касбий билимга, юксак ахлоқий ва маънавий сифатларга эга бўлган ўқитувчилар билан тўлдиришни таъминлаш;

жалб қилинган олий таълим муассасасаларининг профессор-ўқитувчилари таълим бериш жараёнидан ташқари услубий материаллар тайёрлашда ҳамда ёш ўқитувчиларга илмий, услубий ёрдам беришда амалий ишларни ташкил этиш;

ўқув-лаборатория жиҳозлари ва спорт анжомлари, компьютер техникаси, ахборот-коммуникация технологияси жиҳозлари, ахборот ресурс маркази фонди ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юклансин.

5. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри Хонобод шоҳ кўчаси 19-уй манзилида жойлашган Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Филиалга ва Қашқадарё вилояти Қарши тумани, Қовчин қишлоқ хўжалиги касб ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Касбий лицейга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Қарши агробизнес ва тадбиркорлик  касб-ҳунар коллежи ва Қовчин кишлок хужалиги касб хунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал ва Касбий лицей биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

6. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мазкур бандда кўрсатилган бино ва иншоотларнинг белгиланган тартибда қабул қилиниши ва топширилишини таъминласин.

7. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Қарши филиалининг ташкилий тузилмаси
1а-иловага ва Касбий лицейнинг ташкилий тузилмаси 1б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Белгилансинки:

Филиал ва Касбий лицей (факультетлар, кафедралар ва бошқа таркибий бўлинмалар) ходимларининг чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси олий ва ўрта махсус таълим муассасалари учун ўрнатилган нормативларга мувофиқ аниқланади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига зарур ҳолларда, Филиал ва Касбий лицейнинг тузилмасига олий ва ўрта махсус таълим муассасаси учун ўрнатилган нормативларга мувофиқ ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади;

Филиал ва Касбий лицей Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг юридик шахс мақомидаги таркибий тузилмаси ҳисобланади;

Филиал ва Касбий лицейнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув режалари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти томонидан ишлаб чиқилади ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, базавий институтнинг Кенгашида тасдиқланади;

Филиал ва Касбий лицейда ўқув жараёни 2019-2020 ўқув йилидан бошланади.

Филиал ва Касбий лицейга 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб талаба ва ўқувчиларни қабул қилиш квотаси белгиланган тартибда тасдиқланади;

Касбий лицейга умумий ўрта таълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўрнатилган тартибда қабул қилинади.    

Касбий лицейнинг фаолияти ва унинг таълим тизими (2+1) шаклда синов-тажриба сифатида амалга оширилади;

Касбий лицейнинг 2 йиллик дастурини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга белгиланган тартибда ўрта махсус касбий дипломи берилади ва яна  +1 йиллик соҳага йўналтирилган дастурини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ва унинг филиалларига кириш синовсиз 1 курс талабалар сафига тўлов контракт асосида квотадан ташқари қабул қилиш имтиёзи берилади.

9. Филиалнинг ўқув-лаборатория базасини олий таълим талаблари даражасига мос равишда моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида
2-иловада келтирилган касб-ҳунар коллежларининг моддий техник воситалари ўрнатилган тартибда Филиал балансига бепул ўтказилсин.

10. Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан биргаликда Филиал ва Касбий лицей тўғрисидаги маълумотларни Қашқадарё вилояти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиал ва Касбий лицейнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;

Филиал ва Касбий лицейни танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш;

Филиал ва Касбий лицейда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

Филиал ва Касбий лицейнинг ахборот-ресурс марказини базавий олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Касбий лицейга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг олий таълим муассасасига имтиёзли тавсия қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда 3-иловага мувофиқ Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларини белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

13. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал ва Касбий лицей фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида, ташкил этилган кундан бошлаб зарурий сақлаш ҳаражатлари 2019 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Филиал ва Касбий лицейнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари) учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланилади.

13.Филиалнинг бакалавриат таълим йўналишлари талабаларини амалиёт ўташ объектларига бириктирилиши 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар белгиланган тартибда Филиални масофавий таълим учун телекоммуникация қурилмалари билан жиҳозлаш, оптик толали алоқа тармоғи асосида юқори тезликдаги интернет хизматлари билан таъминлаш ҳамда электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин.

15. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги республика олий таълим муассасаларидан Филиалга фаолият юритиш учун таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш, узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитларини ажратиш хамда кўп қаватли арзон уйлардан 2 та квартирани филиал ҳисобига ўтказиш  чораларини кўрсин.

16. Филиалга 3 та, шу жумладан 1 та хизмат ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситаси ва 1 та автобус ҳамда Касбий лицейга 1 та хизмат машинасини сақлашга лимит ажратилсин.

17. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Қуйидагилар Касбий лицей фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдухакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. Маджидов ва Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев зиммасига юклансин.

 

                                                                            Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                        Бош вазири                                                                         А. Арипов

Умумий таклифлар

490