ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
2230 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 03/02/2019 18/02/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2230

 

ЛОЙИҲА

 


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари

тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ – 5635-сон Фармонига мувофиқ ҳамда кўнгилочар савдо объектларининг фаолият олиб боришлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш, уларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тадбиркорлик субъектлари ўртасида мазкур қарорнинг мақсади, моҳияти ва амалий аҳамиятини тушунтириш ишларини ташкиллаштирсин ва амалга оширсинлар.

3. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ______________________ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                                                       А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил  

«___» _________ даги ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар савдо объектларида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига бўлган таҳдидларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга, уларни қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Мазкур Низом қоидалари мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъи назар, сутканинг тунги вақтида одамларнинг дам олишлари ва ҳордиқ чиқаришлари билан боғлиқ товарлар
ва хизматларни сотишга мўлжалланган (мослаштирилган) ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ва бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларига (кейинги ўринларда кўнгилочар савдо объектлари деб аталади) татбиқ этилади.

3. Кўнгилочар савдо объектларида хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича хизматлар шартнома асосида ички ишлар органлари
ёки қўриқлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкин.

4. Кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимлари:

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ёнғин, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда бу ҳақда дарҳол тегишли махсус хизматга хабар беришлари;

одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни ўчириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришлари;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўришлари;

объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган
ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт.

5 Кўнгилочар савдо объектида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар
юз берган тақдирда ходимларнинг хатти-ҳаракатлари режаси ва одамларни эвакуация қилиш схемаси ишлаб чиқилиши зарур.

Эвакуация қилиш схемаси етарли миқдорда кўринарли жойларда ўрнатилади.

6. Кўнгилочар савдо объектида сутканинг тунги вақтида хавфсизликни назорат қилиш учун масъул навбатчи ходим тайинланиши лозим.

Масъул навбатчи ходимнинг вазифаларини сотувчилар, ошпазлар, официантлар, мижозларга бевосита товарларни сотувчи ва хизматларни кўрсатувчи бошқа ходимлар зиммасига юклатилишига йўл қўйилмайди.

 

2-боб. Кўнгилочар савдо объектининг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар

 

7. Кўнгилочар савдо объектларида қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш ва хавф-хатар сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.

8. Кўнгилочар савдо объекти Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмаларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширилиб, унинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплекси техник қўриқлаш пунктининг бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим.

9. Қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари кўнгилочар савдо объектига рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) ҳамда унда рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида алоҳида хоналарга, эшикларга, деразаларга, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларига ўрнатилади.

10. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализациянинг датчиклари хона ичига,
у ердаги ёнғинга қарши вазият кескин ўзгарганда (ҳарорат кўтарилиши, тутун ҳосил бўлиши ва бошқалар) ёки ёнғин юзага келганда ташвиш сигналини бериш учун ўрнатилади.

Ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ёнғин чиққанлиги ёки бино ичидаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўзгарганлигини аниқлаш ва сигнал беришга мўлжалланган тутунли, иссиқлик, ёруғлик ва/ёки комбинацияланган хабар бергичлар билан жиҳозланади.

11. Хавф-хатар сигнализациясининг тугмаси кўнгилочар савдо объектидаги назорат-касса машиналари, ҳисоб-китоб терминаллари, банкоматлар ўрнатилган, шунингдек объект ходимлари ва мижозлари фойдаланишлари қулай бўлган бошқа жойларга ўрнатилади.

12. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияларининг симларига шикаст етказилганида ишлаб кетадиган датчиклар билан таъминланган бўлиши лозим.

13. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.

Сигнализациялар комлексининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, автоматик тарзда ишга тушадиган электр таъминоти манбасига (дизель-генератор ва бошқалар) уланган ёки камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим.

 

3-боб. Кўнгилочар савдо объектининг видеокузатув тизимлари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар

 

14. Кўнгилочар савдо объектларида видеокузатув тизимини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.

15. Кўнгилочар савдо объектларининг видеокузатув камералари орқали узатиладиган тасвирлар энг яқиндаги ички ишлар бўлимининг ҳамда объектнинг маъмуриятидан масъул навбатчи ходимга ажратилган хонанинг мониторларига чиқарилиши лозим.

16. Видеокузатув камералари кўнгилочар савдо объектларининг периметри, автотураргоҳи (агар мавжуд бўлса), барча кириш-чиқиш эшиклари, мижозлар жойлашган жойлар (савдо зали, рақс майдончалари) ва объектнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бошқа жойларни қамраб олиши керак.

Қоида тариқасида, кўнгилочар савдо объектларининг периметри, автотураргоҳи (агар мавжуд бўлса) ва кириш-чиқиш эшиклари шахснинг юзини ҳамда транспорт воситаларининг давлат рақами белгисини интеллектуал таниб олиш тизимлари билан жиҳозланади.

17. Видеокузатув тизимининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.

Видеокузатув тизимининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

18. Сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар савдо объектлари ва унинг атроф-ҳудудлари етарли даражада ёритилиши лозим.

19. Кўнгилочар савдо объектлари маъмурияти объектга бориш йўлларини ёнғин ўчириш, тез тиббий ёрдам, қутқарув хизмати ва бошқа махсус транспорт воситаларининг объект ҳудудига тўсиқсиз кириши (чиқиши)ни таъминлаш, ушбу йўлларнинг тўсиб қўйилишига йўл қўймаслик чораларини кўради.

20. Кўнгилочар савдо объектларида заҳира чиқиш эшиклари етарли бўлиши, улар ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берганда объект ҳудудини тез
ва тўсиқларсиз тарк этиш имкониятини бериши, объектнинг ички деворлари
ва полларига чиқиш йўлларини билдирувчи белгилар ўрнатилиши ҳамда улар қоронғу шароитда кўзга кўринадиган бўлиши керак.

21. Кўнгилочар савдо объектлари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарурий дори-дармонлар билан таъминланган бўлиши зарур.

22. Кўнгилочар савдо объектлари алкоголдан ўткир мастлик ҳолатида бўлган ва ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибига хавф туғдирувчи шахсларга хизмат кўрсатмаслик ҳамда бундай шахсларни объектга киритмаслик ҳуқуқига эга.

23. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган кўнгилочар савдо объектининг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

24. Кўнгилочар савдо объектининг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари орқали қасддан алдаб ташвиш сигналини берганлик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Умумий таклифлар

1084