Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
21521 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 02/09/2020 17/09/2020 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сонли БҲМС) “Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот” (янги таҳрири)
ID-21521

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

 

Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти
(
9-сонли БҲМС) Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни
тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сон БҲМС) “Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Вазир                                                                                 Т. Ишметов

 

Тошкент ш.,

2020 йил “__” _________,

____-сон

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
молия вазирининг

2020 йил “__” ________даги __- сон
 буйруғига
ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти
(9-сонли БҲМС)
“Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот”

 

Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот фойдаланувчиларни ҳисобот давридаги пул маблағларининг кирими ва чиқими тўғрисидаги ахборот билан таъминлаб, уларга юридик шахсларнинг (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) молиявий аҳволидаги ўзгаришларни баҳолашга имкон беради.

Мазкур Стандартнинг мақсади ташкилотнинг пул маблағлари ва унинг эквивалентлари бўйича ҳисобот даври мобайнида операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятида юз берувчи пул оқимлари ҳаракатини таснифловчи пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот кўринишидаги ахборотларни мажбурий равишда тақдим этишини белгилаб қўйишдан иборат.

2. Ташкилот мазкур стандарт талабларига мувофиқ пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди ва уни ҳар бир ҳисобот даври учун тузиладиган молиявий ҳисоботнинг таркибий қисми сифатида тақдим этади.

3. Бошқа молиявий ҳисоботлар билан биргаликда фойдаланиш чоғида пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот ахборотлари молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун ташкилотнинг пул маблағлари ва унинг эквивалентларини жалб этиш қобилиятини баҳолашга база бўлиб хизмат қилиши билан фойдалидир. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот пул тушумлари ва тўловларини учта асосий тоифага ажратади: операцион фаолият, инвестиция фаолияти ва молиявий фаолият. Ҳар учала тоифанинг пул маблағига биргаликда таъсири ҳисобот давридаги пул маблағининг соф ўзгаришини белгилаб беради. Пул оқимлари ҳаракати тўғрисидаги ахборот келгуси пул оқимлари прогнозининг тўғрилигини текширишда, фойда олиш ва пул оқимларининг соф ҳаракати ҳамда нарх ўзгариши таъсири ўртасидаги боғлиқликларни таҳлил қилишда зарур бўлади.

4. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

пул маблағлари – кассадаги нақд пул ва талаб қилиб олинадиган депозитлар, шунингдек, банкнинг ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларидаги маблағлар;

пул эквивалентлари – бу маълум пул маблағига тез ва осон алмаштириладиган ҳамда қийматидаги ўзгаришлар туфайли бироз таваккалчилиги бўлган қисқа муддатли, юқори ликвидли инвестициялардир;

пул оқимлари – пул маблағлари ва пул эквивалентларининг кирими ва чиқимидан иборат;

операцион фаолиятташкилотнинг даромад келтирувчи асосий фаолияти, шунингдек субъектнинг инвестиция ва молиявий фаолиятига тегишли бўлмаган бошқа хўжалик фаолиятидир.

инвестицион фаолият – пул эквивалентларига киритилмаган узоқ муддатли активлар ва бошқа инвестиция объектларини харид қилиш ва сотишдир.

молиявий фаолият – хусусий капитал ва қарз маблағлари миқдори ва таркибида ўзгаришлар юз бериши натижасида ҳисобланадиган ташкилотнинг фаолиятидир.

5. Пул маблағлари эквивалентларидан асосан қисқа муддатли мажбуриятлар бўйича тўловлар учун фойдаланилади, аммо инвестициялар ва бошқа мақсадлар учун эмас. Инвестицияларни пул эквиваленти деб ҳисоблаш учун улар эркин равишда нақд пулга айлантириладиган ва қийматининг ўзгаришида аҳамиятли бўлмаган риск бўлиши керак. Шунинг учун агар инвестиция харид қилинган пайтдан бошлаб тахминан 3 ой ичида тўланадиган бўлса, уни пул эквиваленти деб ҳисобланади.

6. Банк қарзлари (заёмлари) молиявий фаолиятга тааллуқлидир, лекин талаб қилинган пайтда тўланадиган банк овердрафтлари корхоналар пул маблағларини бошқаришнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу муносабат билан банк овердрафтлари пул маблағлари ёки улар эквивалентининг таркибий қисми ҳисобланади.

7. Пул оқимлари пул маблағлари ва пул эквивалентлари моддалари ўртасидаги ҳаракатни ўз ичига олмайди, чунки улар хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағларини бошқаришга тааллуқли бўлиб, аммо унинг операцион, молиявий ёки инвестиция фаолиятига кирмайди. Пул маблағларини бошқариш ортиқча пул маблағларини пул эквивалентларига  киритишни ўз ичига олади.

 

2-боб. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш

 

8. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот ташкилотнинг ҳисобот даври давомида операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятлари натижасида олган пул оқимлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

9. Ташкилот пул оқимларини операцион, инвестицион ва молиявий фаолияти тоифасига фолият юритиш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тақдим этади. Фаолият тури бўйича таснифлаш фойдаланувчиларга ушбу фаолиятларнинг ташкилот молиявий ҳолатига таъсирини баҳолаш ва унинг пул маблағлари ва эквивалентларининг суммасини аниқлаш имконини берувчи ахборот билан таъминлайди. Бу ахборотдан, шунингдек, ушбу фаолиятлар ўртасидаги ўзаро алоқани баҳолаш учун фойдаланиш мумкин.

Айнан бир операция бўйича ҳар хил тоифа пул оқимлари юзага келиши мумкин.

§ 1. Операцион фаолият

10. Ташкилотнинг операцион фаолияти натижасида вужудга келадиган пул оқимлари ҳажми хўжалик юритувчи субъект амалга оширадиган операцион фаолияти натижасида пул оқимлари ҳаракати ссудаларни тўлаш, хўжалик юритувчи субъектнинг ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб туриш, дивидендларни тўлаш ва янги инвестициялар учун молиялаштиришнинг ташқи манбаларига мурожаат қилмасдан туриб қанчалик етарли эканини акс эттирувчи асосий кўрсаткич ҳисобланади. Олдинги операцион фаолиятдан олинган пул оқимларининг айрим қисмлари тўғрисидаги ахборотни бошқа турдаги ахборотлар бирга қўшиб келгуси операцион фаолиятнинг пул оқимларини прогноз қилиш учун фойдаланиш мумкин.

11. Операцион фаолиятнинг пул оқимлари ташкилотнинг асосий фаолиятидан келиб чиқади. Одатда ташкилотнинг асосий фаолияти маҳсулотларни сотишга, ишларни бажаришга ёки хизматларни кўрсатишга қаратилган бўлади. Операцион фаолиятнинг асосий пул оқимларига қуйидагилар киради:

товарларни сотиш ва хизмат кўрсатишдан тушган пул;

роялти, бадаллар, воситачилик ҳаққи ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа йўллар билан пул маблағлари тушуми;

товарлар ва хизматлар учун уларни етказиб берувчиларга пул тўловлари;

ходимларга ва ходимлар номидан тўловлар;

суғурта компаниясининг суғурта полислари бўйича мукофотлари, талаблари, йиллик ва ўзга тўловлари бўйича пул тушумлари ва тўловлари;

солиқлар бўйича пул тўловлари ёки қопланмалар, агар улар инвестиция ва молиявий фаолиятга тааллуқли бўлмаса;

савдо ёки дилерлик мақсадларида тузилган битимлар бўйича пул тушумлари ва тўловлари;

ва бошқалар.

Асосий воситалар бирликларини сотиш каби айрим операциялар бўйича соф фойда ёки зарарни аниқлашда киритиладиган фойда ёки зарар юзага келиши мумкин. Лекин бундай битимлар бўйича пул оқимлари инвестиция фаолиятининг пул оқимларига киритилади.

12. Корхона воситачилик ёки савдо мақсадлари учун қимматли қоғозлар ёки ссуда олган бўлиши мумкин, ва бундай ҳолларда улар қайта сотиш учун харид қилинган товар - моддий захираларга ўхшаш бўлади.

§ 2. Инвестиция фаолияти

13. Ташкилот инвестиция фаолиятининг пул оқимлари ҳақидаги ахборотни алоҳида ёритиб беради. Инвестиция фаолиятининг пул оқимлари ҳақидадаги ахборот келажакда даромад ва пул оқимлари юзага келтирадиган ресурслар бўйича қилинган харажатлар даражасини кўрсатади. Инвестиция фаолиятидан олинган асосий пул оқимларига қуйидагилар киради:

асосий воситалар, номоддий ва бошқа узоқ муддатли активларни харид қилиш учун пул тўловлари. Ушбу тўловлар тажриба-конструкторлик ишларига қилинган харажатларни капиталлаштириш, шунингдек, хўжалик усули билан амалга оширилган қурилишлар билан боғлиқ бўлган тўловларни ўз ичига олади;

асосий воситалар, номоддий ва бошқа узоқ муддатли активларни сотишдан олинган пул тушуми;

пул эквивалентлари ҳисобланган ёки дилерлик мақсадларида ёки савдо мақсадларида сақланаётган тўлов ҳужжатлари (векселлар каби) бўйича тўловлардан ташқари, бошқа субъектларнинг акциялари ёки қарз мажбуриятларини ҳамда қўшма корхоналарда иштирок этиш ҳуқуқини сотиб олишга доир пул тўловлари;

пул эквивалентлари ҳисобланган ёки дилерлик ёки савдо мақсадлари учун сақланаётган тўлов ҳужжатлари (векселлар каби) бўйича тушумлардан ташқари бошқа субъектларнинг акциялари ва қарз мажбуриятларини ҳамда қўшма корхоналарда иштирок этиш ҳуқуқини сотишдан олган пул тушумлари;

бошқа тарафларга берилган бўнаклар ва кредитлар (молиявий муассасалар томонидан берилган бўнаклар ва кредитлардан ташқари);

бошқа тарафларга берилган бўнаклар ва ссудаларнинг қайтарилишидан келган пул тушумлари (молиявий муассасалар томонидан олинган бўнаклар ва кредитлардан ташқари);

фьючерс ва форвард битимлари, опцион битимлар ва своп-битимлар бўйича тўловлар, бундан молиявий фаолият сифатида тасниф этиладиган дилер ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган битимлар ёки тўловлар мустасно;

фьючерс ва форвард битимлари, опцион битимлар ва своп битимлар бўйича пул тушумлари, бундан молиявий фаолият сифатида тасниф этиладиган дилер ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган битимлар ёки тушумлар мустасно;

ва бошқалар.

Битим муайян позицияни хежлаштириш*[1] (суғурталаш) сифатида ҳисобга олинса, бундай битим бўйича пул оқимлари хежлаштирилган фаолият тури позициясидаги пул оқимлари сифатида қаралади.

§ 3. Молиявий фаолияти

14. Ташкилот молиявий фаолиятидан пул оқимлари ҳақидаги ахборотни алоҳида ёритиб беради. Бу ахборот молиявий фаолиятнинг келгуси пул оқимларини прогноз қилиш учун зарур. Молиявий фаолиятдан келадиган асосий пул оқимларига қуйидагилар киради:

акцияларни ёки хусусий капитал билан боғлиқ бошқа инструментларни чиқаришдан пул тушумлари;

ташкилотлар акцияларини харид қилиш ёки қоплаш учун эгаларига тўловлар;

таъминланмаган облигациялар эмиссиясидан, молиявий корхоналари томонидан берилган ссудалардан, қарз мажбуриятлари, гаровга доир ва бошқа қисқа ҳамда узоқ муддатли қарзларидан пул тушумлари;

қарзларни тўлаш;

молиявий лизинг бўйича мажбуриятларни қисқартириш учун ижарачиларнинг тўловлари;

ва бошқалар.

3-боб. Операцион фаолият бўйича пул оқимларини тақдим этиш

 

15. Ташкилот операцион фаолиятдаги пул маблағлари ҳаракатини қуйидагилардан фойдаланиб ёритиб беради:

ялпи пул тушум ва ялпи пул тўловларининг асосий турларини ёритиб берадиган бевосита усул;

соф даромад ёки зарар жорий активлар ва мажбуриятлар, пулсиз операциялар, шунингдек операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятлар натижаси ҳисобланган даромадлар ва зарарларнинг ўзгаришини ҳисобга олиб тузатишлар қилинадиган билвосита усул.

 

4-боб. Инвестицион ва молиявий фаолият бўйича пул оқимларини тақдим этиш

 

16. Ташкилот қейинги икки параграфда баён қилинадиган нетто асосида[2] ҳисобга олинадиган пул оқимларидан ташқари инвестиция ва молиявий фаолиятларнинг ялпи пул тушумлари ва ялпи пул тўловларини ҳисоботда алоҳида акс эттирилиши лозим.

17. Мижозлар номидан пул оқимлари нетто асосида ёритиб берилади, бунда пул оқимларининг ҳаракати юридик шахснинг фаолиятига нисбатан мижоз фаолиятини кўпроқ акс эттиради, масалан:

инвестицион ташкилотлари ўз мижозларининг топшириғига биноан ушлаб турадиган жамғармалар;

мулк эгаси номидан ундириладиган ва уларга ўтказиб бериладиган ижара тўловлари.

18. Тезда айланадиган, катта миқдордаги маблағни ўз ичига оладиган ва тўлаш муддати қисқа бўлган моддалар бўйича пул оқимлари ҳам нетто асосида ёритиб берилиши мумкин, масалан:

қоплаш вақти қайд этилган депозитларни олиш ва тўлаш бўйича пул тушумлари ҳамда тўловлари;

депозитларни жойлаштириш ва уларни бошқа молиявий муассасаларидан қайтариб олиш;

мижозларга берилган пул бўнаклари ва кредитлар ҳамда бу бўнаклар ва кредитларнинг тўланиши.

19. Молиявий институтнинг қуйидаги фаолиятларидан келиб чиқадиган пул оқимлари ҳисоботда нетто асосда кўрсатилиши мумкин:

сўндириш санаси қатъий белгиланган омонатларни қабул қилиш ва қайтариб бериш бўйича пул тушумлари ва тўловлари;

омонатларни бошқа молиявий институтларда жойлаштириш ва улардан қайтариб олиш;

мижозларга ажратилган бўнаклар ва кредитлар ҳамда ушбу бўнаклар ва кредитларнинг қайтарилиши.

5-боб. Чет эл валютасидаги пул оқимлари

20. Чет эл валютасидаги операциялардан пул оқимлари Ўзбекистон Республикаси валютасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан операция амалга оширилган санада белгилаб қўйилган алмаштириш курсини қўллаб акс эттирилади.

21. Чет эл шўъба жамиятининг пул оқимлари пул оқимлари содир бўлган санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган алмаштириш курси бўйича қайта ҳисобланиши лозим.

22. Чет эл валютасининг курси ўзгаришидан келиб чиқадиган амалга оширилмаган даромад ва зарарлар пул маблағларининг ҳаракати ҳисобланмайди. Бироқ алмаштириш курси ставкалари ўзгаришининг хорижий валютада сақланаётган ёки тўланиши лозим бўлган пул маблағига ёки уларнинг эквивалентларига таъсири, ҳисобот даври боши ва охиридаги пул маблағлари ҳаракатининг бир-бирига мувофиқлаштириш учун пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. Бу сумма операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятлар натижасида вужудга келадиган пул оқимларидан алоҳида кўрсатилади ва агар пул маблағларининг бу ҳаракати ҳисобот даврининг охиридаги пул алмаштириш курсида акс этадиган бўлса, тафовутга қўшилади.

6-боб. Фоизлар ва дивидендлар

23. Фоизлар ва дивидендларни олиш ва тўлаш билан боғлиқ пул оқимларини алоҳида ёритиб бериш зарур, уларни бир ҳисобот давридан иккинчи ҳисобот давригача изчиллик билан операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятнинг пул оқимлари сифатида тасниф этиш лозим.

24. Молиявий институтлар учун тўланган ва олинган фоизлар ҳамда дивидендлар операцион пул оқимлари сифатида таснифланади.

Тўланган ва олинган фоизлар ҳамда дивидендлар операцион фаолиятдан келадиган пул оқимлари деб таснифланиши мумкин, чунки улар соф даромад ёки зарарни аниқлашда қўшилади. Шу билан бир қаторда, тўланган ва олинган фоизлар ҳамда дивидендлар мос равишда молиявий ва инвестицион фаолиятдан келадиган пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин, чунки улар молиявий ресурсларни ёки инвестиция даромадларини жалб қилиш харажатларини англатади.

25. Тўланган дивидендлар молиявий пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин, чунки улар молиявий ресурсларни олиш учун тўланган ҳақ ҳисобланади. Шу билан бир қаторда тўланган дивидендлар фойдаланувчиларга ташкилотнинг операцион фаолиятдан келадиган пул оқимларидан дивидендларни тўлаш қобилиятини аниқлашда ёрдам бериш учун операцион фаолиятдан тушган пул оқимларининг таркибий қисми сифатида таснифланиши мумкин.

7-боб. Даромад (фойда)дан олинадиган ва бошқа солиқлар

26. Даромад (фойда) солиғи натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари молиявий ва инвестицион фаолиятларга махсус боғлиқ бўлмаса алоҳида кўрсатилиши ва операцион фаолиятнинг пул оқимларига олиб борилади.

27. Даромад (фойда) солиғи пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда операцион, инвестицион ёки молиявий фаолият сифатида таснифланиши мумкин бўлган пул оқимларини келтириб чиқарувчи операциялар натижасида юзага келади.

Тўланган солиқлар одатда операцион фаолият натижасидаги пул оқимлари сифатида таснифланади. Агар солиқ пул оқимини инвестицион ёки молиявий фаолият сифатида таснифланган пул оқимларини келтириб чиқарган алоҳида операция билан боғлиқлигини аниқлаш имкони бўлса, солиқ пул оқими ҳам мос равишда инвестицион ёки молиявий фаолият сифатида таснифланади. Солиқ пул оқимлари бир нечта фаолият билан боғлиқ бўлса, тўланган солиқларнинг умумий миқдори очиб берилади.

8-боб. Шўъба корхоналарни ва бошқа хўжалик бирликларини харид қилиш ва сотиш

28. Шўъба корхоналарни ёки бошқа хўжалик бирликларини харид қилиш ёки сотишдан ялпи пул оқимлари алоҳида ёритилади ва инвестиция фаолияти сифатида таснифланади.

Уюшган ёки шўъба корхонада инвестициялар хусусий капитал ёки таннарх усулидан фойдаланиб ҳисобга олинадиган бўлса, инвестор пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда ўзлари билан ва инвестицияларни олувчи ўртасидаги пул оқимлари билан чекланади, масалан, дивидендлар ва бўнаклар.

29. Ташкилотлар шўъба корхоналарни ва бошқа хўжалик бирликларини харид қилиш бўйича ҳам, уларни сотиш бўйича ҳам, қуйида келтирилган бандларнинг ҳар бирини тўлиқ ёритиб беришлари зарур.

харид қилиш ёки сотишнинг умумий қиймати;

пул маблағлари ва пул эквивалентлари орқали харид қилиш ёки сотишнинг тўланган қисми;

харид қилинган ёки сотилган шўъба жамиятига ёки хўжалик бирлигига тегишли бўлган пул маблағлари ва пул эквивалентлари суммаси;

харид қилинган ёки сотилган шўъба жамиятига ёки хўжалик бирлигига тегишли пул маблағлари ва пул эквивалентларидан ташқари активлар ва мажбуриятлар ёки активлар ва мажбуриятлар турлари бўйича суммаси.

9-боб. Пулсиз операциялар

30. Пул маблағлари ёки пул эквивалентларидан фойдаланишни талаб қилмайдиган инвестиция ва молиявий операциялар пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботга қўшилмаслиги керак. Бундай операциялар бошқа молиявий ҳисоботларда фаолиятнинг ушбу инвестицион молиявий турлари тўғрисидаги барча муҳим ахборотни тақдим этадиган тарзда ёритиб берилиши лозим.

31. Пулсиз операцияларни пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатмаслик ушбу ҳисобот мақсадларига мос келади, чунки бундай моддалар жорий даврда пул оқимлари келтириб чиқармайди. Пулсиз операцияларга қуйидагилар мисол бўла олади:

активларни бевосита тегишли мажбуриятларни олиш орқали ёки молиявий ижара асосида сотиб олиш;

ташкилотни улушли инструментларни чиқариш эвазига сотиб олиш;

қарз мажбуриятларининг капиталга айлантирилиши.

 

10-боб. Пул маблағлари ва улар эквивалентларининг таркибий қисмлари

32. Ташкилот пул маблағлари ва пул эквивалентларининг айрим моддаларини ҳам кўрсатиши лозим ва пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботдаги суммаларни бухгалтерия балансининг тегишли моддалари билан солиштирмаларини тақдим этиши керак.

11-боб. Бошқа ахборотларни ёритиб бериш

33. Ташкилот корхонада мавжуд бўлган, лекин гуруҳ фойдалана олмайдиган муҳим пул маблағлари ва пул эквивалентлари қолдиғи миқдорини раҳбариятнинг тушунтириши билан бирга ёритиб бериши керак.

34. Ташкилотда мавжуд пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари қолдиқларидан гуруҳ томонидан фойдаланиш имконияти бўлмайдиган турли ҳолатлар мавжуд. Улар ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин:

келгуси операцион фаолиятида ва капитал бўйича мажбуриятларни бажариш учун фойдаланиш мумкин бўлган ишлатилмаган қарз маблағлари суммаси, бундай маблағлардан фойдаланишда чекловларини кўрсатган ҳолда;

операцион имкониятларни сақлаб туриш учун талаб этиладиган пул маблағларидан ташқари операцион имкониятларнинг кенгайишини таъминловчи пул оқимларининг жамланган миқдори.

35. Операцион имкониятларининг кенгайишини акс эттирувчи пул оқимлари ва операцион имкониятларини сақлаб туриш учун зарур бўлган пул оқимларини алоҳида очиб бериш фойдаланувчиларга ташкилот ўзининг операцион имкониятларини сақлаб туриш учун зарур ҳажмда инвестиция киритаётганлигини аниқлашда фойдалидир.

36. Пул оқимларини сегментлар бўйича очиб бериш фойдаланувчиларга бутун ташкилотга тегишли бўлган пул оқимлари ва унинг таркибий қисмларига тегишли бўлган пул оқимларининг ўзаро алоқасини ҳамда сегментлар бўйича пул оқимларининг мавжудлиги ва ўзгарувчанлиги ҳақида янада яхшироқ тушунишга имкон беради.

 

[1] *) Хеж. хежлаштириш - битимни ҳимоя қилиш усули бўлиб, бунда субъект эҳтимол қилинган йўқотишларни суғурталаш имкониятига эга бўлади, форвард, фьючерс ва бошқа битимлар бўйича активлар ёки мажбуриятларни хорижий валютада сотиб олиш тарзида ифодаланган валюта қиймати курслари фарқидан вужудга келадиган йўқотишларни қоплаш имконияти бўлади.

[2] Нетто-асос – соф оқим ёки ҳисобот даврида пул маблағининг камайиши.

Умумий таклифлар: 0

125