Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
21448 Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 29/08/2020 13/09/2020 40

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-21448

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга оширишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

2021 йил 1 мартгача Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда божхона аудитини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолансин;

2021 йил 1 сентябргача божхона аудитини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари орасида кенг ёритилиши таъминлансин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                  Бош вазири                                                                                                    А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” _____ даги

___ - сон қарорига илова

 

 

Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Н И З О М

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил
5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

мансабдор шахс – божхона органлари қарори асосида ваколатли шахсга нисбатан божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган божхона органи ходими;

божхона органининг қарори – божхона органи томонидан ўз ваколатлари доирасида ёзма шаклда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат;

ваколатли шахс – товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси ёки товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатларга эга бўлган ёхуд товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи ҳар қандай шахс;

божхона аудити – товарлар чиқаришга рухсат берилгандан сўнг, ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлигини, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларда (дастлабки ҳужжатлар) акс этган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилишга (божхона аудити мақсадлари доирасида) асосланган божхона назорати шакли;

камерал божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойга бормаган ҳолда амалга ошириш;

сайёр божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда амалга ошириш;

3. Божхона аудитининг мақсади:

ташқи савдони ривожлантириш ва товарларни тегишли божхона режимига чиқаришни тезлаштириш;

божхона тўловларининг тўғри ҳисобланганлиги ва ундирилганлигини таъминлаш;

ваколатли шахснинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш;

хавфни бошқариш соҳасидаги божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантириш;

божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишдан иборат.

4. Божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб, у қуйидаги вазифаларни қамраб олади:

товарларни муайян божхона режимига жойлаштиришнинг қонунийлигини;

божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мослигини;

божхона юк декларациясида расмийлаштирилган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН кодига мувофиқ тўғри таснифланганлигини; 

маълум қилинган божхона қийматининг ҳаққонийлигини;

божхона тўловларининг тўғри ҳисобланганлиги ва ундирилганлигини;

товарларга нисбатан преференцияларни тўғри қўлланилганлигини ва божхона тўловларининг тўлиқ тўланганлигини;

божхона тўловлари бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилганлигини ҳамда фойдаланиши чекланган товарларни ишлатилганлиги ёки улардан мақсадли фойдаланганлигини;

шартли чиқариб юборилган товарларни белгиланган тартибдаги чекловларига риоя этилишини;

ваколатли иқтисодий операторлар реестрига кириш шартларига риоя этилишини;

товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиққан ҳолда улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш;

Ўзбекистон Республикасининг божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тақиқ ва чекловларга риоя қилинишини текширишдан иборат.

5. Божхона аудити ваколатли шахсларини танлаш божхона органларининг ахборот дастурлари маълумотлари таҳлили, божхона органларининг таркибий тузилмалари, бошқа ташкилот ҳамда идоралардан келиб тушган ахборот ва маълумотлар, шунингдек хавф кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Божхона аудити учун танланган мазкур ваколатли шахсларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига маълумотлари мониторинг қилиш натижаларига кўра қайта танлаб олиниши мумкин.

6. Божхона аудити қуйидаги ваколатли шахсларга нисбатан ўтказилади:

1) декларант;

2) ташувчи;

3) божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс;

4) божхона омборлари, бож олинмайдиган савдо дўконлари ва эркин омбор эгалари;

5) товарларга нисбатан улар чиқариб юборилганидан кейин уларни қабул қилувчи ва (ёки) сотиб олувчилар;

6) ваколатли иқтисодий оператор;

7)  товарлар чиқариб юборилгандан сўнг товарлар бўйича тузилган ташқи иқтисодий фаолият шартномасида бевосита ёки билвосита иштирок этган шахслар;

8) ваколатли шахснинг ўрнига барча молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олган шахслар.

7. Божхона аудитини амалга ошириш жараёнида зарурат бўлганда махсус билим ва кўникмаларга эга, манфаатдорлиги бўлмаган мутахассис жалб қилиниши мумкин.

8. Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳамда божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан уч йил давомида амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг айнан бир товарига нисбатан такрорий божхона аудити ўтказилишига йўл қўйилмайди.

9. Божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб божхона аудити камерал ва сайёр шаклда ўтказилиши мумкин.

10. Божхона аудитини ўтказиш мазкур Низомнинг 1-иловада кўрсатилган кетма-кетликда амалга оширилади.

11. Мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилган божхона аудити натижаси бўйича божхона органлари томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва қарор қабул қилинади ҳамда “BOJXONA AUDITI” автоматлаштирилган ахборот тизимида қайд этиб борилади.

2-боб. Камерал божхона аудитини ўтказиш тартиби

12. Камерал божхона аудитини ўтказиш муддати божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

Камерал божхона аудитини ўтказиш муддати божхона экспертизаси, сўровномалар юбориш ёки қўшимча ўрганишлар талаб этилган муддатгача, мансабдор шахснинг ташаббуси билан мутахассис жалб қилинганда, мутахассис хулосаси олингунга қадар, ваколатли шахс ўзининг юридик манзилида бўлмаганда ва (ёки) топилмаганда, унинг манзили топилган ва (ёки) аниқланган муддатгача Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари рухсати билан тўхтатиб турилиши мумкин. Тўхтатиб турилган муддат камерал божхона аудитини ўтказишнинг умумий муддатини ўз ичига олмайди.

13. Тайинланган камерал божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз иш кунидан ошмаган муддатга узайтирилиши Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари рухсати билан билан амалга оширилади. Бу ҳақида ваколатли шахсга бир иш кунида узайтириш муддати ва сабабларини кўрсатган ҳолда хабар берилади.

14. Камерал божхона аудитини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) божхона органларининг ахборот дастурлари маълумотлари таҳлили ва хавф кўрсаткичлари аниқланган ҳолатлар;

2) хорижий давлатларнинг божхона хизмати органлари билан маълумот алмашиш натижасида олинган маълумотлар билан божхона органларидаги маълумотларга мос келмаслиги;

3) Божхона кодексининг 188-моддасида кўрсатиб ўтилган божхона назоратининг шакллари ўтказилиши ҳамда хавфни бошқариш тизими натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

4) сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги.

15. Божхона органи ваколатли шахсга божхона аудити ўтказиш муддатидан етти кун олдин қуйидаги шаклларда божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани юборади:

хабарнома ваколатли шахснинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади ва жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кейин олинган деб ҳисобланади;

агар ваколатли шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади;

хабарнома ваколатли шахсга шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилиши мумкин.

Камерал божхона аудитини ўтказиш тўғрисида хабарнома мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тузилади.

16. Камерал божхона аудити тайинланганлиги тўғрисидаги хабарномада ваколатли шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, камерал божхона аудитини амалга ошириш белгиланган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, божхона аудити ўтказиш муддати ва даври кўрсатилади.

17. Божхона аудити мақсадидан келиб чиқиб хабарномада ваколатли шахсдан қуйидагиларни сўраб олади:

товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган ҳужжатлар (товарларни буюртма, сотиб олиш, қайта сотиш, ишлаб чиқиш, юклаш, ташиш ва жўнатиш билан боғлик ҳужжатлар);

олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари;

товарларга нисбатан преференциялар ва имтиёзларни қўллаш учун асос бўлган ҳужжатлар;

ташқи савдо фаолиятида валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар;

ваколатли шахснинг банк операцияларига оид ҳужжатлари;

ваколатли шахснинг фаолият тури ва ташкилий тузилишига оид ҳужжатлар.

18. Хабарномада назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар божхона органига хабарнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида қоғоз шаклида тақдим этилади ёки ваколатли шахс хабарномада талаб этилган ҳужжатларга эга эмаслиги ҳақида божхона органини хабардор қилади.

Агар талаб этиладиган ҳужжатларни ва тушунтиришларни уч кун муддатда тақдим этишни имкони бўлмаса, ваколатли шахснинг илтимосномасига кўра ушбу ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш юзасидан хабарнома олган кундан эътиборан уч кун муддатда божхона органига мурожаат қилади.

Божхона органи томонидан ушбу мурожаатга асосан ваколатли шахсга ҳужжатларни тақдим этиш учун қўшимча уч кун муддат берилади.

Ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаси камерал божхона аудити якунлангандан сўнг қайтарилади, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бундан мустасно.

19. Тайинланган камерал божхона аудити доирасида ваколатли шахс томонидан божхона аудити мақсадлари учун божхона органининг хабарномасида белгиланган муддатда ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар тақдим этилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда сайёр божхона аудити тайинланишига асос бўлиши мумкин.

20. Ваколатли шахс камерал божхона аудитини ўтказиш ҳақида хабарномани олгандан сўнг божхона аудитининг вазифасидан келиб чиқиб, мустақил равишда ички текширувни ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга мурожаат қилиб мустақил равишда аудиторлик текширувини белгилашга ҳақли.

21. Мустақил равишда ички текширувни ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотлар божхона органи томонидан камерал божхона аудитини ўтказиш даврида инобатга олиниши мумкин.

22. Божхона органларига тақдим қилинган ваколатли шахснинг мустақил олиб борган текширувида аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар божхона органлари томонидан баҳоланиб, бу маълумотлар хавфни бошқариш тизими доирасида ТИФ иштирокчиларини тоифалашда инобатга олиниши мумкин.

3-бобКамерал божхона аудити натижаларини расмийлаштириш ва унинг натижалари бўйича қарор қабул қилиш

23. Камерал божхона аудитини ўтказиш натижалари икки нусхада электрон ва қоғоз шаклидаги “Ўтказилган камерал божхона аудити натижалари тўғрисида далолатнома” ҳужжати расмийлаштирилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

24. Камерал божхона аудитини ўтказиш натижалари тўғрисида далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

1) тузилган вақти ва жойи;

2) рўйхатга олиш рақами;

3) камерал божхона аудитини ўтказган божхона органи номи;

4) ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган жойи, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

5) камерал божхона аудитини амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

6) ваколатли шахснинг СТИР рақами ва банк реквизитлари;

7) камерал божхона аудитини амалга оширишда иштирок этиш учун жалб қилинган мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

8) камерал божхона аудити ўтказиш бошланган ва тугаш муддати (камерал божхона аудитини ўтказиш муддати узайтирилганда мазкур узайтириш муддати ҳам кўрсатилади);

9) ўрганилган ҳужжатларнинг ва маълумотларнинг тури;

10) ваколатли шахснинг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатларини юритиш ҳолати;

11) камерал божхона аудити давомида қўлланилган божхона назорати шакллари тўғрисида маълумот;

12) камерал божхона аудити вазифаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлик ҳолатлари тавсифи ёхуд уларнинг мавжуд эмаслиги;

13) ўтказилган камерал божхона аудити натижалари бўйича хулоса;

14) камерал божхона аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор, ушбу қарорнинг кучга кириш муддатлари ва ижросини таъминлаш бўйича масъул бўлган шахс тўғрисидаги маълумотлар.

15) ўтказилган камерал божхона аудитига оид бошқа маълумотлар.

25. Камерал божхона аудити далолатномасининг қоғозга чоп этилган биринчи нусхаси ва божхона органи қарори божхона аудити материалларига қўшиб қўйилади, иккинчи нусхаси божхона аудити тугаган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга юборилади.

26. Камерал божхона аудити далолатномасига кўра қайд этилган тафовут ва (ёки) хатоликлар аниқланган ҳолларда ўн иш куни муддатда ваколатли шахсга божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш бўйича Божхона кодексининг 348-моддасига мувофиқ шаклда талабнома юборилади.

4-боб. Сайёр божхона аудитини ўтказиш тартиби

27. Ўтказиладиган сайёр божхона аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда ўтказилади.

Сайёр божхона аудити натижалари божхона органлари томонидан сайёр божхона аудити якунлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

28. Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб ўттиз иш кунидан ошмаслиги керак.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати божхона экспертизаси, сўровномалар юбориш ёки қўшимча ўрганишлар талаб этилган муддатгача, мансабдор шахснинг ташаббуси билан мутахассис жалб қилинганда, мутахассис хулосаси олингунга қадар, ваколатли шахс ўзининг юридик манзилида бўлмаганда ва (ёки) топилмаганда, унинг манзили топилган ва (ёки) аниқланган муддатгача Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари рухсати билан тўхтатиб турилиши мумкин. Тўхтатиб турилган муддат сайёр божхона аудитини ўтказишнинг умумий муддатини ўз ичига олмайди.

29. Тайинланган сайёр божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз иш кунидан ошмаган муддатга узайтирилиши Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари рухсати билан амалга оширилади. Бу ҳақида ваколатли шахсга бир иш кунида узайтириш муддати ва сабабларини кўрсатган ҳолда хабар берилади.

30. Сайёр божхона аудити Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари қарорига мувофиқ амалга оширилади. Қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) Ўзбекистон Республикаси божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижалари, шунингдек божхона органлари талабига асосан белгиланган муддатда хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;

2) камерал божхона аудити натижаси бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўйича саволларга аниқлик киритиш зарурияти бўлганда;

3) божхона ва бошқа давлат идораларининг автоматлаштирилган ахборот тизимларидаги мавжуд бўлган ахборотлар таҳлили натижасида олинган ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар;

4) хорижий давлатларнинг божхона хизмати органлари билан маълумот алмашиш натижасида олинган маълумотлар билан божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

5)  Божхона кодексининг 188-моддасида кўрсатиб ўтилган божхона назоратининг шакллари ўтказилиши ҳамда хавфни бошқариш тизими натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

6) сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги;

31. Сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарорда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

1) мазкур қарорнинг санаси ва рақами;

2) сайёр божхона аудитини ўтказувчи божхона органининг номи;

3) божхона юк декларацияларининг расмийлаштирилганлик даври;

4) сайёр божхона аудити ўтказиш муддати;

5) сайёр божхона аудитини ўтказиш учун асос бўлган ҳолатлар;

6) ваколатли шахснинг номи (исми, фамилияси ва отасининг исми (мавжуд бўлса), унинг жойлашган жойи (жойлари) ва (ёки) ҳақиқатда фаолият юритадиган жойи (жойлари), унинг идентификация ва (ёки) рўйхатдан ўтиш рақами;

7) сайёр божхона аудитини ўтказувчи мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлса) ва лавозими;

8) сайёр божхона аудити ўтказишга жалб қилинган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлса) ва лавозими;

9) мазкур Низомнинг 4-бандига кўра божхона аудитининг олдига қўйилган вазифалар.

32. Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари розилиги билан сайёр божхона аудити давомида сайёр божхона аудити ўтказиш тўғрисидаги қарорга мазкур Низомнинг 31-банди 4-9 хатбошиларида кўрсатилган маълумотларга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.

33. Божхона органи ваколатли шахсга сайёр божхона аудити ўтказиш муддатидан ўн беш кун олдин қуйидаги шаклларда божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани юборади:

хабарнома ваколатли шахснинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади ва жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кейин олинган деб ҳисобланади;

агар ваколатли шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади;

хабарнома ваколатли шахсга шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилиши мумкин.

Сайёр божхона аудити ўтказиш камерал божхона аудити натижаларига кўра белгиланган ҳолатларда хабарнома сайёр божхона аудитини ўтказиш муддатидан беш кун олдин юборилади.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида хабарнома мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тузилади.

34. Божхона аудити мақсадидан келиб чиқиб хабарномада ваколатли шахсдан қуйидагиларни сўраб олади:

товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган ҳужжатлар (товарларни буюртма, сотиб олиш, қайта сотиш, ишлаб чиқиш, юклаш, ташиш ва жўнатиш билан боғлик ҳужжатлар);

олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари;

товарларга нисбатан преференциялар ва имтиёзларни қўллаш учун асос бўлган ҳужжатлар;

ташқи савдо фаолиятида валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар;

ваколатли шахснинг банк операцияларига оид ҳужжатлари;

муайян божхона режимида турган ва (ёки) божхона режимидан чиқарилган ҳамда сақланаётган товарларни инвентаризациядан ўтказиш учун тайёрлаш;

божхона тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлган товарлардан мақсадли фойдаланилганлик фактини аниқлаш, шунингдек ишлаб чиқарилган маҳсулотни қиёслаш учун тайёрлаш;

ваколатли шахснинг фаолият тури ва ташкилий тузилишига оид ҳужжатлар.

“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун доирасида амалга оширилаётган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида амалга оширилганда ваколатли шахсга хабарнома юборилмасдан амалга оширилади.

35. Ваколатли шахс сайёр божхона аудитини ўтказиш ҳақида хабарномани олгандан сўнг божхона аудитининг мақсадидан келиб чиқиб, мустақил равишда ички текширувни ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга мурожаат қилиб мустақил равишда аудиторлик текширувини белгилашга ҳақли.

36. Ваколатли шахснинг ички текширув ёки ташқи аудит натижаларини сайёр божхона аудити бошланишидан уч кундан олдин электрон ёки қоғоз шаклида тақдим қилиниши лозим.

Мустақил равишда ички текширувни ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотлар божхона органи томонидан сайёр божхона аудитини ўтказиш даврида инобатга олиниши мумкин.

37. Божхона органларига тақдим қилинган ваколатли шахснинг мустақил олиб борган текширувида аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар божхона органлари томонидан баҳоланиб, бу маълумотлар хавфни бошқариш тизими доирасида ТИФ иштирокчиларини тоифалашда инобатга олиниши мумкин.

38. Ваколатли шахснинг объектида сайёр божхона аудити ўтказишни бошлашдан аввал ваколатли шахсга божхона органи ўзларининг хизмат гувоҳномаларини ва сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарорни тақдим этиши керак.

39. Сайёр божхона аудитини ўтказиш давомида ваколатли шахсга тегишли ҳужжатларга ўзгартириш (қўшимча) киритишга рухсат берилмайди.

40. Сайёр божхона аудити ўтказиш натижалари “Ўтказилган сайёр божхона аудити натижалари тўғрисида далолатнома”ни расмийлаштириш орқали амалга оширилади.

41. Сайёр божхона аудитини ўтказиш давомида божхона органлари томонидан ваколатли шахсларни сайёр божхона аудитининг дастлабки натижалари билан таништиришлари талаб этилади.

42. Сайёр божхона аудити ўтказишни якунланиш вақти сайёр божхона аудити натижаларини расмийлаштириш вақтида тузилган “Ўтказилган сайёр божхона аудити натижалари тўғрисида далолатнома”ни тузиш санаси ҳисобланади.

5-боб. Сайёр божхона аудитини ўтказиш учун мансабдор шахсларнинг ваколатли шахснинг объектига кириши

43. Сайёр божхона аудити Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

44. Ваколатли шахс қуйидаги ҳолларда ўз объектига мансабдор шахсларни киришини рад этиш ҳуқуқига эга:

1) мансабдор шахслар сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарорни ва хизмат гувоҳномасини тақдим этмаса;

2) мансабдор шахс тўғрисидаги маълумот сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилмаганда;

3) қарорда белгиланган божхона аудитини ўтказиш муддатидан ташқари даврда.

45. Ваколатли шахс мансабдор шахсни ўз объектига киришини асоссиз равишда рад этганда, шунингдек божхона аудити вазифаларидан келиб чиқиб ваколатли шахс ўз мажбуриятини тўлиқ бажармаганда бу ҳақида тегишли баённома тузилади.

Баённома мансабдор ва ваколатли шахс томонидан имзоланади. Ушбу ҳолатда баённоманинг нусхаси ваколатли шахсга топширилади.

46. Ваколатли шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Ваколатли шахс баённомани имзолашдан бош тортганлиги сабабини ёзма равишда тушунтириб беришга ҳақли.

Мансабдор шахс томонидан мазкур ҳолат юзасидан тузилган баённома ваколатли шахсга нисбатан келгусида божхона назорати шаклларини хавф даражаси юқори кўрсаткичга ўтказиш учун қўллашга асос бўлади. Шунингдек, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили хабардор қилинади.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш давомида ваколатли шахс томонидан божхона мақсадлари учун тегишли ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар, шунингдек товарлар тақдим этилмаган такдирда божхона тўловлари божхона қонунчилигига мувофик ҳисобланишига асос бўлиши мумкин.

6-боб. Сайёр божхона аудити вақтида ҳужжатлар ва товарларни
вақтинча сақловга олиш, товарларни олиб қўйиш тартиби

47. Сайёр божхона аудити давомида ҳужжатлар бўйича тафовутлар ва номувофиқликлар мавжуд бўлган ҳолатларда божхона органлари томонидан товар вақтинчалик сақловга олинади. Ваколатли шахс томонидан Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланган тақдирда товарлар ваколатли шахс ихтиёрига қолдирилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Мазкур товар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаган ҳолда ўз эгасига ёки ваколатга эга бўлган бошқа шахсга вақтинча сақлашга топширилади. Вақтинча сақловга олинган товарларни бошқа шахсларга топширишга, уларни олиб қўйишга ёки бошқа усул билан тасарруф этишга йўл қўйилмайди.

48. Товар вақтинча сақловга олиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) ваколатли шахс томонидан тақдим этилган товар ҳужжатлардаги маълумотларга мос келмаганда;

2) шартли равишда чиқарилган ва (ёки) божхона тўловларини тўлаш бўйича тақдим этилган имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланаётган ҳамда фойдаланиши чекланган товарларни ишлатаётганлиги ёки тасарруф этганлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлганда;

3) товарларга нисбатан Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ таъриф преференцияларни нотўғри қўлланилганлигини кўрсатувчи белгилар аниқланганда;

4) ваколатли шахснинг тижорат ҳужжатларида декларация ва (ёки) товарларни эркин муомалага чиқариш фактларини тасдиқловчи маълумотларнинг бўлмаслиги, шунингдек бундай маълумотларнинг ишончсизлигини ёхуд бундай маълумотлар кўрсатилиши лозим бўлган тижорат ҳужжатларининг йўқлиги аниқлангандa;

5) божхона режимининг шартлари ва талабларини бузган ҳолда ишлатилаётганлигини кўрсатадиган белгилар аниқланганда;

6) товарлар чиқариб юборилгандан сўнг товарларда акс эттирилиши талаб этиладиган идентификация рақами (завод серия рақами, ишлаб чиқарилган йили, техник хусусиятлари) билан божхона юк декларациясидаги маълумотлар ўртасида тафовут аниқланганда;

7) Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар аниқланганда.

49. Вақтинча сақловга олиб қўйилган товарлар божхона назорати остида турган товар мақомига ўтади ва товарни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ваколатли шахс томонидан қопланади.

50. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш заруратида, ваколатли шахснинг ҳужжатлари нусхаларини тақдим этишдан бош тортганда, ҳужжатларнинг асл нусхаларидан нусха (улардан кўчирмалар тақдим этиш) олишнинг иложи бўлмаганда, шунингдек агар ҳужжатларни асли йўқ қилиш, яшириш, тузатиш ёки ўзгартириш хавфи мавжуд бўлганда, мансабдор шахс ҳужжатларни олиб қўйишга ҳақли.

7-боб.  Сайёр божхона аудити ўтказилаётган биноларни, омборларни, архивларни, товарлар ва ҳужжатлар сақланадиган бошқа жойларни муҳрлаш

51. Мансабдор шахслар товарларни бут сақланишини таъминлаш мақсадида сайёр божхона аудити ўтказишга тааллуқли бўлган биноларни, омборларни, архивларни, ҳужжатлар, товарлар ва транспорт воситалари жойлашган (сақланадиган) бошқа жойларни муҳрлаши мумкин.

Божхона аудити мақсадлари учун тегишли бўлмаган товарлар хатланишига йўл қўйилмайди.

52. Муҳрлаш ваколатли шахс иштирокида, улар иштирок этмаган тақдирда, икки нафар холис иштирокида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олган муҳрлаш далолатномаси тузилади:

1) муҳрлашни амалга оширган мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

2) ваколатли шахснинг номи;

3) муҳрлаш амалга оширилган ваколатли шахснинг объект манзили;

4) муҳрлаш усулининг тавсифи;

5) ваколатли шахснинг муҳрланган бинони қўриқлашга олиш ва муҳрланган жойни очиш учун жавобгарликка тортиш чоралари билан танишишганлиги тўғрисида огоҳлантириш (ваколатли шахс иштирок этмаган ҳоллар бундан мустасно);

6) ҳолатга алоқадор бошқа зарур маълумотлар.

53. Далолатнома барча иштирокчилар томонидан имзоланади.

8-боб. Сайёр божхона аудити натижаларини расмийлаштириш ва якуний қарор қабул қилиш

54. Сайёр божхона аудитини ўтказиш натижалари икки нусхада электрон ва қоғоз шаклидаги “Ўтказилган сайёр божхона аудити натижалари тўғрисида далолатнома” ҳужжати расмийлаштирилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

55. Сайёр божхона аудитини ўтказиш натижалари тўғрисида далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

1) тузилган вақти ва жойи;

2) рўйхатга олиш рақами;

3) сайёр божхона аудитини ўтказган божхона органи номи;

4) сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг рақами ва санаси;

5) ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган жойи, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

6) сайёр божхона аудитини амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

7) ваколатли шахснинг СТИР рақами ва банк реквизитлари;

8) сайёр божхона аудитини амалга оширишда иштирок этиш учун жалб қилинган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

9) сайёр божхона аудити ўтказиш бошланган ва тугаш муддати (сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати узайтирилганда мазкур узайтириш муддати ҳам кўрсатилади);

10) ўрганилган ҳужжатларнинг ва маълумотларнинг тури;

11) ваколатли шахснинг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатларини юритиш ҳолати;

12) сайёр божхона аудити давомида қўлланилган божхона назорати шакллари ва бошқа амалга оширилган ҳаракатлар тўғрисида маълумот;

13) сайёр божхона аудити вазифаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлик ҳолатлари тавсифи ёхуд уларнинг мавжуд эмаслиги.

14) ўтказилган сайёр божхона аудити натижалари бўйича хулоса;

15) божхона аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор, ушбу қарорнинг кучга кириш муддатлари ва ижросини таъминлаш бўйича масъул бўлган шахс тўғрисидаги маълумотлар.

16) ўтказилган божхона аудитига оид бошқа маълумотлар.

56. Сайёр божхона аудити далолатномасининг қоғозга чоп этилган биринчи нусхаси ва божхона органи қарори божхона аудити материалларига қўшиб қўйилади, иккинчи нусхаси божхона аудити тугаган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга юборилади.

57. Сайёр божхона аудити далолатномасига кўра қайд этилган тафовут ва (ёки) хатоликлар аниқланган ҳолларда ўн иш куни муддатида ваколатли шахсга божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш бўйича Божхона кодексининг 348-моддасига мувофиқ шаклда талабнома юборилади.

58. Сайёр божхона аудити далолатномасини топшириш санаси ваколатли шахс божхона аудити далолатномасини олган сана ҳисобланади, агар божхона аудити далолатномаси почта орқали буюртма хат билан юборилганда у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Божхона органларида мавжуд интерактив хизматлар ёрдамида тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети орқали хабар юборилганида, ушбу хабарни ўқиган кун.

9-боб. Божхона аудитини ўтказишда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

59. Божхона аудитини ўтказишда мансабдор шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган жойларга чиққан ҳолда, сайёр божхона аудитини амалга ошириш;

2) божхона аудити мақсадлари учун ваколатли шахснинг ҳисоб-китоблар бўйича ҳужжатлари ҳамда бухгалтерлик ҳисоботининг асл нусхаларини ўрганиш ва (ёки) олиш;

3) ваколатли шахсдан Божхона кодексининг 200-моддасига мувофиқ ҳисобот тақдим этилишини талаб қилиш;

4) божхона аудитини ўтказиш учун, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ банк сирини сақлаган ҳолда банклардан, банкдан ташқари кредит (кредит молия) ташкилотлари ва ташкилотлардан банк операцияларининг айрим турларини амалга оширувчи ва улардан хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб рақамларининг мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни олишни, шунингдек, ваколатли шахснинг ҳисобларидаги маблағларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш;

5) молия органларидан ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларидан, жисмоний ва юридик шахслардан зарур бўлган ҳужжатларни, шунингдек қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этадиган маълумот ва ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

6) божхона аудитини ўтказиш билан боғлиқ сўровномаларни хорижий давлатларнинг давлат ва бошқа органларига (ташкилотларига) юбориш;

7) товарлар ҳамда бошқа буюмлардан намуналар ва нусхалар олиш, улар юзасидан экспертиза тайинлаш;

8) ваколатли шахснинг, товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган дастурий таъминотлардаги маълумотлар билан танишиш, улардан фойдаланиш ва электрон нусхалар олиш;

9) божхона назорати остида бўлган ёки чиқаришга рухсат берилган товар ва транспорт воситаларини, зарурати бўлган тақдирда ваколатли шахснинг ҳудуди, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини кўздан кечириш, инвентаризация қилиш, қиёслаш, уларни фото ва видео тасвирга олиш;

10) ишлаб чиқарилаётган ҳамда реализация қилинаётган товарларнинг (хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш;

11) мутахассислар, таржимон, холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш;

12) товарлар ва транспорт воситалари, уларга тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаларини вақтинча сақловга олиш;

13) божхона аудити объектига алоқадор бўлган товарлар ва транспорт воситаларини ишлатиб юборилиши ёхуд мансабдор шахс томонидан уларни божхона аудити мақсадларида ўрганишни чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товар ва транспорт воситаларидан фойдаланишни чеклаш;

14) сайёр божхона аудити ўтказиладиган биноларга, омборларга, архивларга, ҳужжатлар ва товарлар жойлашган (сақланадиган) бошқа жойларга муҳр қўйиш.

60. Мансабдор шахс божхона аудитини ўтказиш жараёнида ваколатли шахсларни амалга оширилган юк ва божхона операциялари юзасидан тушунтириш беришлари учун ёзма хабарнома асосида чақиришга ҳақли.

61Божхона аудити ўтказишда мансабдор шахсининг мажбуриятлари:

1) божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

2) ваколатли шахсни божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги қарор билан таништириш ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;

3) божхона аудитини ўтказиш давомида олинган ва шакллантирилган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш, ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган тижорат ва бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик;

4) хизмат этикасига риоя қилиш, коррупция ва бошқа жиноятларни содир этмаслик;

5) ваколатли шахснинг талабига кўра ўтказилаётган божхона аудити тўғрисида зарур маълумотлар билан таништириш;

6) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

7) ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш;

8) ўз ваколатлари доирасида божхона аудити мақсадларидан четга чиқмаслик;

9) ўтказилган божхона аудити натижалари тўғрисида ваколатли шахсни таништириш;

10) божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш.

10-бобБожхона аудити ўтказиладиган вақтда ваколатли шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

62. Божхона аудити ўтказилаётганда ваколатли шахснинг ҳуқуқлари:

1) божхона аудити ўтказилиши тўғрисидаги божхона органи қароридан хабардор бўлиш, у тўғрисидаги қарор билан танишиш ва нусха олиш, мансабдор шахсларнинг хизмат гувоҳномасини кўрсатишларини талаб қилиш;

2) ўтказилган божхона аудити натижалари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш;

3) ўтказилган божхона аудити бўйича божхона органи бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) рухсати билан божхона аудити далолатномасини олгандан кейин, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни божхона аудити материаллари билан, шунингдек, учинчи шахсларнинг тижорат, солиқ, банк сирларини ташкил қилувчи ва қонун билан қўриқланадиган бошқа (махфий) сирларни ўз ичига олмаган маълумотлар билан танишиш;

4) божхона органига далолатнома бўйича ёзма равишда эътироз қилиш;

5) божхона аудити ўтказиш бошлангунига қадар мустақил равишда текширув амалга ошириш учун аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларни жалб этиш ёки мустақил равишда ички текширувни ўтказиш;

6) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан иборат.

63. Божхона аудити давомида ваколатли шахснинг мажбуриятлари:

1) сайёр божхона аудити давомида мансабдор шахсларга товарларни кўрсатиш, имконияти бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно;

2) мансабдор шахсларга амалга оширган ташқи савдо операцияларининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқловчи барча ахборот ва маълумотлар ҳамда ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш;

3)  божхона аудити жараёнида иштирок этиш ва ўрганилаётган масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

4) мансабдор шахсларни ўз объекти(бино, иншоот, омборлар)га киритиш ва кўрсатиш;

5) божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг банк маълумотлари ва ўз маълумотлар базаларидаги маълумотлар билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек қоғоз ва электрон ташувчиларда зарур ҳужжатлардан (маълумотлар) нусхалар бериш;

6) бухгалтерлик ҳужжатлари, товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган дастурий таъминотлардаги маълумотлар, шунингдек видеокузатув мосламаларидаги маълумотлар билан таништириш ва улардан фойдаланишга, зарур ҳолларда электрон нусхалар олишга рухсат бериш;

7) божхона аудити мақсадлари учун зарур ҳужжатларнинг давлат тилидаги таржимасини тақдим этиш;

8) зарур ҳолларда, ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишга масъул бўлган шахсларни белгилаш;

9) товар ва транспорт воситаларини, зарурати бўлган тақдирда ўз ҳудуди, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини кўздан кечиришга, инвентаризация қилишга, қиёслашга, уларнинг фото ва видео тасвирларини олишни таъминлаш;

10) божхона экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолатларда товарлардан намуналар ва (ёки) нусхалар олинишига имконият яратиш;

11) Низомнинг 17 ва 34-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни, шунингдек божхона декларацияси ҳамда божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг асл нусхаларини товарлар божхона назорати остида турган товар мақомини йўқотган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида сақланишини таъминлаш;

12) Божхона органи хабарномасида назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар тўғрисида ўз вақтида маълумотларни тақдим этиш;

13) Божхона аудити давомида ваколатли шахс меҳнат лаёқатини йўқотган тақдирда, ваколатли шахс ўз меҳнат лаёқатини тиклагунга қадар ваколатли шахснинг фаолиятини амалга оширувчи ишончли вакили 63-банднинг
1-12-кичик бандларидаги мажбуриятларни бажариш.

11-боб. Якунловчи қоидалар

64.  Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар, шу жумладан қўшимча ёки қайта ҳисобланган божхона тўловлари ваколатли шахс томонидан божхона органининг талабномаси олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида Божхона юк декларациясини тузатиш шаклини расмийлаштириш орқали бартараф этилади (божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга берилган муддатлар бундан мустасно).

Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

65. Ваколатли шахс божхона аудити натижаларига рози бўлмаган тақдирда, далолатнома олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида далолатноманинг барча ёки айрим қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини юқори турувчи божхона органига ёки судга тақдим этиши мумкин.

66. Божхона органларига тақдим қилинган божхона аудити субъектининг мустақил олиб борган текширув натижалари божхона органлари томонидан баҳоланиб, ушбу маълумотлар божхона органларида хавфни бошқариш тизими доирасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини тоифалашда инобатга олинади.

67. Божхона аудити давомида ваколатли шахс томонидан муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаши ёки уларни қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

68. Ушбу низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Божхона аудитини ташкил

этиш ва ўтказиш тўғрисида низомга

1-ИЛОВА

 

Божхона аудитини амалга ошириш-кетма кетлиги

 

Босқичлар

Ташкил этиш ва

ўтказиш тартиби

Амалга ошириладиган ишлар

Муддати

1-босқич

Божхона аудити ўтказилаётган ваколатли шахсларни саралаш ва божхона аудити йўналишини аниқлаш

 Божхона аудитидан ўтувчи ваколатли шахсларни танлаш Низомнинг 5-банди асосида саралаб олинади;

Низомнинг 4-бандига мувофиқ божхона аудити йўналишлари белгилаб олинади;

доимий

2-босқич

Божхона аудитига тайёргарлик кўриш

Маълумотларни таҳлил қилиш, камерал ёки сайёр аудитни танлаш

доимий

3-босқич

Хабар бериш

- камерал божхона аудити ўтказиш учун;

- сайёр божхона аудити ўтказиш учун;

етти кун

ўн беш кун

4-босқич

Ваколатли шахс мустақил равишда ички текширув ўтказиши

Божхона аудитининг йўналишидан келиб чиқиб, мустақил равишда ички текширувни ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга мурожаат қилиб мустақил равишда аудиторлик текширувини ўтказади;

доимий

5-босқич

Божхона аудитини амалга ошириш

- камерал божхона аудити ўтказилади;

- сайёр божхона аудити ўтказилади;

ўн иш куни

ўттиз иш куни

(бир маротаба, ўттиз иш кунигача узайтирилиши мумкин)

6-босқич

Божхона аудитини якунлаш

  • божхона аудити натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади;
  • далолатноманинг нусхалари ваколатли шахсга тақдим этилади.

доимий

 

беш иш куни

7-босқич

Бартараф этиш ва баҳолаш

- аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича талабнома юборилади;

- божхона аудити натижалари хавфни бошқариш тизими доирасида ваколатли шахсни тоифалашда инобатга олинади.

ўн иш куни

 

доимий

 

 

 

 

Божхона аудитини ташкил

этиш ва ўтказиш тўғрисида низомга

2-ИЛОВА

 ___________________________________

                                                             ___________________________________

                                                                  (ваколатли шахс номи, СТИР, манзили)

 

 

 

(сайёр, камерал) божхона аудитини ўтказиш тўғрисида хабарнома

                                                                                                                 

                                                                                              ________________________________________

                                                                                                            (сана)

________________________________________________________________________________

(божхона органи номи)

шуни маълум қиладики, ваколатли шахсни танлаб олиш натижасида олинган                           . кўра, ______________________________________________                                     ____

                                                               (ваколатли шахс номи)

божхона аудити ваколатли шахси сифатида тавсифланди.

Божхона аудити мазкур ваколатли шахснинг __________ йилдан __________ йилга қадар бўлган давр ичида қуйидаги вазифалар юзасидан ўтказилади.

__________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________

(низомнинг 4-банди бўйича)

 

Ваколатли шахсдан қуйидаги ҳужжатларни хабарнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида божхона органига тақдим этилиш сўралади.

__________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________

(низомнинг 18-банди бўйича)

 

Божхона аудити ____ _______ 20___ йилда бошланади.

 

      _____________________________________      ____________                        ______________

          (божхона органи номи, мансабдор шахси)         (имзо)                                       (Ф.И.Ш.)

 

              

Ижрочи: __________________________________________

                    (лавозими, Ф.И.Ш ва телефон рақами)

Умумий таклифлар: 23

1152