Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
21163 Тошкент шаҳар ҳокимияти 21/08/2020 05/09/2020 4

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИ ТАРКИБИДА ЯНГИҲАЁТ ТУМАНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
ID-21163

 

Тошкент шаҳрида барпо этилган янги мавзеларда аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил ___ августдаги ____-сон ва Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил __ августдаги СҚ-____-сон «Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.  

2. Қуйидагилар:

Тошкент шаҳар Янгихаёт тумани ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси 1-иловага;

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги бўлинмалари ҳамда уларга қўшимча киритилаётган бошқарув ходимларининг чекланган сони 2-иловага;

Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) таркиби 3-иловага;

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бошқармасига харид қилинадиган махсус-техника воситалари рўйхати 4-иловага;

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг тумандаги бўлимларига маъмурий бинолар қуриш ва жиҳозлаш режаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Янгиҳаёт туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги ПФ-5515-сон Фармонида белгиланган тартиб амал қилади.

3. Республика комиссияси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманини ташкил этиш билан боғлиқ зарур тадбирлар режасини ишлаб чиқилиши ва уларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини;

вазирлик ва идораларнинг Янгиҳаёт туманини ташкил этиш, иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилишга амалий кўмаклашишни;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Янгиҳаёт тумани маҳаллий бюджети ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини тасдиқлашни;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Янгиҳаёт тумани ҳокимлигини зарур бино ва иншоотлар ҳамда моддий-техника воситалари билан жиҳозлашни;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Янгиҳаёт туманини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминласин.

4. Вазирлар Маҳкамаси (Раматов) икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманининг 2020-2025 йилларда комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритсин:

ривожланган хорижий давлатларнинг илғор шаҳарсозлик тажрибаларини ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиниши;

тумандаги урбанизация ва ички иммиграция жараёнларини прогнозлаштириш;

ижтимоий инфратузилмалар (мактабгача таълим, мактаб, олий таълим, тиббиёт, маданият, спорт муассасалари ва бошқалар)ни ташкил этиш ва оқилона жойлаштириш;

автомобиль ва пиёдалар учун йўллар, коммунал хўжалиги, коммуникация тизимлари ва тармоқларини энг замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш;

тумандаги бандлик ва ижтимоий ҳимоя тизимини йўлга қўйиш бўйича шаффофликни таъминлаш;

туман ҳокимлиги бошқарув ходимларининг меҳнат самарадорлигини ошириш ва моддий рағбатлантириш тизими (KPI)ни йўлга қўйиш;

туман ҳокимлигида MC ISO 9001:2015 халқаро стандарти татбиқ этилишини ташкил этиш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;

сайилгоҳлар ва дам олиш масканларини ташкил этиш;

тасдиқланган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш масалаларининг ечими, жумладан, стратегияни 2020-2022 йилларда амалга ошириш учун хорижий молия институтларининг маблағлари ҳисобидан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияларини очиш.

5. Янгиҳаёт туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш, инвесторларни кенг жалб қилган ҳолда бўш турган объектлар ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб юритилади) таркиби 6-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (А.Н. Арипов) зиммасига:

Янгиҳаёт туманида аниқ йўналишли, молиялаштириш манбаига эга бўлган, зарур лойиҳа олди ҳужжатлари (бизнес режа/техник иқтисодий асослари) ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини маъқуллаш;

туман ҳудудида жойлашган бўш турган объектлар ҳамда ер майдонларини инвесторларга инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда очиқ электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёхуд энг яхши таклифларни аукцион ўтказиш йўли билан танлаб олиш орқали реализация қилиш ва ижарага бериш;

туман ҳудудидаги бўш ер майдонлари ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда объектлари негизида индустриал ва технопаркларни ташкил этиш, уларни бошқариш ва молиялаштириш юзасидан тезкор қарорлар қабул қилиш юклатилсин.

6. Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун шакллантирилган таклифларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва натижаларни расмийлаштириш схемаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Янгиҳаёт туманида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш учун ҳар чоракда “Инвестор куни” тадбирлари ўтказилади;

Ишчи гуруҳи томонидан таклиф этилаётган лойиҳалар юзасидан энг яхши таклифларни аукцион йўли билан танлаб олиш, тадбиркорлик субъектлари билан инвестиция шартномаларини тузиш, уларга ер участкалари ажратиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бўш турган объектларини бериш бўйича инвестиция таклифлари кўриб чиқилади;

Ишчи гуруҳи томонидан маъқулланган инвестиция лойиҳаларига Янгиҳаёт туманидан ер участкаларини ажратиш, ер участкасини бир йилгача муддатга дастлабки захиралаш шарти билан амалга оширилади. 

7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ишларини молиялаштириш учун 2020-2023 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадларининг 5  фоизи ва Тошкент шаҳри туманлари қўшимча даромадларининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар ўтказилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 100 млрд. сўм маблағни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари қисмидан қайтариш шарти билан 5 йил муддатга фоизсиз ссуда сифатида ажратсин;

қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда 2-иловага мувофиқ ташкил этилаётган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг туман бўлимларини сақлаш харажатларини молиялаштириш чораларини кўрсин.

2021 йилдан бошлаб Янгиҳаёт тумани харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида назарда тутилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Янгиҳаёт туманига ўтказилган ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг почта манзилини улардан ариза ёки маълумот талаб этмаган ҳолда, тўғридан-тўғри электрон тизим орқали бепул ўзгартиришни назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси статистика кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда юритишда Янгиҳаёт туманининг маъмурий ҳудудларини инобатга олсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси икки ой муддатда Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий чегаралари ўзгарганлиги муносабати билан ер ҳисоботларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти


                 Ш. Мирзиёев