Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
20404 Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 30/07/2020 14/08/2020 14

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони
Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-20404

Мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш, сувдан тежамли фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, кейинги уч йилда 1 380 км ирригация тизими каналлари ва 212 та гидротехника иншооти, 319 км лотокли суғориш тармоқлари, 3 474 км коллектор-дренаж тармоқлари ва 556 та гидротехника иншооти, 46 та насос станция, 265 та вертикал дренаж қудуқлар реконструкция қилинди ва қурилди. Шунингдек, 44 508 км коллектор-дренаж, 1 766 та вертикал-дренаж қудуқ, 36 та насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги объектлари таъмирланди ва тикланди, 58 688 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди.

Мазкур йўналишда амалга оширилган ирригация ва мелиорация тадбирлари натижасида 2020 йил давомида 835,5 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти, 897,5 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, шу жумладан, ўртача ва кучли шўрланган майдон 81,5 минг гектарга, ер ости сувлари майдонлари 202 минг гектарга камайди, 48 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.

Шу билан бирга, сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш, давлат экспертизасидан ўтказиш, қуриш ва реконструкция қилиш, айниқса, сув омборлари ва бошқа йирик сув хўжалиги иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашда жиддий камчилик ва муаммолар сақланиб қолиб, соҳани бошқариш тизимини янада такомиллаштириш зарурати юзага келди.

Хусусан, аксарият сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш муддати 30-40 йилдан ортган бўлиб, уларнинг техник ишончлилик даражаси пасаймоқда. Объектларни лойиҳалашга эса холис хорижий экспертларни жалб қилиш ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий қилишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги сабабли давлат экспертиза ва қурилиш ишлари сифати талаб даражасида ташкил этилмаган.

Сув омборлари ва бошқа йирик сув хўжалиги объектларининг ишончли ва бехатар ишлашини назорат қилишда идоралараро ҳамкорлик тизими самарали йўлга қўйилмаган. Оқибатда кейинги йилларда айрим сув хўжалиги объектларида техноген вазиятлар кузатилмоқда.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида сув ресурслари йилдан-йилга камаймоқда. Сув ресурсларини самарали бошқариш ва оқилона фойдаланиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонлар улуши паст бўлиб, бир гектар майдонга сарфланадиган сув миқдори юқорилигича қолмоқда.

Сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олишда рақамли технологиялардан фойдаланиш, соҳага бозор тамойилларини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмини жорий қилиш бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти.

Соҳа бўйича илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик ишлари салмоғи паст бўлиб, уларнинг натижаларини, шунингдек, инновацион ишланмаларни жорий қилиш, қуйи поғона ходимларининг малакасини ошириш тизимли йўлга қўйилмаган.

Сув хўжалигини бошқаришнинг яхлит тизимини шакллантириш, сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш, экспертизадан ўтказиш ва қуриш, улардан фойдаланиш ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда самарали назорат тизимини ўрнатиш, сув ресурслари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги илғор ишланма ва технологияларни сув хўжалигида кенг жорий қилиш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобини юритиш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

Республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитларни яратиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва фойдаланишни таъминлаш;

ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш, сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизми ва аутсорсингни жорий қилиш;

лойиҳа-қидирув, экспертиза ва қурилиш ишларини сифатли ташкил қилиш, сув хўжалиги объектларини модернизациялаш ва ривожлантириш, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, тоифаланган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва экспертиза қилиш ишларига хорижий мутахассисларини жалб қилиш;

ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва объектнинг хавфсизлигини аниқ кўрсаткич ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали устувор лойиҳаларни белгилаш ва амалга ошириш;

сув хўжалиги соҳасида ресурстежамкор технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибаларни кенг қўллаш;

сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли иқтисодиёт соҳасидаги илғор ишланма ва технологияларни жорий қилиш;

сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этиш;

трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини (грантлар) жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) этиб қайта ташкил этилсин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясидан сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлашга масъул бўлган 295 та ходимлар штат бирлиги билан бирга Инспекцияга ўтказилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:

а) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Жаҳон банки лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи, Осиё тараққиёт банки лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳлари лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи негизида:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини ташкил қилиш;

б) туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларини туман (Қувасой шаҳар) сув хўжалиги бўлимлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги сув хўжалиги соҳасидаги қурилиш ташкилотларини соҳа бўйича ихтисослашувини янада чуқурлаштириш юзасидан бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

5. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январдан эътиборан:

барча ер усти сунъий сув объектлари бўйича сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича назорат ҳамда барча ер усти сунъий сув объектларига сувни муҳофаза қилиш ва соҳил бўйи минтақаларини белгиланган тартибда ўрнатилиши устидан назорат Инспекция томонидан амалга ошириш;

Инспекцияга текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида 1 кундан ошмаган ҳолда ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда, сув хўжалиги соҳасида давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи харажатларининг сифат ва миқдор кўрсаткичларини ишлаб чиқсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

жорий йилнинг 1 октябрига қадар Сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги коллежлар ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда сув хўжалиги соҳасидаги муҳандис мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ҳудудий малака ошириш марказларини ташкил этсин;

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида раҳбар ходимлар малакасини ошириш ҳамда ҳудудий малака ошириш марказлари учун тренерлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш;

Сирдарё ва Жиззах вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари лойиҳаларини киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси (“Давсувхўжаликназорат”)ни ташкил қилиш тўғрисида”ги ПФ–2272-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти

Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил _____ даги ПФ-_____-сон Фармонига
илова

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар, шунингдек, ўз кучини йўқотаётган айрим Фармонлар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил  24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси («Давсувхўжаликназорат») ни ташкил қилиш тўғрисида” ги ПФ–2272-сон Фармони бекор қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги  “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–3358-сон Фармони иловасидаги VI-бўлим 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси».

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5418-сон Фармони 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхати қуйидаги мазмундаги 161-позиция билан тўлдирилсин:

161.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган текширувлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси


кундан ошмаган ҳолда

Умумий таклифлар: 5

747