Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
20241 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази 24/07/2020 08/08/2020 23

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-20241

Ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, жадал иқтисодий ўсиш учун мос профессионал кадрларни тайёрлашда соғлом муҳитни яратиш, халқаро майдонда миллий кадрларнинг рақобатбардошлигини ошириш ишларини жадаллаштириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш суръатини ошириш ҳамда олдимизда турган устувор вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир ёшларни тарбиялаш ишларини юқори суръатларда ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” 2020 йил 12 июндаги ПҚ– 4749-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида:

1. 2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб
ва академик лицей, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта мактаб, академик лицей ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаби (кейинги ўринларда – умумтаълим муассасалари) битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан — она тили (ўзбек, рус
ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи (кейинги ўринларда – мажбурий фанлар) фанларидан тест синовларини топширади;

мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;

олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширади;

2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади;

тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) томонидан амалга оширилади;

тест синовлари натижалари (фан бўйича тўғри жавоблар сони) ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

тест синовлари натижалари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда баҳолаш мезонларига мувофиқ инобатга олинади;

олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ва аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганларга (кейинги ўринларда – абитуриентлар) тест синови топширган мос ўқув тили ва фанлар мажмуаси бир хил бўлган таълим йўналишлари бўйича танловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;

абитуриентга тест синови топширилган фани бўйича 3 йил муддатда амал қиладиган абитуриент электрон сертификати берилади. Абитуриентга электрон сертификатининг амал қилиш муддати тугамасдан ушбу фан бўйича тест синовини белгиланган тартибда қайта топшириш ҳуқуқи берилади;

алоҳида иқтидор талаб этиладиган, қабули тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали амалга ошириладиган таълим йўналишларига ўқишга киришда абитуриентларнинг мажбурий фанлар бўйича тест синови натижаси инобатга олинади;

таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари)га мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади;

тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар умумтаълим муассасалари битирувчилари, жумладан, олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ҳақидаги маълумотларни ҳар йили 1 мартга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилишини таъминлайди;

фанни билиш даражаси бўйича Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатга, шунингдек, чет тили фани бўйича халқаро сертификатга эга бўлган абитурентларга мазкур фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл бериш ҳуқуқи сақланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда тассарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

абитуриентларни тест синовларида иштирок этиши учун рўйхатдан ўтказишни ҳар йили март-апрель ойларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга ошириш;

тест синовларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган катта сиғимли биноларда умумтаълим муассасаларини жорий йил битирувчилари учун май-июнь ойларида, умумтаълим муассасаларини аввалги йилларда тугатганлар учун июнь-июль ойларида ўтказиш;

абитуриентларни олий таълим муассасалари таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этиши учун  рўйхатдан ўтказишни белгиланган тартибда қабул параметрлари тасдиқланиб, тест синовларини ўтказиш муддати тўлиқ якунлангандан сўнг (одатда, август ойида) икки ҳафта муддат ичида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга ошириш;

абитуриентнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижасини, танловда иштирок этиши учун рўйхатдан ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин, бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тассарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) бўйича олий таълим муассасаларига кириш синовлари ўтказиладиган фанлар таркиби ва баҳолаш мезонлари юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига киритсин;

ҳар йили тест синови ва олий таълим муассасаларига қабул натижалари таҳлили асосида умумтаълим муассасалари таълим дастурлари ва битирувчилар сифати мониторингини олиб борсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бўлинмалари билан биргаликда умумтаълим муассасалари битирувчиларини тест синовларида белгиланган вақтларда иштирок этишларини таъминласин. Бунда, жорий йил битирувчиларининг тест синовларида тўлиқ иштирок этишлари юзасидан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тегишли тушунтириш ишларини олиб борсин;

умумтаълим муассасалари битирувчиларининг тест синови ўтказиладиган ҳудудга етиб келиши ва яшаш манзилларига қайтиши учун қўшимча равишда йўловчи жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўйиш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли биноларни белгиланган талаблар асосида тайёрланишига масъул ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таьлими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда умумтаълим муассасалари битирувчиларининг тест синовлари натижаларига кўра умумтаълим муассасалари раҳбарлари ва фан ўқитувчиларини қўшимча рағбатлантириш механизми тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республикада амалга оширилиши режалаштирилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизимини яратиш дастури доирасида ҳар йили зарур қурилмалар (шахсни идентификациялаш воситалари, видео қайд қилиш қурилмалари, бармоқ изларини текширувчи, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи воситалар, металл детекторлар ҳамда мониторлар)ни харид қилиб, тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли биноларни белгиланган тартибда жиҳозласин.

8. Давлат тест маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Пре
зиденти

 

 

Ш.Мирзиёев

 

Умумий таклифлар: 17

5451