ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
201 Министерство культуры Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
ID-201

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

 

Таълим, фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш, бу борадаги ЮНЕСКО билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва самарали амалга ошириш, шунингдек, ЮНЕСКО Уставини инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг янгиланган таркибига 1-иловага мувофиқ;

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолияти тўғрисида низом (янги таҳрирда) 2-иловага мувофиқ;

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг янгиланган тузилмаси 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси (кейинги ўринларда Миллий комиссия деб аталади) тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 7 нафар бўлган котибият фаолият юритади;

Миллий комиссия котибияти раҳбари – Миллий комиссия бош котиби мақоми, меҳнат ҳақи, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

Комиссия котибияти ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаларини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 4-иловасига мувофиқ белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади;

Миллий комиссия котибиятини сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

3. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида” 1994 йил 29 декабрдаги 629-сон қарори (4 – 6 бандлари истисно қилинган ҳолда);

Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) билан ҳамкорлик тўғрисида” 2017 йил 12 октябрдаги 821-сон қарорининг 3-банди ва унга илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

 

А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “____” ________даги _____-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолияти тўғрисида

НИЗОМ

(янги таҳрирда)

 

Мазкур Низом ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари, таркиби ва ишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ҳукумат ташкилоти, доимий ишлайдиган маслаҳат ва кенгаш органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалалари бўйича ваколатлари ва вазифаларни амалга оширилишини таъминлайди.

Комиссия юридик шахс ҳисобланади, ўз муҳрига эга бўлади.

2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишларига, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО устав қоидаларига ва мазкур Низомга амал қилади.

3. Комиссия тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган Котибият фаолият юритади.

4. Қуйидагилар Комиссия фаолияти ва халқаро ҳамкорлигининг асосий соҳалари ҳисобланади:

таълим;

илм-фан;

маданият;

оммавий ахборот ва коммуникациялар.

II боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари

5. Жаҳон цивилизацияси ва маданияти марказларидан бири сифатида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО фаолиятларида Ўзбекистонинг ҳалқаро обрў ва ролини мустаҳкамлаш, Республика вазирликлари ва идораларининг Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда) Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.

6. Комиссия ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Давлат дастурларида белгиланган мамлакатнинг халқаро имиджини мустаҳкамлашга қаратилган тегишли топшириқларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбек халқининг маданий ва тарихий мероси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа миллий манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ҳимоя қилиш;

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини фан-таълим маданий-гуманитар соҳаларида ҳамда мамлакатнинг ҳудудий ва глобал ривожланиш бўйича асосий масалаларида позицияси ва ёндашувини илгари суриш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида ҳамда лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, ташкилотлари ва мутахассисларининг қатнашиши тўғрисида ЮНЕСКОнинг котибиятига ҳамда минтақавий бўлинмаларига, АЙСЕСКО Бош дирекциясига таклифлар тайёрлаш ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда киритиш;

таълим, фан, маданият ва ахборот соҳасида минтақавий, субминтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ЮНЕСКО, АЙСЕСКО Бош дирекциясининг минтақавий бюроси ва марказлари билан мунтазам консультациялар ўтказиш (ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакиллиги билан бирга);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишда қатнашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО томонидан чақириладиган Бош конференция ҳамда бошқа ҳукуматлараро кенгашларни тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда Ўзбекистон Республикасининг миллий, ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларининг иштирокини рағбатлантириш.

III боб. Комиссия ваколатлари

7. Комиссия ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ваколатларга эга:

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлардан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалалари билан боғлиқ зарурий материал ва маълумотларни ўрнатилган тартибда олади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар раҳбарларига улар томонидан чиқарилган ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид қонун ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига, ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО қоидалари талабларига зид келган ҳолларда уларни бекор қилиш тўғрисида расмий мурожаатномаларни Ўзбекистон Ресупбликаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Комиссия ўзининг мажлисларида ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини эшитади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар томонидан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалалари бўйича камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўради;

Комиссия ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар вакилларини, шунингдек, ижодий, илмий, таълим ва бошқа муассасаларнинг олим ва мутахассисларини жалб қилади.

8. Комиссия ўз ваколатлари доирасида фаолият йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.

IV боб. Комиссия таркиби

9. Комиссия таркибига Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари, бош котиби ва Комиссия аъзолари киради.

Комиссия таркибига вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва муассасалар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, атоқли фан, маданият ва таълим арбоблари киритилади.

Комиссия шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари ва Комиссия аъзолари Комиссия фаолиятини амалга оширишда жамоатчилик асосида иштирок этадилар.

Комиссия бош котиби (Комиссия котиби) Комиссия Котибияти раҳбари ҳисобланади ва ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради.

10. Комиссия аъзолари унинг мажлисларида алмашув ҳуқуқисиз иштирок этадилар.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки унинг вазифалари юкланган шахслар киритилади. 

V боб. Комиссия ишини ташкил этиш

11. Комиссия ўз ишини умумий мажлислар шаклида ташкил этиб, унга раис раҳбарлик қилади.

12. Комиссия умумий мажлислари навбатдаги ва навбатдан ташқари бўлиши мумкин.

Навбатдаги умумий мажлислар ҳар олти ойда камида бир марта чақирилади. Бунда, қоида тариқасида, Комиссия раисининг ва бош котибининг Комиссия ишчи гуруҳлари ва котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланади, комиссия қарорларининг бажарилиши кўриб чиқилади, Комиссиянинг истиқболидаги фаолияти муҳокама қилинади ҳамда котибиятнинг ва Комиссиянинг келгуси даврдаги иш режалари тасдиқланади.

Навбатдан ташқари умумий мажлислар алоҳида ҳолларда Комиссия ваколатлари доирасига кирадиган, зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар юзасидан чақирилади.

13. Комиссиянинг умумий мажлислар ўртасидаги даврда барча ишларга Комиссия раёсати раҳбарлик қилади.

14. Комиссия раёсати йилнинг ҳар чорагида камида бир марта мажлис ўтказади.

15. Комиссия раёсати ваколатлари ва унинг шахсий таркиби Комиссиянинг умумий мажлисида сайланади.

16. Умумий мажлисларнинг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Комиссия раиси ёки унинг топшириғига кўра Комиссия бош котиби томонидан белгиланади.

17. Мажлислар Комиссия аъзоларининг умумий сонидан камида ярми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

18. Комиссия мажлисларини Комиссия раиси олиб боради, Комиссия раиси қатнашмаган ҳолларда — унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосарларидан бири олиб боради.

19. Комиссия қарорлари мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик қисми овоз берган ҳолда қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

20. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Комиссия раиси ёки мажлисга раислик қилган унинг ўринбосари ва Комиссия бош котиби имзолайди.

21. Комиссия мажлиси қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалар орқали эълон қилиб борилади.

22. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Комиссиянинг ёпиқ мажлисларида Комиссиянинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу мажлисларда қабул қилинган қарорлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.

VI боб. Комиссия котибияти

23. Котибиятни раҳбари — Комиссия бош котиби бошқаради ва у мақоми, меҳнат ҳақи, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

24. комиссия котибияти ходимларига қуйидагилар тааллуқлидир:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаларини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 47-сон қарорида назарда тутилган мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаларини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 4-иловага мувофиқ белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари;

бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатни моддий тақдирлаш ва рағбатлантириш тартиби.

25. Комиссия котибияти зиммасига қуйидаги функциялар юклатилади:

ЮНЕСКО котибияти ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси, ЮНЕСКО ҳузуридаги консультатив мақомга эга бўлган комиссиялар ва ЮНЕСКО ҳамда АЙСЕСКОга аъзо давлатларнинг Миллий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириб бориш (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги билан биргаликда);

Комиссиянинг, унинг ишчи органларининг иш режаларини тайёрлашни ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОнинг даврий нашрларида республика фуқаролари, ташкилотлари, муассасаларининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича асарлари ва бошқа материалларини чоп этишга кўмаклашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО ҳомийлигида ўтказиладиган халқаро тадбирларни тайёрлаш ва амалга оширишда ташкилотларга ёрдам кўрсатиш;

республика ташкилотларининг таклифлари асосида фан, маданият ва таълим бўйича дастурларни тайёрлаш ва уларни Комиссиясига кўриб чиқиш учун киритиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси вакилларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ЮНЕСКО котибиятида ва унинг минтақавий бўлинмаларида шунингдек АЙСЕСКО Бош дирекциясида ишлаш учун экспертлар сифатида республика мутахассисларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги билан биргаликда);

Комиссия фаолиятига тааллуқли материалларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни амалга ошириш;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалалар хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўрганади, таҳлил қилади ва уларнинг илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифларни киритади;

тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан хизмат доирасида ёзишмаларни олиб боради;

Комиссия мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарур ҳужжатларни, материалларни ва таклифларни тайёрлайди;

амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлар нусхаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлигига юборади;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган маданий меросни асраш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ЮНЕСКО ишлари бўйича бошқармасига кўмаклашади;

Комиссия фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа топшириқларни бажаради.

26. Комиссия котибияти раҳбари – Комиссия бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

27. Комиссия котибияти ходимлари Комиссия раиси билан келишилган ҳолда Комиссия котибияти раҳбари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

28. Комиссия котибияти давлат муассасаси шаклидаги юрдик шахс ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига давлат муассасаси учун белгиланган ҳуқуқ, ваколат ва мажбуриятларга эга бўлади.

29. Комиссия фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг __________________________ департаменти томонидан мувофиқлаштирилади ва йўналтирилади.

VII боб. Комиссиянинг молиявий маблағлари

30. Комиссиянинг молиявий маблағлари қуйидагилар ҳисобига шаклланади:

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси котибиятининг маблағлари;

Комиссия котибиятини таъминлашга ажратиладиган бюджет маблағлари;

корхоналар, банк ташкилотлари, тижорат тузилмалари ва шу кабилардан тушумлар;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО йўли билан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этиш натижасида олинадиган тушумлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

31. Комиссиянинг йиллик харажатлар сметаси Комиссия раиси билан келишилган ҳолда, котибият раҳбари – комиссия бош котиби томонидан тасдиқланади. Комиссия пул маблағлари харажатлар сметасига мувофиқ котибият раҳбари – комиссия бош котиби томонидан тасарруф этилади.

Умумий таклифлар

758