ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
200 Министерство культуры Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
“Муғтепа” археология ёдгорлик мажмуасини барпо этиш тўғрисида
ID-200

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

“Муғтепа” археология ёдгорлик мажмуасини барпо этиш тўғрисида

Халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Муғтепа” археология мероси объектини (кейинги ўринларда ёдгорлик деб юритилади) чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ишончли муҳофаза қилиш, консервациялаш ва бут сақланишини таъминлаш, ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлигининг “Муғтепа” археология ёдгорлик мажмуасини (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ёдгорликни лозим даражада муҳофаза қилиш, консервациялаш ва бут сақланишини таъминлаш, очиқ варақ ва рухсатнома олган археологлар томонидан ёдгорликда археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий археология тадқиқот натижалари асосида ёдгорликнинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

ёдгорликка оид республикамиз ва хорижда сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда атрофлича тадқиқ этиш, улар ҳақидаги батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, доимий археологик изланишларни олиб боришни таъминлаш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этиш;

тарихий-илмий асослар бўйича ёдгорликнинг макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар каби бошқа манбалар ҳисобидан музейлаштирилган экспозиция-кўргазма яратиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс марказини фаолиятини самарали йўлга қўйиш;

туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда ёдгорликнинг муҳофаза ҳудудидан ташқарисида замонавий комплекс дам олиш масканларини ташкил этиш ва объектнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда мажмуани малакали ҳодимлар билан таъминлаш ва унинг самарали фаолият олиб бориши билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларни ҳал этсин.

4. Наманган вилояти ҳокимлиги:

икки ой муддатда – маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, кўргазмалар ташкил этиш, ахборот-ресурс маркази, мажмуа учун хоналар ва дам олиш масканлари, ёдгорликнинг макетларини жойлаштиришни инобатга олган ҳолда яхлит меъморий ансамблини барпо этиш учун ер участкасини ёдгорлик муҳофаза ҳудудидан ташқарида ажратсин;

ёдгорликни тегишли ҳудуди билан биргаликда бепул оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ўрнатилган тартибда Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига бериш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ёдгорликни чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, мажмуани самарали фаолият олиб бориши билан боғлиқ ишларни тизимли равишда ташкил этсин.

5. Мазкур қарор 4-бандининг иккинчи хатбошида кўрсатилган меъморий ансамблини барпо этиш бўйича Наманган вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи этиб белгилансин, шунингдек, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқласин.

Маҳаллий маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меъморий ансамбли 2019-2020 йилларда барпо этиш ва унинг лойиҳаси ёдгорликнинг макети кўринишида бўлишини инобатга олинсин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қарорда назарда тутилган меъморий ансамблда қурилиш-мантаж ишларининг сифатли олиб борилиши юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга тегишли равишда мажмуага маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли ҳалқаро ташкилотлар, ҳорижий мамлакатлардаги мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган муассасалар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш;

тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича ҳалқаро молиявий институтлар, ҳорижий донорлар бўйича тизимли иш олиб борсин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарорига 2-илова билан тасдиқланган 2017–2027 йилларда янги ташкил этиладиган давлат музейлари рўйхатига қуйидаги позицияси билан тўлдирилсин:

Наманган вилояти

8

“Муғтепа” археология ёдгорлик мажмуаси (Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида)

Косонсой тумани

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаев, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозаров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 


А. Арипов

 

Умумий таклифлар

744