Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
19853 Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 13/07/2020 28/07/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-19853

 

 

 

 

 

2019 йил 17-январдаги №ЎРҚ-517-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Апостиль қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2011 йил 17 ноябрдаги 307-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Махкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири                                                                       А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил «__»_______даги

№____ қарорига ИЛОВА

 

 

 

Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

 

Мазкур Низом хориждаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари деб аталади) томонидан хорижда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти (кейинги ўринларда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти деб аталади) томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш ҳужжатлардаги ҳамда далолатномалардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатни ёки далолатномани имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини ҳамда бу ҳужжатлар ва далолатномаларнинг хорижий давлат ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир. Консуллик томонидан ҳужжатлар ва далолатномаларнинг легаллаштирилиши уларнинг халқаро муносабатлардаги қонунийлигини тасдиқлайди.

Консуллик легаллаштириш ҳужжат ёки далолатномада баён этилган фактларни эмас, балки фақат уларни имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир.

2. Консуллик легаллаштириш функциясини:

а) хорижий давлатларда — Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари;

б) Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти бажаради.

3. Хорижий давлатларда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари консуллик мансабдор шахси (кейинги ўринларда консул деб аталади)га юклатилади.

Агар бирор-бир сабабга кўра консул ўз функцияларини бажара олмаса ёки консул лавозими вақтинчалик бўш бўлса, консулнинг вазифалари хорижий давлат ҳудудида жойлашган мазкур ёки бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахсига ёки ушбу давлат худудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бирига топширилади.

Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг ходимларидан бирига юклатилади.

4. Ўзбекистон Республикаси муассасалари ва ташкилотлари чет давлатнинг муассасалари ҳамда ташкилотларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни улар консуллик томонидан легаллаштирилган тақдирдагина, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда муассасалари ва ташкилотларидан мазкур ҳужжатлар ва далолатномалар жўнатиладиган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Консул консуллик округидаги ҳокимият органлари вакиллари иштирокида тузилган ёки ушбу ҳокимият органларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштиради.

5. Консул чет элнинг расмий ҳужжатини легаллаштиришни амалга ошириши учун зарур ҳолларда мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги ёки бошқа тиллардаги нотариал тартибда тасдиқланган таржимасини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

6. Хорижда ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ташкилот ва муассасалари томонидан бундай ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончномаларни ҳамда ушбу ташкилот ва муассасалар фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни легаллаштириш Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан амалга оширилади.

7. Агар хорижий давлат қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва муассасалари томонидан расмийлаштирилган ва хорижий давлат ҳудудида фойдаланишга мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномалар легаллаштирилиши талаб этилса, улар легаллаштирилиши лозим. 

8. Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномалар легаллаштирилиши талаб этилса, улар легаллагтирилиши лозим.

9. Қуйидаги ҳужжатлар ва далолатномалар консуллик легаллаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлган;

ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган;

нотўғри расмийлаштирилган;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотлар мавжуд бўлган.

тозалашлар, қўшимча ёзувлар ёки қайд этилмаган тузатишлар, шунингдек қалам билан ёзилган ёзувлар мавжуд бўлган;

бир неча варақларда тузилган, лекин тартиб рақами қшйилмаган, тикилмаган, ҳужжат ёки далолатномани тақдим этган ташкилотнинг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси билан шаҳодатланмаган бўлса;

ҳужжатларга имзо факсимиледа қўйилган бўлса.

Шунингдек, паспорт, партияга мансублик ҳақидаги ҳужжатлар, касаба уюшмаси чипталари, ҳарбий билетлар, миллий намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, тоифа ёки диний эътиқодга мансублик ҳақидаги ҳамда фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк ҳужжатларининг асли ва нусхалари легаллаштирилмайди.

10 Агар ҳужжатга ёки ушбу ҳужжатга бириктирилган вараққа апостиль қўйилган бўлса, бу ҳужжатни легаллаштириш талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ташкилотлари ва муассасалари апостиль қўйилган ҳужжатларни, агар апостиль Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларда чет элнинг расмий ҳужжатларини легаллаштиришга доир талабни рад этадиган Конвенция қўлланиладиган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан қўйилган бўлса, қабул қилиши шарт.

 

2-боб. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан ҳужжатлар ва актларни легаллаштириш

 

11. Ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида консуллик округидаги жойлашган давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ва далолатномаларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахсларнинг имзо ва муҳрлари намуналари мавжуд бўлиши лозим.

Хорижий давлат консуллик муассасаси учун белгиланган консуллик округи ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларида улар жойлашган ҳудудда аккредитация қилинган бошқа давлатлар консуллик муассасалари ҳамда қабул қилувчи давлат Ташқи ишлар вазирлигининг ҳужжатлар ва актларни легаллаштириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахсларининг имзо ва муҳр намуналари ҳам мавжуд бўлиши лозим.

12. Ҳужжатлар ва далолатномаларни Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларида легаллаштириш учун шахслар мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ ариза тўлдирадилар ва қуйидагиларни илова қиладилар:

а) шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

б) легаллаштириш талаб этиладиган ҳужжат ёки далолатнома ва унинг нусхалари;

в) консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг асли.

Ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш ариза топширилган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида амалга оширилади. Агар қўшимча ўрганиш ва текшириш зарурати тўғилганда, ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш жараёни бўлиш давлатидаги ваколатли органи ҳамда аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан тасдиқловчи маълумотларни олгунга қадар тўхтатиб турилади.

13. Легаллаштириш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва далолатномалар Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ эканлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, консул консуллик округидаги ҳокимият органларига расмий тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилади.

14. Консулга Ўзбекистон Республикасидан ҳужжатлар талаб қилиб олиш тартиби доирасида Ўзбекистон Республикасида тузилган, бироқ Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан легаллаштирилмаган ҳужжатлар ва далолатномалар келиб тушган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ бундай ҳужжатлар ва актлар легаллаштирилиши талаб этилса, консул уларни легаллаштиради ва манфаатдор шахслар, ташкилот ҳамда муассасаларга юборади.

15. Ўзбекистон Республикасида тузилган, бироқ Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан легаллаштирилмаган ҳужжатлар ва далолатномалар легаллаштириш учун фуқаролар, ташкилотлар ва муассасалардан келиб тушган тақдирда консул уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментига юбориши лозим. Ижобий жавоб олинган тақдирда консул бундай ҳужжатлар ва далолатномаларни белгиланган тартибда легаллаштиради.

16. Зарур ҳолларда консул учинчи давлат ҳудудида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириши мумкин. Бундай ҳужжат ёки далолатнома учинчи давлат ҳудудида ҳақиқий ҳисобланиши учун Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги учинчи давлат консуллик муасасаси томонидан ҳам легаллаштирилиши лозим.

17. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси жойлашган давлатда фойдаланиш учун талаб қилиб олинаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ташкилотлари ва муассасаларининг ҳужжатлари ва далолатномаларини консул мазкур Низомда белгиланган тартибда легаллаштиради.

18. Ўзбекистон Республикаси Консуллик уставининг 14-моддасига мувофиқ, консулининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ консуллик муассасасининг бошлиғига, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғига ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ёхуд суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

 

3-боб. Ҳужжатлар ва далолатномаларни Ўзбекистон Республикасида легаллаштириш

 

19. Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хорижий давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан чиқаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида аккредитация қилинган хорижий дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасалари томонидан легаллаштирилган ҳужжатлар ва актларни, ушбу дипломатик ваколатхоналар масъул ходимларининг имзолари ва муҳрларининг намуналари мавжуд бўлган тақдирда легаллаштиради.

20. Ҳужжатлар ва далолатномаларни Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментида легаллаштириш учун шахслар мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ ариза тўлдирадилар ва қуйидагиларни илова қиладилар:

а) шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

б) легаллаштириш талаб этиладиган ҳужжат ёки далолатнома ва унинг нусхалари;

в) консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг асли.

Ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш ариза топширилган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида амалга оширилади. Агар қўшимча ўрганиш ва текшириш зарурати тўғилганда, ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш жараёни Ўзбекистон Республикасининг ташкилотлари ва муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан тасдиқловчи маълумотларни олгунга қадар тўхтатиб турилади.

21. Хорижий давлат ташкилоти ёки муассасаси томонидан берилган ҳужжат ёки далолатномани мазкур Низомда белгиланган тартибда легаллаштиришнинг имкони бўлмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ҳужжат ёки далолатномада Ўзбекистон Республикасининг расмий муассасалари томонидан мазкур ҳужжатни кўриб чиқилиши учун қабул қилинишига ҳеч қандай қаршилиги йўқлиги ҳақида махсус қайд қўйиши мумкин.

Бундай ҳолатда ишнинг тўлиқ ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳужжатларнинг юридик кучини тан олиш тўлиқ равишда ҳужжатларни қабул қилиб олаётган органларнинг зиммасида бўлади.

22. Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш вазифасини бажарувчи мансабдор шахсларнинг имзо ва муҳр намуналари мавжуд бўлиши керак.

23. Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти, Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва муассасалари томонидан хорижий давлатларда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар ва далолатномаларни ҳам легаллаштиради.

24. Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментида легаллаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва далолатномаларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходимларининг имзо ва муҳр намуналари мавжуд бўлиши керак.

25. Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти нотариус имзосини шаҳодатловчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходимининг имзосини шаҳодатлайди. Имзоларни тасдиқлаш мазкур тартиби ФҲДЁнинг республика ҳудудида амал қилишга белгиланган ҳужжатлари нусхаларини, ҳамда бошқа ҳужжатлар нусхаларини хорижий давлатга тақдим этиш учун тасдиқлаш мақсадида жорий қилинган.

 

4-боб. Легаллаштириладиган ҳужжатлар ва далолатномаларга қўйиладиган талаблар. Легаллаштириш ёзувини киритиш

 

26. Легаллаштириш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва далолатномалар аниқ ва равшан ёзилган, ҳужжат ёки далолатномада қайд этилган сумма ва сана, рақам ва муддат ёзув билан ифодаланган бўлиши зарур. Мансабдор шахсларнинг имзолари ва муҳрлар босма изи аниқ бўлиши керак.

Ҳужжатдаги ва далолатномадаги бўш жойлар чизиб чиқилиши керак. Тузатиш ва қўшимчаларни ҳужжатни тасдиқлаган шахснинг имзоси олдидан кўрсатиш ва легаллаштириш ёзувида такрорлаш зарур. Ушбу қўшимча ва тузатишлар шундай киритилиши керакки, барча хато ёзилган, кейин тузатилган ва ўчирилганларни дастлабки кўринишида ўқиш мумкин бўлиши лозим. Агар тузатиш ва қўшимчалар легаллаштириш ёзувига қилинган бўлса, улар фақатгина легаллаштиришни амалга ошираётган мансабдор шахс томонидан изоҳланади ҳамда имзоланади.

27. Легаллаштириш ёзувлари учун жой бўлмаган тақдирда ёзув алоҳида қоғозда қилинади ва ҳужжат ёки далолатномага тикиб қўйилади ҳамда легаллаштиришни амалга ошираётган шахснинг имзоси ва муҳри билан унга бириктирилади.

28. Мансабдор шахс ҳужжат ёки далолатнома мазкур Низом талабларига мувофиқ легаллаштирилиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг унга белгиланган шаклда ёзув киритади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

29. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари ва ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ҳужжатлар ва далолатномаларни легаллаштириш реестрларини ҳамда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича легаллаштирилган ҳужжатлар ва далолатномаларни ҳисобга олиш журналини юритадилар. Фуқаролар ва ташкилотларнинг аризалари Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси ва ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти да сақланади ва хронологик кетма-кетликда тикиб борилади. Легаллаштирилиши лозим бўлган ҳар бир ҳужжатга легаллаштириш тартиб рақами берилиб, санаси кўрсатилади, ушбу рақам ва сана ариза рақами ва санаси билан мос бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаси ва ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти легаллаштирилган ҳужжатларнинг ҳисобини электрон шаклда ҳам юритиши мумкин.

30. Ҳужжат ва далолатномаларни легаллаштириш бўйича коснуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун консуллик йиғимлари ва ҳақиқий ҳаражатларни қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади.

31. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Умумий таклифлар: 0

368