Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
19603 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 07/07/2020 22/07/2020 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
ID-19603

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 12 декабрдаги ПФ–5278-сон, “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон фармонларига мувофиқ ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали мурожаат қиладилар.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматлар шуъбаларининг ЯИДХПга уланишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўн кунлик муддатда:

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматини ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида ваколатли органлар ва фуқаролар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ. Шадманов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                               Бош вазири                                                                                          А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил __ _____даги ___-сон қарорига

илова

 

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар (кейинги ўринларда йўлланмалар деб аталади) бериш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда давлат хизмати деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.

Йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) тизимидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика санаторийлари ва Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига (кейинги ўринларда санаторийлар деб аталади) берилади.

2. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг туман (шаҳар)лардаги тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан кўрсатилади.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

3. Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади.

4. Йўлланмалардан фойдаланувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар тоифасига қуйидаги шахслар киради:

уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;

ёшга доир пенсия ва ижтимоий нафақа олувчилар, шунингдек, умумий пенсия ёшига етган боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар.

5. Йўлланмаларни бериш даврийлиги (бирламчи мурожаат этганлар бундан мустасно) қуйидагилардан иборат бўлади:

а) ҳар йили – навбат асосида:

уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;

б) икки йилда бир маротаба – навбат асосида:

уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);

I ва II-гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;

фуқаролар йиғинлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган фаол кексалар. Фаол кекса авлод вакиллари учун санаторияларга йўлланмалар олиш мақсадида тавсияномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

в) уч йилда бир маротаба – навбат асосида:

ёшга доир пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларга, шунингдек, умумий пенсия ёшига етган боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларга.

6. Давлат хизмати кўрсатиш мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

2-боб. Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби

1-§. Мурожаатларни шакллантириш ва юбориш

7. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат этадилар ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтадилар.

8. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил тарзда ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдирадилар.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси) нусхаси;

тиббий маълумотнома (даволовчи шифокор томонидан бериладиган санатор-соғломлаштириш тавсия этиладиган маълумотнома).

Ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

9. Сўровномага зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан тасдиқланади.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

10. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

11. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

12. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.

13. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, уларнинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, тасдиқлангандан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

14. Ваколатли орган сўровнома келиб тушгандан сўнг, мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ махсус рўйхатга олиш китобида қайд этиб, уларнинг электрон реестрини юритади ва фуқаролар томонидан кузатиб борилиши учун навбатлар тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтида реал вақт режимида янгилаб борилишини таъминлайди.

15. Йўлланмалар санаторийларнинг мавжуд ўринларидан келиб чиққан ҳолда навбат асосида берилади.

Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар учун санаторийларга йўлланмалар биринчи навбатда берилади.

Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ўн икки кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно), тиббий маълумотномага мувофиқ берилади.

16. Йўлланмалар тиббий маълумотномада қуйидаги касалликлар кўрсатилганда берилмайди:

беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва хулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар, хусусан тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик касалликлар;

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

Тиббий маълумотномаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни тегишли касалликлар бўйича ихтисослаштирилган санаторийларга йўлланма бериш юзасидан маълумотлар киритилиши мумкин.

17. Санаторийда соғломлаштириш учун йўлланмани беришда, йўлланмада кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг тоифаси, йўлланмани муддати ҳамда уни расмийлаштирган ваколатли органнинг номи тўлиқ кўрсатилиши лозим.

18. Ваколатли орган навбати келган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган йўлланмани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.

19. Давлат хизматлари маркази йўлланма келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юборади (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг сўровига кўра, уларга йўлланмани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши мумкин.

2-§. Йўлланмаларни тақсимлаш

20. Агентлик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимларининг (кейинги ўринларда ҳудудий бўлимлар деб аталади) талабномаларига асосан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сонига мувофиқ республика санаторийларга йўлланмаларни тақсимлаш режасини ҳар чоракда тасдиқлайди.

Ушбу талабномалар ҳар чоракда, навбатдаги чорак бошланишидан бир ой олдин Агентликка тақдим этилади.

21. Тасарруфида маҳаллий санаторийси бўлган ҳудудий бўлимлар, ваколатли органларнинг талабномаларига асосан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сонига мувофиқ маҳаллий санаторийларга йўлланмаларни тақсимлаш режасини ҳар чоракда тасдиқлайдилар. Зарур бўлганда, маҳаллий санаторийларга Агентликнинг талабномасига асосан республиканинг бошқа ҳудудларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам йўлланмалар ажратилиши мумкин.

Ушбу талабномалар навбатдаги чорак бошланишидан 20 кун олдин тегишли ҳудудий бўлимларга тақдим этилади.

22. Ажратилган йўлланмалар бевосита ваколатли органларга етказиш учун санаторийга етиб келишнинг белгиланган санасигача 15 кундан кеч бўлмаган муддатда Агентлик томонидан ҳудудий бўлималарга юборилади.

23. Фойдаланилган йўлланмалар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ҳудудий бўлимлар томонидан Агентликка тақдим этилади.

24. Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди. Шунингдек, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.

25. Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Санаторийга битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (шу жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.

26. Санаторийга ташриф буюрган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзи билан бирга йўлланмадан ташқари паспорт ва соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан йўлланмага асосан берилган санаторий-курорт картасини олиб келиши лозим.

27. Санаторийларга қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.

28. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар саломатлигининг ҳолатига ёки бошқа асосли сабабларга кўра йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, йўлланмада кўрсатилган санаторийга келиш муддатидан камида уч кундан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда Давлат хизматлари марказига хабар бериши ва йўлланмани қайтариши лозим.

Давлат хизматлари маркази ходими бу ҳақида 1 соат мобайнида ваколатли органни хабардор қилади.

Қайтарилган йўлланма ваколатли орган томонидан навбат асосида бошқа кекса ёки ногиронлиги бўлган шахсга расмийлаштириб берилади.

29. Санаторий раҳбарлари соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторийда ҳақиқатда бўлган вақтини, муддатидан олдин кетган бўлса, унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ташкилот муҳри билан тасдиқланадиган “қайтариладиган талон”ни почта алоқаси орқали ваколатли органга юборади ёки бу ҳақидаги тегишли маълумотларни ахборот тизимига киритади.

30. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилган ва улар томонидан фойдаланилган йўлланмалар ҳисоби ваколатли органлар томонидан юритилади.

 

3-боб. Якунловчи қоидалар

31. Ваколатли органлар йўлланмаларни жойларда ўз вақтида ва мақсадли берилиши, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланмаларни олишларида адолат тамойилларига ҳамда навбатлиликка қатъий амал қилинишини таъминлашда жавобгар ҳисобланади. Ҳудудий бўлимлар юқоридаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши устидан назоратини олиб бориш учун масъул ҳисобланади.

32. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган хизматлар сифати учун санаторийлар раҳбарлари жавоб берадилар.

33. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

34. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.

35. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.

36. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

Маъмурий регламентига

1-илова

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

1-босқич

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар

 

Йўлланма олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш.

 

Хоҳишига кўра

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

1. Давлат хизматлари маркази

2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

 

Сўровномани ваколатли органга юбориш.

 

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида

2. Автоматик тарзда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Сўровномани махсус рўйхатга олиш китобида қайд этиш.

2. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини тегишли Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон тарзда юбориш.

3. Йўлланма расмийлаштирилган тақдирда, тегишли Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга электрон тарзда юбориш.

 

1. Сўровнома келиб тушгандан кейин

10 дақиқа ичида

2.3. Навбат келганда

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Давлат хизматлари маркази

 

1. Йўлланма келиб тушгандан сўнг, уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юбориш (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиш.

2. Ўзи (ёки ишончли вакили) келиб мурожаат қилганда йўлланмани электрон ёки қоғоз шаклида бериш.

3. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни хабардор қилиш.

 

10 дақиқа ичида

 

 

 

 

               

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламентига

2-илова

 

 

 

 

(сана)

 

(рақам)

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича

СЎРОВНОМА

 

I. Кекса ва ногиронлиги бўлган шахс тўғрисида маълумотлар:

1. Ф.И.О.:

 

2. Туғилган йили ва санаси:

 

3. Паспорт серияси ва рақами:

 

4. Доимий рўйхатдан ўтган жойи:

 

5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлганда): 

 

6. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда):

 

7. Телефон рақами:

 

II. Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

1. Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси) нусхаси:

 

2. Тиббий маълумотнома.

 

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар

бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

Маъмурий регламентига

3-илова

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича тушган сўровномаларни рўйхатга олиш

КИТОБИ

 

Т\р

Сўровнома билан мурожаат қилинган сана

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг Ф.И.О.‎

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг тоифаси

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг доимий яшаш манзили

Тиббий маълумот-номага асосан тавсия этилган санаторий номи

Йўлланма берилган санаторий номи йўлланма рақами ва муддати

Йўлланмани берган масъул ходимнинг Ф.И.О. ва имзоси

Санаторийга етиб бориш санаси

Санаторийдан қайтиб келиш санаси

Изоҳ

1‎

2‎

3‎

4‎

5‎

6

7

8

9‎

10

11

 

Умумий таклифлар: 1

474