ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
194 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 7

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташ тартибини такомиллаштириш тўғрисида
ID-194

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи

Олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташ тартибини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”
ПҚ-2909-сон, 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3151-сон ҳамда 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сонли қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташ тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

         

         Вазир                                                                                    И.Маджидов

       Тошкент ш.,

2018 йил “____”________

       _____-сон

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг

2018 йил “_____” _________ даги

_____ -сонли буйруғига

ИЛОВА

Олий таълим муассасалари талабаларининг

малака амалиётини ўташ тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2909-сон, 2017 йил27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3151-сон ҳамда 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сонли қарорларига мувофиқ олий таълим муассасалари (бундан буён матнда ОТМ деб юритилади) бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари талабаларининг (бундан буён матнда талабалар деб юритилади) малака амалиётини ўташ тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

малака амалиёти ўқув жараёнининг назарий билимларни мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва ўқув ҳосил қилиш, ўқув режалари ва фанлар дастурларнинг маълум мавзулари бўйича материаллар тўплаш учун ўтказиладиган амалиёт туридир;

Малака амалиёти ўқув, ишлаб чиқариш, педагогик ва битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди амалиётлари турларига бўлинади. 

қабул қилувчи ташкилот – талабалар малака амалиётини ўташи
учун ОТМ билан белгиланган тартибда шартнома тузган, малака амалиёти режа-жадвали ва дастурларини тўла ҳажмда бажаришни таъминлаш
учун барча шарт-шароитлар мавжуд бўлган замонавий корхона, ташкилот, идора, муассаса, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, савдо, қишлоқ хўжалиги, давлат ҳокимияти ва бошқарув органи, ишлаб чиқариш, хўжалик, тижорат ташкилотлари, молия-банк муассасалари, қурилиш объектлари, фирмалар, фермер хўжаликлари, ОТМ бўлимлари ва бошқа ташкилотлар;

ОТМдан малака амалиёти раҳбари – ўқув юкламасига малака амалиёти  киритилган ОТМнинг тегишли кафедраси профессор-ўқитувчиси;

қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти раҳбари – талабаларга малака амалиёти давомида уларни техник хавфсизлик қоидалари билан таништирувчи, амалий кўникма ва малакаларни ўргатувчи ва ОТМдан малака амалиёти раҳбари билан биргаликда амалиёт даврида талаба эгаллаган кўникмаларни баҳолаш масъулияти юкланган қабул қилувчи ташкилот ходими.

ўқув амалиёти-таништирув, экскурсион, диалектологик, ўлкашунослик, этнографик, архившунослик, археологик, дала ва ҳ.к. шаклларда ўтказилиб, талабаларни бўлажак мутахассисликнинг ўзига хос хусусиятлари
билан таништириш, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича дастлабки касб кўникмалари ва малакаларини шакллантиришдан иборат. Ўқув амалиёти таълим йўналиши (мутахассислик) хусусиятидан келиб чиқиб, асосан
 1-ва 2-курсларда ташкил этилади;

ишлаб чиқариш амалиёти-технологик, конструкторлик, фотометрик, даволаш ва ҳ.к. шаклларда ўтказилиб, талабалар томонидан муайян махсус фанлар туркумини ўрганиш жараёнида олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, бевосита корхона, муассаса, ташкилотда ишлаб чиқариш жараёни ва унинг технологиялари билан таништириш, мутахассислик бўйича кўникма ва малакаларни такомиллаштириш, шунингдек курс ишлари, битирув малакавий ишларини бажариш учун материалларни йиғиш, жараённи такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборат;

педагогик амалиёт-таълим турлари учун юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш ишининг ажралмас қисми бўлиб, талабаларнинг педагоглик касбига бўлган малакалари ва кўникмалари такомиллашиб боради. Талабалар педагогик амалиёт даврида ўқув-тарбия жараёнининг барча томонларини таҳлил қилади ва бу амалиёт мактабгача таълим, давлат ва нодавлат умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари ва бошқа таълим муассасаларида амалга оширилади;

битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди амалиёти–таълимнинг якуний босқичи ҳисобланадиган, талабалар томонидан назарий ва амалий ўқув дастурлари ўзлаштирилгандан сўнг битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси)нинг мавзуси бўйича материаллар тўплашдан иборат.

Ишлаб чиқариш ва педагогик амалиётлар таълим йўналиши (мутахассислик) хусусиятидан келиб чиқиб, асосан юқори курс
 (2-6-курс) ларда ташкил этилади. Битирувчи курс талабалари эса битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди амалиётини ўтайди.

2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига, Тошкент давлат юридик университетига, ҳарбий олий таълим муассасаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташи учун татбиқ этилмайди.

3. Малака амалиёти таълим йўналишлари (мутахассисликлар) ишчи ўқув режаларига мувофиқ 2-курсдан бошлаб тизимли равишда ОТМ томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиб тасдиқланадиган малака амалиёти дастури асосида амалга оширилади.

Таълим йўналишлари (мутахассисликлар) ўқув режасида келтирилган умумкасбий, мутахассислик фанлари блогидаги тегишли фанларнинг амалий машғулот дарсларини бевосита ишлаб чиқариш соҳасининг етакчи корхона, муассаса, ташкилотларида малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тасдиқланган дарс жадвали асосида (5+1 ёки 4+2 схемада) ташкиллаштириш ҳамда ушбу машғулотларни малака амалиётнинг бир қисми сифатида қабул қилиш мумкин.

Малака амалиёти мазмуни унинг режа-жадвали ва дастурлари
билан белгиланади.

4. Олий таълим муассасалари талабалари иш жойларига дастлабки тақсимлашни битирувчи курс охирида эмас, балки мос равишда иккинчи
ва учинчи курсларда таҳсил олаётган даврда ўтказиш ва барча турдаги амалиётларни ишга йўлланма оладиган корхона, ташкилот ёки муассасада ўташини йўлга қўйиш тавсия этилади.

5. ОТМдаги таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликларининг ўзига хослигидан келиб чиқиб малака амалиёти тури аниқланади ва ўқув режа асосида ОТМ Кенгаши қарори билан тасдиқланади.

6. ОТМ билан талабалар битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди ҳамда педагогик амалиётини ўтказиш бўйича тегишли қабул қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган шартномада битирувчини иш билан таъминланиши тўғрисида бандлар киритилиши мумкин.

7. Талабаларнинг малака амалиётини ўташ даври қабул қилувчи ташкилотнинг фаолият юритаётган даврига, хусусан педагогик амалиёт таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёни олиб борилаётган даврга мослаб қўйилиши лозим.

8. Талабалар малака амалиётини ўташлари мажбурий ҳисобланади, малака амалиётини узрли сабабларга кўра ўтай олмаган талабалар ОТМ ректорининг буйруғига мувофиқ белгиланган бошқа муддатда малака амалиётини ўташи шарт.

2-боб. Малака амалиётини ташкил этиш

9. Малака амалиёти ОТМнинг қабул қилувчи ташкилотлар билан белгиланган тартибда тузилган шартномалари асосида ташкил қилинади.

ОТМ ва қабул қилувчи ташкилот малака амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шартномада шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ  ва мажбуриятлари, қабул қилувчи ташкилотнинг иш фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда малака амалиётини ташкил этиш тартибини, шартноманинг амал қилиш муддатини, шартномани бекор қилиш асосларини, шунингдек тарафларнинг жавобгарлигини келишиб олади.

10. Малака амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгарлик ОТМ ректори (директори) зиммасига юклатилади.

11. Талабаларнинг малака амалиёти режа-жадвали ва дастурларини тўлиқ бажарилишига ўқув ишлари бўйича проректор, ўқув-услубий бошқарма (бўлим) бошлиғи, факультет декани, кафедра мудири ва ОТМдан малака амалиёти раҳбари жавобгар ҳисобланади.

12. Талабалар ва малака амалиёти раҳбарларининг фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳужжат малака амалиёти дастури ҳисобланади.

Малака амалиёти дастури таълим йўналиши (мутахассисликлар)нинг малака  талабларига ва ишчи ўқув режадаги фанлар мазмунига мос келиши, таълим йўналишлар (мутахассисликлар)ининг ўзига хос хусусиятларини, шунингдек фан ва ишлаб чиқаришнинг сўнгги ютуқларини инобатга олиши керак.

Малака амалиёти дастури қуйидаги асосий бўлимлардан таркиб топади:

малака амалиётининг мақсад ва вазифалари;

малака амалиёти мазмуни;

малака амалиёти режа-жадвали;

малака амалиётини баҳолаш мезони;

малака амалиёти бўйича ҳисоботга талаблар.

Бундан ташқари, малака амалиёти дастурига амалиётни ўташга доир услубий кўрсатмалар (тавсиялар), фойдаланиладиган асосий ва қўшимча адабиётлар, ўқиш даврида олинган билимларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи тегишли материаллар ва ҳужжатлар ҳақидаги бўлимлар ҳам киритилиши мумкин.

13. ОТМдан малака амалиёти раҳбарининг малака амалиётидаги ўқув юкламаси соатлари ишчи ўқув режада кўрсатилган ҳафталар, талабалар гуруҳи ва сонидан ҳамда қабул қилувчи ташкилот жойлашган ҳудуддан  келиб чиқиб аниқланади.

14. Малака амалиётини ташкил этиш олдидан ОТМ ректори томонидан малака амалиётини тури, муддати, ўташ жойи, моддий таъминоти, жўнатилаётган ОТМдан малака амалиёти раҳбарлари ва талабаларнинг таркибий рўйхати, шунингдек уларни турар жой билан таъминланиши, малака амалиётини умумий ташкил этиш ва уни ўтказишни назорат қилиш юклатилган мансабдор шахслар (ўқув ишлар бўйича проректор, ўқув-услубий бошқармаси (бўлими) бошлиғи, факультет декани, кафедра мудири) кўрсатилган буйруқ қабул қилинади.

15. ОТМнинг ўқув-услубий бошқармаси (бўлими) малака амалиётини ташкил этиш, моддий ва ўқув-услубий таъминлаш ҳамда ўташни мувофиқлаштириш ишларини режа-молия бўлими, кафедра мудири ва факультет декани билан биргаликда амалга оширади.

16. ОТМ ва қабул қилувчи ташкилот ўртасидаги икки томонлама шартномалар асосида талаба малака амалиётини хорижий давлатлар корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ўташи мумкин. Бунда, ОТМ тузиладиган шартнома бандларини юқори турувчи вазирлик, идора билан белгиланган тартибда келишади.

3-боб. Малака амалиётига раҳбарлик қилиш

17. ОТМ ўқув-услубий бошқармаси (бўлими)нинг малака амалиётини мувофиқлаштириш юзасидан вазифалари:

барча турдаги амалиётларни ишга йўлланма оладиган корхона, ташкилот ёки муассасада ўташни йўлга қўйишни ташкиллаштириш;

навбатдаги ўқув йили учун малака амалиётига қабул қилувчи ташкилот билан шартномалар тузиш ва малака амалиёти бошланишидан икки ой олдин талабалар малака амалиёти режа-жадвали ва дастурини тасдиқлаш учун тақдим этиш;

ҳар бир таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича малака амалиёти буйруқлари лойиҳаларини шакллантириш;

малака амалиётини ўтказиш ҳудудларида хавфсизлик чораларини белгилаш ва қабул қилувчи ташкилотларни расмий хат билан малака амалиётини ўташ тўғрисида хабардор қилиш;

талабаларга малака амалиёти ҳужжатлари мажмуасини нашр қилишни ташкил этиш ва таъминлаш;

талабаларнинг малака амалиётини ўташ жойига етиб бориши  ва қайтишини кафедра мудирлари ва деканатлар билан ҳамкорликда ташкил қилиш;

қабул қилувчи ташкилотлар билан талабаларни яшаш жойлари  ва овқатланиш масалаларини деканат (кафедра) билан келишган ҳолда ташкил этиш;

 қабул қилувчи ташкилотларда малака амалиёти режа-жадвали ва дастури бажарилиши, талабалар ҳисоботи мавжудлиги ва ҳисобот ҳимояси ташкил қилинганлигини назорат қилиш;

ОТМ Кенгашига малака амалиётлари ўтказилганлиги ҳақида бир ўқув йилида бир марта ҳисобот бериш.

18. ОТМдан малака амалиёти  раҳбари вазифалари:

малака амалиётини ўташ жойларига талабаларни тақсимлашда иштирок этиш;

малака амалиётига кетаётган талабаларга олдиндан малака амалиёти ўтказиш тартиблари, хавфсизлик техникаси ҳақида зарур кўрсатмалар ва йўл-йўриқлар бериш;

заруриятга мувофиқ қабул қилувчи ташкилотга малака амалиёти бошланишидан олдин бориб, талабалар келишига зарурий тайёргарлик ишларини таш­кил этиш;

малака амалиётининг бутун даври учун талабаларга малака амалиёти  дастури асосида режа-жадвалини тузиш, қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти раҳбари билан биргаликда ишнинг ҳажми ва таркибини белгилаш;

талабаларни малака амалиёти режа-жадвали ва дастури ҳамда кундалик билан таъминлаш;

талабаларнинг малака амалиёти ўташ жойига етиб бориши ва қайтишини назорат қилиш;

қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти раҳбари билан талабанинг малака амалиётини ўташи ҳолати бўйича мунтазам равишда алоқада бўлиш;

малака амалиёти муддатларига риоя қилинишини, шунингдек малака амалиёти режа-жадвали ва дастури бажарилишини ҳамда кундаликни ҳар кунлик тўлдиришини назоратини олиб бориш, услубий ёрдам кўрсатиш ишларини, зарур ҳолларда, талабаларнинг малака амалиёти  ўташ жойларига бориб кўриш йўли билан амалга ошириш;

талабаларнинг малака амалиёти ҳисоботини ёзишга кўрсатма ва тавсиялар бериш;

талабаларнинг малака амалиёти бўйича ҳисобот ҳимоясида иштирок этиш ва баҳолаш;

малака амалиётини ўташни такомиллаштириш юзасидан зарур ҳолларда ўз таклиф ва мулоҳазаларини кафедра мудирига (факультет ва ОТМ кенгашида кўриб чиқиш учун) тақдим этиш.

19. Бакалавриат таълим йўналиши талабалари амалиётига раҳбарлик қилиш, уларнинг ҳисоботларини текшириш ва қабул қилиш, амалиёт бўйича ҳисоботи ҳимоясида иштирок этиш ҳамда баҳолаш учун профессор-ўқитувчига қуйидаги тартибда ва миқдорда ўқув юкламалари белгиланади:

ўқув амалиётига раҳбар бўлган профессор-ўқитувчи шу давр ичида, бошқа ўқув машғулотларини ўтмаган ҳолда, кун давомида ўқув амалиётига раҳбарлик қилганда бир гуруҳ учун бир иш кунига 6 соат белгиланади;

қабул қилувчи ташкилот ОТМ жойлашган ҳудуд (шаҳар) доирасида бўлган ҳолда, ишлаб чиқариш (педагогик) амалиётига раҳбарлик қилинганда бир гуруҳ учун бир иш кунига (назоратга борган кунлари учун) 3 соатдан белгиланади;

қабул қилувчи ташкилот ОТМ жойлашган ҳудуд (шаҳар) доирасидан ташқарида бўлган ҳолда, ишлаб чиқариш (педагогик) амалиётига раҳбарлик қилинганда бир гуруҳ учун ва якка тартибда ўтказилган ҳолда бир иш кунига (назоратга ОТМ ректори (директори) буйруғи асосида борган кунлари учун) 6 соатдан белгиланади;

талабанинг малака амалиёти индивидуал ҳолда ўтказиладиган, малака амалиётига раҳбар этиб тайинланган профессор-ўқитувчи ОТМ ректори (директори) буйруғи билан қабул қилувчи ташкилотга бормаган ҳолда, бутун малака амалиёти даврига бир талаба учун 2 соат белгиланади;

малака амалиёти раҳбарининг индивидуал ҳолда ўтказилаётган амалиётни назорат қилишга борган кунлари учун юқоридаги ҳолатларга мувофиқ ҳолда унга ўқув юклама соатлари берилади;

малака амалиёти якка тартибда (1-6 нафаргача талаба бўлган ҳолда) ўтказиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот ОТМ жойлашган ҳудуд (шаҳар) доирасида бўлган ҳолда, ҳар бир талаба учун бир иш кунига 0,5 соат белгиланади;

профессор-ўқитувчининг малака амалиётига раҳбарлик қилганлиги амалиёт ўташ бўйича ОТМ буйруғи, талабанинг малака амалиёти кундалиги, ҳисоботи ва амалиёт учун баҳо қўйилган тегишли қайдномалар асосида аниқланади;

ОТМдан малака амалиётига раҳбар бўлган профессор-ўқитувчининг малака амалиёти учун берилган соатлари ҳажми ўқув ишлари юкламасининг
20%и (200 соат) дан ошмаслиги тавсия этилади.

20. Магистратура талабаларининг малака амалиётига раҳбарлик қилиш учун ОТМдан талабалар малака амалиётига раҳбар бўлган профессор-ўқитувчига қуйидаги тартибда ва миқдорда ўқув юкламалари белгиланади.

Малака амалиёти (ҳамда илмий педагогик фаолияти)га раҳбарлик қилиш учун профессор-ўқитувчига бир ўқув йилига битта талаба учун 50 соат белгиланади.

Профессор ёки фан доктори 5 нафаргача, доцент, фан номзоди ва мутахассис 3 нафаргача талабанинг илмий педагогик фаолияти ва малака амалиётига раҳбарликни амалга ошириши мумкин.

Профессор-ўқитувчининг талабани илмий педагогик фаолиятига раҳбарлик қилганлик талабанинг календарь иш режасидаги топшириқларни бажариши билан ҳамда малака амалиётига раҳбарлик қилганлиги ОТМнинг малака амалиёти ўташ бўйича буйруғи, талабанинг малака амалиёти кундалиги, ҳисоботи ва малака амалиёт учун баҳо қўйилган тегишли қайдномалар асосида аниқланади.

21. Қабул қилувчи ташкилотнинг малака амалиётини ташкиллаштириш юзасидан вазифалари:

ОТМлар билан талабалар малака амалиётини ўташи тўғрисида шартномалар тузади;

ишлаб чиқариш ва малака амалиётларини ўташ даврида талабаларга амалиётчи мақомини беради;

малака амалиётини ташкил этишга кўмаклашади, малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан амалиётчи билан ишлаш кўникмасига эга бўлган малака амалиёти раҳбарини тайинлайди ҳамда амалиётчи талабаларни амалиёт даврида ўз ходими сифатида фаолият олиб бориши учун ташкилот раҳбарининг буйруғини чиқаради;

амалиётчилар учун иш жойи ва амалиёт даврида фойдаланиш учун зарурий материаллар ажратилишини ташкил этади, фаолияти дорасида амалиётчи талабаларга ойлик маошлар белгилаши мумкин;

амалиётчига бириктирилган масъул ходимларни моддий рағбатлантириш ишларини йўлга қўяди;

ҳаёт фаолияти ва техника хавфсизлиги бўйича зарурий кўрсатмалар беради, зарур бўлган ҳолларда талабаларга меҳнатнинг хавфсиз усулларини ўргатади ва бу ҳақда тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради;

малака амалиёти дастурига мувофиқ талабаларга жорий қилинадиган шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя воситалари, махсус овқат ва бошқалар)ни яратади;

талабаларга мавжуд адабиётлар, техник ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятларини беради;

малака амалиёти  дастурига мувофиқ талабалар малака амалиёти ўтказишининг самарадорлигини таъминловчи иш жойлари шароитини таъминлайди;

амалиётчига амалиёт даври давомида имконият доирасида иш ҳақи тўланадиган лавозимга ишга қабул қилиш масаласини ҳал қилади;

ташкилотнинг ички меҳнат интизомини бузган талаба ҳақида қабул қилувчи ташкилот ОТМ ректорига хабар қилади;

талаба малака амалиётини ўташ даврида амалиёт ўташ жойида бахтсиз ҳодисага учраган ҳолатлар бўйича жавобгарлик масалаларини қонун ҳужжатлари асосида кўриб чиқади;

шартнома асосида талабалар яшаши учун қулай шароитли вақтинчалик турар жойлар билан таъминлаши мумкин.

22. Қабул қилувчи ташкилот раҳбари талаба таълим олаётган йўналиши (мутахассислиги) бўйича бўш иш жойлари мавжуд бўлган тақдирда, уни вақтинчалик иш хақи тўланадиган лавозимга тайинлаши ҳамда талаба ўқишни битиргандан сўнг тўлиқ иш билан таъминлаши мумкин.

23. Қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти  раҳбари вазифалари:

талабаларга ҳаёт фаолияти ва техника хавфсизлиги бўйича тушунтириш, шунингдек қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб қоидалари ва иш режимининг хусусиятлари бўйича йўл-йўриқ беради;

қабул қилувчи ташкилотнинг белгиланган объектлари бўйича талабаларни тақсимлайди, объектнинг тузилиши, фаолият йўналишлари ва ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;

амалиётчи-талабаларга малака амалиёти дастурига тааллуқли материаллардан фойдаланиш тартиб-қоидаларини ўргатади;

талабаларга ишлаб чиқариш технологиялари бўйича маслаҳатлар беради;

яқин атрофда жойлашган бошқа корхона, муассаса, ташкилотларга биргаликда ташрифлар ўтказади;

малака амалиёти кундалигининг юритилиши устидан доимий назоратни амалга оширади;

талаба иш кунининг белгиланган давомийлигига риоя этилишини назорат қилади;

малака амалиёти кундалигига талабанинг ижобий ва салбий фазилатларини, унинг ўзлаштириш даражаси ва бошқа маълумотларни ёритувчи ёзувларни киритади;

амалиётчи-талабалар билан ташкилот раҳбарлари ва етакчи ходимларнинг учрашувини ҳамда технологик жараёнларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришдаги мавжуд муаммоларнинг ечимларини излаш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этади.

24. Қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти раҳбари талабага малака амалиёти  ўташ дастури билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажариш топшириғини бериши тақиқланади.

4-боб. Талабанинг малака амалиётини ўташ бўйича
ҳуқуқ ва мажбуриятлари

25. Талаба:

малака амалиётини ўташ жойи, режа-жадвали, дастури ва тартиби билан олдиндан танишиш;

малака амалиётини ўтказиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш;

малака амалиётини ўташ юзасидан зарур ахборотлар олиш;

малака амалиёти бўйича услубий материаллар билан танишиш ҳамда малака амалиёти раҳбарларидан йўл-йўриқлар олиш ҳуқуқларига эга.

Талабага:

малака амалиёти режа-жадвали ва дастурида назарда тутилган барча топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариш;

малака амалиёти кундалигини ҳар куни ва тартибли юритиш;

ОТМ ва қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган малака амалиёти раҳбарларининг дастурда кўзда тутилган ишларга оид барча топшириқларини бажариш;

ҳисоботга тегишли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш;

қабул қилувчи ташкилот ходимлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар ва ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя қилиш мажбуриятлари юклатилади.

26. Талаба малака амалиётини ўтагандан сўнг ОТМда малака амалиёти бўйича ҳисоботини белгиланган муддатда ҳимоя қилади.

5-боб. Малака амалиётини ўташ босқичлари

27. Малака амалиёти уч босқичга бўлинади:

тайёрлов босқичи;

асосий босқич;

якуний босқич.

28. Тайёрлов босқичида малака амалиётини ўташнинг биринчи кунида ОТМдан малака амалиёти раҳбари ва қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти  раҳбари йиғилиш ўтказади. Йиғилишда талабалар малака амалиёти режа-жадвали ва дастури билан танишади, унинг мақсади, вазифалари
ва мазмунига тааллуқли кўрсатмалар олади, талаба томонидан бажариладиган ишлар ва уларни малака амалиёти кундалигида қайд этиб бориш тартиблари билан таништирилади.

Талабалар қабул қилувчи ташкилотга етиб боргандан сўнг малака амалиётини ўташнинг дастлабки кунларида қабул қилувчи ташкилотнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ўзига хослиги билан танишадилар.

29. Малака амалиётини ўташнинг асосий босқичида талаба бевосита қабул қилувчи ташкилотда малака амалиёти режа-жадвали ва дастурида кўрсатиб ўтилган ишларни бажаради.

30. Малака амалиёти ўташнинг якуний босқичида талабалар томонидан малака амалиётини ўташ жараёнида қилинган ишларнинг натижалари таҳлил қилинади ва баҳоланади.

6-боб. Малака амалиётини якунлаш

31. Малака амалиёти якунида талаба ёзма равишда малака амалиёти дастури бўйича тайёрлаган ҳисоботни ҳамда уни қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган раҳбар имзолаган кундалиги билан бирга ОТМдан тайинланган раҳбарга белгиланган муддатда топширади.

32. Талабанинг малака амалиётини баҳолаш жараёни тегишли кафедраларда ўтказилади. Баҳолаш жараёнида декан, тегишли кафедра мудири, ўқув-услубий бошқарма(бўлим) вакили ҳамда қабул қилувчи ташкилотдан малака амалиёти раҳбари иштирок этиши мумкин.

33. Малака амалиёти натижаси бўйича баҳо талабанинг курсдан курсга ўтиши ва стипендия белгилашда ҳисобга олинади.

34. Малака амалиёти курс учун қўлланилаётган (100; 5) балли тизимда баҳоланади. Малака амалиёти даврида талаба малака амалиёти дастурида кўзда тутилган баҳолаш мезонларига мувофиқ жорий баҳоланиши ва ушбу баҳолар ҳисобот ҳимояси бўйича баҳоланишида инобатга олиниши мумкин.

35. Малака амалиёти якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олган ёки узрли сабабларсиз амалиётга қатнашмаган талаба академик қарздор сифатида олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан курсдан қолдирилади.

36. Малака амалиётини ўташ даврида талабанинг узрли сабабларга (касал бўлиб қолиши, оиласи билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва б.) кўра қатнашиш имконияти бўлмаган ҳолатларда, талабанинг малака амалиётини ўташ вақти ОТМ ректори буйруғи билан ўқув йили (семестр) давомидаги бошқа муддатга (одатда, таътил даврига) кўчирилиши мумкин.

37. Малака амалиёти якуни ОТМ илмий-услубий кенгаши (тегишли факультет кенгаши) да қабул қилувчи ташкилотнинг вакиллари иштирокида муҳокама қилинади.

38. Қабул қилувчи ташкилотнинг тегишли йиғилишида битирувчи талабанинг малака амалиёт давомидаги фаолиятини муҳокама қилиниб, уни ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилади. Йиғилиш натижаларидан келиб чиқиб, ташкилот раҳбарияти:

ташкилотдаги бўш вакант ўринларини тўлдириш;

ташкилотни ривожлантиришнинг стратегик дастурлари доирасида ташкил этиладиган янги иш ўринларига жалб этиш юзасидан қарор қабул қилади.

7-боб. Моддий таъминот

39. Малака амалиётини ўташ даврида талабага иш ҳақи тўланиши белгиланганлигидан қатъий назар, унинг стипендия олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

40. Қабул қилувчи ташкилот ОТМ жойлашган ҳудуд (шаҳар) доирасидан ташқарида бўлган ҳолда, ОТМдан тайинланган малака амалиёти раҳбарларининг амалиёт даврида ОТМ жойлашган ҳудуддан амалиётни ўташ жойигача бир марталик бориш ва қайтиш йўл харажатлари, меҳмонхонада (турар жой)да яшаш ва кунлик харажатлари белгиланган тартибда ОТМнинг бюджет ҳамда бюджетдан ташқари даромадлар ва харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

41. Малака амалиётига раҳбарлик қилгани учун қабул қилувчи ташкилот раҳбари ташкилотдан тайинланган малака амалиёти раҳбарини моддий-маънавий рағбатлантириши мумкин.

42. Қабул қилувчи ташкилот ОТМ жойлашган ҳудуд (шаҳар) доирасидан ташқарида бўлган ҳолда, талабаларнинг қабул қилувчи ташкилотга малака амалиёт даврида бир марта гуруҳ бўлиб бориб келиши билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда ОТМнинг бюджет
ҳамда бюджетдан ташқари даромадлар ва харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

43. ОТМ таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларидан келиб чиқиб, талабалар малака амалиёти ўташи учун йўриқнома
ва кўрсатмаларни таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек мазкур Низом асосида ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.

 

8-боб. Якуний қоида

44. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилади.

Умумий таклифлар

2046