ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
192 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 17

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-192

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи

 

 

Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими

тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 20 июлдаги 341-сон “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 29-сон, 332-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шунингдек олий таълим муассасалари талабаларининг билим савияси, кўникма ва малакаларини назорат қилиш ҳамда баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида буюраман:

1. Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш ва рейтинг назорати тизими тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2009 йил
11 июндаги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш
ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 204-сон буйруғи
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинган талабаларга нисбатан татбиқ этилмасин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир

         

И. Маджидов

Тошкент ш.,
201
8 йил ___________,
____-сон

               

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг

2018 йил “_____” _________ даги

_____ -сонли буйруғига

ИЛОВА

Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими тўғрисида

Низом

Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги 
ва
“Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисидаги  қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон “Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари талабалари билимини баҳолаш тизимини тартибга солади ҳамда 2018/2019 ва ундан кейинги ўқув йилларида ўқишга қабул қилинган талабаларга қўлланилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларига мазкур Низом татбиқ этилмайди.

2. Низомнинг мақсади талабаларнинг фанларни ўзлаштиришини холис (объектив) ва аниқ баҳоланишини таъминлашдан иборат.

3. Низомнинг асосий вазифалари:

талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизимини соддалаштириш;

талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизимини халқаро тажрибаларга уйғунлаштириш;

фанларни ўзлаштириши бўйича талабалар билимини аниқлаш ва семестр (ўқув йили) якунлари бўйича эълон қилиш орқали уларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини кучайтириш;

профессор-ўқитувчиларнинг фан бўйича талабалар ўзлаштиришини баҳолаш шаклларини белгилашдаги ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш.

4. Талабалар билими, кўникма ва малакаларини баҳолашнинг асосий тамойиллари:

Давлат таълим стандартларига асосланганлик, аниқлик, ҳаққонийлик, ишончлилик, билимларни баҳолашда шаффофликни таъминлаш;

баҳолаш тартиби, мезонлари ва муддатларини олдиндан эълон килиш;

талабалар билимини холис ва адолатли баҳолаш ҳамда унинг натижаларини ўз вақтида маълум қилиш;

талабаларда мустақил ишлаш кўникмаларини ривожлантириш.

Баҳолаш турлари ва шакллари

5. Ҳар бир ишчи фан дастури машғулот ва баҳолаш турлари, уларнинг шакллари ва мезонлари кўрсатилган ҳолда кафедра мудири тавсияси билан олий таълим муассасаси (факультет)нинг ўқув-услубий кенгашида муҳокама этилади ва олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари) томонидан тасдиқланади.

6. Фан бўйича баҳолаш турлари, шакллари, тартиби, сони ҳамда мезонлари ҳақидаги маълумотлар талабаларга профессор-ўқитувчилар томонидан дастлабки машғулотларда эълон қилинади.

7. Талабаларнинг фан бўйича ўзлаштириши оралиқ ва якуний баҳолаш турлари орқали аниқланади.

Фан хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси (факультет)нинг ўқув-услубий кенгаши қарори билан ушбу фандан оралиқ баҳолаш ўтказилмаслиги мумкин.

8. Оралиқ баҳолаш (ОБ) - семестр давомида ишчи фан дастурининг тегишли (фаннинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

ОБ талаба томонидан ишчи фан дастурининг тегишли бўлимлари мазмунини ўзлаштириш даражаси, талабанинг адабиётлар билан ишлаш амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), таҳлил, мантиқий фикрлаш, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини аниқлашга  қаратилади.

Ҳар бир фан бўйича ОБ сони (бир семестрда 2 тадан ошмаслиги лозим) ва шакли (ёзма иш, оғзаки, тест, коллоквиум, ҳисоб-графика иши, ижодий топшириқ ва ҳоказо) фан хусусияти ва унга ажратилган умумий соатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кафедра томонидан белгиланади.

ОБ ишчи фан дастурига асосан деканат томонидан белгиланган жадвал асосида ўказилади. Талаба ОБни белгиланган муддатларда топшириши шарт.

Ҳажми (умумий аудитория соати) семестр давомида ҳафтасига тўлиқ 2 академик соатдан (тиббиёт олий таълим муассасаларида 4 академик соатдан) кам бўлган фанлардан ОБ ўтказилмайди.

Амалий (семинар), лаборатория машғулотлари ва мустақил таълим топшириқларининг натижалари ОБда инобатга олинади.

ОБ асосан ўқув машғулотлари давомида амалга оширилади.

Талабанинг ОБдан олган ижобий баҳолари асосида унга якуний баҳолашни топширишга рухсат берилади.

9. Якуний баҳолаш (ЯБ) - семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) муайян фан бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларнинг талаба томонидан  ўзлаштириш даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

ЯБ талаба томонидан ишчи фан дастурининг семестрга (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунига) мўлжалланган бўлимлари мазмунини ўзлаштириш даражаси, унинг мантиқий фикрлаши, амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), тизимли ва танқидий таҳлил қила олиши, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини аниқлашга  қаратилади. 

ЯБ таянч тушунча ва ибораларга асосланган ёзма иш, оғзаки сўров, тест, ижодий иш ва кафедра томонидан белгиланган бошқа шаклларда ўтказилади.

ЯБни ўтказиш жадвали ўқув жараёни графигига мувофиқ факультет декани
ёки ўқув-услубий бўлим(бошқарма) томонидан тайёрланган олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори томонидан тасдиқланаган ЯБ жадвали асосида ўтказилади. Талаба ЯБни белгиланган муддатларда топшириши шарт.

10. Талабалар ўзлаштиришини баҳолаш ёзма иш шаклида ўтказилганда:

ёзма ишнинг мазмуни мантиқий баён этилганлиги;

савол ва топшириқларнинг ечимига янгича услубда ёндашилганлиги;

ёзма ишни хато ва нуқсонсиз бажарилганлиги эътиборга олинади.

Ёзма ишларни текшириш жараёни деканат (ўқув-услубий бўлим (бошқарма)) тузган ишчи гуруҳ томонидан идентификация рақамлари бериш орқали амалга оширилади. Олий таълим муассасасининг Таълим сифатини назорат қилиш бўлими томонидан назорат қилинади.

Ёзма иш талаба томонидан мустақил равишда ёзилади. Муаллифликни ўзлаштириш (плагиат)га йўл қўйилмайди. Ёзма ишни текширишда плагиат ҳолатлари аниқланиши, шунингдек икки ёки ундан ортиқ ёзма ишнинг мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўхшаш бўлиши ушбу барча ёзма ишларга
2 (қониқарсиз) баҳо қўйиш ёки уларга қўйилган ижобий баҳони бекор қилишга асос бўлади.

Баҳолашлар бўйича ўтказилган ёзма ишлар факультетда (ёки кафедрада) 6 ой сақланади ва ушбу муддат ўтганидан сўнг ўрнатилган тартибда йўқ қилинади.

11. Тиббиёт олий таълим муассасалари учун ОБ ва ЯБ клиник фанлар бўйича - ОSCE (объектив тизимлаштирилган клиник синов) ёки назарий фанлар бўйича -
ОSE (объектив тизимлаштирилган имтиҳон), ёзма, оғзаки, тест ёки уларнинг комбинацияланган  шаклларида ўтказилади.

12. ОБ жараёнлари факультет декани ва кафедра мудири томонидан тузилган комиссия ҳамда таълим сифатини назорат қилиш бўлими иштирокида даврий равишда ўрганиб борилади ва уни ўтказиш тартиблари бузилган ҳолларда, комиссия хулосаси асосида ОБ натижалари бекор қилинади ҳамда ОБ қайта ўтказилади.

13. Олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан таълим сифатини назорат қилиш бўлими ёки ўқув-услубий бошқарма (бўлим, бўлинма) бошлиғи раҳбарлигида тузилган комиссия иштирокида ЯБ ни ўтказиш жараёни даврий равишда ўрганиб борилади ва уни ўтказиш тартиблари бузилган ҳолларда, комиссия хулосаси асосида ЯБ натижалар бекор қилинади ҳамда ЯБ қайта ўтказилади.

Баҳолаш тартиби ва мезонлари

14. Талабаларнинг ҳар бир семестрда фанларни ўзлаштириши ҳар бир баҳолаш турлари бўйича: 5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли) ва 2 (қониқарсиз) кўринишида баҳоланади. 5, 4 ва 3 баҳолар ижобий ҳисобланади. Баҳолашда рақам ва матн бир хил талқин этилади.

Малакавий амалиёт, курс иши (лойиҳаси), фан (фанлараро) давлат аттестацияси, битирув малакавий иши, шунингдек магистратурада илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар ҳамда магистрлик диссертацияси бўйича талабалар ўзлаштириши ҳам юқоридаги баҳолаш турлари бўйича баҳоланади.

15. Талабанинг фан бўйича ўзлаштиришини баҳолашда қуйидаги намунавий мезонлар тавсия этилади:

5 (аъло) баҳо:

хулоса ва қарор қабул қилиш;

ижодий фикрлай олиш;

мустақил мушоҳада юрита олиш;

олган билимларини амалда қўллай олиш;

моҳиятини тушуниш;

билиш, ифодалаш, айтиб бериш;

фан бўйича тасаввурга эга бўлиш.

4 (яхши) баҳо:

мустақил мушоҳада юрита олиш;

олган билимларини амалда қўллай олиш;

моҳиятини тушуниш;

билиш, ифодалаш, айтиб бериш;

фан бўйича тасаввурга эга бўлиш.

3 (қониқарли) баҳо:

моҳиятини тушуниш;

билиш, ифодалаш, айтиб бериш;

тасаввурга эга бўлиш.

2 (қониқарсиз) баҳо:

фан дастурни ўзлаштирмаганлик;

фаннинг моҳиятини билмаслик;

аниқ тасаввурга эга бўлмаслик;

мустақил фикрлай олмаслик.

16. Намунавий мезонлар асосида кафедра томонидан ҳар бир фаннинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.

17. Баҳолаш турлари бўйича тузилган саволлар (топшириқлар) мазмуни (оддийдан мураккабгача) баҳолаш мезонларига мувофиқ талабанинг ўзлаштиришини холис (объектив) ва аниқ баҳолаш имкониятини бериши керак.

Саволлар (топшириқлар)нинг талаб даражасида тузилиши бўйича  масъулият фан профессор-ўқитувчилари ҳамда кафедра мудирига юклатилади. Саволлар (топшириқлар) таркибига ишчи фан дастурида кўрсатилган барча материаллар, хусусан назарий материаллар билан бирга мустақил иш, лаборатория ва ҳисоб-графика ишлари, амалий
ва семинар машғулотлари ва бошқа материаллар ҳам киритилади.

Баҳолашларни ўтказиш муддати

18. Баҳолашларни ушбу фандан ўқув машғулотларини олиб борган  профессор-ўқитувчилар ўтказади (тиббиёт олий таълим муассасаларида ОБ ва ЯБлар кафедрада ташкил этилган комиссия томонидан ўтказилади).

Мазкур низомнинг 12-13 ва 24-бандларга мувофиқ тузилган комиссия хулосаси асосида курс ишлари (лойиҳалари), ёзма назорат ишларини натижалари бекор қилинган тақдирда, мазкур комиссия кўрсатмаси билан баҳолашни ўтказиш бошқа  профессор-ўқитувчиларга юклатилиши мумкин.

19. Ҳисоб-графика иши, назорат иши, курс иши, курс лойиҳаси, ижодий топшириқлар ҳимояси, амалий (семинар), лаборатория машғулотлари вамустақил таълим топшириқлари ва ОБ 5 баҳо (бал)лик тизимда ушбу фандан  ўтказиладиган ЯБга қадар бўлган муддатда топширилиши шарт. Ушбу муддатда уларни ижобий баҳога топширмаган талаба бу фандан  ўтказиладиган ЯБга киритилмайди ва академик қарздор ҳисобланади.

20. Узрли сабабларга (талабанинг касал бўлиши, яқин қариндошлари оиласида фавқулодда ҳолатлар, яшаш жойи билан боғлиқ муаммоли вазиятлар, республика
ва халқаро миқёсдаги тадбирларда иштирок этиш) кўра баҳолашларда иштирок этмаган талабага, ўқишини бошлаб асословчи ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, факультет декани фармойиши билан баҳолашларни муддатлари кўрсатилган (ўқув йили семестри давомида) шахсий график асосида топширишга рухсат берилади.

21. Бир кунда фақат битта фандан ЯБ ўтказилади, ЯБ орасидаги фарқ камда икки кун бўлиши керак.

22. Кузги семестр натижалари бўйича академик қарздорлиги 3 тагача бўлган  талабаларга бир ойгача, баҳорги семестр натижалари бўйича академик қарздорлиги
3 тагача бўлган талабаларга, битирувчи курсдан бошқа курс талабаларига янги ўқув йили бошидан қайта топширишга қўшимча бир ой муддат берилади. Академик қарздорлиги
4 та ва ундан юқори бўлган талабаларга қайта топширишга рўхсат берилмайди ва ректор (директор)нинг буйруғи билан курсдан қолдирилади. Баҳорги семестр натижалари бўйича битирувчи курс талабаларига ўзлаштирмаган фанларини (академик қарздорликни) қайта топшириш учун якуний давлат аттестациясигача бўлган муддат берилади.

Берилган муддатда академик қарздорликни қайта топширишлар сони 2 мартадан ошмаслиги керак. Иккинчи қайта топшириш факультет декани тасдиқлаган комиссия томонидан  қабул қилинади.

Қўшимча муддатларда ҳам академик қарздорликни бартараф этмаган талаба факультет декани тавсиясига кўра белгиланган тартибда ректор (директор)нинг буйруғи билан курсдан қолдирилади.

Малакавий амалиёт якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олган ёки узрли сабабларсиз малакавий амалиётга қатнашмаган талаба академик қарздор сифатида курсдан қолдирилади.

23. Талаба баҳолаш натижаларидан норози бўлса, фан бўйича баҳолаш тури натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат мобайнида факультет деканига ариза билан мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда факультет декани тақдимномасига мувофиқ ректор буйруғи билан 3 (уч) аъзодан кам бўлмаган таркибда апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссияси талабаларнинг аризаларини кўриб чиқиб, 2 кунгача бўлган муддатда ўз хулосасини билдиради. Фан ўқитувчисининг қўйган баҳони асословчи  қисқа маълумотини олади.  

Апелляция комиссияси ўз хулосасида баҳолаш жараёни мазкур Низом асосида ўтказилганлиги ёки Низом талаблари бузилганлиги ёхуд баҳолаш тўғрилиги (нотўғрилиги) тўғрисида хулоса беради.

Апелляция комиссияси хулосасига кўра Низом талаблари бузилган ёки баҳолаш нотўғри бўлган деб топилган тақдирда, мазкур комиссия қарори билан баҳолаш қайта ўтказилади.

24. Курсда қолдирилган талаба фан(лар)ни ўзлаштирмаган семестр бошидан тўлов-контракт асосида ўқишини давом эттиради ва мазкур семестр бўйича ўқув режада белгиланган аммо ўзлаштирилмаган барча фанларни қайта ўзлаштириши ҳамда баҳоланиши талаб этилади.

Баҳолаш натижаларини қайд қилиш ва таҳлил этиш тартиби

25. Профессор-ўқитувчилар Талабалар ўзлаштиришини ҳисобга олиш электрон тизими (Электрон тизим)га ҳамда кафедрада сақланадиган қайдномага талабанинг
ёзма назорат ишлари, ОБни  шу куннинг ўзида (баҳолаш ёзма иш шаклида ўтказилган бўлса, уч кун муддат ичида) қайд этиб боради.

26. Талаба ёзма назорат ишларидан ОБдан 3, 4 ёки 5 баҳо олган тақдирда, яъни ижобий баҳоланганда уни қайта топширишга йўл қўйилмайди.

Агар талаба ёзма назорат ишларини ОБ ёки ЯБ топширмаган бўлса, у ҳолда қайднома (Электрон тизим)нинг ушбу талабага мос келувчи қатордаги тегишли катакда “0”  (ноль) деб ёзилади.

27. Баҳолаш қайдномаси фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган (баҳолашларни ўтказган) профессор-ўқитувчилар, кафедра мудири ва факультет декани томонидан имзолангандан сўнг, деканатда сақланади ва талабанинг стипендияси миқдорини аниқлашга асос ҳисобланади.

Баҳолаш қайдномаси расмийлаштирилган кун талабаларнинг баҳолаш дафтарлари тўлдирилади.

28. Баҳолаш қайдномасидаги 2 (қониқарсиз) баҳо талабанинг баҳолаш дафтарига қайд этилмайди.

29. Олий таълим муассасасининг факультет декани Электрон тизим юритилиши ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда ўзгартирилмаслиги учун масъул ҳисобланади.

30. Олий таълим муассасаси деканати Электрон тизим орқали семестр охирида ўқитиш натижалари бўйича алоҳида фанларни,  семестрдаги барча фанларни ва  бир неча семестр давомида ўтилган фанларни талабаларнинг гуруҳ, курс ва факультет миқёсидаги  баҳоларини ҳисоблайди.

31. Ўқув йили якуни бўйича барча фанлардан ижобий баҳога ўзлаштирган талаба ректор буйруғи билан кейинги курсга ўтказилади.

Курс якуни бўйича энг юқори кўрсаткичига эга бўлган талаба “Факультет (курс)нинг энг яхши талабалари рўйхати”га киритилади ҳамда факультет декани тавсияси асосида олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан рағбатлантиришларга, хусусан талабани танловларга иштирок этиши учун номзодини кўрсатишга асос бўлади.

Кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар ҳақидаги маълумот олий таълим муассасаси (факультети) эълонлар тахтаси ва сайтларида ёритилади.

32. Таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича ўқув режасига киритилган (ҳар бир семестр якунидаги фанлар бўйича (тиббиёт олий таълим муассасаларида якунланган фан бўйича) ўзлаштириш кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда) фанларнинг 3/4 қисмини ҳамда якуний давлат аттестацияси синовларини ва битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) ҳимоясини 5(аъло) баҳоларга топширган (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 4 (яхши) баҳодан кам бўлмаган) талабага “имтиёзли” диплом берилади.

Диплом иловаси ёки академик маълумотномани деканат томонидан расмийлаштиришда фан бир неча семестр давом этган бўлса, фан бўйича баҳо ҳар бир семестрдаги баҳолар йиғиндисининг ўртача арифметик миқдори яхлитлаб олинади.

Талабага имтиёзли диплом белгилашда ҳамда стипендия миқдорини тайинлашда унинг ҳар бир семестр якунидаги фанлар бўйича деканатларда сақланаётган рейтинг қайдномаларидаги ўзлаштириш кўрсаткичи ҳисобга олинади.

33. Баҳолаш натижалари кафедра йиғилишлари, факультет ва олий таълим муассасаси Кенгашларида мунтазам равишда муҳокама этиб борилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади.

34. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизимини 5 баҳо ёки 100 баллик тизим ва илғор хорижий давлатлар олий таълим тизимида қўлланиладиган баҳолаш тизимига қиёсий таққослаш ҳамда уларга ўтказиш мазкур Низом иловасида келтирилган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.

Якуний қоидалар

35. Олий таълим муассасаси талабаларининг фанларни ўзлаштиришини баҳолаш
ва рейтинг назорати тизими бўйича олий таълим муассасаси фаолиятидан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

36. Олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан муассаса хусусиятидан келиб чиқиб, мазкур Низом тартибларига қўшимча тартиб-қоидалар киритиш мумкин.

37. Ушбу Низомда белгиланган масалалар бўйича келиб чиққан низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.

Умумий таклифлар

1800