Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18998 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 18/06/2020 03/07/2020 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Қонуни
"Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида"ги Қонун
ID-18998

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ

Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолининг шахсий томорқа ер участкаларидан фойдаланиш (бундан буён матнда шахсий томорқа хўжалиги деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур Қонун талаблари белгиланган тартибда хусусийлаштирилган якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларига татбиқ этилмайди.

2-модда. Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Шахсий томорқа хўжалиги

Шахсий томорқа хўжалиги аҳоли томонидан ўзларига тегишли бўлган ер участкаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини эркин савдо ҳамда оила эҳтиёжлари учун етиштириш билан боғлиқ меҳнат фаолиятидир.

Шахсий томорқа хўжалигини юритиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ҳамда шахсий томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Шахсий томорқа хўжалигида фаолият юритаётган шахс ўз фаолиятини ўзини-ўзи банд қилиш тариқасида расмийлаштириши мумкин.

Шахсий томорқа хўжалиги эгаси томонидан унга ажратилган ер участкасида етиштирилган ва қайта тайёрланган маҳсулотлар унинг хусусий мулки ҳисобланади.

4-модда. Шахсий томорқа ер участкаси

Шахсий томорқа хўжалиги фаолияти қуйидаги ерларда амалга оширилиши мумкин:

а) дала томорқаси:

мазкур Қонун қабул қилингунига қадар аҳоли пунктларининг ерларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотини эркин савдо ҳамда оила эҳтиёжлари учун етиштириш мақсадларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаси;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида 0,06 гектаргача ажратилган ер участкаси;

б) уй-жой томорқаси – якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаси.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисми шундай ҳуқуқ сақлаб қолинган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча фойдаланиш учун ижарага берилиши мумкин.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисмини вақтинча фойдаланиш учун ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

5-модда. Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шахсий томорқа хўжалигини эркин ва мустақил юритиш, шу жумладан ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил тасарруф этиш, уларнинг нархини мустақил белгилаш, шунингдек улардан олинган даромадни мустақил тасарруф этиш;

етиштирилган ёки қайта ишланган маҳсулотларни бозорларда, савдо шохобчаларида ўзлари ёки уларнинг вакиллари томонидан ҳеч қандай тўсқинликсиз эркин реализация қилиш;

мева-сабзавотчилик кластерлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек мева-сабзавотчилик кооперацияларига аъзо бўлиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар, ажратиладиган субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолик бадали тўламаган ҳолда аъзо бўлиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилишда «Шахсий томорқа хизмати» ташкилотлари хизматларидан фойдаланиш;

шахсий томорқа ер участкаларида енгил конструкцияли иссиқхона қуриш, бунда давлат органларининг, шу жумладан архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена, ёнғинга қарши кураш органларининг розилиги талаб этилмайди;

сув ресурсларидан фойдаланиш.

Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Шахсий томорқа хўжалиги юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларга нисбатан жорий этиладиган ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва имтиёзлар ер участкасига нисбатан бошқа қонуний асосларга кўра эгалик қилиб, шахсий томорқа хўжалиги юритаётган шахсларга нисбатан ҳам жорий этилади

6-модда. Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

шахсий томорқа ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш;

тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриш;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида бино-иншоотлар қурмаслик

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экология, санитарияга оид талаб ва қоидаларга риоя этиш.

Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шахсий томорқа хўжаликлари соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

шахсий томорқа хўжаликлари ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини қабул қилади;

шахсий томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш
ва мониторингини юритиш тартибини белгилайди;

шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш механизмини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

шахсий томорқа ер участкаларида юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, моддий-техник ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилиш соҳасида имтиёзлар, субсидиялар ва бошқа преференциялар бериш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсий томорқа хўжаликлари соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимият органлари:

шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишда иштирок этади;

шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги худудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва реализация қилади;

шахсий томорқа хўжаликларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларни сув ресурслари билан таъминлаш, зарур уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитларни етказиб бериш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилайди;

тегишли ҳудудда шахсий томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг прогноз кўрсаткичларини аниқлайди;

шахсий томорқа хўжалиги эгаларининг дала шахсий томорқаларига бўлган ҳуқуқларини ўрнатилган тартибда тугатиш тўғрисида судларга даъво аризалари билан мурожаат қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

9-модда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг шахсий томорқа хўжалиги соҳасидаги вазифалари

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши:

шахсий томорқа хўжалиги эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида, шу жумладан, агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳамда шартномалар тузишда, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашади;

шахсий томорқа хўжалиги эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда мақсадли ва самарали фаолият юритаётган шахсий томорқа хўжаликларини рағбатлантириш чораларини кўради;

ресурс тежовчи агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини жорий этишга кўмаклашади;

шахсий томорқа хўжалиги эгаларининг деҳқончилик маданиятини юксалтириш ҳамда улар томонидан экин майдонларидан мақсади ва самарали фойдаланиши юзасидан тарғибот ишларини олиб боради.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши шахсий томорқа хўжалиги эгаларининг ер участкаларидан фойдаланишда ўз ваколатлари доирасида:

ички ва ташқи бозорларда талаб юқори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ва улардан бепул фойдаланишга шароит яратади;

мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлайди.

10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг шахсий томорқа хўжалиги соҳасидаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шахсий томорқа хўжалиги соҳасида:

шахсий томорқа хўжалиги эгаларининг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

шахсий томорқа хўжалигини эркин ва мустақил юритиш, шу жумладан ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил тасарруф этиш, уларнинг нархини мустақил белгилаш, шунингдек улардан олинган даромадни мустақил тасарруф этиш масалаларида шахсий томорқа хўжалиги эгаларига кўмаклашади;

шахсий томорқа ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

шахсий томорқа ер участкаларидан асоссиз фойдаланмаган шахсий томорқа хўжалиги эгаларидан ер солиғини белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундириш бўйича тақдимнома киритади.

11-модда. Шахсий томорқа хўжалигида меҳнат фаолияти

Шахсий томорқа хўжалиги фаолияти шахсий томорқа хўжалиги эгаси ва унинг оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Тўрт сотихдан кам бўлмаган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган шахсий томорқа хўжалиги эгалари ёки шахсий томорқа хўжалигида асосий фаолиятни юритган оила аъзоларидан бири томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил унинг меҳнат стажига киритилади.

12-модда. Шахсий томорқа хўжалигининг мол-мулки

Шахсий томорқа хўжаликларининг мол-мулкига шахсий томорқа хўжалиги эгасига мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа асосларга кўра олинган ер участкаси, турар жой, ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа бинолар, шунингдек шахсий томорқа хўжалигида фойдаланиш учун зарур бўлган автомототранспорт воситалари, қишлоқ хўжалик техникалари, буюмлари, воситалари, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, асаларилар, қушлар, ипак қурти (пилла) ва бошқа мол-мулклар киради.

13-модда. Шахсий томорқа хўжаликларининг реестрини юритиш

Шахсий томорқа хўжаликларининг реестри Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан улар ҳақидаги маълумотларни электрон базага киритиш орқали юритилади.

Электрон базага:

шахсий томорқа хўжалиги эгасининг, шунингдек у билан бирга яшовчи ёки ушбу фаолиятни биргаликда амалга оширувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, шарифи, туғилган вақти;

шахсий томорқа ер участкасининг экинлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, мевали ва мевасиз дарахтлари экиладиган майдони;

қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг, қушлар, паррандалар, асалари
ва ипак қурти қутиларининг сони;

қишлоқ хўжалиги техникалари, жиҳозлари, транспорт воситаларининг сони тўғрисидаги маълумотлар киритилиши шарт.

Электрон базага киритиш учун шахсий томорқа хўжалиги эгасидан ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлардан бошқа маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

14-модда. Низоларни ҳал қилиш

Шахсий томорқа хўжалиги соҳасида келиб чиққан низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

15-модда. Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

16-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти
ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

17-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган
ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси

  Президенти

Умумий таклифлар: 1

762