Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18405 Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги 02/06/2020 17/06/2020 18

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-18405

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш
ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш, малакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга комплекс тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш, унинг маънавий-ахлоқий пойдевори ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар
ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;

турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб,  ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

3. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида низом
иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларининг “маҳалла ва оила” йўналишининг асосий фаолияти турларидан келиб чиқувчи тадбирларга ажратиладиган қисми ҳисобидан молиялаштириладиган, қўшимча биттадан штат бирлиги – ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассис лавозими жорий этилсин.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассислар марказларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

5. Марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари;

“Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумлари;

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари;

туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлар хайриялари;

халқаро ташкилотлар грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Марказларга яқиндан ёрдам бериш ва фаолиятини самарали ташкиллаштириш масалалари:

туман даражасида – туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари;

вилоят даражасида – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича бош мутахассис;

республика жаражасида – Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи зиммасига юклансин.

7. Марказ фаолиятини тизимли ташкил этиш мақсадида:

а) Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги:

бир ой муддатда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассислар лавозимларини зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин;

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда марказлар томонидан белгиланган вазифаларнинг сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин ва натижалари бўйича уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

ФҲДЁ органларининг никоҳни қайд этиш учун ариза берган ва ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган шахслар рўйхатини марказларга ўз вақтида тақдим этилишини ташкил этсин;

марказларда никоҳланувчи ёшларга оиладаги эр-хотин ҳуқуқ
ва мажбуриятларига оид машғулотлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатсин;

марказлар фаолиятини тарғиб этишда кўмаклашсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда:

марказларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнига юқори малакали мутахассисларни жалб қилсин;

марказлар фаолиятини илмий-методик қўлланмалар ва тарқатма материаллар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин;

г) Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи:

оила мавзусига бағишланган таъсирчан видеофильм, видеороликлар, инфографик лавҳалар медиатекасини ташкил этсин;

иштирокчиларни никоҳ ва оила муносабатларини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар билан таъминласин;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги икки ой муддатда марказларга машғулотлар учун алоҳида хоналар ажратиш, зарур мебель, маиший ва компьютер техникаси билан таъминлаш чоралари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, вазирликнинг ички имкониятлари, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланишини назарда тутсин.

8. Оила институтини илмий-амалий тадқиқотлар асосида тизимли ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Оила институтини ривожлантириш илмий-амалий маслаҳат кенгаши тузилсин.

9. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Оила институтини ривожлантириш илмий-амалий маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оила институтини ривожлантиришнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, концепциясини ишлаб чиқиш хамда амалиётга тадбиқ этиш;

оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фанлараро фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни йўналтириш;

оилаларни фаровонлиги даражасини ошириш ва ижтимоий
қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш;

оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш;

оилаларга ва оила билан ишлайдиган мутахассисларга методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш
ва ривожлантиришни ташкил этиш.

10. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бир ой муддатда Оила институтини ривожлантириш илмий-амалий маслаҳат кенгаши тўғрисидаги низомни ҳамда етакчи таълим, тадқиқот
ва илмий муассасаларнинг оила йўналишиги ходимлари, амалиётчи мутахассислардан иборат таркибини тасдиқласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Оила институтини ривожлантириш илмий-амалий маслаҳат кенгаши уч ой муддатда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хориж амалиётини ўрганиш асосида 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида оила институтини янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарор ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т.Маматов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раис А.З.Саъдуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                                               А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “___” майдаги___-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказларнинг фаолияти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига (кейинги ўринларда ФҲДЁ органлари деб аталади) никоҳни қайд этиш бўйича ариза берган шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлашга йўналтиради.

3. Марказлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

 

2-боб. Марказларнинг мақсади ва асосий вазифалари

 

4. Марказларнинг мақсади ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, юқори маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мустаҳкам, тотув ва бахтли оила яратишга кўмаклашиш, уларга анъанавий оилавий қадриятларни сингдириш, шунингдек оиланинг замонавий моделини шакллантириш ҳисобланади.

5. Марказларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида”
ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар
ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;

турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб,  ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

 

3-боб. Марказлар фаолиятини ташкил этиш

 

6. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси:

марказларнинг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди ҳамда уларнинг доимий янгиланишини таъминлайди;

марказда ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этилишини, ўқув машғулотларини ўтказиш учун малакали мутахассисларни жалб этилишини назорат қилади;

марказлар фаолиятига ўқув-методик кўмаклашувни “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда амалга оширади;

марказлар томонидан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли
ва тўлиқ бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатади ва натижалари бўйича фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади.

7. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари:

марказлар фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, ўқишнинг ўқув-услубий асосларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

марказларда машғулотлар ўтказилишининг доимий мониторингини амалга оширади ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ойлик, чорак, ярим йиллик, йиллик маълумот беради.

8. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассиси:

марказларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга масъул ҳисобланади;

марказларда ўқитишни амалга ошириш учун етакчи таълим, тадқиқот
ва илмий муассасалардан мутахассислар, шунингдек, амалиётчи мутахассисларни шартнома асосида жалб этади;

рўйхат асосида никоҳланувчи шахсларнинг машғулотларда иштирок этишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларига тегишли бўлган маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этиб боради.

 

 

4-боб. Марказларда машғулотларни ташкил қилиш

 

9. ФҲДЁ органлари никоҳни қайд этиш учун ариза берган шахсларга марказларда ихтиёрийлик асосида қуйидаги йўналишлар бўйича ўқишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот беради:

оилавий-ҳуқуқий муносабатлар;

оилавий турмуш психологияси;

репродуктив саломатлик асослари;

иқтисод ва оила бюджети;

ота-оналик ижобий кўникмалари;

маънавий-ахлоқий қадриятлар.

ФХДЁ органлари ҳар ойнинг якунида оила қуриш учун ариза берган шахсларнинг рўйхатини шакллантиради ва кейинги ойнинг учинчи санасигача марказларга тақдим этади.

Никоҳ тузган шахслар ҳам марказларда ихтиёрийлик асосида ўқишлари мумкин.

10. Ўқув жараёнининг давомийлиги тўрт кундан ортиқ бўлмаслиги, ўқув юкламаси ҳажми эса – 16 соатдан кам бўлмаслиги керак.

11. Марказларда машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла
ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси томонидан тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳамда ҳудудларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил қилинади.

12. Марказларда ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларидан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялардан  фойдаланилган ҳолда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, тақдимот, интерфаол семинар, амалий машғулот
(кейс-стади, “кичик” гуруҳларда ишлаш, “ақлий ҳужум” ва бошқалар).

13. Машғулотнинг давомийлиги 45 дақиқани ташкил этади.

14. Ўқув жараёни, қоида тариқасида, никоҳланувчилардан 15 жуфт иштирокида ташкил қилинади.

15. Марказлар томонидан ҳар чорак бошида ФҲДЁ органларига ўқувлар ўтказиладиган сана ва ўқув режалари етказиб берилади.

16. Марказлардаги машғулотларнинг доимий мониторинги Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.

17. Марказларда ўқув машғулотини тамомлаган тингловчиларга мазкур Низомга иловага мувофиқ шаклда сертификат берилади.

18. Марказлар битирувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилади.

 

5-боб. Марказлар фаолиятини молиялаштириш

ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби

 

19. Ўқув машғулотларини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган харажатлар:

а) Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан:

ўқув жараёнини амалга ошириш учун жалб этилган мутахассислар харажатларини молиялаштириш;

канцелярия молларини ва сертификатларни харид қилиш;

ўқув ва методик материалларни тайёрлаш ва чоп этиш учун;

б) Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан тарқатма ва тарғибот материаллар тайёрлаш ва жойларга етказиш учун қопланади.

Ушбу харажатлар ҳамда қўшимча харажатларнинг молиялаштирилишида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумлари, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлар хайриялари, халқаро ташкилотлар грантлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар жалб этилиши мумкин.

20. Марказлар томонидан ўтказилаётган машғулотларга малакали ўқитувчилар, тегишли амалиётчи мутахассислар шартнома асосида ўрнатилган тартибда хақ тўлаш асосида жалб этилади.

21. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассисларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

6-боб. Якуний қоида

 

22. Ушбу Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

 

 

 

 

 

 

 

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш

марказлари тўғрисида низомга

ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи логотиплари

 

 

Yoshlarni oilaviy hayotga tayyorlash markazida o`qiganligi haqida

SERTIFIKAT 
IM № 000000


_____________________________________________________________________ 
(
Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)


 

         

20___yil ___________________dan 20 ___________ gacha 


_____________________________________________________________________
(viloyat, tuman (shahar) nomi


Yoshlarni oilaviy hayotga tayyorlash markazida o`qidi.

 
 

Muhr o`rni

               

 

Mahalla va oilani qo`llab-quvvatlash bo`limi boshlig`i _____________ 
 

Sana ________________ Qayd raqami______

           

 

Умумий таклифлар: 4

1235