Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18357 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 01/06/2020 16/06/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”ни ташкил этиш тўғрисида
ID-18357

Лойиҳа

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

 

Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”ни ташкил этиш тўғрисида

 

 

Республика иқтисодиёти ва саноат тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим жараёнига илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида юқори талаб бўлган йўналишларда олий маълумотли малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (кейинги ўринларда ЎзДЖТУ деб аталади) ва Япониянинг “Digital Knowledge” (Дижитал Ноулиж) акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис) Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”ни (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Университетнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича юқори турувчи ташкилот Университетнинг “Васийлик кенгаши” бўлиб, Унверситетга қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет “Васийлик кенгаши” томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилсин.

2. Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

республика иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек жаҳон таълим ҳамжамиятига интеграция қилиш ҳисобига ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда ўқитишнинг замонавий услубларини такомиллаштириш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг, хусусан Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Университет Япониянинг “Digital knowledge” (Дижитал Ноулиж) акциядорлик жамияти муассислигидаги алоҳида мулк ва мустақил балансга эга бўлган юридик шахс мақомидаги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлмаган нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда асосий бакалавриат таълим йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш ишларини амалга оширади;

Университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Университет ва ЎзДЖТУ томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича япон ва инглиз тилларида кундузги ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;

талабаликка қабул қилиш ва Университет битирувчиларининг аттестацияси Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

“Икки томонлама диплом” (double degree) дастурлари асосида ўқишларини муваффақиятли тамомлаган Университет битирувчиларига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томонидан “Компьютер лингвистикаси” йўналишида давлат намунасидаги дипломи ҳамда Япония ва Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа университетларидан бирининг тегишли йўналишлари бўйича белгиланган намунадаги дипломлари берилади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Япония қонунчилигига риоя қилган ҳолда хорижий мамлакатларда иш ўринлари таклиф этади;

Муассис ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, Университет мутахассисларининг малакасини ошириш ва профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлаш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашиши ҳамда Университетнинг ўқув-услубий фаолиятини самарали ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин;

Университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Япониянинг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек Муассис билан ЎзДЖТУ ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади;

4. Қуйидагилар:

- Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”да 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрланадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

- Тошкент шаҳридаги “Япония рақамли университети” Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Васийлик кенгаши деб аталади) таркиби
2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Университет ЎзДЖТУнинг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани,
Г-9А мавзеси, Кичик Халқа Йўли кўчаси, 21- уй манзилидаги биноси
га ижара тўлови асосида жойлаштирилсин.

6. ЎзДЖТУ Университетда япон тили, инглиз тили, Ўзбекистон тарихи ва бошқа фанлар бўйича назарий ва амалий машғулотлар олиб бориш учун олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали ўқитувчилари ва мутахассисларини жалб этиш ҳамда кейинчалик уларнинг стажировка ўташи ва малакасини ошириш ишларини ташкиллаштирсин.

7. Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Университет фаолиятининг ташкил этилишини таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, ҳуқуқий, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;

Университетнинг ташкилий тузилмасини (структурасини) тасдиқлаш ва зарур ҳолларда тегишли ўзгартиришлар киритиш;

зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, Университетни жиҳозлаш, унинг инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир графикларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Университет даромадларининг Муассис билан ЎзДЖТУ ўртасида имзоланган шартнома шартларига асосан тақсимланиши ва белгиланган ҳисоб рақамларига тушишини назорат қилиш;

Университет фаолиятини ташкил этиш бўйича тасдиқланган графикларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат ва мониторинг олиб бориш;

таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Япония ва Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар, корхоналар компанияларда самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавр таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш сифатини тизимли равишда ошириш, Университет битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг кейинги ривожини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳанинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида Университетга қабул қилиш параметрларини ва ўқиш учун контракт суммасини белгилаш;

Университет фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун ҳомийлик, хайрия, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

Университетнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ахборот-коммунникация воситалари ва жиҳозлари, ўқув-лаборатория ускуналари ҳамда ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, Университет инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш;

таълим дастури асосида Япониядаги етакчи университетларда талабаларнинг ўқишини давом эттиришини, шунингдек махсус стипендиялар бериш орқали хориждаги бошқа етакчи таълим муассасаларига малакавий амалиёт ўташга юбориш учун иқтидорли талабаларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этиш.

8. Белгилансинки:

а) Муассис “Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Япониянинг Digital Knowledge компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома”га асосан Университет битирувчиларига Япониянинг Отемае ва Токио онлайн университетларидан бирининг белгиланган намунадаги дипломини бериш мажбуриятини олади;

б) Университет фаолиятини молиялаштириш:

Муассиснинг маблағлари;

талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;

халқаро молия институтлари, халқаро ташкилотлар ва фондлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

в) Университетни ташкил қилиш, унинг моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий тадбирларни, шу жумладан таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, техник воситалар, замонавий ўқув ҳамда лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан таъминлаш, шунингдек, Университетдаги маҳаллий педагог кадрларнинг стажировка ўташи ва малакасини ошириш ҳаражатлари Муассис маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) Университетга жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари ҳаражатларини тўлаш:

7 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафарлари бўйича - Япониянинг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида олий таълим муассасалари ходимлари учун белгиланган нормаларга мувофиқ;

узоқ муддатли хизмат сафарлари бўйича - ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

9. Университетга машғулотлар олиб бориш ва илмий ишлар учун жалб этиладиган хорижий педагог кадрларнинг яшаш ҳамда транспорт ҳаражатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича тўлашга рухсат этилсин.

10. Муассис Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда:

а) бир ой муддатда:

Университет Уставини тасдиқласин, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Университетнинг тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқласин;

б) уч ой муддатда Университетни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи олий таълим муассасаларида фойдаланиладиган зарур ўқув-методик мажмуалар билан таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг виза талабномаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ҳодимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида расмийлаштирилишини таъминласин.

11. 2023 йил август ойига қадар “JDU” саттелит кампусига ўзаро келишилган ҳолда ЎзДЖТУ билан қўшма молиялаштириш асосида янги бино қуриш учун ЎзДЖТУнинг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Заковат кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган ҳудудидан жой ажратилишига рухсат берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Япония рақамли университети буюртманомаларига биноан Университет фаолиятини ташкил қилишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар беришни (узайтиришни) таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини таъминлаш, белгиланган муддатларда аккредитациядан ўтказиш ҳамда қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

14. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири И.У. Маджидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти зиммасига юклатилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

   Бош вазири                                                                                         А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “____” майдаги
______-сон
 қарорига
1-илова

Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”да

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрланадиган бакалавриат таълим йўналишлари

РЎЙХАТИ

 

Т/р

Бакалавриат таълим йўналиши номи

1.

Муҳандис-дастурчи

2.

Бизнес бошқаруви

 

Изоҳ: Кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Васийлик кенгаши қарорига асосан мазкур рўйхатга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “____” майдаги
_______-сон
 қарорига
2-илова

 

Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети” Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

 

1.

Хироаки Хага

Япониянинг Дижитал Ноулиж таълим компанияси президенти, Васийлик кенгаши раиси

2.

У. Бегимкулов

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, аъзо

3.

Лавозими бўйича

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори, аъзо

4.

Чигуаси Кобояши

Япониянинг Дижитал Ноулиж таълим компанияси, аъзо

5.

Лавозими бўйича

Япониянинг Отемае университети президенти, аъзо (келишув асосида)

6.

Лавозими бўйича

Япониянинг Токио онлайн университети президенти, аъзо (келишув асосида)

 

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

Умумий таклифлар: 0

1174