Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18353 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 01/06/2020 16/06/2020 14

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ангрен шаҳрида Кукмин университетининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-18353

Лойиҳа

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

 

 

Ангрен шаҳрида Кукмин университетининг
фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 

Олий таълим соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни ҳамда таълим соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этишни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Кукмин Университети KBFBSI ва G-global star group инвесторлар гуруҳининг (Корея Республикаси) (иккаласи кейинги ўринларда – Таъсисчилар деб аталади) олий таълим соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш учун Ангрен шаҳрида Кукмин университетини (кейинги ўринларда – Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Университетда Таъсисчилар улуши Кукмин Университети KBFBSI – 55%, G-global star group – 45% эканлиги инобатга олинсин.

Университетнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича юқори турувчи ташкилот Корея Республикаси Кукмин Университети KBFBSI бўлиб, Унверситетга қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Кукмин Университети KBFBSI томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилсин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланиши инобатга олинсин:

Тошкент вилоятининг ижтимоий-иқтисодиёт ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартларга мувофиқ сифатли тайёрлаш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан, ишлаб чиқариш ва амалиёт олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика
ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

ўқув жараёнига хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассисларнинг жалб этилишини таъминлаш;

республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш.

3. Университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек Таъсисчилар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади.

4. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

а) Университет фаолиятини молиялаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини шакллантириш Таъсисчиларнинг ўз маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

б) Таъсисчилар қуйидагиларни таъминлаш мажбуриятини олади:

Университет фаолиятини ташкил этишни таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;

Корея Республикаси Кукмин Университети KBFBSIнинг ягона электрон базасига Университетда таҳсил олаётган талабалар ҳақида маълумотлар ҳамда талабаларга бериладиган дипломларнинг қайд рақамларини киритиш мажбуриятини олиш;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Кукмин Университети KBFBSIнинг белгиланган намунадаги дипломини бериш;

Университетнинг кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-педагогик адабиётлар билан тўлдириш;

Университетнинг ўқув-лаборатория базасини шакллантириш, шунингдек махсус фанлардан ўқитишнинг замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш;

Университетни жойлаштириш учун мўлжалланган бинолар комплекси ҳудудида ошхона, тиббиёт маркази, спорт зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва замонавий спорт майдончисини қуриш;

Корея Республикасидаги Кукмин университетида ўқиш жараёнида талабаларга виза олишда кўмаклашиш, тиббий суғурта расмийлаштириш ва яшаш жойи билан таъминлаш;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя қилган ҳолда  хорижий мамлакатларда икки томонлама шартнома асосида иш ўринлари таклиф этиш;

 

Узоқ ҳудудлардан келган ва ётоқхонага муҳтож талабаларни таъминлаш учун Университет ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш ва жиҳозлаш;

ўз маблағлари ҳисобидан ҳар йилги қабул параметрининг 5 фоизидан кам бўлмаган миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини грант асосида ўқитишни амалга ошириш;

Университетда таълим жараёнини ташкил этишда 40 фоиздан кам бўлмаган миқдорда мутахассислик фанларидан дарсларга малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда Шартнома шартларига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини амалга ошириш;

Университет ўз фаолиятини тугатган тақдирда, Университетда таҳсил олаётган талабаларга ўз йўналишларида ўқув машғулотларини Корея Республикаси Кукмин Университети KBFBSIда давом эттириб, тегишли тартибда шу университет дипломини олиш имконияти яратиб бериш.

в) Таъсисчилар ўз маблағлари ҳисобидан Университетни жойлаштириш учун ажратилган Ангрен шаҳри, 5/4 даҳа “Ёшлик” маҳалласида жойлашган бино ва иншоотларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш мажбуриятини олади.

5. Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, 5/4 даҳа “Ёшлик” маҳалласида жойлашган 1-сон умумий ўрта таълим муассасаси (собиқ Ангрен туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи) бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга узоқ муддатли мақсадли фойдаланиш ҳуқуқи билан Университетга берилишини таъминласин.

6. Университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек Таъсисчилар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Университет юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, алоҳида мол-мулкка, ўз мустақил балансига эга бўлади, ўз ихтиёридаги маблағлар ва мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради;

Университетда ўқитиш инглиз, корейс, рус ва ўзбек тилларида, Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Кукмин Университети KBFBSI томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда кадрлар тайёрлаш кундузги ва кечки таълим шакллари бўйича амалга оширилади;

Университетда бакалавриат ва магистраитура бўйича кадрлар тайёрлаш  амалга оширилади. Республика меҳнат бозорининг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолди таълим йўналишларига ўзгартириш киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Университетда таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган

тартибда лицензия берилганидан сўнг бошланади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Кукмин Университети KBFBSI томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Университетга Таъсисчилар томонидан тайинланадиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;

Университетда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт қиймати миқдорлари Таъсисчилар томонидан белгиланади.

8. Университетда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрланадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Таъсисчиларга Ангрен шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Университет уставини тасдиқлашда, таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини таъминлаш, белгиланган муддатларда аккредитациядан ўтказиш ҳамда қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ангрен шаҳар ҳокимлиги ҳамда Университетнинг буюртманомаларига кўра Университет фаолиятини ташкил этишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ангрен шаҳар ҳокими Ш.Н. Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

           Бош вазири                                                       А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “____” майдаги
______-сон
 қарорига
илова

 

Ангрен шаҳрида Кукмин университетида

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрланадиган бакалавриат таълим йўналишлари

РЎЙХАТИ

 

Т/р

Бакалавриат таълим йўналиши номи

1.

Инженерия

2.

Электрон инженерия ва информатика

3.

Ахборот хавфсизлиги

4.

Архитектура

5.

Дизайн

6.

Бизнес бошқаруви

 

Изоҳ: Кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Таъсисчилар қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда мазкур рўйхатга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Умумий таклифлар: 7

1418