Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18261 Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 28/05/2020 12/06/2020 60

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Қонуни
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-18261

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ

 

 

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

 

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил __ _______ да

қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил __ _________ да

маъқулланган

 

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги № ЎРҚ–431-сонли Конституциявий қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 5, 201-модда; № 9, 510-модда; 2020 йил, № __, __-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлансин.

 

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

4-модда. Ушбу Қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти

 

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида

(янги таҳрири)

 

I бўлим. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ташкил этилиши ва судьяларнинг мақоми

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ташкил этилиши ва фаолиятини тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

 

3-модда. Конституциявий суднинг мақоми

 

Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органидир.

 

4-модда. Конституциявий суднинг ваколатлари

 

Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича қонунларнинг конституциявийлигини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Шунингдек, Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаларини киритишга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиши учун розилик беришга;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашга оид ишларни ҳам кўриб чиқади.

Конституциявий суд қайд қилинган ваколатларни амалга ошираётганида бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатларига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.

 

5-модда. Конституциявий судни сайлаш

 

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

 

6-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати

 

Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати – беш йил.

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади.

 

7-модда. Конституциявий суд ҳужжатларининг мажбурийлиги

 

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

 

8-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

 

9-модда. Конституциявий суднинг фаолият тартиби

 

Конституциявий суднинг фаолият тартиби ушбу Қонун ва унинг Регламенти билан белгиланади.

 

2-боб. Конституциявий суд судьясининг мақоми

 

10-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар. Конституциявий суд судьясининг малака даражалари

 

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Биринчи малака даражаси Конституциявий суд раиси томонидан берилади.

 

11-модда. Конституциявий суд судьясининг қасамёди

 

Биринчи марта Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

«Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан».

Қасамёд Конституциявий суднинг судьяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мазкур судья сайланган мажлисида қилинади.

 

12-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият

 

Конституциявий суднинг судьяси сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьяси сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

13-модда. Конституциявий суд судьясини алмаштириб бўлмаслиги

 

Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари даврида алмаштирилмайди. Судьянинг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин эмас.

 

14-модда. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги

 

Конституцивий суд судьяси ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.

Конституциявий суд судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёҳуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби эълон қилинган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида Конституциявий суд судьяси сифатида ишлаган даврида бундай жиноятни содир этганликда айбланаётган Конституциявий суднинг собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

 

15-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатларини тўхтатиб туриш

 

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суднинг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин:

жиноий жавобгарликка тортилганида;

судья лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият билан шуғулланганида;

суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилганида.

Судья ваколатларининг тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашнинг тўхтатиб турилишига олиб келмайди ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум этмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш танланган ҳоллар мустасно.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари уларни тўхтатиб туриш асослари бекор бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

 

16-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

 

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

судьялик қасамёдини бузганида;

ёзма ариза берганида;

судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшига етганида;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам судьялик лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифаларини бажаришга қобилиятсиз бўлганида;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

у вафот этганида ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганида.

 

17-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати тугаганидан кейин уни ишга жойлаштириш бўйича кафолатлар

 

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати тугаганидан кейин унга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

 

3-боб. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари

 

18-модда. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ва уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш

 

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд судьялари орасидан унинг мажлисида сайланади. Айни бир шахс Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма ариза берган тақдирда, Конституциявий суд мажлисида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади.

 

19-модда. Конституциявий суд раисининг ваколатлари

 

Конституциявий суд раиси:

Конституциявий судга раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини ташкил этади;

Конституциявий суд томонидан кўриб чиқишга қабул қилинган масалаларнинг тайёрланишига раҳбарлик қилади;

Конституциявий суд мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;

Конституциявий суд судьялари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этилишини таъминлайди;

Конституциявий суднинг ҳужжатларини ва мажлислари баённомаларини имзолайди;

Конституциявий суд девонининг ишини ташкил этади, унинг ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

Конституциявий судни сақлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун бюджет маблағларини тақсимлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Конституциявий суд раиси ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

Конституциявий суднинг раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари амалга оширади.

 

II бўлим. Конституциявий суд ишларини юритишнинг умумий масалалари

 

4-боб. Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари ва уларнинг мазмуни

 

20-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принципларидир.

 

21-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги

 

Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устунлигига оид конституциявий принципнинг ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш асосида амалга оширилади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

 

22-модда. Конституциявий суд ва унинг судьяларининг мустақиллиги

 

Конституциявий суд ва унинг судьялари конституциявий суд ишларини юритишда мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунадилар.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар эканлар, ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назарини амалий мақсадга мувофиқлик, сиёсий мойиллик ва бошқа турли мулоҳазалар таъсирлардан холи бўлган ҳолда ифодалайдилар.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

23-модда. Коллегиаллик

 

Конституциявий суд ишларини юритиш ваколатли таркибда коллегиал тарзда амалга оширилади.

 

24-модда. Ошкоралик

 

Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ўтказилади.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ёпиқ суд мажлиси ўтказилиши мумкин.

Ёпиқ суд мажлиси ўтказилиши ҳақида Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

 

25-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги

 

Конституциявий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Тарафлар кўриб чиқилаётган иш юзасидан далиллар тақдим этиш, илтимосномалар баён этиш, фикрлар билдириш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш бўйича тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланади.

 

26-модда. Конституциявий суд ишлари юритиладиган тил

 

Конституциявий суд ишлари Ўзбекистон Республикаси давлат тилида юритилади.

Давлат тилини билмайдиган конституциявий суд ишлари иштирокчиси ўз она тилида сўзга чиқиши ва тушунтиришлар бериши ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин.

 

27-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлиги презумпцияси

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги Конституциявий суднинг суд муҳокамаси натижасида қабул қилинган қарори билан аниқланмагунча, конституциявий ҳисобланади.

 

5-боб. Конституциявий судга мурожаат қилиш. Мурожаатни дастлабки кўриб чиқиш ва ўрганиш.
Ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш

 

28-модда. Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талаблар

 

Коллегиал органларнинг Конституциявий судга мурожаатида уларнинг тегишли қарори тақдим этилиши керак. Мансабдор шахснинг Конституциявий судига мурожаати ёзма равишда амалга оширилади.

Қарор ёки мурожаат (бундан буён матнда – мурожаат) Конституциявий судга Конституциявий суднинг расмий сайтида жойлаштирилган махсус шаклни тўлдириш орқали электрон кўринишдаги электрон имзо билан имзоланган электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин.

Мурожаатда:

конституциявийлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ номи, қабул қилинган санаси, эълон қилинган манбаси ва у тўғридаги бошқа маълумотлар;

Конституциявий судда мурожаатни кўриб чиқиш асослари;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолда қўйилган масала юзасидан нуқтаи назар ва ҳуқуқий асослантириш;

мурожаат муаллифининг номи (муалифнинг манзили ва у тўғрисидаги бошқа маълумотлар); вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, вакиллик лавозим бўйича амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши лозим.

 

29-модда. Мурожаатга илова қилинадиган материаллар

 

Конституциявий судга юборилаётган мурожаатга:

текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шарҳланиши лозим бўлган Конституция ва қонун нормасининг матни;

вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, вакиллик лавозим бўйича амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек шахснинг Конституциявий судда вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

бошқа тилда баён этилган ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг давлат тилига таржимаси илова қилинади.

Мурожаатга суд мажлисига чақирилиши таклиф қилинаётган гувоҳлар, экспертлар ва мутахасиссларнинг рўйхати, шунингдек бошқа ҳужжатлар ва материаллар илова қилиниши мумкин.

 

30-модда. Мурожаатни Конституциявий суд девони томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш

 

Конституциявий судга келиб тушган мурожаат рўйхатдан ўтказилади.

Агар мурожаат:

Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

шакли бўйича мазкур Қонуннинг талабларига жавоб бермаса;

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган субъект томонидан берилган бўлса;

агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат божи тўланмаган бўлса, Конституциявий суд девони мурожаат муаллифини унинг мурожаати ушбу Қонун талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида хабардор қилади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи ва бешинчи хатбошларида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин мурожаат қилувчи Конституциявий судга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Агар мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса, Конституциявий суд девони мурожаатни беш кунлик муддатдан кечиктирмай унда қўйилган масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ёки ташкилотларга юборади ва бу ҳақда мурожаат муаллифини хабардор қилади.

 

31-модда. Мурожаатни судьялар томонидан дастлабки тарзда ўрганиш

 

Конституциявий суднинг раиси Конституциявий суднинг бир ёки бир нечта судьясига келиб тушган мурожаатни мазкур Қонун билан қўйилган талабларга жавоб бериши нуқтаи назаридан дастлабки тарзда ўрганишни ва ишни кўриб чиқишга тайёрлашни топширади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш конституциявий суд ишларини юритишнинг зарурий босқичи ҳисобланади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари тўғрисидаги судья (судьялар)нинг хулосаси Конституциявий суд раисига тақдим қилинади. Иш материалларининг кўриб чиқишга тайёрлиги тўғрисидаги судья (судьялар)нинг фикрини эшитиб Конституциявий суд раиси мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни ҳал этиш учун Конституциявий суд мажлисини чақиради.

 

32-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш

 

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Ажримда ишни кўриб чиқишни бошлаш, иш бўйича маърузачи судьяни тайинлаш, ишни кўриб чиқишнинг тартиб-таомиллари, шунингдек ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳал этилади.

Қабул қилинган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари уч кунлик муддатда хабардор қилинади.

 

33-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш

 

Агар:

киритилган масалани ҳал этиш Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

мурожаат предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қарор қабул қилинган ва у ўз кучида бўлса, Конституциявий суд мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этади, Конституциявий суд қарорини қайтадан кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

 

34-модда. Киритилган мурожаатни қайтариб олиш

 

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритилган мурожаат ишни суд мажлисида кўриб чиқиш бошлангунга қадар қайтариб олиниши мумкин.

Киритилган мурожаат қайтариб олинган ҳолда иш бўйича иш юритиш тугатилади.

 

35-модда. Ишларни бирлаштириш ва ажратиш

 

Конституциявий судга киритилган мурожаатлар, қоида тариқасида, мустақил иш юритув асосида кўриб чиқилади.

Мурожаатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш мақсадида Конституциявий суд уларни кўриб чиқишни бирлаштиришга ва (ёки) ажратишга ҳақли.

 

36-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг ташкилий шакли

 

Конституциявий суд ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ишларни суд мажлисларида кўриб чиқади ва ҳал этади.

Суд мажлислари раис томонидан, у йўқлигида – Конституциявий суд раисининг ўринбосари томонидан, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари йўқлигида ёки улар ўз вазифаларини бажариш имкониятига эга бўлмаганида – Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси томонидан чақирилади.

 

37-модда. Суд мажлисида Конституциявий суднинг ваколатли таркиби

 

Конституциявий суд суд мажлисида камида беш нафар судья иштирок этган тақдирда ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга.

 

38-модда. Конституциявий суд таркибининг ўзгармаслиги

 

Иш Конституциявий суд томонидан, қоида тариқасида, судьяларнинг айнан битта таркиби томонидан кўриб чиқилади.

 

39-модда. Судьяни рад қилиш ва уни ҳал этиш тартиби

 

Агар:

конституциявийлиги текширилиши лозим бўлган ҳужжатни тайёрлашда хизмат ҳолати юзасидан илгари иштирок этган бўлса;

ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса;

ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, судья ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган ҳолларда, судья ишни кўриб чиқиш бошлангунга қадар ўзини ўзи рад қилиши ҳақида маълум қилиши шарт.

Ишда иштирок этаётган тарафлар ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган асосларга кўра судьяни рад қилиш ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясини рад қилиш мажлисда иштирок этаётган судьяларнинг кўпчилик овози билан масалаҳат хонасида қабул қилинган Конституциявий суднинг асослантирилган ажрими билан амалга оширилади.

 

6-боб. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

40-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари

 

Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари деб тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари эътироф этилади.

 

41-модда. Тарафлар, уларнинг вакиллари

 

Конституциявий суд ишларини юритишда тарафлар бўлиб: Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган давлат органи, мансабдор шахс, фуқаро ва юридик шахс; конституциявийлиги текшириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган (чиқарган) давлат органи ёки мансабдор шахс; Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятларига оид масалаларни ҳал қилишга ваколатли давлат органи; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари; Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги юзасидан хулоса бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳисобланади.

Тараф Конституциявий судда ўзининг манфаатларини ифода этувчи бир ёки бир нечта вакилга эга бўлишга ҳақли. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала депутатлар ёки сенаторлар гуруҳи томонидан киритилганда уларнинг вакиллари тайинланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ва юридик шахсларнинг раҳбарлари Конституциявий судда лавозими бўйича тарафларнинг вакили бўлиши мумкин. Лавозими бўйича тарафларнинг вакиллари тарафларнинг манфаатларини ишончномасиз ифода этади. Тарафнинг вакили сифатида тараф томонидан ваколатлари кўрсатиб берилган ишончнома асосида адвокатлар ҳам бўлиши мумкин.

 

42-модда. Тарафлар, улар вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Тарафлар ва уларнинг вакиллари барча иш материаллари билан танишиш; иш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этиш; илтимосномалар киритиш, шу жумладан судьяни рад қилиш, экспертиза тайинлаш, судга гувоҳлар, эксперт ва мутахассисларни чақириш; эксперт ва мутахассисларнинг номзодларини таклиф этиш; конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Тарафлар ва уларнинг вакиллари Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлишлари; суд мажлисида конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига жавоблар ва тушунтиришлар беришлари; суд мажлисида раислик қилувчининг суд мажлисида тартибни сақлаш тўғрисидаги кўрсатмаларига бўйсунишлари шарт.

 

43-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари

 

Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман); Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Олий судининг раиси, Бош прокурори, Адлия вазири, Ҳисоб палатасининг раиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили иштирок этиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мансабдор шахслар барча иш материаллари билан танишиш; иш юзасидан ўз фикрини баён этиш; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этиш; конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Конституциявий суд мажлисида Конституциявий суд раисининг ёки раислик қилувчининг таклифига биноан Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг аъзолари, олимлар, сиёсат ва жамоат арбоблари, депутатлар, судьялар, халқаро ташкилотларнинг, давлат органларининг, жамоат бирлашмаларининг, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларининг вакиллари иштирок этиши мумкин. Улар иш юзасидан ўз фикрларини суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан баён этишлари мумкин.

 

44-модда. Гувоҳ, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Ишни ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисида маълумот ва материалларга эга бўлган шахс гувоҳ ҳисобланади.

Гувоҳ ўз кўрсатмаларини беришда унинг илтимосига биноан ишга қўшиб қўйиш мумкин бўлган ёзма қайдлар, ҳужжатлар ва бошқа материаллардан фойдаланишга; Конституциявий судга келиши билан боғлиқ бўлган сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ олишга ҳақли.

Гувоҳ Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; кўрилаётган иш бўйича ўзига шахсан маълум бўлган маълумотлар тўғрисида ҳаққоний ва тўлиқ кўрсатмалар бериши; суднинг талабига мувофиқ ўзида мавжуд бўлган тегишли материалларни тақдим этиши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши шарт.

Суд мажлисида кўрсатма беришдан олдин гувоҳ ёлғон гувоҳлик бериш учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади ва қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

«Кўриб чиқилаётган ишга тааллуқли, менга шахсан маълум бўлган маълумотлар ва материаллар тўғрисида Конституциявий судга ҳаққоний ва тўлиқ кўрсатмалар бериш ҳамда саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан».

Мажбурият гувоҳ томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.

 

45-модда. Эксперт, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан махсус билимларга эга ва эксперт хулосасини бериш учун жалб этиладиган шахс эксперт ҳисобланади.

Эксперт экспертиза предметига тааллуқли бўлган иш материаллари билан танишишга ва улардан зарур маълумотларни кўчириб олишга; эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган қўшимча материалларни унга тақдим этиш тўғрисида илтимоснома киритишга; суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган саволларни беришга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ олишга ҳақли.

Эксперт Конституциявий суд томонидан қўйилган саволлар бўйича холис ва асослантирилган хулоса бериши; Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ўзи тайёрлаган хулосанинг мазмунини тушунтириши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериши шарт.

Эксперт суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин била туриб ёлғон хулоса бериши учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади ва қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

«Ўз билимим ва малакамга мувофиқ тақдим этилган материалларни ўрганиш асосида Конституциявий судга холис, илмий асосланган хулоса бериш, саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан».

Мажбурият эксперт томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.

 

46-модда. Мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан махсус билимга эга бўлган ва масаланинг ҳақиқий ҳолатини аниқлашда маслаҳат (тушунтириш) бериш ҳамда суд томонидан илмий ва техник воситаларни қўллашда ёрдам бериш учун жалб этилган шахс мутахассис ҳисобланади.

Мутахассис Конституциявий судга нима мақсадда чақирилганлигини билишга; ўзи кўриб чиқаётган масалаларга тааллуқли иш материаллари билан танишишга; суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан ўз фикрини баён этиши учун зарур бўлган саволларни конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига беришга, бошқа зарур маълумотларни олишга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ олишга ҳақли.

Мутахассис Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари саволларига ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериши шарт.

Мутахассис суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

«Ўз билимим ва малакамга мувофиқ тақдим этилган материалларни ўрганиш асосида саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан».

Мажбурият мутахассис томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.

 

47-модда. Таржимон, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ва конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиси конституциявий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган ҳолларда, шунингдек, ёзма ҳужжатларни таржима қилиш учун суд мажлисида иштирок этадиган шахс таржимон ҳисобланади.

Таржимон суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан таржима қилинаётган сўзлар ва жумлаларнинг маъносини аниқлаштириш мақсадида конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ олишга ҳақли.

Таржимон Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши, унга топширилган таржимани аниқ ва тўлиқ бажариши шарт.

Таржимани бажаришни бошлашдан аввал таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади ва қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

«Менга топширилган таржимани аниқ ва тўлиқ бажариш мажбуриятини оламан».

Мажбурият таржимон томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.

 

7-боб. Ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш

 

48-модда. Конституциявий суд раисининг ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бўйича ваколатлари

 

Ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлашга умумий раҳбарлик Конституциявий суднинг раиси томонидан амалга оширилади.

Конституциявий суднинг раиси суд мажлисига таклиф этилиши лозим бўлган шахслар доирасини белгилайди, суд мажлисини ташкил этиш, шунингдек зарур материалларни конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига юбориш ва судьяларга тарқатиш тўғрисида топшириқлар беради.

 

49-модда. Маърузачи судьянинг ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бўйича ваколатлари

 

Маърузачи судья ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлашда:

Конституциявий суднинг сўровларини давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларга юбориш, шунингдек ишни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа тайёргарлик ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

зарур бўлган ҳолларда иш материалларини шахсан жойига чиқиб ўрганади, шунингдек мутахассислар билан маслаҳатлашади;

иш юзасидан маълумотнома ва бошқа материалларни тайёрлайди;

ишга тааллуқли бўлган бошқа масалаларни ҳал этади.

 

50-модда. Конституциявий суднинг ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бўлган сўровлари

 

Конституциявий суд давлат органлари ва бошқа ташкилотларга, мансабдор шахсларга ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бўлган сўровларни юбориши мумкин.

Конституциявий суд сўровида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

сўров юборилаётган давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс;

сўров юбориш учун асос;

сўровнинг моҳияти;

давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахсга тегишли ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатлардан ўзини тийиш заруратининг қисқача асосланиши;

сўровнинг ижро муддати.

Конституциявий суднинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини тақдим этиш, кўриб чиқилаётган масалалар бўйича тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериш тўғрисидаги талаблари барча тегишли органлар учун мажбурийдир.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан Конституциявий суднинг сўровларини кўриб чиқишни рад этганлик, улардан бўйин товлаганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини бузганлик, ижро қилмаслик ёки лозим даражада ижро қилмаслик, шунингдек, Конституциявий судни қасддан чалғитиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

51-модда. Экспертиза тайинлаш, мутахассисни жалб этиш. Эксперт хулосаси, мутахассис фикри

 

Конституциявий суд томонидан экспертиза тайинланиши мумкин. Экспертизани ўтказиш илмий муассасаларга ёки тегишли мутахассислик бўйича зарур билимга ва етарлича иш тажрибасига эга бўлган аниқ мутахассисларга топширилади. Эксперт томонидан хулоса берилиши лозим бўлган масалалар маърузачи судья ёки суд томонидан белгиланади.

Конституциявий суд тегишли билимларга эга бўлган шахсни мутахассис сифатида жалб қилиши мумкин.

Суд мажлисида экспертларни, мутахассисларни эшитиш навбати суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида раислик қилувчи экспертга, мутахассисга кўриб чиқилаётган иш юзасидан эксперт хулосаси ёки мутахассис фикрини ўқиб эшиттиришни таклиф қилади.

Хулоса ёки фикр баён этилгандан сўнг тегишлича эксперт ёки мутахассис судьялар ва тарафларнинг қўшимча саволларига жавоб беришлари шарт.

 

52-модда. Ишни кўриб чиқишга тайинлаш

 

Ишни суд мажлисида кўриб чиқишга тайинлаш тўғрисидаги қарор Конституциявий суд томонидан ишни кўриб чиқиш учун қабул қилингандан сўнг бир ойдан кечиктирмай қабул қилинади.

 

53-модда. Суд мажлиси ҳақида хабардор қилиш.  Материалларни юбориш

 

Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлиси тўғрисида хабар судга ўз вақтида келиш ва ишни кўришга тайёргарлик кўриш учун етарли вақтни ҳисобга олган ҳолда юборилади.

Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома, Конституциявий судга келиб тушган мурожаат ва фикр-мулоҳазаларнинг нусхаси суд мажлиси бошлангунга қадар камида ўн кундан кечиктирмай Конституциявий суднинг судьяларига ва тарафларга юборилади. Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома ва кўриб чиқилаётган иш юзасидан маълумотнома конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига мажлис бошлангунга қадар камида бир хафтадан кечиктирмай юборилади.

 

8-боб. Суд муҳокамаси

 

54-модда. Конституциявий суд мажлисини ўтказиш жойи

 

Конституциявий суд мажлиси унинг доимий жойлашган жойида ўтказилади.

Конституциявий суд зарур деб топган ҳолларда, суд мажлиси бошқа жойда ўтказиши мумкин.

 

55-модда. Суд мажлисини ўтказиш тартиби

 

Суд мажлиси мазкур Қонунга мувофиқ ўтказилади.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга ўринларидан турган ҳолда мурожаат қилади, тушунтиришлар, кўрсатмалар беради, илтимосномалар киритади ва саволлар беради. Мазкур қоидадан четга чиқишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.

Иш очиқ суд мажлисида кўрилганда суд мажлиси иштирокчилари ва ҳозир бўлганлар мажлис залида эгаллаган жойларидан суд мажлиси боришини қайд этиш, овоз ёзиб олишга ҳақли. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади. Бундай ҳаракатлар суд мажлисини олиб боришга халақит бермаслиги лозим ва суд мажлисида раислик қилувчи томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.

 

56-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи ва унинг ваколатлари

 

Суд мажлисида Конституциявий суднинг раиси, у йўқлигида ёки унинг топшириғи бўйича – Конституциявий суд раисининг ўринбосари, раис ва унинг ўринбосари бўлмаган тақдирда ёки улар ўз вазифаларини бажаришларига имконият бўлмай қолганда – Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси раислик қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи суд мажлисини бошқаради.
У муҳокамани ҳар томонлама тўлиқ ва холис таъминлаш учун:

тарафларга ва уларнинг вакилларига ишнинг барча ҳолатлари бўйича тушунтиришлар бериш, ўз далилларини асослаш ва бир-бирларига ўзларининг нуқтаи назарларини аниқлаш ва ойдинлаштириш мақсадида саволлар бериш учун тенг имкониятлар яратиш;

суд томонидан экспертларнинг оғзаки ва ёзма хулосаларини текшириш ҳамда баҳолаш;

мутахассисларнинг фикрларини, иш бўйича судга чақирилган гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиш;

тарафларга ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига кўриб чиқилаётган ишнинг ҳолатлари бўйича гувоҳларга, экспертларга ва мутахассисларга саволлар бериш имкониятини яратиш;

тарафлар ва суд мажлисининг бошқа иштирокчилари тақдим этган, шунингдек, суд талаб қилиб олган ҳужжатларнинг Конституциявий суд томонидан таҳлил этиш;

суд муҳокамасининг бориши ва натижаларини қайд этиш чораларини кўради.

Суд мажлисида раислик қилувчи кўриб чиқилаётган ишга тааллуқли бўлмаган барча масалаларни муҳокама қилинишини бартараф этади.
У тарафнинг, унинг вакилининг ёки конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг сўзини, агар сўзга чиқувчи кўрилаётган масала предметидан четга чиқиб кетса, шаклан ёки мазмунан қўпол мулоҳазалар билдирса ёки судда ишларни юритишнинг белгиланган қоидаларини бузса, тўхтатиб қўйиши мумкин.

Суд мажлисида раислик қилувчи Конституциявий суд судьяларининг маслаҳатхонадаги маслаҳатлашувига раҳбарлик қилади, уларга ўз фикрини эркин ва монеликсиз билдириш имкониятини яратади.

 

57-модда. Суд мажлисида иштирок этаётган судьянинг ваколатлари

 

Конституциявий суд судьяси суд мажлисида иштирок этаётганда:

тарафларга, уларнинг вакилларига, конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга;

конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларидан суд мажлисида муҳокама этилаётган масалалар моҳиятига доир тушунтиришлар олишга;

таклифлар билдириш, илтимосномалар киритишга;

тартиб-таомил масалалари бўйича ўз фикрини билдиришга ҳақли.

Судья, унинг ваколатлари қонун билан ўрнатилган тартибда тўхтатиб қўйилмаган ёки тугатилмаган бўлса, суд мажлисида иштирок этишдан четлаштирилиши мумкин эмас, мазкур Қонунга мувофиқ судьянинг ўзини ўзи рад қилиш ҳақидаги аризаси ёки уни рад қилиш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилган ҳоллар бундан мустасно.

 

58-модда. Суд мажлиси котибининг ваколатлари

 

Суд мажлиси котиби Конституциявий суд девони ходимлари орасидан Конституциявий суд раиси томонидан белгиланган тартибда тайинланади.

Суд мажлисида раислик қилувчининг топшириғига биноан суд мажлиси котиби:

суд мажлиси иштирокчиларининг келган-келмаганлигини текширади, келмаганлик сабабларини аниқлайди ва бу ҳақда судга маълум қилади;

суд мажлисида раислик қилувчининг топшириқларини бажаради;

суд мажлисининг баённомасини юритади ва уни ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлайди;

суд мажлисини ўтказиш ва унда ишнинг кўрилиши учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

 

59-модда. Ишни кўриб чиқишнинг бевоситалиги ва суд мажлисининг узлуксизлиги

 

Конституциявий суд ишни кўриб чиқишда тарафларнинг, улар вакилларининг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг фикрларини, конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг чиқишларини бевосита эшитади, зарур ҳужжатларни ўқиб эшиттиради.

Судьяларда ва тарафларда мавжуд бўлган ҳужжатлар, агар уларнинг мазмуни муҳокама жараёнида оғзаки баён қилинса, ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин. Бироқ, агар судьялар ёки суд мажлиси иштирокчиларидан бирортаси уларнинг тўлиқ ёки қисман ўқиб эшиттирилишини талаб қилса, унда суд мажлисида раислик қилувчининг қарори билан ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Конституциявий суднинг мажлиси ҳар бир иш бўйича, қоида тариқасида, узлуксиз ўтади, мажлис иштирокчиларига дам олиш учун ёки якунловчи нутқларини тайёрлаш учун ажратилган вақт бундан мустасно. Тарафлардан бирининг илтимосига кўра бошқа тараф тақдим этган материалларни қўшимча ўрганиш учун, шунингдек мажлиснинг нормал давом этишига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар пайдо бўлган ҳолларда суд мажлисида танаффус қилиниши мумкин.

 

60-модда. Суд мажлиси залидаги тартиб 

 

Суд мажлисининг барча иштирокчилари ва мажлис залида ҳозир бўлган бошқа шахслар Конституциявий судга ҳамда суд интизоми ва одобининг белгиланган қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, раислик қилувчининг мажлис тартибига риоя этиш ҳақидаги кўрсатмаларига итоат этишлари шарт.

Конституциявий суд судьялари суд мажлиси залига кирганда ва ундан чиққанда суд мажлисининг барча иштирокчилари ўрниларидан туради.

Суд мажлиси иштирокчилари бир-бирларига ва суд мажлиси залида қатнашаётган бошқа шахсларга ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим.

Суд мажлисида ҳозир бўлганлар Конституциявий суд қарорини ўрниларидан туриб эшитади.

Суд мажлиси иштирокчилари судга: «Ҳурматли Конституциявий суд» деб мурожаат қиладилар.

 

61-модда. Суд мажлисида тартибни бузганлик учун жавобгарлик

 

Суд мажлисида раислик қилувчининг талабига бўйсинмасликда ёки суд мажлисида тартибни бузишда ифодаланган судга нисбатан ҳурматсизлик қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Суд мажлисида тартибни бузган шахсни суд мажлисида раислик қилувчи огоҳлантиради. Суд мажлисида тартиб такроран бузилган ҳолда, тартибни бузган шахс суд мажлисида раислик қилувчи томонидан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.

Суд мажлисида тартиб бузилганда Конституциявий суд иш кўришни кейинга қолдириши мумкин.

 

62-модда. Суд мажлисини кейинга қолдириш

 

Конституциявий суд:

агар кўриб чиқилаётган иш етарлича тайёрланмаган деб ҳисобласа;

суд мажлисига келиши шарт деб топилган тараф, унинг вакили, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимоннинг келмаганлиги, агар уларнинг йўқлиги ишнинг мазмунан ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса;

талаб қилинган материаллар тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, агар улар ишни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлса;

агар иш матералларини қўшимча ўрганиш зарурлиги муносабати билан Конституциявий суднинг судьяси ёки тараф, унинг вакили ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида илтимос қилса;

суд мажлисида Конституциявий суднинг ваколатли таркиби бўлмаса;

ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқилишига тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, жумладан суд мажлисини олиб бориш тартиби бузилган ҳолларда, суд мажлисини кейинга қолдиради.

Конституциявий суд ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида суд мажлисида иштирок этаётган Конституциявий суд судьяларининг оддий кўпчилик овози билан ажрим қабул қилади. Бунда Конституциявий суд навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди.

Кейинга қолдирилган ишни кўриб чиқишда суд мажлиси бошидан бошланиши ёки тўхтатилган жойдан давом эттирилиши мумкин.

Конституциявий суд томонидан илгари эшитилган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар фақат Конституциявий суд зарур деб топган ҳолларда қайтадан чақирилади.

 

63-модда. Иш юритишни тугатиш

 

Иш юритиш қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин, агар:

мажлис давомида ишни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш асослари аниқланган бўлса;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки муайян норма суд ишни кўриб чиқишни бошлагандан сўнг ўз кучини йўқотган ёки бекор қилинган бўлса;

ишни кўриб чиқиш учун асос бўлган конституциявий норма ўзгарган бўлса.

Иш юритишни тугатиш ҳақида Конституциявий суд ажрим чиқаради.

 

9-боб. Суд мажлисида ишни кўриб чиқиш тартиби

 

64-модда. Суд мажлисининг очилиши

 

Суд мажлисида раислик қилувчи, мазкур Қонуннинг 62-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган суд мажлисини кейинга қолдиришга асослар йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, суд мажлисини очади ва Конституциявий суд таркибини, қандай иш кўриб чиқилаётганини эълон қилади, ким суд мажлиси котиби эканлиги, ишни кўриб чиқишда тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва конституциявий суд ишларининг юритишнинг бошқа иштирокчилари сифатида кимлар иштирок этаётганини маълум қилади.

 

65-модда. Суд мажлиси иштирокчиларининг келган-келмаганлигини текшириш, уларнинг шахсини ва ваколатларини аниқлаш

 

Суд мажлиси котиби суд мажлиси иштирокчиларининг келган-келмаганлиги ҳақида маълум қилади.

Суд мажлиси котиби суд мажлиси иштирокчиларидан кимлар келмаганлиги, улар ўз вақтида хабардор этилганлиги ёки хабардор этилмаганлиги ва улар келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини маълум қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи зарур ҳолларда келган суд мажлиси иштирокчиларининг шахсини, ишончнома ёки тегишли тарафнинг манфаатларини ифода этиш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида иштирок этувчи тарафлар вакиллари ваколатининг мавжудлигини аниқлайди.

 

66-модда. Суд мажлиси иштирокчиларининг келмаганлиги масалаларини хал этиш

 

Суд мажлисига тарафлар (тараф) ёки уларнинг вакиллари келмаган тақдирда, Конституциявий суд иш бўйича муҳокамани бошлаш ёки мажлисни кейинга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Агар суд жараёнида тараф бўлиб ҳисобланган мансабдор шахснинг ўзи суд мажлисига келмаса ёки тарафнинг вакили лозим даражада расмийлаштирилган ваколатга эга бўлмаса, раислик қилувчи ишни тараф йўқлигида ёки унинг вакилисиз кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани судьялар муҳокамасига қўяди.

Суд мажлисига гувоҳлар, экспертлар ёки мутахассислардан бирортаси келмаган тақдирда Конституциявий суд ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида тарафларнинг фикрини эшитади. Шундан сўнг суд иш бўйича муҳокамани давом эттириш ёки суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради.

 

67-модда. Суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш

 

Суд мажлисида раислик қилувчи таржимонга судьянинг маърузасини, ишда иштирок этаётган шахсларнинг тушунтиришлари ва нутқларини, суд мажлисида раислик қилувчининг фармойишларини, ўқиб эшиттириладиган ҳужжатларни, судда бериладиган саволларни ва уларга олинган жавобларни, шунингдек Конституциявий суднинг қарорларини тўлиқ ва аниқ таржима қилишдан иборат бўлган мажбуриятини тушунтиради.

Суд мажлисида раислик килувчи суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради. Бундан ташқари экспертларни била туриб ёлғон хулосалар бериш учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради.

 

68-модда. Суд мажлиси залидан гувоҳларни чиқариш ва гувоҳларнинг суд мажлисида иштироки тўғрисидаги масаланинг ҳал этилиши 

 

Суд мажлисига келган гувоҳлар уларнинг шахси аниқланганидан кейин суд мажлиси залидан чиқариб юборилади.

Конституциявий суд гувоҳларга уларнинг кўрсатмаларини эшитгунга қадар суд мажлиси залида қатнашишларига рухсат беришга ҳақли.

 

69-модда. Суд мажлиси иштирокчилари томонидан илтимосномалар киритилиши ва уларни ҳал этиш тартиби

 

Суд мажлисида раислик қилувчи суд мажлисининг иштирокчилари, уларнинг вакилларидан иш юзасидан илтимосномалари бор ёки йўқлигини сўрайди.

Илтимосномалар ёзма равишда билдирилган тақдирда, суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва кўриб чиқилаётган иш материалларига қўшиб қўйилади, оғзаки илтимосномалар суд мажлиси баённомасига киритилади.

Конституциявий суд тақдим этилган илтимосномалар бўйича суд мажлиси иштириокчилари фикрларини эшитади ва ажрим қабул қилади.

 

70-модда. Конституциявий суд томонидан қўшимча ҳужжатларни, бошқа материалларни сўраб олиш. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларни чақириш

 

Конституциявий суд ўз ташаббуси билан ёки суд мажлиси иштирокчилари илтимосномаларига кўра ишни кўриш учун зарур бўлган ҳужжатларни, бошқа материалларни қўшимча сўраб олиши, шунингдек иш материалларини қўшимча ўрганиш ва (ёки) экспертиза ўтказиш тўғрисида топшириқ беришга ҳақли.

Конституциявий суд зарур бўлган ҳолларда суд мажлисига гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларни чақириш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

71-модда. Маърузачи судьянинг сўзга чиқиши ва иш материалларини текшириш тартибини аниқлаш

 

Ишни кўриб чиқиш маърузачи судьянинг сўзга чиқишидан бошланади, у кўриб чиқилаётган масаланинг моҳиятини, уни кўриб чиқиш асосларини, мавжуд материалларнинг қисқача мазмунини баён қилади ва масалани кўриб чиқишга тайёрлаш юзасидан қилинган ишлар ҳақида ахборот беради. Маърузачи судья ўз сўзида мурожаатда баён қилинган далил-исботларни таҳлил этишга ва уларга ўз баҳосини беришга ҳақли эмас.

Маърузачи судьянинг сўзи тугаганидан сўнг суд тарафларнинг таклифларини эшитади ва иш материалларини текшириш тартиби ҳақида бир қарорга келади.

Иш материалларини текширишнинг суд томонидан белгилаган тартиби фақат суднинг ўзи томонидан ўзгартирилиши мумкин. Суд муҳокамаси давомида судьялар томонидан билдирилган иш материалларини текшириш тартибига тааллуқли бўлган таклифлар суд томонидан зудлик билан кўриб чиқилади.

 

72-модда. Тарафлар ва улар вакилларининг тушунтиришлари

 

Маърузачи судьянинг сўзи тугаганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи тарафларга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан тушунтиришлар беришни таклиф этади.

Биринчи бўлиб Конституциявий судга мурожаат қилган тараф ёки унинг вакили сўзга чиқади, ундан кейин суд мажлисида раислик қилувчи бошқа тараф ёки унинг вакилининг сўзга чиқишига имконият беради. Тарафнинг нуқтаи назари унинг бир нечта вакили томонидан ҳимоя қилинаётган ҳолларда, улар сўзга чиқишининг навбати мазкур тараф томонидан белгиланади.

Конституциявий судга мурожаат қилган тараф, шунингдек унинг вакили ўз чиқишларида Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган масаланинг моҳиятини, ўз фикрини асослаш учун далилларни баён қилади. Бошқа тараф ёки унинг вакили масаланинг моҳияти бўйича ўз эътирозларини, уларни асослаш учун далилларни баён қилади.

Тарафларнинг ҳар бири, уларнинг вакиллари сўзга чиқиб бўлганидан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи судьяларга тарафга, унинг вакилига саволлар бериш имкониятини беради, сўнгра сўзга чиққан тарафга саволлар бериш ҳуқуқи бошқа тарафга ва унинг вакилига берилади.

Эксперт хулосасини бериш ёки мутахассис фикрини баён этиш учун зарур бўлган доирада, экспертлар ва мутахассислар тарафларга, уларнинг вакилларига саволлар бериши мумкин.

 

73-модда. Иш ҳужжатларини ва бошқа ёзма материалларни текшириш

 

Суд мажлисида раислик қилувчининг таклифига кўра маърузачи судья иш ҳужжатлари ва бошқа ёзма материалларни ўқиб эшиттиради. Шундан сўнг тарафлар ёки уларнинг вакиллари ўқиб эшиттирилган ҳужжатлар ва бошқа материалларга оид тушунтиришлар беришлари мумкин.

Суд мажлисида Конституциявий суднинг судьяларига, тарафлар ҳамда уларнинг вакилларига олдиндан тақдим этилган ёки суд муҳокамаси давомида мазмуни баён этилган ҳужжатлар ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин.

Иш материаллари текшириб бўлингандан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи тарафлар, уларнинг вакиллари ва суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига иш материалларини тўлдириш юзасидан илтимоснома киритиш ҳуқуқини тушунтиради.

 

74-модда. Гувоҳларни эшитиш тартиби

 

Гувоҳларни эшитиш навбати суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида раислик қилувчи гувоҳга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан ўзига маълум бўлган барча ҳолатларни баён қилишни таклиф этади. Гувоҳга саволлар берилиши мумкин. Гувоҳга биринчи бўлиб у кимнинг аризасига биноан чақирилган бўлса ўша тараф ёки унинг вакили саволлар беради, сўнгра бошқа тараф ёки унинг вакили, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчилари саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга Конституциявий судга мурожаат қилган тараф ва унинг вакили биринчи бўлиб саволлар беради. Судьялар гувоҳга истаган пайтда саволлар беришга ҳақли.

Суд бошқа гувоҳлар гувоҳлик бериши мумкин бўлган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланиб бўлинган деб топса, уларни эшитмаслиги мумкин.

 

75-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг сўзини эшитиш

 

Тақдим этилган материалларни текшириш, тарафларнинг, улар вакилларининг тушунтиришлари, гувохларнинг кўрсатмалари, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг фикрларидан сўнг конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари сўзга чиқиш истагини билдирсалар, суд уларнинг сўзини эшитишга ўтади.

 

76-модда. Ишни мазмунан муҳокама қилишни тамомлаш

 

Барча иш материалларини текшириш тугалланганидан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи ишни мазмунан муҳокама қилиш тамомланганлигини эълон қилади.

 

77-модда. Тарафлар, уларнинг вакилларининг музокаралари

 

Тарафлар ва уларнинг вакиллари суд мажлисида текширилган материаллар ва далиллар таҳлилини, уларнинг ҳуқуқий баҳоланишини ва кўриб чиқилаётган ишни ҳал этиш учун аҳамиятини, шунингдек уларнинг фикрича, қарор чиқаришда суд томонидан ҳисобга олиниши лозим бўлган хулосалари ва таклифлари баён қилинган якунловчи сўз билан чиқишлари мумкин.

 

78-модда. Ишни муҳокама қилишни тиклаш

 

Тарафларнинг музокараларидан кейин, агар суд ишни тўғри ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текширишни зарур деб топса, ишни мазмунан муҳокама қилишни кўриб чиқиш тикланади ва мазкур Қонунда назарда тутилган қоидалар асосида олиб борилади.

 

10-боб. Конституциявий суднинг қарорлари

 

79-модда. Конституциявий суд қарорларининг турлари

 

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг, давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг конституциявийлиги ҳамда Конституция ва қонунлар нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишнинг моҳияти тўғрисидаги Конституциявий суднинг якуний ҳужжати қарор деб номланади. Конституциявий суд қарори Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинади.

Конституциявий суднинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича ишнинг моҳияти тўғрисидаги Конституциявий суднинг якуний ҳужжати хулоса деб номланади.

Конституциявий суд ишларини юритишнинг тартиб-таомиллари масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

Конституциявий суд, шунингдек, ўз фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

 

80-модда. Конституциявий суднинг қарорини қабул қилиш учун судьялар маслаҳатлашувини ўтказиш тартиби

 

Кўриб чиқилган иш бўйича қарор Конституциявий суд томонидан ёпиқ маслаҳатлашувда қабул қилинади. Маслаҳатлашувда суд мажлисида раислик қилувчи раислик қилади ва фақат мазкур ишни кўриб чиққан судьялар иштирок этади.

Маслаҳатлашув давомида судья кўриб чиқилган иш юзасидан ўз фикрини эркин билдириш ва бошқа судьялардан уларининг фикрларини аниқлаштиришни сўрашга ҳақли. Судьяларни сўзга чиқишининг сони ва давомийлиги чекланиши мумкин эмас. Маслаҳатлашувни тугатгач, раислик қилувчи қарор бўйича таклифларни овозга қўяди.

 

81-модда. Қарор қабул қилиш

 

Конституциявий суд, қоида тариқасида, кўриб чиқилаётган аниқ масала юзасидангина қарор қабул қилади.

Конституциявий суднинг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овоз бериш судьяларнинг ҳар биридан сўраш орқали ўтказилади. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Судья овоз беришда бетараф қолишга ёки иштирок этмасликка ҳақли эмас.

Конституциявий суднинг қарори, агар мажлисда ҳозир бўлган судьяларнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Судьялар муҳокаманинг мазмунини ва овоз бериш натижаларини ошкор қилишга ҳақли эмас.

 

82-модда. Конституциявий суд судьясининг алоҳида фикри

 

Суд қарори билан келишмаган Конституциявий суднинг судьяси суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйиладиган ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли.

 

83-модда. Конституциявий суд қарорининг мазмуни

 

Конституциявий суднинг қарори, қоида тариқасида, кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Қарорнинг кириш қисмида:

қарорнинг номланиши, у қабул қилинган вақт ва жой;

қарор қабул қилган Конституциявий суднинг таркиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисида маълумотлар;

масаланинг таърифи, уни кўриб чиқиш асослари;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва ушбу Қонуннинг Конституциявий суднинг мазкур ишни кўриб чиқиш ваколатини белгиловчи нормалари кўрсатилади.

Баён қисмида киритилган масаланинг қисқача мазмуни ва тарафлар сўраётган талаблар кўрсатилади.

Асослантирувчи қисмида:

ишнинг Конституциявий суд томонидан аниқланган ва қарорнинг асосига қўйилган ҳолатлари;

Конституциявий суд асосланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормалари кўрсатилади.

Қарорнинг хулоса қисмида қарорнинг таърифи, қарорнинг қатъийлиги ва мажбурийлиги, унинг қонуний кучга кириши, ижро қилинишининг ўзига хослиги ва матбуотда эълон қилиш тартиби ҳамда муддатлари кўрсатилади.

Конституциявий суднинг қарори овоз беришда қатнашган барча судьялар томонидан имзоланади.

 

84-модда. Конституциявий суднинг қарорини эълон қилиш

 

Конституциявий суднинг қарори Конституциявий суд томонидан белгиланган муддатда, лекин қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай суд мажлисида эълон қилинади. Қарор қабул қилинган сана бўлиб, у имзоланган сана ҳисобланади.

Конституциявий суднинг қарори эълон қилинганидан сўнг раислик қилувчи суд мажлисининг иштирокчиларидан Конституциявий суд қарорининг мазмунини тушунганликларини аниқлайди, шундан сўнг суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилади.

Конституциявий суд судьялари Конституциявий суднинг қарори эълон қилинмагунча уларни шарҳлаб кўпчилик олдида чиқишлар қилишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида чиқишга ҳақли эмас.

 

85-модда. Конституциявий суд қарорларини расмий манбаларда эълон қилиш ва уларнинг кучга кириши

 

Конституциявий суднинг норматив-ҳуқуқий хужжат, давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларнинг конституциявийлиги, шунингдек Конституция ва қонунларнинг нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишнинг моҳияти тўғрисидаги қарорлари оммавий ахборот воситаларида ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси», шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган Конституциявий суднинг қарорлари улар имзоланган кундан бошлаб уч кун ичида расмий равишда эълон қилинади ва эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Қолган қарорлар улар қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

86-модда. Конституциявий суд қарорларинининг юридик кучи

 

Конституциявий суднинг қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Конституциявий суднинг қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми ўзининг амал қилишини тугатади.

Бундай ҳужжатни қабул қилган давлат органи Конституциявий суднинг қарори асосида ўзининг ҳужжатини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириши шарт. Унгача Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилинган давлат органларининг қарорлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Давлат органлари бундай ҳужжат асосида қабул қилган ўз қарорларини қайта кўриб чиқишлари шарт.

 

87-модда. Конституциявий суд қарорларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга, мансабдор шахсларга юбориш

 

Конституциявий суднинг қарорлари тарафларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига юборилади. Конституциявий суднинг қарорлари Конституциявий суд раисининг топшириғига мувофиқ бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ҳам юборилиши мумкин.

 

88-модда. Конституциявий суднинг қарорини қайтадан кўриб чиқиш

 

Конституциявий суднинг қарори унинг ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қайтадан кўриб чиқилиши мумкин, агар:

қарор қабул қилинган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги муҳим ҳолатлар очилган бўлса;

қарор қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган бўлса;

Конституциявий суд қарор белгиланган конституциявий суд ишларини юритиш тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган деб топса.

 

89-модда. Конституциявий суднинг қарорларини ижро этмаслик ёки ижро этилиши учун тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик

 

Конституциявий суднинг қонуний кучга кирган қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

 

11-боб. Суд мажлисининг баённомаси

 

90-модда. Суд мажлиси баённомасининг мазмуни

 

Суд мажлисида иш муҳокамасининг муҳим жиҳатларини акс эттирувчи баённома юритилади. Баённомада қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

суд мажлисининг вақти ва жойи;

суд таркиби ва суд мажлиси котиби;

ишнинг номи ва рақами;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Конституциявий суднинг ҳаракатлари, улар суд мажлисида қай тартибда ўтказилган бўлса, шу тартибда, уларнинг натижалари;

тарафлар ва улар вакилларининг тушунтиришлари;

гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертларнинг хулосалари ва мутахассисларнинг фикрлари, уларга берилган саволлар ва олинган жавоблар;

конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг чиқишлари;

суд мажлисининг иштирокчилари баённомада қайд этилишини сўраган фактлар ва ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар;

Конституциявий суд қабул қилган баён тарзидаги қарорларнинг таърифи.

Агар суд мажлиси вақтида видеотасвирга олинган бўлса, видеофайл суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади ва бу ҳақда баённомада тегишлича белгилаб қўйилади.

Суд мажлисининг иштирокчилари улар иш учун муҳим деб ҳисоблаган фактлар ва ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни баённомага киритишни илтимос қилишга ҳакли.

Барча ўзгартишлар ва қўшимчалар баённомада кўрсатиб ўтилиши лозим.

Баённома мажлис тугаган пайтдан бошлаб уч кун ичида расмийлаштирилиши лозим.

Суд мажлисининг баённомаси суд мажлисида раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.

 

91-модда. Суд мажлиси баённомаси билан танишиш. Баённома юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш

 

Тарафлар ва уларнинг вакиллари суд мажлиси баённомаси имзоланганидан кейин беш кун муддат ичида у билан танишиб, олинган кундан бошлаб беш кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли. Фикр-мулоҳазаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Конституциявий суд суд мажлисида уларни баённомага қўшиб қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

12-боб. Процессуал муддатлар

 

92-модда. Ишларни кўриб чиқиш муддатлари

 

Конституциявий суд, агар Конституциявий судга мурожаат қўйиладиган талабларга жавоб берса, у олинган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай уни ўрганишга киришади.

Конституциявий судда кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор тегишли мурожаат олинган пайтдан бошлаб кечи билан уч ой ичида қабул қилинади.

 

93-модда. Процессуал муддатларни ҳисоблаш

 

Процессуал муддатлар ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Процессуал муддатларнинг ўтиши календарь сананинг бошланиши деб белгиланган куннинг эртасидан бошланади.

 

94-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши

 

Ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат, муддатнинг охирги ойи тегишли кунида тугайди. Агар, ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тугаши тегишли санаси бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Процессуал муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган тақдирда, ундан кейинги биринчи иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

 

13-боб. Суд харажатлари

 

95-модда. Гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга ва таржимонларга харажатлар ўрнини қоплаш

 

Суд харажатлари гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалардан, шунингдек ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.

Конституциявий судда кўриб чиқилаётган иш юзасидан жалб этилган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга харажатлар Конституциявий судга республика бюджетидан ажратиладиган маблағ ҳисобидан қопланади.

 

14-боб. Айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари

 

96-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги сўров билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили.

Конституциявий суд, қоида тариқасида, фақат конституциявийлиги шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан қарор қабул қилади.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириб, текширилган ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий судга киритилган мурожаатда улар тўғрисида сўз юритилмаган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида қарор қабул қилиши мумкин.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тўлиқлигича ёки унинг бир қисмини конституциявийлигини текшираётганида:

нормаларнинг мазмуни бўйича;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шакли бўйича;

давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатлар доирасининг чегараланиши нуқтаи назаридан;

ҳужжатни қабул қилиш (чиқариш) ҳамда уни расмий эълон қилиш ва кучга кириш тартиби жиҳатидан, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

Қонунларининг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш якуни бўйича Конституциявий суд қонун ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиб, қонун ёки унинг бир қисмида ноаниқликлар топилган ва шу сабабли уларни нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланиш амалиёти шаклланган деган хулосага келса, ушбу қонун нормасига расмий шарҳ беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур модданинг тўртинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

 

97-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар конституциявий қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги сўров билан Конституциявий судга Ўзбекистон Республикаси Президенти мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар конституциявий қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Қонуннинг 95-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

конституциявий қонунни, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

конституциявий қонунни, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида

Мазкур ишлар бўйича Конституциявий суд мурожаат келиб тушган кундан бошлаб кечи билан 15 кун ичида қарор қабул қилади.

 

98-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш бўйича ишларни юритиш

 

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги хақида хулоса бериш тўғрисидаги сўров билан Конституциявий судга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги хақида хулоса бериш тўғрисидаги ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Қонуннинг 95-моддаси тўртинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосаларнинг бирини бериш тўғрисида қарор қабул қилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

 

99-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисидаги сўров билан Конституциявий судга:

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг нормаларини шарҳлаш уларда ноаниқликлар топилган ва шу сабабли уларни нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланиш амалиёти шаклланган тақдирда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда уларда ноаниқликлар мавжудлиги, ва шу сабабли улар амалиётда нотўғри ёки зиддиятли қўлланилаётганлиги хақидаги важ ва далиллар кўрсатилиши керак.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд резолютив қисмида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормасига расмий шарҳни ўз ичига оладиган хулоса қабул қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини шарҳлаш жараёнида улар нормаларини аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

 

100-модда. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича қонунларнинг конституциявийлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

 

Муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциявий судга мурожаат қилган фуқаролар ва юридик шахслар миқдори ва тўланиш тартиби қонун билан белгиланадиган давлат божи тўлайдилар.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоятда кўрсатилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Қонуннинг
95-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қонун ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

қонун ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

 

101-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш

 

Конституциявий суд ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан тузилган ахборот тақдим этиш масаласини суд мажлисида кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

 

102-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

 

Конституциявий суд қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш масаласини суд мажлисида кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этадиган Конституциявий суд вакили белгиланади. Қарорга киритилаётган қонун лойиҳаси матни илова қилинади.

 

103-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш учун розилик бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

 

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш учун розилик бериш тўғрисидаги масалани суд мажлисида кўриб чиқади.

Масалани кўриб чиқишда Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ёки Сенати таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги;

улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилганлиги;

Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги фактларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш учун розилик бериш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш учун розилик беришни рад этиш тўғрисида.

 

104-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги ишларни юритиш

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг ёки уларнинг қисмининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Қонуннинг
95-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи ва бошқа ҳужжатини ёки унинг қисмини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи ва бошқа ҳужжатини ёки унинг қисмини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

 

III бўлим. Конституциявий суд фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари

 

105-модда. Конституциявий суднинг девони

 

Конституциявий суднинг фаолиятини таъминлаш учун девон тузилади.

Девоннинг тузилмаси ва штатлари ажратилган маблағлар доирасида Конституциявий суднинг раиси томонидан тасдиқланади.

Девон ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.

 

106-модда. Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши

 

Конституциявий суд ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган Илмий-маслаҳат кенгаши ташкил этилади. Унинг вазифасига Конституциявий суд фаолиятига оид масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.

107-модда. Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш

 

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.

 

108-модда. Конституциявий суд судьяларининг моддий ва ижтимоий таъминоти

 

Конституциявий суд судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга ҳар йилги меҳнат таътили бериш, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиш билан боғлиқ моддий ва ижтимоий таъминоти «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.

Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси ва кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.

 

109-модда. Конституциявий суднинг суд ҳокимияти рамзлари

 

Конституциявий суд эгаллаб турган бинода Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади.

Конституциявий суднинг мажлислар залида, шунингдек Конституциявий суд раисининг хизмат хонасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нашри бўлади.

 

110-модда. Судьяларнинг махсус кийим-боши

 

Конституциявий суд судьялари судлов ишини махсус кийим-бошда олиб боради, ушбу кийим-бошнинг тавсифи ва намунаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.

 

111-модда. Конституциявий суд судьясининг гувоҳномаси

 

Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

 

112-модда. Конституциявий суднинг муҳри

 

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

 

113-модда. Конституциявий суднинг Регламенти

 

Конституциявий суднинг ушбу Қонунда белгиланмаган фаолияти бўйича масалалар Конституциявий суднинг Регламентида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Конституциявий суднинг Регламенти Конституциявий суд мажлисида қабул қилинади.

 

 

Умумий таклифлар: 58

1530