Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
18058 O'zbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qo'mitasi 22/05/2020 06/06/2020 0
Идораларнинг буйруқ ёки қарори
“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
ID-18058

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚЎМИТАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИНИНГ

ҚАРОРИ

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4554-сон қарорига Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:

1. “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор 2020 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.

 

 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси

 

Н. Шарипов

 

 

Тошкент ш.,

2020 йил “___” ________

__________-сон

 

 

 

 

 

Соғлиқни сақлаш вазири

А. Шадманов

 

 

Тошкент ш.,

2020 йил “___” ________

__________-сон

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга
қарши курашиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2020 йил “__” июндаги _____ -сон қарорига
ИЛОВА

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида
мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4554-сон қарорига асосан “фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қўмита ҳудудий бошқармаларининг ташкилий тузилмасидаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари;

рецепт – шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори препаратини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланилиш усули тўғрисидаги ёзма кўрсатмаси;

фармацевтика маҳсулотлари – дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника;

фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори – мониторинг ўтказишга ваколат берилган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, қўмита ҳудудий бошқармаларининг ташкилий тузилмасидаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг ходимлари, шунингдек, жалб қилинган фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахслар.

 

2-боб. Мониторингни ташкил қилиш ва ўтказиш

2. “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

3. “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга ташриф буюриш, телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобил иловалар орқали мурожаат қилиш, шунингдек, бошқа масофавий усуллар орқали маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш (кейинги ўринларда – мониторинг деб аталади) асосида амалга оширилади.

4. Тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналарга ташриф буюрган ҳолда ўтказиладиган мониторинг қонунчиликка мувофиқ текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Мониторинг давомида мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари томонидан рецептларни ёзиш ва дорихоналар томонидан дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этилиши ўрганилади ва баҳоланади.

5. Мониторинг ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда тасдиқланган ҳамда уларнинг расмий сайтларида чоп этилган мониторинг ўтказишнинг чораклик режа-жадвали;

оммавий ахборот воситалари, интернет жаҳон ахборот тармоғи ва бошқа масофавий усуллар орқали олинган маълумотлар (кейинчалик ОАВ);

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида топшириқлари;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар.

6. Мониторингни амалга ошириш мобайнида ваколатли орган:

тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга ташриф буюриш, телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобил иловалар орқали мурожаат қилиш, шунингдек, бошқа масофавий усуллар орқали маълумот тўплаш ва мониторинг олиб бориш;

маълумот тўплаш ва мониторинг қилишга тегишли органлар ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахсларни (“сирли харидорлар”) жалб этиш;

тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва (ёки) ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланишини тақиқлаш;

қонунчилик талабларини биринчи марта бузган тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва (ёки) ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўлламасдан, тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чораларини кўради.

7. Мазкур низом талаблари доирасида мониторинг ўтказиш тадбирларига тегишли органлар ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахсларни жалб қилиш имконияти бўлмаган ҳолларда маҳаллий ҳокимлик ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ушбу жараёнга жалб қилиниши мумкин.

8. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг расмий сайтларида мониторинг ўтказишда ихтиёрий равишда иштирок этиш ниятида бўлган шахсларни ушбу жараёнга жалб қилиниши мумкинлиги тўғрисида ҳар чоракда эълон берилади ва шу асосда уларнинг рўйхати шакллантирилади.

9. Мониторинг ўтказиш тўғрисида ваколатли орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади ва унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

“фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” нинг мансаби, фамилияси, исми ва шарифи;

мониторинг ўтказиладиган тиббиёт ташкилоти ёки дорихона номи, юридик ва/ёки жойлашган манзили;

мониторинг ўтказиш учун асос ва текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этганлик тўғрисидаги белги;

мониторинг ўтказиш санаси.

10. Мониторинг фармацевтика маҳсулотлари сотиб олинганлигини (тиббий хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи касса чеки ёки идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори), уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки расмийлаштирилган ҳолда амалга оширилганда ўтказилган ҳисобланади.

Мониторинг мақсадида сотиб олинган фармацевтика маҳсулотлари дорихонага ўша заҳоти қайтариб берилади ҳамда улар учун тўланган тўлов, шунингдек, тиббиёт ташкилотининг хизмати учун олинган ҳақ ваколатли органга (унинг вакилига) белгиланган тартибда қайтариб берилади.

11. Фармацевтика маҳсулотилари сотиб олингандан ёки дори воситаларига рецепт расмийлаштирилгандан кейин ваколатли орган ходими ўзининг хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мониторинг тадбири ўтказилаётганлиги тўғрисида тиббиёт ташкилоти ёки дорихона вакилини тегишли ҳужжатларни кўрсатган ҳолда хабардор қилади ва мониторинг натижалари бўйича 2-иловага мувофиқ шаклда икки нусхада далолатнома тузади.

Далолатноманинг бир нусхаси мониторинг ўтказилган тиббиёт ташкилоти ёки дорихона раҳбарига (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахсига) ҳужжат тузилиши билан берилади, иккинчи нусхаси эса ваколатли органда сақланади.

Тиббиёт ташкилоти ёки дорихона раҳбари (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахси) мониторинг ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини ва мониторинг натижаси бўйича тузилган далолатнома нусхасини олишдан бош тортган тақдирда бу ҳақида далолатномада акс эттирилади.

12. Мониторинг амалга оширилгунга қадар, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш ва дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларини бартараф этишга йўл қўйилмайди.

13. Мониторинг ўтказилганлиги ҳақидаги далолатномага дори воситалари сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса ва товар чеклари), тиббиёт ташкилотида мониторинг ўтказилиши ҳолларида рецепт илова қилинади.

14. Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори:

тасдиқланган буйруққа мувофиқ тиббиёт ташкилоти ёки дорихоналарда мониторинг ўтказади;

ушбу Низом талабларига қатъий амал қилади;

тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва (ёки) ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланиш тақиқланганлигини тушунган ҳолда ҳаракат килади;

мониторинг тадбирларини амалга оширишда белгиланган тартибда фото ва видео тасвирга олиш ёки овоз ёзиб олиш воситаларидан фойдаланади.

15. Ушбу Низом талаблари доирасида ваколатли органнинг иштирокисиз мониторинг ўтказишга рухсат этилмайди.

16. Мониторинг, уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қайд этилган давр мобайнида амалга оширилади. Мониторинг ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги лозим.

17. Мониторинг ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган ҳар қандай, шу жумладан, молия-хўжалик фаолиятига оид ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

18. Мониторингни режа-жадвали асосида бир тиббиёт ташкилоти ёки дорихонада бир йилда икки мартадан ортиқ ўтказиш мумкин эмас. Қонун бузилишлари аниқланган, жисмоний шахслардан тегишли тартибда мурожаатлар келиб тушган, шунингдек, қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.

3-боб. Мониторинг натижаси бўйича кўриладиган чоралар

19. Мониторинг натижалари қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўллашда, бундан қонунчилик талабларини биринчи марта бузган тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар мустасно, шунингдек, тегишли қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда асос сифатида фойдаланилади.

20. Ўтказилган мониторинг давомида ҳуқуқбузарлик ҳолати (белги)ларининг мавжудлигига етарлича асослар аниқланган тақдирда, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қонун ҳужжатларининг бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатиш ва кўриб чиқиш бўйича зарур чораларни амалга оширади.

21. Мониторинг давомида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш, шунингдек назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш ҳолатлари аниқланганда, бу ҳақда далолатномага тегишли маълумот киритилади ҳамда ўтказилган мониторинг материаллари қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш учун ваколатли давлат органларига юборилади.

22. Мониторинг давомида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаган тақдирда, бу ҳақида далолатномада қайд этилади ва мониторинг ўтказилган тиббиёт ташкилоти ёки дорихонага тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилади.

Шу жумладан, рецептларни ёзиш ёки дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузилишига биринчи марта йўл қўйган тиббиёт ташкилоти ёки дорихонага, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва (ёки) ходимларига қонунда кўзда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

4-боб. Мониторинг тадбирларини молиялаштириш

23. Мониторинг ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

24. Мониторинг доирасида дорихоналарда дори воситаларининг хариди ёки тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар учун тўловлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг корпоратив банк карталари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, тўловлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳудудий бўлинмалари масъул шахсига нақд пул кўринишида, буйруқда пул бирлиги номинали ва серия рақами кўрсатилган ҳолда берилиши орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

25. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг масъул шахслари корпоратив банк картаси пул воситаларидан тўғри фойдаланилиши учун моддий жавобгар ҳисобланади.

5-боб. Якуний қоидалар

26. Ушбу Низом талабларини бажариш давомида тўпланган фото ва видео (аудио) материаллар Истеъмочлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги расмий сайтларида ҳамда ОАВда жойлаштирилиши мумкин.

27. Мониторингни ўтказишда тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва (ёки) ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

28. Мазкур Низомга риоя этилиши юзасидан жавобгарлик, ваколатли орган раҳбари ҳамда мониторнинг ўтказишга масъул ходимлар зиммасига юклатилади.

29. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

30. “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” тадбири натижалари устидан тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.

31. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга

1-илова

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида
мониторинг ўтказиш тартиби

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Муддатлар

             

1-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Мониторингни ташкил этиш учун маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади.

2. Таҳлил натижалари асосида умумлаштирилган таклифларни кўриб чиққан ҳолда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мониторинг ўтказишнинг чораклик режа-жадвалини тасдиқлаш ёки Низомнинг 5-бандига мувофиқ бошқа асослар пайдо бўлганда мониторинг ўтказиш тўғрисида буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқади.

3. Мониторинг ўтказишнинг муддатларини келишиш тўғрисида  Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига расмий хат билан мурожаат этади.

 

Асос пайдо бўлган санадан бошлаб 1 кун муддатда

             

2-босқич

 

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентли

 

Мониторинг ўтказиш муддатларини келишганлигини тасдиқлаб, унда иштирок этадиган ўзининг вакиллари тўғрисидаги маълумотларни (Ф.И.Ш., лавозими, телефон рақами)  Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига расмий хат билан тақдим қилади.

 

Расмий хатни олган кундан бошлаб
1 кун муддатда

             

3-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мониторинг ўтказишнинг чораклик режа-жадвалини тасдиқлайди.

 

2. Низомнинг 5-бандига мувофиқ асослар пайдо бўлганда мониторинг ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

 

Чорак бошланишидан камида 10 кун аввал

Келишилган кундан бошлаб 3 кун муддатда

             

4-босқич

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

 

Мониторинг ўтказиладиган ташкилот тури, жой ва санани кўрсатган ҳолда унда ихтиёрий равишда иштирок этиш ниятида бўлган шахсларни ушбу жараёнга жалб қилиниши мумкинлиги тўғрисида эълон берилади.

 

Ҳар чоракда

             

5-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Низомда белгиланган тартибда мониторингни амалга оширади.

2. Мониторинг натижаларини далолатномада расмийлаштиради.

 

Буйруқда кўрсатилган санада

             

6-босқич

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

 

Мониторинг натижалари бўйича таҳлилий маълумотларни ва таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.

 

Ҳар чоракда

             

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга

2-илова

 

“Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” усулида мониторинг ўтказилганлиги ҳақида

ДАЛОЛАТНОМА

___________________ вилояти (шаҳри) ҳудудида
 

«_____» _______________ 20 ____ йил.

______ - сон

   

 

1. Мониторинг ўтказган ваколатли орган ходимларининг Ф.И.Ш.:
______________________________________________________________________________.

2. Мониторинг ўтказилган сана: ___________________________________________________.

3. Мониторинг ўтказишда иштирок этган фуқаролик институтининг вакиллари ва бошқа шахсларнинг Ф.И.Ш.:

_________________________________________________________________________________.

4. Мониторинг ўтказилган тиббиёт ташкилоти (дорихона)нинг номи, юридик ва жойлашган манзили, СТИР, лицензии рақами (мавжуд бўлганда):

__________________________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________________________.

5. Мониторинг ўтказиш тўғрисидаги буйруқ санаси ва рақами: ____________________________________________.

6. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари (аниқланган ҳолларда):

__________________________________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________________________________.

7. Бошқа маълумотлар: __________________________________________________________________________________________________.


Ваколатли органнинг масъул ходими
М.Ў.


 

 

______________ (имзо)


 

 

_____________
(Ф.И.Ш.)

 

 

 

 

 

 


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими
М.Ў.


 

______________ (имзо)


 

_____________
(Ф.И.Ш.)

 

 

Умумий таклифлар: 0

141