Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17986 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 20/05/2020 04/06/2020 24
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ САЙЛОВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
ID-17986

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш, миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг электорал маданиятини ошириш, сайлов комиссияларининг мустақиллигини янада кучайтириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён Марказий сайлов комиссия деб юритилади), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази томонидан таклиф қилинган сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ва сайлов натижалари таҳлиллари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилини янада қарор топтириш;

замонавий ахборот коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш орқали сайлов комиссияларининг очиқлигини таъминлаш, сайлов соҳасида давлат интерактив хизматларини йўлга қўйиш, сайлов қонунчилиги бузилишини олдини олишга қаратилган чораларни қўллаш;

миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини халқаро сайлов стандартлари асосида доимий ва узлуксиз такомиллаштириб бориш мақсадида сайлов соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, сайлов комиссияларининг кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг ривожланган хорижий давлатлар амалиёти асосида малакасини ошириб бориш, ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш;

сайлов комиссиялари моддий-техник таъминотини яхшилаш, сайлов участкалари сифатида фойдаланадиган бино ва иншоотларни сайлов ўтказиш учун олдиндан мослаштириш чораларини кўриш, сайлов жиҳозларининг эҳтиёткор сақланиб борилишини таъминлаш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга доир Чора-тадбирлар дастури 1 – иловага мувофиқ;

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини
бошқариш ахборот тизимини такомиллаштиришга доир
Чора-тадбирлар режаси
2 - иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада такомиллаштириш бўйича тадбирлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди маблағлари ҳисобидан;

идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини такомиллаштириш тегишли вазирлик ва идоралар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Мақоми, моддий-маиший, транспорт ва тиббий таъминот шарт-шароитларига кўра: Марказий сайлов комиссияси раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён Қонунчилик палата деб юритилади) Спикерига; Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари – Қонунчилик палата Спикерининг ўринбосарига; Марказий сайлов комиссияси котиби – Қонунчилик палата қўмитаси раисига; Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари – Қонунчилик палата қўмитаси аъзоларига; Марказий сайлов комиссияси Котибияти ходимлари – Қонунчилик палата девонининг тегишли ходимларига тенглаштирилади.

5. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассислари учун аввалги иш жойида узоқ муддатли хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар), алоҳида меҳнат шароитлари учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади;

Марказий сайлов комиссиясида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари ва ходимларининг лавозим маошига рағбатлантириш коэффициенти ҳисобга олинган ҳолда, Марказий сайлов комиссиясидаги кўп йиллик меҳнати учун 2 йилдан 5 йилгача– 0,1; 5 йилдан 10 йилгача – 0,2; 10 йилдан 15 йилгача – 0,3; 15 йилдан 20 йилгача – 0,4; 20 йилдан ортиқ – 0,5 коэффициентларда ҳар ойлик устамалар тўланади;

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 30 фоиз, фан доктори (DSc) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 60 фоиз қўшимча ҳақ тўланади;

Марказий сайлов комиссиясининг ҳайдовчиларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати хўжалик фаолияти бошқармаси автохўжалигининг ҳайдовчилари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Махфий.

6. Марказий сайлов комиссияси котибиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

Марказий сайлов комиссиясининг штат бирликлари тўлдирилмаганлиги муносабати билан бўшайдиган маблағлар Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларини мукофот кўринишида моддий рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мазкур Фармон ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун республика бюджетидан зарур миқдорда маблағ ажратсин;

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларининг иш ҳақи фондини оширилган миқдорда молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммаларига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                                                                   Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил ____ ____________даги
ПФ-________-сон Фармонига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш,
сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга доир
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Чора-тадбирлар

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш

1.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш:

– суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга сайлаш ҳуқуқини бериш, суд томонидан индивидуал тартибда сайлаш ҳуқуқи чекланган ҳоллардан ташқари;

– муддатли сайловларни ўтказиш санасини декабр ойидан март ойига кўчириш;

– бир номзод фақат битта вакиллик органига депутат этиб сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш.

2020 йил август

МСК,
Конституциявий суд, Адлия вазирлиги

2.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш:

– бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатларни белгилаш;

– парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9 та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1 % миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш;

– Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган сайловчилар имзолари зарур сонининг барчасини текшириш тартибини ўрнатиш, имзоларни ҳақиқий эмас деб топиш асосларини белгилаш;

– хорижий давлатларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг сайловда иштирок этишига оид кафолатларини кенгайтириш (сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича интерактив давлат хизматларини йўлга қўйиш, сайловчилар турган жойида муддатдан олдин овоз бериш тартибини белгилаш);

– халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини (бундан кейин – ОСК) тугатиш ва унинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш;

– сайлов комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш, шу жумладан компенсация тўловларини ҳамда доимий иш билан банд бўлмаган аъзолар, пенсионерлар учун иш ҳақи тўлаш тартибини ёритиш;

– номзоднинг номзодликдан воз кечиши мумкинлиги учун аниқ муддатларни ўрнатиш (сайловга 15 кун қолгунга қадар);

– сайловолди ташвиқоти даврида айрим чекловларни олиб ташлаш, шу жумладан:

сайлов комиссияларининг депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, учрашув жойи ва вақти ҳақида сайловчиларни олдиндан хабардор қилишга оид вазифаларини бекор қилиш;

сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсат бериш тартиб-таомилини бекор қилиб, маҳаллий ҳокимлик идораларини олдиндан хабардор қилиш тартибини ўрнатиш;

оммавий ахборот воситаларидан (бундан кейин – ОАВ) фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақтини сиёсий партиялар билан келишиш тартибини бекор қилиш;

– давлат идоралари томонидан ўз ресурсларидан сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун ноқонуний фойдаланишини таъқиқловчи қоидаларни ўрнатиш;

– вилоят, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияларининг сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ваколатини акс эттириш;

– участка сайлов комиссиялари (бундан кейин – УСК) аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидани, дипломатик ваколатхоналарда, ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхона ва бошқа стационар даволаш муассасаларида тузилган участкалар учун истисно этиш;

– сайлов бюллетенининг матнини соддалаштириш, хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни чиқариб ташлаш;

– сайловчилар рўйхатига ўзгартириш киритишни сайловга 5 кун қолганда тўхтатиш;

– ОАВ сифатида рўйхатга олинган (аккредитация қилинган) ОАВ вакилларини сайлов комиссиялари томонидан қайта аккредитация қилиш тартибини бекор қилиш (Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган хорижий ОАВ вакиллари бундан мустасно);

– кузатувчиларни аккредитация қилиш учун сайлов комиссияларига мурожаат қилиш муддатини 15 кундан 10 кунга қадар қисқартириш;

– Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида ҳамда овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг ваколатли вакили мақомини аниқлаштириш;

– ОСК ва УСКларнинг сайлов натижалари тўғрисида баённомаларида кўрсатиладиган маълумотларни бир-бирига мослаштириш (санаш жараёнини бирхиллаштириш орқали соддалаштириш);

– ОСК томонидан округ бўйича сайлов натижалари тўғрисида баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун ОСК биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш лозимлиги тўғрисидаги тартибни белгилаш;

– такрорий овоз бериш жараёнида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаштириш (такрорий овоз беришда асосий сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқароларгина қатнашиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш ва ҳ.к.);

– Марказий сайлов комиссияси аъзосининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоси билан тенг ҳуқуқий мақомда транспортда текин юриш, расмий делегациялар учун мўлжалланган заллардан текин фойдаланиш, навбатсиз чипта бериш  ҳуқуқларини мустаҳкамлаш;

– сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан молиявий қонун-қоидалар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини жорий этиш;

– сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш.

 

2020 йил август

МСК,
Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, сиёсий партиялар, вазирлик ва идоралар

3.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш:

– сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни жалб қилишга рухсат бериш, чет эл донорлари ва хорижий молиявий манбалардан юборилувчи маблағлар бундан мустасно;

– сиёсий партиялар томонидан сайлов кампанияси даврида Ғазначиликда ҳисобварақ очиш лозимлиги ҳақидаги қоидани киритиш;

– сиёсий партияларнинг молиявий ҳисобдорлигига бўлган талабларни соддалаштириш, шу жумладан, сиёсий партияларнинг сайлов кунига қадар оралиқ молиявий ҳисоботини ва сайловдан кейин якуний молиявий ҳисоботини эълон қилиш, шунингдек Ҳисоб палатасининг сиёсий партиялар фаолиятини текшириш натижаларини ошкор қилиш;

– президентлик, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларда сиёсий партияларнинг иштирок этишини давлат томонидан молиялаштиришга оид қоидаларини Сайлов кодекси билан мувофиқлаштириш.

2020 йил август

МСК, Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, сиёсий партиялар

4.

Ўзбекистон Республикасининг “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунига сайловолди ташвиқоти ва референдумга қўйилган масалалар бўйича ташвиқот мақсадида ҳомийлик қилиш тақиқланишига оид чекловни бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш.

2020 йил август

МСК, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги

5.

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ҳуқуқини чиқариб ташлашни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш.

2020 йил август

МСК, Адлия вазирлиги

6.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат герби тўғрисида”ги Қонунига овоз бериш натижаларини аниқлаш баённомаларида Давлат герби тасвирини акс эттиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш.

2020 йил август

МСК, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги

7.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сиёсий партияларнинг номзодлар кўрсатишга оид фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш.

2020 йил август

Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, МСК

8.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

2020 йил август

АОКА, Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура, Олий суд

9.

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунида веб-сайт эгалари ва блогерларнинг ўз веб-сайтига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текширмаганлик ва жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташламаганлик учун жавобгарликни бекор қилиш масаласини ўрганиш, улар бўйича таклиф тайёрлаш.

2020 йил август

АОКА, Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура, Олий суд

10.

Парламент сайловларида мажоритар тизимдан аралаш (мажоритар пропорционал) тизимга ўтиш масаласини ўрганиб чиқиш.

2020 йил сентябрь

МСК, ҚМПТИ, Давлат бошқарув академияси

11.

Сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олган номзоднинг сайланган деб ҳисобланиши (мутлақ кўпчилик) тўғрисидаги қоида ўрнига, сайловчиларнинг энг кўп овозини олган номзоднинг сайланган деб топилиши (нисбий кўпчилик) ҳақидаги қоидани парламент ва маҳалллий кенгашларга сайловларда жорий этиш масаласини ўрганиш.

2020 йил сентябрь

МСК, ҚМПТИ, Давлат бошқарув академияси

12.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажаришлари, шунингдек, уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатларни амалга оширишлари билан боғлиқ кафолатли тўловларни бериш тартибини (5-илова) сайлов комиссиялари аъзолари томонидан давлат ёки жамият манфаатларига доир бажариладиган вазифалар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш.

2020 йил сентябрь

МСК, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,
Адлия вазирлиги

13.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмаслиги ҳақидаги қоидани ўрнатиш.

 

2020 йил сентябрь

МСК, ИИВ, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия

14.

Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловларига оид Марказий сайлов комиссиясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқиш:

сайлов комиссиялари фаолиятини соддалаштириш, юритиладиган ҳужжатлар номенклатурасини мақбуллаштириш;

сиёсий партиядан кузатувчининг ваколатга киришиш муддатини аниқлаштириш (партияга сайловда иштирок этишга ижозат берилган пайтдан бошлаб);

сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва бирхиллаштириш;

сиёсий партияларни қўллаб-қувватловчи имзоларни текшириш жараёнларини аниқлаштириш;

ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилиш амалиётидан воз кечиш;

сайлов куни ва овозларни санаб чиқиш жараёнида сайлов участкалари ва округ сайлов комиссияларида бўлиши мумкин бўлган шахслар тоифасини белгилаш;

овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш тартибини, барча қадамларни баён этган ҳолда соддалаштириш;

сайлов кампаниясининг турли босқичларида сайловчилар сонини эълон қилиш.

2020 йил октябрь

МСК

15.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир Марказий сайлов комиссиясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.

2020 йил ноябрь

МСК

16.

Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги Қонунини Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш.

2020 йил декабрь

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси (келишув асосида)

17.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига шарҳлар тайёрлаш ва нашр этиш.

2021 йил

МСК, вазирлик ва идоралар

 

 

II. Сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва малакасини ошириш

18.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан келиб чиқиб, ўқув-услубий маълумотлар тизимини, ўқув-услубий қўлланма ва рисолаларни (ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида) янгилаш.

2020 йил декабрь

МСК,
Давлат бошқаруви академияси

19.

“Сайлов-2019” мобил иловани сайлов қонунчилиги, илғор хорижий тажриба ва замонавий методологик технологиялар асосида янгилаш ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан интеграция қилиш.

2020 йил декабрь

МСК,
АКТ вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси

20.

Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилигига оид билим ва малакасини оширишга қаратилган махсус видео ўқув қўлланмани ишлаб чиқиш.

2020 йил декабрь

МСК, МТРК

21.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, кузатувчилар, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари учун ўқув дастури, ўқув-услубий қўлланма ва рисолаларни (ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида босма ҳамда электрон ҳолатда) яратиш ва доимий курсларни (онлайн видеокоференция шаклларида) жорий этиш.

2020 йил декабрь

Давлат бошқаруви академияси,
сиёсий партиялар

III. Халқаро ҳамкорликни кучайтириш

22.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш масаласини ўрганиш ҳамда мавжуд салоҳият, хорижий давлатлар тажрибаси, шунингдек, мазкур Конвенцияни ратификация қилиш шартлари ҳамда оқибатлари таҳлилини ҳисобга олган ҳолда таклифлар киритиш.

2020 йил август

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, вазирлик ва идоралар

23.

“Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги ва сайловларни ўтказиш тажрибасини янада такомиллаштириш” мавзусидаги халқаро конференцияни ташкиллаштириш.

2020 йил сентябрь

МСК, ТИВ,
Олий Мажлис палаталари (келишув асосида)

24.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилишида Марказий сайлов комиссияси вакилларининг иштирокини таъминлаш.

2020 йил октябрь

МСК, ТИВ

25.

МДҲ доирасида Ҳамдўстликка аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашини тузиш ташаббусини илгари суриш.

2020 йил октябрь

МСК, ТИВ

26.

БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликдаги “2020-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш.

2020-2021 йиллар

МСК, ТИВ

IV. Сайлов комиссияларнинг молиявий ва моддий-техник таъминотини яхшилаш

27.

Марказий сайлов комиссиясининг моддий-техник таъминотини ривожлантириш учун 8 та автомобилга, шу жумладан қўшимча икки дона енгил автомобилга лимит ажратиш.

2020 йил июль

Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, МСК

28.

Марказий сайлов комиссиясини янги бино билан таъминлаш, уни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш.

2020 йил сентябрь

Давлат активларини бошқариш агентлиги,
Молия вазирлиги,

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

29.

Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан марказлашган тартибда харид қилинган сайлов жиҳозларининг сақланиши ҳолатларини даврий ва танлов асосида ўрганиб бориш.

2020-2021 йиллар

МСК, Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

30.

Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларида “Сайлов жараёнларини онлайн режимида Интернет тармоғида видеотрансляция қилиш” пилот лойиҳасини амалга ошириш.

2020-2021 йиллар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги,
АКТ вазирлиги

31.

Сайлов участкалари сифатида фойдаланиладиган бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг Интернет билан таъминланганлик ҳолатининг электрон рўйхатини тайёрлаш, зарур бўлганда уларни янги қурилган замонавий бинолар билан алмаштириш ва уларни сайлов ўтказиш учун олдиндан мослаштириш чораларини кўриш (белгиланган меъёрдаги пандуслар қуриш ва ҳ.к.).

 

2020-2021 йиллар

туман (шаҳар) ҳокимликлари,

АКТ вазирлиги

V. Кадрлар салоҳиятини ошириш, ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини яхшилаш

32.

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларига 2020 йил 1 майдан бошлаб, доимий равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тўловларни амалга оширишни назарда тутадиган харажатлар сметасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш:

расмий байрам кунлари учун икки ойлик маоши фонди миқдорида мукофот пули;

овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик тўлов;

йўлкира харажатларини қоплаш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик тўлов, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлар бундан мустасно;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп бўлмаган миқдорда бир йўла моддий ёрдам пули;

алоҳида ҳолатлар (узоқ муддат касаллик, оила аъзосининг вафоти, никоҳ тузиш ва бошқалар) муносабати билан икки ойлик маоши фондигача бўлган миқдорида бир йўла моддий ёрдам пули.

2020 йил август

МСК,
Молия вазирлиги

33.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг тугатилиши (5 739 та комиссия, 54 мингдан ортиқ аъзолар) ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига ўтказилиши муносабати билан тежалган маблағлар ҳисобидан (33,2 млрд. сўм) вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари раислари (котиблари)ни доимий асосда ҳақ тўланадиган ишга жалб қилиш.

2021 йил

МСК, Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

34.

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишлайдиган аъзолари, Котибият масъул ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига бириктирилган контингентнинг лавозимлар номенклатурасига қўшишни назарда тутадиган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва девони ходимларига тенглаштирилган ҳолда) Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги 366-сон қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.

 

2020 йил июль

МСК, Администрация ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси

35.

Кадр иш юритув ҳужжатларини “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (my.mehnat.uz) га киритиш.

2020 йил июль

МСК, ДХРА

36.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сон қарори билан тасдиқланган давлат органлари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоларига нисбатан татбиқ этиш тўғрисида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.

2020 йил август

МСК,
Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги

37.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг доимий асосда ишловчи котиблари лавозимга тайинланганидан сўнг Марказий сайлов комиссиясида бир ҳафталик стажировка ўташ тартибини жорий этиш.

2020 йил давомида

МСК,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил ____ ____________даги
ПФ-________-сон Фармонига
2-ИЛОВА

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини
бошқариш ахборот тизимини такомиллаштиришга доир
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Чора-тадбирлар номи

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ни
такомиллаштириш ва долзарблигини таъминлаш

1.

Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтидаги “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида бормисиз?” интерфаол хизматининг регламентини ишлаб чиқиш ва ушбу хизматни давлат хизматлари реестрида рўйхатдан ўтказиш.

2020 йил август

МСК, Адлия вазирлиги, вазирлик ва идоралар

2.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)даги маълумотларни янгилаб бориш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил август

МСК, ДМП, вазирлик ва идоралар

3.

Ички ишлар вазирлигининг “ХАТЛОВ 1.0.3” ва “Манзил” базасидаги маълумотларни янгилаш (яшаш манзилида рўйхатда бўлмаган ва вафот этган фуқароларни чиқариб ташлаш, шунингдек, амалда яшаб турган, лекин маълумотлар базасида бўлмаган фуқароларни киритиш).

2020 йил декабрь

ИИВ, Маҳалла вазирлиги,
Адлия вазирлиги

4.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча кўчмас мулк объектларига оид маълумотларни Кўчмас мулк объектлари ягона реестрига киритиш, ушбу маълумотларни кадастр рақамларининг ноёблигини сақлаган ҳолда янгилаш.

2020 йил декабрь

“Давгеодезкадастр” қўмитаси, ИИВ

5.

Кўчмас мулк объектлари ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги маълумотларни “ХАТЛОВ 1.0.3” ва “Манзил” базасидаги маълумотлар билан ноёб идентификацион кадастр рақамларини сақлаган ҳолда интеграция қилиш.

 

2020 йил декабрь

ИИВ, “Давгеодезкадастр” қўмитаси

6.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги 630-сон қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга қўйидаги маълумотларини ҳар олти ойда Давлат персоналлаштириш маркази томонидан актуаллаштиришни назарда тутувчи қўшимчалар киритиш:

паспорт серияси;

паспорт рақами;

ЖШШИР (ПИНФЛ);

хорижга чиқиш паспорти серияси;

хорижга чиқиш паспорти рақами;

дипломатик паспорт серияси;

дипломатик паспорт рақами;

туғилган санаси (йййй.оо.кк);

доимий рўйхатда турган жойи;

кирил алифбосида фамилияси;

кирил алифбосида исми;

кирил алифбосида отасининг исми;

лотин алифбосида фамилияси;

лотин алифбосида исми;

лотин алифбосида отасининг исми;

жинси;

турар жойининг кадастр рақами;

сайлов участкаси рақами;

туман/шаҳар.

2020 йил декабрь

ДПМ, ИИВ, “Давгеодезкадастр” қўмитаси, ССВ, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, МСК

II. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ни такомиллаштириш

7.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ)да амалдаги депутатлар, сайлов комиссиялари аъзолари, сертификатланган тренерлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш, жамлаш, сақлаш ва барча турдаги статистик маълумотларни шакллантириш ҳамда юклаб олиш, шунингдек бўшаб қолган депутатлик ўринларни аниқлашни назарда тутувчи модуль ишлаб чиқиш.

2020 йил ноябрь

АКТ вазирлиги,
МСК

8.

СЖБАТга амалдаги депутатлар, сайлов комиссиялари аъзолари, сертификатланган тренерлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичида сақловчи модуллар бўйича регламент, йўриқнома ва ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил ноябрь

АКТ вазирлиги,
МСК

9.

Сайлов участкалари чегараларини аниқлаш ва улар тўғрисидаги маълумотларни СЖБАТ ва СЯЭРга киритиш регламентини ишлаб чиқиш.

2020 йил ноябрь

“Давгеодезкадастр” қўмитаси, МСК, ҚР Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

10.

СЖБАТда сайлов участкалари сифатида фойдаланиладиган бино ва иншоотларни онлайн кўриш ва электрон рўйхатини тайёрлаш бўйича қўшимча функцияларни ишлаб чиқиш.

2020 йил декабрь

АКТ вазирлиги,
МСК

11.

ДПМ, ИИВ, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, ССВ, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ўзаро интеграциялаш, шунингдек реал вақт режимида актуаллаштириб бориш.

2020 йил декабрь

ДПМ, ИИВ, “Давгеодезкадастр” қўмитаси, ССВ, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари

12.

СЖБАТнинг аппарат-дастурий таъминотини такомиллаштириб бориш, шу жумладан унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.

доимий

АКТ вазирлиги,
МСК

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил ____ ____________даги
ПФ-________-сон Фармонига
3-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган
деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 9 сентябрдаги 387-сон “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги қарори (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.12.2019 й., 09/19/1023/4182-сон).

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ–4004-сон “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2018 й., 07/18/4004/2162-сон) 12-банди.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 36-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 29 апрелдаги 366-сон қарори) қарорига (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2020 й., 09/20/36/0076-сон) илованинг
5-банди.

Умумий таклифлар: 7

1288