Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17974 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 20/05/2020 04/06/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида ваколатхонасини очиш тўғрисида
ID-17974

Лойиҳа

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг
Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида
ваколатхонасини очиш тўғрисида

 

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4627-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини келгусида янада кенгайтиришга қаратилган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Туркия Республикасида ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Туркия Республикаси Истанбул шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси (матнда кейинги ўринларда – ваколатхона)ни очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 725-сон қарорига асосан, ваколатхонани ташкил этиш, жиҳозлаш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини, кейинчалик ушбу маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилиши таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркия Республикасидаги ваколатхонаси молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириши учун алоҳида ҳисоб-рақам очиш масаласини ҳал қилсин;

бир ҳафта муддатда ваколатхонанинг ташкилий тузилмаси ҳамда штатлар жадвалини тасдиқласин;

ваколатхонанинг тегишли лавозимларига мутахассисларни ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 мартдаги ПҚ-4627-сонли қарори, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 713-сонли қарори билан очилиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлатлардаги Бош консулхоналари биносида ижара тўловисиз жойлаштирилсин;

бунда бинони сақлаш харажатлари (коммунал ва эксплуатация тўловлари) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маблағлари ҳисобидан кейинчалик маблағларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши таъминлансин;

ваколатхона ходимлари ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифа ва ваколатларни белгиланган тартибда амалга оширишлари учун тегишли давлатлар ҳудудида дипломатик мақомга эга ходимлар сифатида аккредитациядан ўтишини таъминласин.

4. Мазкур қарор ижросининг назорати Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Х.Комилов зиммасига юклатилсин.

 

 

 

     Ўзбекистон Республикасининг

             Бош вазири                                                              А. Арипов

 

 

Умумий таклифлар: 0

511