Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17962 Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 20/05/2020 04/06/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”
ID-17962

 

Республикада Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг илғор инновацион дастурий ечимлар ва замонавий ахборот базаси билан жиҳозланишини янада такомиллаштириш, халқаро стандартлар асосида лойиҳалаштириш ишларини амалга оширишда хизматлар кўламини кенгайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лойиҳа маҳсулотлари сифатини янада ошириш, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Қурилиш вазирлигининг “Ўзшаҳарсозлик  ЛИТИ” давлат унитар корхонасини “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш бўйича таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қурилиш вазирлигининг “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятидаги улушини 51% миқдорида сақлаган ҳолда ва қолган 49 % қонунчиликда белгиланган тартибда очиқ савдоларда салоҳиятли хорижий инвесторларга сотилишини таъминласин.

3. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалар бўйича ҳуқуқий вориси эканлиги белгилаб қўйилсин.

4. Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти билан биргаликда уч ой муддатда қонунчиликда белгиланган тартибда акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича тегишли чоралар кўрилсин.

5. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари
қуйидагилар этиб белгилансин:

шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

шаҳарсозлик йўналишидаги стратегик вазифаларни бажариш мақсадида шаҳарларда урбанизация масалаларини ҳал этиш ва амалга ошириш, шунингдек агломерациялар, мегаполислар ва метрополислар жойлашишини белгилаш;

ҳудудларни ривожлантиришни режалаштиришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш механизмини янада такомиллаштириш;

бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

лойиҳалаштириш жараёнида инновацион ёндашиш, жумладан BIM-технологияларини татбиқ этиш;

лойиҳалаштириш босқичларида барча жараёнларни тизимлаштириш ва оптималлаштиришни назарда тутган ҳолда ISO стандартлари асосида сифат менежменти тизимларини жорий этиш;

қурилишнинг илғор услубларини, замонавий ва энергия тежовчи қурилиш материалларини лойиҳа ечимларига татбиқ этиш;

лойиҳа ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, бунда илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда лойиҳалаштиришнинг замонавий илмий жиҳатдан асосланган технологик тартибларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

корхона ва ҳудудий филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий дастурий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда объектларни автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларини жорий этиш;

лойиҳалаштириш жараёнларига замонавий меъёр ва стандартларни жорий қилиш, бунда халқаро стандартлар даражасида юқори технологик услублар ва ускуналарни қўллашни кўзда тутиш;

намунавий лойиҳалаштиришдан янада кенг фойдаланиш, ҳамда лойиҳаларни оптималлаштириш ва қийматини пасайтириш;

шаҳарсозлик хужжатларини ишлаб чиқишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган хусусийлаштирилган ер участкаларини жойлашуви ва ер участкасидан фойдаланиш мақсадига алоҳида эътибор қаратиш;

лойиҳаларни талабга мувофиқ тўғри шаклланиши, лойиҳа хужжатлари ва қурилишнинг барча босқичларида сифатли муаллифлик назоратини таъминлаш, уни белгиланган стандартлар, меъёрлар ва тартибларга мослаштириш;

мутахассисларнинг касбий даражасини тубдан ошириш, ёш иқтидорли мутахассисларни жалб этиш ва ривожланган хорижий давлатларда уларнинг малакасини ошириш;

штат жадвалига қурилиш ва лойиҳалаш соҳасида юқори малакага эга бўлган хорижий мутахассисларни (архитектор, муҳандис) жалб қилиш.

6. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” АЖда кузатув кенгашига икки нафар халқаро мустақил аъзони тайинлаш, кузатув кенгаши қошида қўмиталар ташкил этиш, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги низом ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бошқа ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарувнинг энг самарали амалиётлари татбиқ этилишини таъминласин.

7. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти лойиҳалаш ишларини амалга оширишда субпудрат ташкилотларини танлаш ҳамда бош режаларни ишлаб чиқиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.

8. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятига мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида қурилиш-лойиҳалаш йўналишида етарли тажрибага эга бўлган хорижий компанияларни ҳамда юқори малакали мутахассисларни ўзаро шартномалар асосида жалб этилишига рухсат берилсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда шаҳарсозлик ҳужжатларини сақлаш мақсадида “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти филиаллари учун вилоят марказларида давлат тасарруфидаги биноларнинг хусусийлаштириб берилишини таъминласинлар.

10. Ўзбекистон Републикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

аҳоли пунктларининг ижтимоий иқтисодий ривожланиш салоҳиятидан келиб чиқиб, бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш устуворлигини белгилайди;

Ўзбекистон Републикаси Молия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳалари молиялаштириш манбаларини аниқлайди.

11. Ўзбекистон Републикаси Қурилиш вазирлиги:

шаҳарсозлик ҳужжатларини халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистон Републикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 18 январдаги 48-сон қарор таблари асосида ишлаб чиқилишини таъминласин;

тасдиқланган бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳалари доирасида амалга ошириладиган ишлар устидан тизимли назорат ўрнатишни кучайтирсин;

Ўзбекистон Републикаси Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳалари мавжудлиги бўйича ўтказилган хатлов натижалари юзасидан 2023 – 2025 йиллар учун шаҳарлар ва шаҳар посёлкалари учун бош режаларни ҳамда ҳудудларни архитектура режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан 2021 йил 1 июнга қадар Дастур лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. 2020 йил 1 сентябра қадар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятига шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик
ҳужжатларини ишлаб чиқишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган хусусийлаштирилган ер участкаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида “YERНUSUSIYLASНTIRISН” автоматлаштирилган ахборот тизимидан;

“ЎзГАШКЛИТИ” ДУК “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш, шаҳарсозлик йўналишидаги стратегик вазифаларни бажариш мақсадида шаҳарларда урбанизация масалаларини ҳал этиш ва амалга ошириш, агломерациялар, мегаполислар ва метрополислар жойлашишини белгилаш, шунингдек, республикада ягона урбанизация сиёсатини юритиш мақсадида, барча маълумотлардан фойдаланиш имкониятини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизимидан (геопортал) фойдаланишга рухсат берилиши таъминлансин.

13. “ЎзГАШКЛИТИ” ДУК “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларининг бош режалари белгиланган тартибда тасдиқланганидан сўнг ўн иш куни мобайнида “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизимига (геопортал) рақамлаштирилган форматда киритилиши таъминлансин.

14. Аҳоли пунктларини ривожлантиришда тасдиқланган бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳаларида кўзда тутилган тегишли тадбирлардан ташқари қўшимча тадбирларни амалга ошириш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг амалга оширилиши қатъий белгилансин.

15. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” АЖ, “Тошкентбошплан ЛИТИ” ДУК ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Андижон шаҳри учун Шаҳрихон ва Асака шаҳарлари, Наманган шаҳри учун Тўрақўрғон ва Чортоқ шаҳарлари, Фарғона шаҳри учун Миндон шаҳарчаси, Самарқанд шаҳри учун Челак ва Ургут шаҳарлари, Буҳоро шаҳри учун Гала-Осиё шаҳри, Қарши шаҳри учун Косон шаҳри ва Ҳонабод шаҳарчаси ва Нукус шаҳри учун Ҳўжайли ва Таҳиатош шаҳарларини “йўлдош-шаҳарлар” доирасида ривожлантириш бўйича 2021 йилда бош режаларини ишлаб чиқишни, зарурат юзасидан тегишли ўзгартириш киритишни таъминласин;

бунда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бош режаларни ишлаб чиқиш учун молиялаштириш манбаларини аниқлашни таъминласин.

16. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Д.А. Кучкаров ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И.Закиров зиммаларига юклатилсин.

Умумий таклифлар: 0

203