ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1778 Министерство народного образования Республики Узбекистан 08/01/2019 23/01/2019 14

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида
ID-1778

Республикамиз аҳолисини, шу жумладан, умумтаълим муассасалари ўқитувчиларини ва бошқа ходимларини, ўқувчиларини ва уларнинг
ота-оналарини халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тизимли равишда тўғри, асослантирилган ва мавзувий ахборотлар билан таъминланишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги нашрларда бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, уларда самарали маркетинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли Қарори билан тасдиқланган «2018 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича
чора-тадбирлар дастури»нинг 18-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги «Бошланғич таълим» журнали таҳририяти» Давлат корхонаси, «Тил ва адабиёт таълими», «Преподавание языка и литературы», «Lаnguage and literature teaching» журналлари таҳририяти» Давлат корхонаси, «Халқ таълими» журнали таҳририяти» Давлат корхонаси, «Маърифат» ва «Учитель Узбекистана» газеталари таҳририяти» Давлат корхонаси, «Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, «Класс» газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, «Ғунча» журнали таҳририяти Давлат корхонаси ва «Гулхан» журнали таҳририяти Давлат корхонаси (кейинги ўринларда Таҳририятлар деб аталади) базасида ягона юридик шахс шаклида «Халқ таълими нашриётлари» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда «Халқ таълими нашриётлари» ДУК деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. «Халқ таълими нашриётлари» ДУКнинг асосий вазифалари
ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

давлат корхоналари корпоратив бошқарувининг замонавий тамойиллари асосида, шу жумладан, самарали менежмент ва маркетинг тизимларини жорий этиш орқали ўз фаолиятини ташкил этиш;

молиявий ресурсларни бирлаштириш эвазига Таҳририятларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, уларни янада ривожлантиришга йўналтирилган бошқа лойиҳаларини молиялаштириш;

жойларда ўз нашрларига обуна қилиш ишларини ташкил этиш;

Таҳририятлар ходимларини моддий рағбатлантиришнинг самарали тизимини жорий этиш, соҳага малакали, замонавий фикрлашга эга бўлган, нашрлар ўқувчилари учун долзарб материалларни доимий равишда таъминлай оладиган кадрларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш;

ўз нашрларида чоп этиладиган материалларнинг мазмуни ва сифатини яхшилаш ҳамда интернет тизимида фаоллигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

3. «Халқ таълими нашриётлари» ДУК бошқарувининг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига, зарурат бўлганда, «Халқ таълими нашриётлари» ДУК тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги «Халқ таълими нашриётлари» ДУКнинг ягона муассиси ҳисобланади;

Таҳририятларнинг барча актив ва пассивлари янгидан ташкил этилаётган «Халқ таълими нашриётлари» ДУКга ўтказилади;

«Халқ таълими нашриётлари» ДУК Таҳририятларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

«Халқ таълими нашриётлари» ДУК таркибига кирувчи таҳририятлар
ўз нашрларида чоп этиладиган материаллар мавзусини ва мазмунини тегишли таҳрир ҳайъатлари билан келишилган йиллик ижодий режаларига мувофиқ мустақил белгилайдилар ҳамда уларнинг ижодий фаолиятига бошқа шахслар аралашувига йўл қўйилмайди;

«Халқ таълими нашриётлари» ДУК ишчи ва ходимлари сони, уларга
иш ҳақи, муаллифларга қалам ҳақи миқдорларини ўзининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб белгилайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши ўзларининг «Маърифат» ва «Учитель Узбекистана» газеталари таҳририяти» Давлат корхонаси Устав жамғармасидаги улушларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига беғараз ўтказишлари тўғрисидаги ташаббуслари маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда «Халқ таълими нашриётлари» ДУКни давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этилишини таъминласин.

6. «Халқ таълими нашриётлари» ДУК фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

фаолият йўналиши бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишдан тушадиган даромадлар;

ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз ёрдамлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига икки ой муддатда «Халқ таълими нашриётлари» ДУК таркибидаги таҳририятлар нашрларини ўрнатилган тартибда қайта рўйхатга олиш вазифаси юклатилсин.

8. «Халқ таълими нашриётлари» ДУК ходимларига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ходимлари учун ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга туришлари, уй-жой учун ипотека кредитлари олиш имконияти яратилсин.

9. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир давлат умумтаълим муассасасида маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосарига «Мактаб матбуот котиби» вазифаси юклатилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

«Мактаб матбуот котиблари» Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбаси билан ҳамкорликда мактабларнинг фаолиятини интернет сайтларида ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида доимий ёритиб бориш, халқ таълими тизимида бўлаётган ислоҳотлар, ютуқлар ва муаммолар тўғрисида материаллар жойлаш, халқ таълими тизимидаги нашрларнинг педагогик фаолият учун заруратини педагогларга тушунтириш, долзарб мавзудаги материаллар муҳокамасини ташкил этиш ва бошқа вазифаларни амалга оширадилар;

умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан, умумтаълим муассасаси Кузатув кенгаши тавсиясига кўра, «Мактаб матбуот котиби» вазифасини самарали ва сифатли бажаргани учун маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосарига ойлик базавий тариф ставкасига нисбатан 30 фоизгача миқдорда устамалар белгилаши мумкин.

10. Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар, ютуқлар ва муаммоларни ёритиш ва халқ таълими оммавий ахборот тизими кадрларининг имкониятини ошириш мақсадида А.Авлоний номидаги Халқ таълими раҳбарлари
ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти базасида халқ таълими соҳасида журналистларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув курслари ташкил этилсин.

11. Умумтаълим муассасалари кутубхона фондларини «Халқ таълими нашриётлари» ДУК нашрлари билан тизимли равишда таъминлаш мақсадида, тегишли бюджетлар параметрларида даврий нашрларга обуна учун кўзда тутилган маблағлар ҳамда ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан биринчи навбатда мазкур нашрларга обуна бўлишлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг таклифига розилик берилсин.

Вазирликлар, идоралар, барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига умумтаълим муассасаларининг обуна ишларига аралашиш қатъиян маън этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

              Бош вазири                                                                А.Арипов

Умумий таклифлар

3190