Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17777 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 15/05/2020 30/05/2020 7
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-17777

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 16 мартдаги ПҚ-4640-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг вазифалари, ташкилий тузилмаси, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини тубдан такомиллаштириш, хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатишнинг мавжуд институционал тизимини янгилаш ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар яратишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш усулларидан кенг фойдаланган ҳолда умумий ўрта таълимнинг ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш ҳамда тажриба-синов ишларига раҳбарлик қилиш;

фанларни ўқитиш методикаси ва ўқувчиларнинг билимларини баҳолашнинг замонавий услубларини ишлаб чиқиш, шунингдек таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва бу борадаги ижобий тажрибаларни умумий ўрта таълим муассасаларида оммалаштириш;

ўқув-тарбия жараёнига “STEAM” фанларини (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) ўқитиш бўйича илғор педагогик технологиялар ва бошқа мақбул методикаларни жорий этиш;

умумий ўрта таълим муассасаларида умумтаълим фанларининг ўқув дастурлари ва ўқувчиларнинг қизиқишлари асосида ўзгарувчан (вариатив) ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш;

ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий методикаларини жорий этишда педагог кадрларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти бажарилишини тизимли таҳлил этиш;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича муаллиф ва тузувчиларни танлаш, яратилган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш, тажриба-синовдан ўтказиш, уларни таълим жараёнида қўллаш бўйича илмий хулосалар бериш;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг асл нусха макетларини яратиш ва кўпайтириш;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш билан боғлиқ илмий-техникавий лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган мутахассисларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг фаолият юритишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш;

замонавий талаб ва инновацион ёндашувлар асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини тайёрлаш ҳамда нашр этишни ташкил этиш;

умумий ўрта таълим соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи жаҳоннинг етакчи ташкилотлари ва агентликлари билан ҳамкорликда халқаро электрон таълим платформаларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишни ташкил қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги методик хизмат бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан ўқитиш имконияти мавжуд бўлган таълим шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ходимларининг умумий чекланган сони 117 нафар, шу жумладан бошқарув ходимларининг сони 29 нафардан иборат бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йил 1 январдан бошлаб Марказ директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари – олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари – олий таълим муассасасининг факультет деканига тенглаштирилади;

Марказ таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча равишда ишга жалб қилиш бўйича юқори малакали мутахассислар, жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар имзолаши мумкин.

5. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан давлат илмий-техник дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

республика илмий-тадқиқот лойиҳа грантлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;

шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Марказга шартнома асосида қуйидаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилсин:

нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги умумий ўрта таълим муассасалари билан  муқобил дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар, виртуал ўқув ва лаборатория воситаларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш;

нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги умумий ўрта таълим муассасалари билан илғор таълим технологияларини жорий этишда ҳамкорлик қилиш;

республика ва халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этиш ҳамда таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда кўмаклашиш;

умумий ўрта таълимни ривожлантириш йўналишида фаолият олиб бораётган халқаро, хорижий ва маҳаллий ташкилотларнинг таълимга оид электрон маҳсулотларининг мазмуни ҳамда методологик жиҳатидан миллий таълимга мувофиқлиги юзасидан хулоса бериш;

халқаро таълим платформаларида мавжуд электрон ресурсларни, жумладан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог кадрлари учун ўқув-методик ресурслар, мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган видеодарслар, таълим билан боғлиқ ўйинлар ва бошқа маҳсулотларни маҳаллийлаштириш йўналишида бепул ва пуллик хизматлар кўрсатиш;

республикадаги нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги умумий ўрта таълим муассасалари учун мўлжалланган ўқув режа ва дастурлар, дарслик ҳамда ўқув-методик ресурсларни амалиётда қўллаш учун хулосалар бериш;

республика миқёсида олиб борилаётган халқ таълими тизимидаги илмий изланиш натижаларининг амалиётда қўлланганлиги юзасидан илмий хулосалар ва маълумотномалар бериш.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда Марказнинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, унинг низомини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

икки ой муддатда Марказга юқори малакали ва профессионал қобилиятли кадрларни қабул қилиш ишларини ташкил этсин;

ўз тасарруфидаги Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 9-уй манзилида жойлашган бинонинг моддий-техник аҳволини давлат-хусусий шериклик асосида тубдан яхшилаш ва унга Марказни жойлаштириш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштиришни 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                         А.Арипов

Умумий таклифлар: 4

399