Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17675 Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги 12/05/2020 27/05/2020 2

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-17675

 

 

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти

ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби

тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сон “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:

1. Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 20/1, 10-ққ/1-сон “Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (рўйхат рақами 3012,
2018 йил 14 май) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.05.2018 й., 10/18/3012/1219-сон);

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 11 июлдаги 2-мҳ, 37-сон “Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарори (рўйхат рақами 3012-1, 2018 йил 7 август) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.08.2018 й., 10/18/3012-1/1624-сон).

3. Мазкур қарор 2020 йил 16 июнь кундан эътиборан кучга киради.

 

         Мактабгача таълим вазири

А. Шин

Тошкент ш.,

2020 йил “___” ________,

___-сон

 

 

 

Соғликни сақлаш вазири

            А. Шадманов

Тошкент ш.,

2020 йил ___ ________,

___-сон

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача

таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг 2020 йил ______ ____________

___________ -сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти
ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
13 майдаги 391-сон Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ давлат мактабгача таълим ташкилотларида (бундан буён матнда мактабгача таълим ташкилоти деб юритилади) тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш тартибини белгилайди.

 

1-боб Умумий қоидалар

 

1. Мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш
ва соғлиғини мустаҳкамлаш мактабгача таълим ташкилотининг педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

2. Мактабгача таълим ташкилоти директори тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этилиши учун масъул ҳисобланади.

3. Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилишда давлат мактабгача таълим ташкилот директори томонидан боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни мазкур Низом билан таништириш тавсия этилади.

 

2-боб. Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларнинг

ҳаётини муҳофаза қилишни ташкил этиш

 

4. Тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотида телефон аппаратлари мавжуд бўлган жойларда, шунингдек барча ходимлар кириши ва кўриши мумкин бўлган жойлардаги эълонлар тахтасига ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар, тез тиббий ёрдам хизматлари ҳамда ички ишлар органларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотлар осиб қўйилади.

5. Мактабгача таълим ташкилотининг гуруҳ тарбиячисида тарбияланувчиларнинг яшаш манзили, шунингдек уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан боғланиш мумкин бўлган телефон рақамлари ёки бошқа алоқа воситалари ҳақидаги маълумотлар бўлиши зарур.

6. Тарбияланувчи мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтда соғлиғининг ёмонлашуви, шунингдек бошқа нохуш ҳолатлар кузатилган ҳолларда мактабгача таълим ташкилоти ходимлари томонидан зудлик билан тиббиёт ҳамширасига, шунингдек тарбияланувчининг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабар берилади. Бунда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўринини босувчи шахслар етиб келгунга қадар тиббиёт ходими томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсга кузатилган ҳолат ва кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам ҳақида тўлиқ маълумот берилади.

7. Тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтда уларни ёлғиз ва назоратсиз қолдириш тақиқланади.

8. Тарбияланувчиларни мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарига сайр ёки экскурсияларга олиб чиқиш ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

9. Тарбияланувчилар учун мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарида сайр ёки экскурсиялар режалаштирилганда мактабгача таълим ташкилоти директори ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар хабардор қилиниши шарт.

10. Тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарига сайр ёки экскурсияларга олиб чиқилганда гуруҳ камида 2 нафар ходим билан таъминланган бўлиши лозим. Бунда ходимларнинг бири сафнинг олдида, иккинчиси сафнинг орқасида ҳаракатланиб боради.

11. Мактабгача таълим ташкилотига олиб келишда тарбияланувчини
ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахс, ота-онанинг вояга етган фарзандлари, бобоси, бувиси ёки ота-она томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ота-онанинг вакили) уни шахсан гуруҳ тарбиячисига топшириши лозим.

Мактабгача таълим ташкилотидан олиб кетишда гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчини унинг ота-онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахс, ота-онанинг вояга етган фарзандлари, бобоси, бувиси, ёки ота-она томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ота-онанинг вакилига) топшириши лозим.

12. Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улар учун зарур шароитларни яратилишини назорат қилиш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши мумкин.

13. Мактабгача таълим ташкилотининг ҳар бир қаватида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларда фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда тарбияланувчиларни эвакуация қилиш режаси жойлаштирилади.

14. Тунги гуруҳи бўлган мактабгача таълим ташкилотининг навбатчиси ёки тунги тарбиячиси ҳар куни соат 19:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида ёнғин хавфсизлиги идораларига мактабгача таълим ташкилотида мавжуд болалар
ва ходимлар сони ҳақида маълумот беради.

15. Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида:

мактабгача таълим ташкилоти ҳудудига кириш эшигига қўнғироқ ўрнатилиши;

гуруҳда мавжуд бўлган жавон, илгак, портретлар, шунингдек гул тувакларини жойлаштиришга мўлжалланган махсус мосламалар девор ёки полга маҳкамлаб қўйилиши лозим.

16. Мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида, шунингдек гуруҳларда инсон учун хавфли бўлган ўсимлик ва буюмлардан фойдаланиш тақиқланади.

 

3-боб. Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларнинг

соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш

 

17. Тарбияланувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш давлат мактабгача таълим ташкилотининг тиббиёт ҳамшираси ҳамда мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

18. Гуруҳ тарбиячиси эрталаб тарбияланувчиларни қабул қилиб олгандан кейин, тарбияланувчиларнинг соғлиги гуруҳ тарбиячилари томонидан ҳамшира назоратида кўрикдан ўтказилади.

19. Ёз мавсумида тарбияланувчилар сайр ва экскурсияларга енгил бош кийимлари бўлган ҳолда олиб чиқилади.

20. Тарбияланувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотида қуёш ванналари, сув ҳавзаларида чўмилиш, турли жисмоний тарбия тадбирлари ташкил этилади. Бунда мазкур тадбирлар гуруҳ тарбиячилари ва тиббиёт ходимлари назорати остида амалга оширилади.

21. Жисмоний тарбия тадбирлари эрталабки бадантарбия ва турли ўйинлар шаклида амалга оширилади.

 

4-боб. Якуний қоида

 

22. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишилган.

 

 

Ички ишлар вазири                                                                  П. Бобожонов

2020 йил ____  __________

 

 

Қурилиш вазири                                                                         Б. Закиров

2020 йил ____  __________

 

 

Умумий таклифлар: 2

182